Қайднома

Қидирув

Евротур: Етакчилик юки оғир

Евротур: Етакчилик юки оғир

  15.04.2021 06:06
  0
  230
Евротур: Етакчилик юки оғир

Ортда қолган ҳисобот турида топ-чемпионатлар вакилларига хос анъаналар серияси давом этди. Шунингдек, бу тур ҳам сенсациялардан холи бўлмади.

Англия. Манчестерда икки хил кайфият

Бошқа жамоалардан фарқли ўлароқ, «Манчестер Сити» учун тиғиз тақвим ҳеч қачон муаммо бўлган эмасди. Лекин Гвардиола шогирдларининг ўз уйларида жадвалнинг иккинчи ярмида келаётган рақибдан енгилганини қандай изоҳлаш мумкин? Наҳотки, таркибида 2та жамоага етадиган савияли ўйинчилари бўлган «Сити» шу ўртамиёна рақибдан таслим бўлса? Боз устига, меҳмонлар тўлиқ 45 дақиқани майдонда камчиликда ўтказган ўйинда. Тўғри, ўйин тўлалигича майдон эгалари устунлигида ўтди. Аммо рақиб дарвозасини ишғол этиш мақсадида тинимсиз ҳужумлар уюштирган жамоа танаффус арафасида ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Буни қарангки, «Лидс» вакили Стюарт Далласнинг мезбонлар дарвозаси томон йўллаган илк зарбаси голга айланди. Бироқ гол қувончи ўрнини тез орада хавотир эгаллади: Габриэль Жезусни қўполлик билан тўхтатиб қолган Лиам Купер қизил карточка билан жазоланди.

Танаффусдан кейин мезбонлар Ферран Торреснинг зарбаси эвазига мувозанатни тикладилар. Лекин қўшимча вақтда яна Даллас ўзини кўрсатди - 1:2. Мазкур ғалаба «Лидс»нинг жадвалдаги мавқеига сезиларли ўзгариш кирита олмаган бўлсада, мавсумнинг шов-шувли натижаси сифатида тарихда қоладиган бўлди.

Оле-Гуннар Сульшернинг «қизил иблислари» эса Лондонда «Тоттенхэм»ни маҳв этиш (3:1) билан Манчестернинг қизил ҳудудига қувонч улашдилар. Ғалаба ҳам айнан манкунианликларга хос тарзда - «камбэк» усулида амалга оширилди. Сон Хюн Миннинг 40-дақиқада ҳисобни очгани биринчи даврадаги шармандали (1:6) мағлубият аламини унутмаган меҳмонларни «уйғотган» бўлса, ажабмас. Боз устига, Сондан сал аввалроқ Эдинсон Кавани Льорис дарвозасини забт этган, аммо ҳакам уни инобатга олмаганди. Хуллас, танаффусдан кейин уругвайлик дарғазаб ҳужумчининг бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қилди - аввалига унинг кучли зарбасидан сўнг дарвозабон қайтарган тўпни Фред голга айлантирди. Кейин ўз номини таблога ёздирган Эдинсон қўшимча вақтда Гринвудни самарали узатма билан таъминлади - 1:3.

Мавсумни пойтахтдаги номдор рақибларига нисбатан муваффақиятли ўтказаётган «Вест Хэм» «Лестер» устидан чиройли, лекин сўнгги сонияларгача хавотирда ушлаб турган зафарни расмийлаштирди. «Лингардиньо бўлими»га айланган дастлабки 45 дақиқада Жесси Лингард Каспер Шмейхелни икки марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этган, Боуэн эса 2-бўлим аввалида фарқни оширганди. Шундан кейин меҳмонлар фаолликни оширишди ва Ихеаначонинг «дубл»и билан жавоб қайтаришди. Лингард ўзинингсамарали иштироки билан нафақат «болғачилар», балки уни Лондонга «сургун» қилган «МЮ»га ҳам манфаат келтирди - «Вест Хэм» етакчи тўртликка чиқди, «МЮ» асосий таъқибчисидан узоқлашиб олди.

«Энфилд»да «Астон Вилла»ни қабул қилган «Ливерпуль» ниҳоят, омадсиз серияга чек қўйди. Клопп шогирдлари учун бу ғалаба осонликча келмади, албатта. Меҳмонлар устунлигидаги (0:1) бўлимдан кейин Муҳаммад Салоҳ ҳисобни тенглаштирган бўлса, умидбахш зафарни келтирган голни Трент Александер-Арнольд қўшимча вақтда амалга оширди. Нима бўлганда ҳам, «Ливерпуль» етакчи квартетга яқинлашиб олди.

Ҳанузгача еврокубоклар ҳудудига қўтарила олмаётган «Арсенал» сафарда яққол аутсайдер - «Шеффилд» дарвозасига жавобсиз 3та гол урди ва «Астон Вилла» ҳамда «Лидс»ни қувиб ўтди.

Испания. Интрига

суперинтригага айланди

Ҳа, Ла Лигада 30-турдан кейин юзага келган кескинлик билан кучли бешликда фақат Лига 1 беллаша олади - Испанияда 1 ва 4-ўринлар ўртасидаги фарқ 6 очкони, Францияда эса 5 очкони ташкил этмоқда. Табиийки, навбатдаги «класико»га бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан кўра кучлироқ эди. Агар «Сантьяго Бернабеу»да баҳс меҳмонлар фойдасига ҳал бўлса, Каталония гранди пешқадамга айланар ва азалий рақибидан 5 очкога узоқлашиб оларди. Бироқ Зайниддин Зидан шогирдлари бунга йўл қўймаслик учун бор имкониятларини сафарбар этишди. Натижада, «Қироллик клуби» қийинчилик билан бўлсада, мақсадига эришди. Дастлабки бўлим майдон эгаларининг устунлигида ўтганлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Бенземанинг шедевр голи ҳисобни очган бўлса, Крооснинг аниқ зарбаси устунликни мустаҳкамлади. Меҳмонларнинг уринишлари эса ҳисобдаги фарқнинг қисқаришидан ортиғига ярамади. «Атлетико»нинг етакчи поғонада қолганлиги эса, алоҳида мавзу.

Диего Симеоне жамоаси сафарда «Бетис»ни енга олмади - 1:1. Энди бой берилган 2 очко таъсирини йўққа чиқариш учун «матрасчилар»дан астойдил тер тўкиш талаб этилади. Улар учун фақат 100 фоизли натижа чемпионликни кафолатлайди. Бироқ олдинда 8та учрашув кутиб турибди. Тўғри, таъқибчилар ҳам айнан шундай вазиятдалар.

Германия. «Бавария»

интригани кучайтирди

Ҳисобот тури арафасида «ПСЖ»га имкониятни бой берган Бундеслига пешқадами энди евроҳудудга интилаётган «Унион»ни енга олмади. Деярли тенг курашлар остида кечган баҳс 1:1 ҳисобида якунига етди. Мазкур дуранг сафарда «Вердер»ни маҳв этган (4:1) «РБ Лейпциг» билан очколар тафовути 5 очкогача қисқаришига сабаб бўлди.

Совринли ўринлар учун курашаётган «Айнтрахт» Франкфуртда «Вольфсбург»ни енгган ҳолда (4:3), рақибига яқинлашиб олди. Дортмунднинг «Боруссия»си «Штутгарт» майдонидан иродали (3:2) ғалаба билан қайтди.

Италия. «Аталанта»

 квартетдан кетмоқчи эмас

«А» сериянинг навбатдаги турида етакчи поғоналардаги 7 жамоа навбатдаги ғалабаларини нишонладилар. Жумладан, «Интер» «Кальяри»дан, «Лацио» «Верона»дан, «Рома» «Болонья»дан битта гол эвазига устун келишди. «Милан» «Парма»ни, «Ювентус» «Женоа»ни 3:1 ҳисобида, «Аталанта» «Фио­рентина»ни 3:2 ҳисобида енгишди. «Наполи» Генуяда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда, «Сампдория» дарвозасини икки марта забт этди. Ана шу муваффақият эвазига етакчилар бошқа рақибларидан сезиларли даражада узоқлашиб олдилар. Айниқса, «Аталанта» ва «Наполи» ўртасидаги рақобат тур сайин кескинлашиб бормоқда.

Франция. Етакчилардан монотон илдамлик

Мюнхендаги муваффақиятдан руҳланган «ПСЖ» шанба оқшомида «Страсбур» сафаридан йирик (4:1) ғалаба билан қайтди. Ўйин тақдирини дастлабки бўлимда ҳал қилган чемпион танаффусдан кейин Навас ўрнига Рикони тушириб, асосий посбонга бироз дам олиш имконини берди. Натижада Сахи ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Бироқ Паредес 80-дақиқада гол уриб, якуний ҳисобни ўрнатди.

Турнир пешқадами - «Лилль» «Мец» майдонида (2:0) ғалаба қозонди, «Монако» «Дижон»ни, «Лион» «Анже»ни бир хил - 3:0 ҳисобида таслим этишди.

Квартет ортидан келаётган «Ланс» ҳам «Лорьян» устидан йирик (4:1) ҳисобдаги ғалабани расмийлаштирди. Лига 1нинг номдор жамоаларидан бўлмиш «Марсель» эса бу турда «Монпелье» билан жанговар (3:3) дурангга рози бўлди. Аниқроғи, қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида майдон эгаларининг мувозанатни тикловчи голини ўтказиб юборди. Таъкидлаш жоизки, 62-дақиқада Чалета-Цар майдондан четлатилгач, меҳмонлар қарийб ярим соат озчиликда ўйнашга мажбур бўлишди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz