Қуйидаги мақола қаҳрамонини энг омадсиз футболчилардан бири деб аташ мумкин. 25 ёшли чап қанот ҳимоячисининг фаолияти парвоз ва шўнғишлар, катта умидлару оқланмаган ишончдан иборат бўлиб, эндиликда унинг орзулари рўёбга чиқмоқда. Жорий мавсум у «Манчестер Юнайтед»нинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлиб турибди. Жамоадаги мураббийлар ва шерикларидан мадад олаётгани ўзига ишончини оширмоқда, янги даражага чиқишида асосий омилга айланмоқда. FootballHD Люк Шоу ҳақида сўзлайди.
Муваффақиятсиз ўтиш
Люк 2014 йилнинг ёзида қадрдон «Саутгемптон»идан 37,5 млн. евро эвазига «МЮ»га ўтди. Манчестерликлар уни ўша пайтдаги мураббий Луи ван Галнинг илтимосига кўра сотиб олишганди. Шоунинг «Олд Траффорд»даги дастлабки кунлари яхши кечди, дейиш қийин. Ҳимоячи тиззасидаги жароҳати сабаб 2014|2015 йиллар мавсуми стартини ўтказиб юборди. Сўнгра АПЛда 10та ўйинда майдонга тушишга улгурмай, тўпиғида муаммо туғилди. Саломатлигидаги беқарорлик уни бутун мавсум давомида таъқиб этди. Мавсум-2014|2015да Шоу АПЛда атиги 16та ўйин ўтказди.
«МЮ»даги иккинчи мавсум янада ёмон кечди. Футболчи оёғини синдириб олгани сабаб деярли бир йил мобайнида футболдан четда қолди. Хуллас, «Олд Траффорд»га ўтишига сабабчи бўлган мураббий қўл остида дурустроқ тўп суришга улгурмади. Жозе Моуриньо келганидан кейин ҳам Люкнинг ишлари ўнгланмади. Мавсум-2016|2017да у Премьер-лигада фақат 11та баҳсда майдонга тушди. Уни сурункали жароҳатлар қийнарди, соғлом бўлган пайтлари эса «заявка»га киролмасди. АПЛ-2017|2018да Шоу 11та ўйин ўтказди. Моуриньо уни гоҳида захира ўриндиғида қолдирса, баъзан умуман қайдномага киритмасди.
Мавсум-2018|2019 қаҳрамонимиз учун ўзгача кечди. Биринчидан, у ниҳоят, ўйинини топиб олди. «МЮ»нинг чемпионат стартидаги «Лестер»га қарши учрашувида Шоу 90 дақиқа тўп суриб, гол ҳам урди. Бундай иштирок ҳимоячига қатъият бағишлади. Мавсумнинг дастлабки ўйинидан кейин у майдонда тез-тез кўриниш бера бошлади. Моуриньо, ниҳоят, Люкка ишонч билдирди, аммо 2018 йилнинг қишида португалиялик мутахассис «Ливерпул»га имконият бой берилганидан сўнг истеъфога чиқди. Унинг ўрнини эгаллаган Оле-Гуннар Сульшер ҳозиргача жамоани бошқармоқда.
Шоунинг бахтига, мураббий алмашиши ўйин амалиётига ёмон таъсир кўрсатмади. Аксинча, Сульшер «Беназир»дан ҳам яхшироқ устоз чиқиб қолди. Люкнинг таъкидлашича, норвегиялик мутахассис уни қўллаб-қувватлайди, руҳлантиради, Моуриньо эса унга жуда кўп босим қилган. Натижада, ҳимоячи 2018|2019 йиллар мавсумида барча турнирларда 40та ўйин ўтказиб, голҚпас тизимида 6 очко жамғарди. Ўша мавсумнинг ўзида Шоу уч марта «МЮ»да ой футболчиси номига сазовор бўлди, мухлислар эса йил якунига кўра уни энг яхши ўйинчи деб топишди. Сэр Мэтт Басби совринини Давид Де Хеадан «тортиб» олган Люк фаолияти аста-секин изига тушаётганини тушунди.
Ўтган мавсум Шоуни яна саломатлигидаги муаммолар хавотирга сола бошлади. Люк жароҳат сабаб кўп учрашувларни ўтказиб юборди, шунга қарамай, мавсум охирида ўз жамғармасига 4 очко ёздириб қўйди. Тўғри, улардан учтаси Лига кубоги доирасида унчалик кучли бўлмаган рақибларга қарши баҳсларда қўлга киритилди. Жорий мавсум бошида «МЮ» Шоуга рақобатчи сифатида «Порту»дан Алекс Теллесни олиб келди. Люк ўзини йўқотиб қўймади ва дарҳол таркибдаги ўрнини сақлашга киришди. Айни пайтга келиб, унинг ҳисобида АПЛда 25та ўйин бор, бразилиялик футболчида эса - 7та. Англиялик ҳимоячи Сульшер учун мудофаанинг чап қанотига қўйиладиган асосий танлов ҳисобланади, мураббий ишончи тўлиқ оқланмоқда.
Тоннель охиридаги ёруҒлик
Шоунинг тан олишича, авваллари тўпни назорат қилиб, уни эркин олиб юришга чўчиган. Ўйинни ўзига олишга ишонч етишмаган. Жорий мавсум Люк бир ўйинда ўртача 16,9 марта рақиб ярим майдонида тезкор равишда тўп билан олдинга ўтмоқда. Улардан 11,1таси ҳужумлар ташкил этишда хавфли вазиятларни вужудга келтирмоқда. Ўтган мавсум футболчининг бу борадаги кўрсаткичи 15,0|9,0ни ташкил этганди. Бу рақамлар футболчининг анча ўзини ўнглаб олгани, ишончи ортгани ва ҳужум чизиғида рақибга катта хавф туғдираётганидан далолат. Шоу жойлашадиган чап қанотда ҳар доим шиддатли ҳужумлар уюштирилади.
Люк олдинги чизиқда чиндан ҳам фойдали ҳимоячи. АПЛнинг жорий мавсумида у 52та ҳолатда ҳужумчиларга хавфли вазиятлар яратиб беришда қатнашди. Бу Премьер-лигадаги ҳимоячилар орасида энг яхши, «МЮ»да эса Бруно Фернандешдан кейин иккинчи кўрсаткичдир. Бундан ташқари, Шоу позициясидан қатъий назар, Премьер-лиганинг энг креатив футболчилари ўнлигига киради. Люк шунингдек, стандартларга ҳам катта эътибор қаратади. Бу борада унга мураббий Мартин Прет салмоқли ёрдам бермоқда. Улар ўйинлар арафасида биргаликда ўнлаб бурчак тўплари, жарима зарбалари бўйича ишлашади. Мазкур саъй-ҳаракатлари ўз мевасини бермоқда. Ҳозирда Шоу стандартлар ёрдамида яратилган вазиятлар сони бўйича АПЛда 7-ўринни эгаллаб турибди.
Қаҳрамонимиз фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказмоқда. Айни пайт АПЛда унинг ҳисобида 6 очко (1 гол ва 5 ассист) бор - «Саутгемптон»нинг асосий жамоаси сафига қўшилганидан буён бундай кўрсаткичга эришмаганди. «Юнайтед» мухлислари Люкни қаторасига икки марта ой футболчиси сифатида эътироф этишди. CIES Football Observatory спорт тадқиқотлари халқаро маркази Шоуни Премьер-лига жорий мавсумининг энг яхши ўйинчилари рўйхатида 4-ўринга жойлади. «МЮ» чап қанот ҳимоячиси шундай катта баҳога лойиқ. Ҳозирда у жамоасига очколар жамғаришда катта ёрдам бермоқда.
Мисол учун, Люк «Эвертон»га қарши кечган, иккита қийин учрашувда ассистларни амалга оширди, улардан бири манчестерликларга ғалаба келтирди. Манчестер дербисининг иккинчи бўлимида ҳужумга қўшилгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Шоу дастлаб тезликни оширди, кейин эса ҳужумни гол билан якунлади. «МЮ» ўша баҳсда 2:0 ҳисобида ғалабага эришиб, «Манчестер Сити»нинг 19 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига барҳам берганди. Маълумот учун, манчестерликлар сўнгги 23 ўйиннинг атиги биттасида мағлубиятга учрашди ва шу боис, Премьер-лига турнир жадвалида муносиб равишда 2-ўринни эгаллаб туришибди.
Шоу яқинда Эдинсон Каванининг майдонда эканлиги, қайсидир маънода, ҳужумдаги фаоллигида муҳим ўрин тутишини таъкидлаганди. Англиялик ҳимоячининг айтишича, уругвайлик форвард ҳужум ташкил этишда қатнашадиган барча футболчиларга ишонч бағишлайди. Қанот ўйинчиси бирозгина бўш ҳудудга эга бўлиб, рақиб жарима майдончасига тўп оширса, кифоя, Кавани бор кучи билан тўп учун курашада. Тўғри, Люк ҳозирча Эдинсонга атиги бир марта ассистент вазифасини ўтади, холос.
Шоунинг ишончли ўйини Англия терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейтнинг эътиборидан четда қолмади. Мутахассис уни март ойида ўтказилган ЖЧ-2022 саралаш баҳсларига жалб этди. Бунга қадар Люк сўнгги маротаба 2018 йилнинг сентябрида миллий жамоа либосини кийганди. 2,5 йиллик танаффусдан кейин «уч шерлар» таркибига қайтган ҳимоячи Албания термасига қарши баҳсда самарали узатма муаллифига айланди. Бир вақтлари кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган футболчи ҳозир Манчестерда алоҳида ролга эга, Англия миллий жамоасидаги чап қанот ҳимоясида Бен Чиллуэллга жиддий рақобатчи саналади. Узоқ бўлмаган фаолияти давомида Шоу кўплаб қийин дамларни бошдан кечирди. Энди эса унинг даври келди. Асосийси - ўзи ва имкониятларига бўлган ишончни йўқотмаслик.
У.УМАРОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20