Қайднома

Қидирув

Санжар Рашидов: “Собиқ жамоага қарши ўйнаш қизиқарли”

Санжар Рашидов: “Собиқ жамоага қарши ўйнаш қизиқарли”

  20.04.2021 11:33
  0
  532
Санжар Рашидов: “Собиқ жамоага қарши ўйнаш қизиқарли”

Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси Суперлиганинг бешинчи турида ўз майдонида «Сўғдиёна»ни қабул қилди. Жиззахликлар мазкур учрашувга қадар ҳали бирор маротаба мағлуб бўлмаган, «Бунёдкор» эса Қўқонда йўқотилган очко ўрнини тўлдиришни мақсад қилганди. Бу ўйинда қишки трансферлар ойнаси вақтида «қалдирғочлар» таркибига қўшилган Санжар Рашидовга ҳам имконият берилди. Ушбу футболчи узоқ вақт жиззахликлар шарафини муносиб ҳимоя қилганди. Орада маълум вақт «Насаф»да ўйнагач, яна қадрдон жамоасига қайтди. Эндиликда «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилмоқда. Биз «Бунёдкор» - «Сўғдиёна» учрашувидан сўнг кичик Рашидовни суҳбатга чорладик.

- Собиқ жамоангизга қарши тўп суриш қандай бўлди? Ичингиздан қандай кечинмалар ўтди?

- Менимча, ҳар бир футболчи учун собиқ жамоасига қарши ўйнаш қийин ва қизиқарли бўлади, деб ўйлайман. Менда ҳам шундай ҳолат кузатилди.

- Умуман, янги мавсумда жамоангизни ўзгартириш қарорини қабул қилиш қийин бўлмадими?

- Тўғри, «Суғдиёна»да 10 йил давомида тўп сурдим. Маълум сабабларга кўра кетдим. Жамоанинг ўйинида ўзимни кўрмадим. Клубимни ўзгартириш ва янада олдинга интилиш вақти келганини тушуниб етдим. Бу орада «Бунёдкор» мураббийлари алоқага чиқиб, таклиф қилишди.

- Жамоа мавсумга яхши тайёргарлик кўрганди. Фарғонада «Ҳоким кубоги» мусобақасида чиройли ўйин кўрсатган ҳолда, олтин медалларга эга чиқди. Лекин ҳозирда ўйин борасида камчиликлар борлиги кўзга ташланмоқда...

- «Ҳоким кубоги» баҳслари қизиқарли ўтди. Бундай турнирлар ҳамиша эътиборни ўзига жалб қилиб келган. Ҳозирги ўйинимизга келсак, жамоада кўп футболчилар янги эканлиги боис бироз вақт керак. Ўйлайманки, турдан-турга ўйинимиз яхшиланиб боради.

- Ўша турнирдаги жамоалар кучсиз эдими?

- Барча жамоалар ўзига яраша кучга эга эди. Масалан, Қирғизистоннинг «Нур Баткен» клуби ҳам бизга қарши баҳсда муносиб қаршилик кўрсатишга уринди.

- Қадрдон жамоангиз «Сўғдиёна»га қарши кечган учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...

- Қийин ўйин бўлди. Рақиб ҳам ғалаба учун майдонга тушганди. Иккинчи бўлимда ўйинни назорат қилдик, вазиятлар яратдик. Фойдаланишда омадимиз келмади. Биринчи бўлимда дарвозамиздан биринчи бўлиб тўп олиб чиққанимизга қарамасдан, мувозанатни тиклай олдик. Рақибдан қолишмадик, дея оламан.

- Шу куни стадионга кўплаб томошабинлар ташриф буюрди. Жиззахдан ҳам кўпсонли ишқибозлар етиб келганини кўрдик...

- Футбол мухлислар учун. Фикримча, икки жамоанинг кўрсатган ўйини стадионга келган ва ўйинни бевосита стадиондан кузатганларга манзур келди. Натижа икки жамоани ҳам қониқтирмаган бўлиши мумкин. Зеро, юқорида таъкидлаганимдек, биз ҳам, рақиб ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди.

- «Бунёдкор» мухлисларига тилакларингиз...

- Соғлик ва саломатлик тилайман. Бўлажак ўйинларда бизни қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz