Қайднома

Қидирув

Стефано Окака-Чука: «31 ёшда термага қайтиш – бу фантастика!»

Стефано Окака-Чука: «31 ёшда термага қайтиш – бу фантастика!»

  18.04.2021 07:07
  0
  263
Стефано Окака-Чука: «31 ёшда термага қайтиш – бу фантастика!»

«Удинезе» ҳужумчиси Стефано Окака-Чука 31 ёшида Италия миллий жамоаси таркибига қайтганидан хурсанд. Фахрий футболчи The Guardian нашри мухбирлари билан суҳбат чоғи буни фантастикага қиёслади. У шунингдек, Англиядаги фаолиятини ёдга олди, яна оғриқли мавзу - бутун дунёдаги ирқчиликка қарши кураш жараёнига муносабат билдирди.

- 31 ёшда терма жамоага қайтиш мен учун қандай аҳамият касб этишини тассаввур ҳам қилолмайсизлар. Фаолиятим давомида бир қатор жиддий қийинчиликлар юзага келганини назарда тутсак, бу шунчаки, фантастика,  - дея суҳбатни бошлади 4 йиллик танаффусдан кейин «Скуадра Адзурра» йиғинига чақирилган тажрибали ҳужумчи. 2019 йилнинг январида «Уотфорд»дан «Удинезе»га ўтган Стефанонинг ўзи ҳам Италия миллий жамоасидан чақирув олишни кутмаган бўлса керак. Чунончи, у АПЛда ўзи учун хавотирли даврга айланган охирги 6 ой давомида атиги 3та ўйинда майдонга тушганди. Муҳими, Окака-Чука «А» серияга қайтгач, 45та учрашувда 10та гол уриб, чемпионатнинг энг фойдали ҳужумчилари қаторига қўшилди. Тўғри, Стефано Италия термасининг охирги ўйинларида қатнашмади, лекин унинг учун жамоа­га қайтишнинг ўзи - катта ютуқ.

- «Удинезе»да менга катта ёрдам беришди ва шу муносабат ўлароқ, клубдаги илк кунданоқ ўз салоҳиятимга ишонч ошди. Ўзи «Удинезе»га энг яхши сифатларимни намойиш этиш асносида жамоага ёрдам бериш ва юқори савияга қайтиш ниятида келдим. Мудом мухлислар меҳри ва ҳурматига эришишни истайман. Бу ерда чамаси 1 ойдан сўнг шу муҳаббатни яққол сеза бошладим. Менимча, сифатли футбол намо­йиш этиш учун яхшигина тер тўкдик ва майдон ташқарисида ҳам ёқимли муносабатларни ўрнатдик, - дейди фаолиятидаги ўзгариш ҳақида Стефано. Мана, Италия миллий жамоа­си устози Роберто Манчини ҳам фахрий ҳужумчига эътибор қаратди. Мураббий Окака-Чука «Скуадра Адзурра»га ўзгача куч бағишлашидан умидвор. Оддий айтганда, Италия термаси устози жорий мавсум 2тагина гол урган, аммо бошқа сифатларини намойиш этиш асносида «Удинезе» етакчиларидан бири бўлиб турган ҳужумчи салоҳиятига ишонмоқда.

- Манчини нималарга қодирлигим ва ўйин услубимни яхши билади. У чиндан ҳам, фантастик мураббий. Дейлик, қисқа вақтда терма жамоада ажойиб муҳит яратди, улкан ишларни амалга оширди. Ваҳоланки, миллий жамоамиз орада жуда аянчли аҳволга тушиб қолганди. Энди ҳаммаси мутлақо бошқача. Манчинининг ютуғи шуки, у аввало, кийиниш хонасида яхши муҳит шакллантиришга эътибор қаратди ва ёш футболчиларни ҳам жалб қила бошлади. Албатта, футболда тажрибали ижрочиларсиз қийин. Муҳими, айни пайт Италия термаси сафида шундай ажойиб иқтидорлар борки, улар майдонда кўпни кўрган йигитлардан асло қолишмаяптилар. Қисқаси, ҳозир миллий жамоамиз ичида ҳам, атрофида ҳам ўзгача руҳ бор ва бу ҳолат фақат олдинга, ғалабалар сари ундамоқда» - нигериялик муҳожирлар оиласида туғилган ва «Скуадра Адзурра» либосини кийган кам сонли қора танли футболчилардан бири Стефано Окака-Чуканинг Манчинига нисбатан муносабати анча яхши.

2001 йили Италия термаси сафида майдонга тушган биринчи қора танли футболчи - Фабио Ливерани айрим ҳолатларда ирқ­чиликка оид камситишларга учраганди. Окака-Чуканинг айтишича, охирги йилларда Апеннин ярим оролида ирқчиликка боғлиқ вазият анча яхшиланди ва бу миллий жамоанинг «ранг-баранг» бўлиши, унинг ёрқин келажагидан далолат:

- Ирқчилик битта стадион, муайян ўйин ёки қайсидир мамлакатга тегишли эмас, балки глобал муаммодир. Бу масалада инсонлар ва болаларга тўғри йўналиш берсаккина вазият яхшиланиши мумкин. Фарзандларингизга тана ранги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги, аксинча, юрак, ишонч, қалб ва муносабат муҳимлигини тўғри уқтирсангиз, уларнинг ирқчиликка муносабати ўзгаради, албатта. Дунё, шунингдек, футбол ҳам ўзгарди. Турли терма жа­моа­ларда қора танли футболчиларни кўриш одат тусига кирмоқда. Тана рангининг қандайлиги эмас, балки қайси мамлакатда туғилганинг ва ҳаётга қадам қўйганинг муҳим. Масалан, мен Италияда туғилдим ва спорт соҳасида мамлакат шарафини ҳимоя қилаётганлар қатори шу заминда улғайдим. Италия - умумий ватанимиз. Ҳаммамиз шу мамлакат номидан ўйнаш ва унинг шуҳратини ошириш имконига эгалигимиздан фахрланишимиз шарт. Шахсан мен учун Италия термаси футболкасида майдонга тушиш - катта шараф.

Тажрибали ҳужумчи 2016-2019 йиллар давомида «Уотфорд» сафида тўп тепди, аммо Англияда энг яхши сифатларини намойиш этолмади. Зеро, «Уотфорд» сафидаги 36та ўйиндан 23тасида захирадан майдонга тушди, клубдаги 3,5 йиллик фаолияти давомида нақ 6 марта мураббий алмашди. Эҳтимол, италиялик ҳужумчига шундай беқарорлик халақит бергандир... Унинг ўзи бу борада камтарона фикр юритади:

- 3 йил олдин «Ливерпул»га қарши ўйинда «Уотфорд» бошланғич таркибида майдонга тушдим ва Англиядаги илк голимни нишонладим. Ўша ўйинда 3:3 ҳисобида жанговар дуранг қайд этдик. Бироқ кейинчалик бош мураббий Марку Сильва билан ўртамизда қандайдир муаммолар юзага келди ва у мени бошқа таркибга қўймади. Ғирт бемаънилик. У ҳаттоки, сабабини ҳам тушинтиргани йўқ. Тасаввур қилинг, дастлабки голини «Ливерпуль» дарвозасига урган футболчи кейинги баҳсда таркибдан четда қолса... Афсуски, юзага келган вазиятга таъсир ўтказолмадим, ҳеч нарсани ўзгартиролмадим. Якунда «Уотфорд»дан ҳаётим давомида фаолиятимни 3 ёки 4-марта қайта тиклаш илинжида кетдим. Ўзи бутун фаолиятим давомида турли ҳодисалар юз берган, муҳими, ҳар қандай ҳолатда ҳам мотивацияни йўқотган эмасман. Чунки футболни чинакамига яхши кўраман ва қийинчиликларга қарамай, асло қўл кўтармайман. Мудом курашиш асносида нималарга қодирлигимни намоён этишни истайман. Бу муносабат фаолиятим якунига қадар ўзгармайди. Қисқаси, ҳеч қачон таслим бўлмайман.

Стефано Окака-Чука шу йил ёзда ўтказиладиган Европа чемпионати «заявка»сига кирса, унда эгизак синглиси Стефания натижасини такрорлаш имконияти юзага келади. Гап шундаки, волейбол билан шуғулланган Стефания 19 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Европа чемпиони бўлган, бироқ кейинчалик жароҳат туфайли фаолиятини эрта якунлаган. У ҳозир руҳшунос сифатида ўзи каби қийинчиликларга дуч келганларга ёрдам бермоқда. Стефано синглисига ҳамиша ҳавас билан қарайди:

- Жароҳатлар сени тўхтатиб қолса, спортчилик фаолиятингга нуқта қўйса, бошқача ҳаёт тарзини бошлаш... Нима дейишим мумкин? Синглимга фақат ҳавас қиламан ва унинг иродасини сўз билан ифодалашим мушкул.

Евро-2020 стартига ҳали вақт бор ва Стефано бўлажак турнирда «Скуадра Адзурра» таркибидан жой олиш ниятида:

- Олдиндан шов-шув кўтаришни истамайман. Терма жамоамизнинг бўлажак ўйинларида Манчини ишончини оқлаш ниятидаман. Лекин ниманидир башорат қилолмайман. Ахир кейинги 2 ой ичида ҳар нарса юз бериши мумкин. Шундай экан, яхшиси, ўз ўйинимни намойиш этишда давом этаман. Фақат шу йўл билан терма жамоа мураббийлар штаби танловига таъсир ўтказишим мумкин. Кўрамиз, барчаси қандай тус оларкин...?

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz