Қайднома

Қидирув

84-дақиқа: Наманганда пенальти, Мадридда муҳокама...

84-дақиқа: Наманганда пенальти, Мадридда муҳокама...

  18.04.2021 11:22
  0
  981
84-дақиқа: Наманганда пенальти, Мадридда муҳокама...

Тақдирнинг ишларига қойил қолмай илож йўқ. 7 апрель куни дунёнинг бу томонида, ўзбекча «класико»да шубҳали ҳолат кузатилганди. Орадан 3 кун ўтиб, ҳақиқий «Эль-класико»да ҳам шу каби баҳсли ҳолат гувоҳига айландик. Ҳар икки ҳолат ўйиннинг бир пайти - 84-дақиқасида юз берганига нима дейсиз? Бу тасодифми ёки тақдирнинг одамларга сирли ишораси? Инсон зоти кўпинча бундай вазиятларни тасодиф сифатида баҳолайди ва хатоларини яширишга, ҳақиқатдан қочишга уринади. Факт шуки, ҳар икки ҳолат ҳам шубҳали эди. Биринчисида шарҳловчи Мурод Ризаев «Фирдавс, бўлди! Яққол «контакт» кўринмаяпти!» -деди ишонч билан. Иккинчисида эса, Хайрулла Ҳамидов дастлаб ҳамкасби Даврон Файзиевга қарата дангал айтди: «Бу - пенальти!» Кейин эса фикрини ўзгартирди. Даврон Файзиев эса вазият баҳсли эканлигини таъкидлади...

Тақдир шубҳали вазиятларда ким қандай ишлашини кўрсатиб қўйди. Наманганда Азиз Асимов давом эттирилган ўйинни тўхтатиб, ҳакамни ортда қолган вазиятга йўналтирди. Айнан мана шундай ёндашув мухлисларда норозилик туғдирди. Улар «Нима учун ортда қолган вазиятга қайтилди?» қабилида савол ташлашди. Хусусан, «Марказий» стадиони 11-секторининг 8-10-қаторида ўтирган мухлислар шундай ажабланиш билан бир-бирларига боқишди. 8-қатордан жой олган ёш йигитча шу заҳоти «Бунақа «ўйин»ни кўрмайман!» - деб ўзича «исён» кўтарди ва стадиондан чиқиб кетди.

Мухлисларда шубҳа туғилдики, демак, Азиз Асимовнинг ўзи ҳам дастлаб яққол тўқнашув кўрмаган, 3-4-дақиқа ўйлаган ва мулоҳазасини Фирдавс Норсафаровга етказган. У эса тажрибали ҳамкасби мулоҳазаси таъсиридан чиқолмаган.

Воқеликка реал қарайдиган бўлсак, Фирдавс Норсафаров ҳар қанча ўйланмасин, Азиз Асимов мулоҳазаси таъсиридан чиқолмасди ўша вазиятда. Шунинг учун асосий саволлар Азиз Асимовга: «Ўзингиз иккиланган вазиятни ёш ҳакамга етказиш ва уни чалғитишдан мақсад нима? Нега ўз вақтида қатъият билан ёш ҳакамга пенальти борлиги ҳақида тавсия бермадингиз? Ёки ўйиндан сўнг кимлардандир дакки эшитишдан чўчиб, масъулиятни ўзингиздан соқит қилдингизми? Ўша вазиятда можаролар оловига мой сепаётганингиз, ёш ҳакамга тавсиянгиз ҳукм каби таъсир ўтказишини билмасмидингиз?» Билмаслигингизни айтолмайсиз! Чунки бундай жавобингизга ҳеч ким ишонмайди. Зеро, мухлис аҳли лақма эмас. Ана, испаниялик ҳамкасбингиз Хесус Мансанони чалғитмади. У ўз навбатида, Жерар Пике норозилигига жиддий эътибор қаратмади, ўзини хотиржам тутди. Негаки, у ўйин охирида вазият яққол бўлмаса, пенальти белгилаш тўғри эмаслигини жуда яхши билади.

Ҳа, сўнгги дақиқаларда минг бир муҳокама билан белгиланган пенальтини еврофутболда ҳам тарафкашлик ўрнида қабул қилишади. Яна такрорлайман, ўйин охирида шубҳали ҳолатларда пенальти қўйилмайди. Бу ишга жазм этган ҳакамни мухлислар хиёнатда айблашлари тайин.

Хайриятки, ўша куни куч ишлатар тизим вазиятни совуққонлик билан бошқарди. Қизиққон ёшлар ҳакам ва «Пахтакор»ни ҳақоратлай бошлашгач, «Навбаҳор»нинг тажрибали мухлислари уларни кўз ўнгимда тинчлантиришди. Афсуски, ОАВда ҳақоратлар узоқ давом этмагани ва бунинг сабаби хусусида ёзилмаяпти. Аслида вазият анчайин мураккаб эди. Можарони бошлаб қўйган VARчилар шу хусусда ўйлаб кўришадими ўзи? Йўқ, яққол вазият кузатилса, 90+-дақиқаларда ҳам пенальти белгиланаверсин. Мухлисларни маданиятсизликда айблашдан аввал шубҳага ўрин қолдирмаслик ҳақида ўйлаш лозим. Унутмаслик керакки, пенальти етти эмас, балки бир ўлчаб белгиланади. Акс ҳолда, можарога сабаб бўлаверади...

Ҳакамларни жабрдийда тоифа сифатида кўрсатиш ёки «Навбаҳор»нинг потенциали аслида пастлиги тўғрисида «донишманд»лик қилиш футболимиздаги мавжуд муаммоларни баттар кучайтиради, холос. Ҳакамларимизнинг савияси ва тажрибасига биров шубҳаланмайди. Ҳамма гап уларнинг виждонида. Суперлиганинг бирор тури йўқки, қандайдир «нағма» кўрсатилмаса?! «Нағма» намойишидан кейин жазоланаётганларнинг «ақида»лари ўзгаряптими? «Нағма»чилар ҳимоячига эмас, балки ўнгланишга муҳтожлар. Ҳозирги ҳолатда ёш ҳакамлар «бўри»га айланган «устоз»лар йўли нотўғри эканлигини англаб етишмаяпти. Нотавон футболимиз эса пойтахт стадионларида мухлис излаш билан овора...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz