Қайднома

Қидирув

Мезон – рамзий ўйинлар сони ёки БУЮК КЛУБЛАРНИНГ БУЮК ГВАРДИЯЧИЛАРИ

Мезон – рамзий ўйинлар сони ёки БУЮК КЛУБЛАРНИНГ БУЮК ГВАРДИЯЧИЛАРИ

  15.04.2021 04:44
  0
  403
Мезон – рамзий ўйинлар сони ёки БУЮК КЛУБЛАРНИНГ БУЮК ГВАРДИЯЧИЛАРИ

Лионель Месси яқинда «Барселона»нинг «Реал Сосьедад»га қарши баҳси воситасида яна бир рекордни «жи­лов»га солиб, Европанинг энг сара клубларида ўйинлар сони бўйича пешқадам бўлиб турган Рауль, Райан Гиггз ва бошқа буюклар қаторига қўшилди. Қуйидаги мақолада айнан "катта жамоалар"нинг бу борадаги рекордчилари ҳақида алоҳида маълумотлар келтирилмоқда... 

«Барселона»: Лионель Месси (Аргентина) - 768та ўйин. Ҳа, 21 март куни бўлиб ўтган «Реал Сосьедад» - «Барселона» учрашуви (1:6) аргентиналик юлдуз учун алоҳида аҳамият касб этди. У Каталония гранди либосида расмий равишда 768-марта майдонга тушди ва клуб тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди. Шу тариқа «Барса»нинг яна бир афсонаси - Хави гвардиячилар рўйхати 1-қаторини жимгина собиқ жамоадошига бўшатиб берди. Яқин ўтмишда «Барса» ўйинида дирижёрлик қилган собиқ ярим ҳимоячида ўз ҳисобини тўлдириш имконияти йўқ эмас. Фақат энди бошқа йўналиш - бош мураббий ролида. Мессига келсак, у 768та ўйинда 663та гол ва 291та самарали узатма муаллифига айланди - булар ҳам рекорд, албатта.

 

«Реал»: Рауль (Испания) - 741та ўйин. «Қироллик клуби» сафида 16 мавсум ўйнаган Рауль Гонсалес бу вақтда 6 марта мамлакат чемпиони бўлиш баробарида Европа Чемпионлар Лигасида 3 бора зафар қучди. У «Реал» билан хайрлашаётган вақтда «қаймоқранглилар» тарихидаги энг яхши тўпурар эди. Кейинчалик «Мадрид ўғлони»ни Криштиану Роналду ортга сурди, гвардиячилар рейтингини эса ҳамон ўзи бошқармоқда. Тўғри, агар ҳозирги сардор Серхио Рамос шарт­номаси муддатини узайтирса ва фаолияти охиригача «Мадрид»да қолса, Рауль ўйинлар сони бўйича пешқадамликни ҳам қўлдан чиқариши мумкин.

«Атлетико»: Аделардо (Испания) - 550та ўйин. «Матрасчилар» орасида биринчи қатор 1959-1976 йиллар оралиғида Мадрид клуби сафида жавлон урган афсонавий Аделардо Родригес Санчесга тегишли. Эҳтимолки, унинг рекорди яқин йилларда янгиланар, ҳар ҳолда, «Атлетико»нинг амалдаги сардори Коке «1та клуб одами» тоифасидан ва у 2009 йилдан буён «матрасчилар»нинг асосий таркибида ўйнамоқда. Ҳозирча Кокенинг натижаси - 492та ўйин. Хуллас, рекорд кўрсаткич унча узоқда эмас.

 

«МЮ»: Райан Гиггз (Уэльс) — 930та ўйин. Гиггз - рекордчилар рекордчиси! «МЮ»даги 24 йиллик фаолияти давомида 930та расмий ўйинда иштирок этган уэльслик футболчи бу борада яқин таъқибчиларидан анча олдинда. Фақат шуниси борки, Райан майдон ташқарисида ўрнак эмас, аммо бу унинг футболчи ролида қайд этган кўрсаткичларини пасайтирмайди, албатта. Гиггз фаолияти - истеъдод, барқарорлик ва узоқ вақт ўйнаш уйғунлигининг энг ноёб комбинацияси.

 

«Арсенал»: Дэвид О`Лири (Ирландия) — 723та ўйин. О~Лири Лондонда туғилган, аммо 3 ёшлигидан Дублинда яшаган, чунки отаси ирланд. Дэвид икки аср алмашувида еврокубоклар ярим финалларига чиққан иштиёқли «Лидс»га мураббийлик қилгани билан катта шуҳратга эришди. Лекин факт шуки, О~Лири - 100 фоиз «канонир». Ҳар ҳолда, Ирландия футболи фахри 19 йиллик умрини «Арсенал»га бағишлади. Кейинчалик Арсен Венгер давридаги юлдузлардан ҳеч бири ҳам унинг ўйинлар сони бўйича ўрнатган рекордини янгилай олгани йўқ.

 

«Ливерпуль»: Иан Каллаган (Англия) - 857та ўйин. Стивен Жеррард ва Жейми Каррагер «Ливерпуль» сафида 700дан ортиқ ўйин ўтказиб, «қизиллар» тарихидаги гвардиячилар рўйхатида кучли учликка киришди, аммо пешқадам Иан Каллаганни ўз жойидан «қулатиш» уларга ҳам насиб этгани йўқ. Хуллас, 1966 йилги жаҳон чемпиони ҳаттоки, кўз олдимизда муносиб фаолият юритган афсоналар учун ҳам қўл етмас чўққида...

 

«Челси»: Рон Харрис (Англия) - 795та ўйин. Рон Харрис «кўклар» сафида қарийб 20 йил ўйнаган. У бу вақт оралиғида «Челси» билан совринларни ютган ва нақ 3 марта қуйи дивизионга тушган. Умумий ҳисобда айтсак, Рон 10 йилдан ортиқ сардорлик боғичи билан майдонга тушиб, «Жаноб «Челси» лақабини олган. Зеро, унинг «аристокларлар»га нисбатан садоқати чексиз эди.

«Тоттенхэм»: Стив Перриман (Англия) - 854та ўйин. «Тоттенхэм»нинг «абадий» рекордчиси бир неча авлодни бирлаштирган. Диққат қилинг, Перриман «шпорлар» либосида 3та 10 йилликда тўп сурган ва 12 йил фарқ билан (1972 ва 1984 йиллар) 2 бора УЕФА кубогини қўлга киритган.

 

«Манчестер Сити»: Алан Оакс (Англия) - 676та ўйин. Кўпинча «Манчестер Сити» гўёки, шайхлар келиши билан кутилмаганда пайдо бўлганидек, клуб тарихи йўқлиги ҳақида гапиришади. Аммо фактлар бунинг аксини кўрсатмоқда: «шаҳарликлар»нинг янги даврида энг кўп ўйин ўтказган Давид Сильва клуб тарихидаги гвардиячилар рўйхатида ҳаттоки, кучли 10таликда ҳам эмас - испаниялик ярим ҳимоячи 390та учрашув билан 11-ўринда. Мутлақ етакчи - 1959-1976 йиллар оралиғида ярим ҳимоячи сифатида ўйнаган Алан Оакс ҳисобида эса 676та учрашув бор.

 

«Ювентус»: Алессандро Дель Пьеро (Италия) - 705та ўйин. Қайсидир маънода айтсак,«кекса синьора» рекордчиси Алессандро Дель Пьеро натижаси «омонат». Ҳар ҳолда, Жанлуижи Буффон 43 ёшида ҳам қўлқопларини михга илишни ўйлаётгани йўқ. Оддий айтганда, Жижининг мутлақ рекорд­чига айланиши учун яна 25та ўйин керак. Тўғри, фахрийга «Юве»нинг асосий таркибида жой йўқ ва буни ҳисобга олсак, 25та ўйин ҳам жуда кўп...

 

«Милан»: Паоло Мальдини (Италия) - 902та ўйин. «Милан» тиффозилари клуб гвардиячилари рўйхатида 2-ўринда турган Франко Барезини чин сардор сифатида эътироф этишади. Ваҳоланки, у Мальдинилар авлодининг ўртанча вакилидан деярли 200та ўйин орқада. Хуллас, Паоло ҳар доим «қизил-қора» либосда нақ 25 йил давомида жами 902та ўйин ўтказгани билан алоҳида фахрланишга ҳақли. Арриго Сакки, Фабио Капелло ва Карло Анчелотти яратган «олтин давр»ларни бирлаштирган беназир футболчи, шунчаки, буюк!

«Интер»: Хавьер Занетти (Аргентина) - 858та ўйин. Хавьер «Интер»да нақ 20 йил тўп тепди ва нафақага «нерадзурралар» тарихидаги гвардиячилар рўйхати пешқадами сифатида чиқди. Қисқаси, у Сандро Маццола, Жачинто Факкетти, Жузеппе Бергоми каби афсоналардан олдинда! Ҳақиқий, ҳа, ҳақиқий «трактор».

 

«Бавария»: Зепп Майер (Германия) - 700та ўйин. Буюк дарвозабон чиройли рақамда тўхташга қарор қилди - «Бавария» учун 700та ўйин. Кейинчалик яна бир дарвозабон Оливер Кан унга анча яқин келди - 632та учрашув. Қаранг, бетакрор Герд Мюллер ва Франц Беккенбауэр ҳам орқада. Гвардиячилар рўйхатининг 5-қаторида амалдаги футболчи Томас Мюллер бормоқда (571та ўйин). Томас ҳозир 31 ёшда, демак, ҳали камида 4-5 йил ўйнаши ва Майер рекордига хавф солиши мумкин.

«ПСЖ»: Жан-Марк Пилорже (Франция) - 435та ўйин. «Париж Сен-Жермен» - Европа гигантлари орасида энг ёш клуб. 1970 йили ташкил топган жамоа йирик ғалабаларга фақат охирги 10 йилда, Қатар пуллари оқимидан кейин эришди. «ПСЖ» гвардиячилари рўйхатини эса, ҳамон клубнинг биринчи тарбияланувчиларидан бири Жан-Марк Пилорже эгаллаб турибди. У асосий таркибда 14 йил тўп тепган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz