Қайднома

Қидирув

Евротур: Тегирмон навбати билан

Евротур: Тегирмон навбати билан

  22.04.2021 03:33
  0
  299
Евротур: Тегирмон навбати билан

Топ-чемпионатлар бешлиги вакиллари навбатдаги ҳисобот турида ҳам имкон қадар бор куч-маҳоратларидан фойдаланиш илинжида тўп сурдилар. Қайсидир жамоа бу вазифани уддалади, бошқаси эса энди равон йўлга чиқдик деганда, яна қоқилди.

Англия. «МЮ»дан финиш шиддати

«Олд Траффорд»да «Бёрнли»ни ишончли тарзда маҳв этган (3:1) «МЮ» қаторасига бешинчи ғалабасини расмийлаштирди. Ваҳоланки, рақиби ҳозир аутсайдерларнинг энг яқин қўшнисига айланган бўлсада, бир қатор номдор жамоаларни тор-мор этиш билан эътиборга тушганди. Сульшер жамоасига қарши баҳсни ҳам меҳмонлар фаоллик билан бошлашди. Ҳатто дастлабки ҳужумдаёқ Хендерсонни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди. Бироқ Крис Вуд зарбани ўйиндан ташқари ҳолатда амалга оширганди. Фақат шундан кейин майдон эгалари сергакланиб, ўйин тизгинини ўз қўлларига олишга интилдилар. Лекин устунликни таблога кўчиришга танаффусдан кейин муваффақ бўлдилар - Маркус Рэшфорднинг узатмасини Мэйсон Гринвуд голга айлантирди. Аммо гол қувончи узоққа чўзилмади, меҳмонлар 2 дақиқа ичида мувозанатни тиклашди. Натижада Сульшер шогирдлари ҳаммасини қайтадан бошлашга мажбур бўлишди. Ниҳоят, ярим соатдан кўпроққа чўзилган штурм навбатдаги голни тортиқ этди. Таажжубки, 48-дақиқада ҳисобни очган Гринвуд 84-дақиқада «дубль» муаллифига айланди. Табиийки, «Бёрнли» ҳеч бўлмаганда бир очкони қўлга киритиш илинжида ҳужумни кучайтирди ва қўшимча вақт якунида... учинчи голни ўтказиб юборди.

«Қора гуруҳ» етакчиси бўлиб турган «Фулхэм» эса «Эмирейтс»да нақд ғалабани қўлдан чиқарди. Чунки ЕЛда ярим финал йўлланмасини қўлга киритган «Арсенал» ўйинни АПЛга қизиқиши қолмаган жамоа қабилида ўтказди. Ҳа, тўп кўпроқ «тўпчилар» тасарруфида бўлди, меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келмаган бўлсада, футболчилар хотиржамлик билан ҳаракатланишди. Шу ўринда бир оёғи Чемпионшипда турган меҳмонларнинг сусткашлиги ҳам кишини ажаблантиради. Наҳотки, меҳмонлар тақдирга тан бериб улгурган бўлсалар? Ҳеч бўлмаса, «Бёрнли»га яқинлашиб олиш иштиёқи ҳам йўқми? Уларнинг бахтига, мезбонларнинг қоидабузарлиги туфайли пенальти эвазига ҳисоб очилди. 70-дақиқада Ляказетт ўрнини эгаллаган Нкетиа қўшимча вақтнинг 7-дақиқасида жавоб тўпини киритиб, рақибни муҳим 2 очкодан маҳрум этди.

«Эвертон» ва «Тоттенхэм» қарама-қаршилиги амалда Сигурдссон ва Кейннинг «дубл»лари билан ниҳоясига етди. Ўзаро тўқнашувларга бой ўйинда асл футболга хос жиҳатлар жуда оз бўлди. Аслида, Анчелотти ва Моуриньо ҳимоявий услуб тарафдорлари сифатида донг таратган бўлсаларда, ҳозир юксак савиядаги ҳимоячиларга эга эмаслар. Исландиялик ҳужумчи ва Англия терма жамоаси сардори томонидан қайд этилган голлар ана шу камчиликнинг оқибати бўлди. Шу сабабли томонлар жанговар (2:2) дурангга имзо чекдилар.

Аввалги турда «Этиҳад»дан шов-шувли ғалаба билан қайтган «Лидс» «Элланд Роуд»да «Ливерпул»ни енга олмади. Аксинча, учрашув меҳмонлар ташаббуси билан бошланди. Аввалига дастлабки бўлимдаги устунлик Тьягонинг дарвоза тўсинини нишонга олиши билан бўй кўрсатди. Танаффус арафасида Жота ўз вақтида Александер-Арнольдни тўп билан таъминлади. Трент уни тўхтатмасдан Манега оширди ва Садио ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда Клопп шогирдлари тўп назоратини мезбонларга бериб, ўзлари қарши ҳужумда ўйнашни маъқул кўришди. Тезкор ҳужумларда ҳисоб йириклашиши мумкин эди. Бироқ Мелье ишончли ўйнади. Кейинчалик «Лидс» ҳужумга зўр берди ва Алиссонни астойдил тер тўкишга мажбур этди. Бэмфорднинг зарбасини дарвоза тўсини қайтарди. Аммо Харрисоннинг бурчакдан йўллаган тўпини Льоренте дарвозага киритишни уддалади - 1:1. Шу тариқа «Ливерпуль» вақтинча бўлсада, «Челси» ва «Вест Хэм»ни ортда қолдириш имкониятини йўққа чиқарди.

Испания. «Реал» - «Атлетико» Қисматдоши

Ёдингизда бўлса, аввалги турдаги «класико»ни «Қироллик клуби» ўз фойдасига (2:1) ҳал этганида, етакчи «Атлетико» «Кадис»ни енга олмаган ва кескинлик энг юксак чўққисига кўтарилганди. Энди Симеоне шогирдлари «Ванда Метрополитано»да «Эйбар»ни 5та жавобсиз гол билан «сийладилар», франциялик мураббий жамоаси эса камтарин «Хетафе» дарвозасига йўл топа олмади. Натижада «Барселона» иккинчи ўринга кўтарилиш имкониятига эга бўлди.

Совриндорлар учлигини изма-из қуваётган «Севилья» «Реал Сосьедад» устидан иродали (2:1) ғалабага эришиб, таъқибни давом эттирмоқда. Голларга бой бўлган «Леванте» - «Вильярреал» баҳси меҳмонларнинг 5:1 ҳисобидаги зафари билан ниҳоясига етди. Қизиғи, бу ўйинда майдон эгалари 2та автоголни амалга ошириш билан рақибларига беғараз кўмак кўрсатишди.

Германия. Бундеслига бўронлар гирдобида

ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби Париждан мағлубиятга тенг ғалаба (1:0) билан қайтгач, спорт директори билан жанжаллашиб қолган бош мураббий жамоадан кетишини маълум қилди. Кўпчилик ўйинчилари коронавирусга чалинган «Герта» карантинга олинди, етакчи билан умидбахш 5 очколик фарқни сақлаб қолишга интилган «РБ Лейпциг» ўз майдонида «Хоффенхайм» билан нурсиз дурангга рози бўлди. «Байер» танг аҳволдаги «Кёльн» дарвозасини 3 бор ишғол этди. Сал ўзига кела бошлаган «Шальке» «Фрайбург»дан 4та гол қабул қилиб олди.

Шундай мураккаб вазиятда Бундеслига ҳукмдори бу турда «Вольфсбург» меҳмони бўлиб, яна бир марта жиддий синовдан ўтди. Аслида бунинг ажабланадиган ери йўқ, жамоа олдида ички чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан бошқа вазифа қолмади.

Мёнхенгладбах ва Дортмунднинг номдош жамоалари бу турда йирик ғалабаларини расмийлаштирдилар. Гладбахликлар ўз майдонларида «Айнтрахт»ни 4:0 ҳисобида енгиш орқали дортмундликларга нафақат очколар фарқини қисқартириш, балки тўплар нисбатини яхшилаб олишга ҳам ёрдам беришди. Дортмундликлар «Вердер»ни 4:1 ҳисобида маҳв этишди.

Италия. Ука акани аямади

«А» сериянинг 31-турида бир қатор эътиборли воқеалар кузатилди. Жумладан, турнир пешқадами Неаполда маҳаллий «Наполи» меҳмони бўлиб, сафардан 1 очко билан қайтди. Натижада «Интер»нинг ғалабалар сериясига нуқта қўйилди. Бундан ташқари, Самир Ханданович ўзи истамаган ҳолда автогол муаллифи сифатида серия қотилига айланди - Инсинье томонидан йўлланган тўпни дарвозабон ушлаётган паллада де Врей билан тўқнашиб кетди ва тўп дарвозадан жой олди. Бунгача ва голдан кейин «Интер» бир нечта қулай вазиятларга эга бўлди, аммо фақат бир марта мезбонлар дарвозасини ишғол этди - 1:1.

«Милан» ўз майдонида катта қийинчилик билан «Женоа» устидан зафар қучди. 2:1 ҳисобидаги ғалабани меҳмонлар ҳужумчиси Скамакка совға қилди.

Ака-ука Инзагиларнинг ўзаро баҳсида Симоне жамоаси «Лацио» Филиппонинг «Беневенто»сини 5:3 ҳисобида мағлубиятга учратди. Қизиғи, бу беллашувда ҳам меҳмонларнинг 2та автоголи «Лацио»га 3 очкони совға қилди. Бу омадсизлик учун «Пиппогол» укасидан эмас, ўз шогирдларидан хафа бўлиши ўринли бўлади.

Ўта муросасиз тарзда кечган «Кальяри» - «Парма» учрашувининг асосий вақтида меҳмонлар 3:2 ҳисобида олдинда эдилар. Қўшимча вақтда урилган 2та гол эвазига мезбонлар ғалабани илиб кетишди.

Франция. Ўта жилвагар жадвал

33-тур натижаларидан кейин Лига 1 жадвали ўта фусункор кўриниш олди. Яъни, пешқадам «Лилль» ўз майдонида бир амаллаб «Монпелье»дан 1 очко олгач, таъқибчи трио ҳамжиҳатлик билан навбатдаги зафарларини расмийлаштиргач, етакчи тўртлик вакилларида ён қўшнилари билан бир очколик фарқ юзага келди. Тўғри, спорт нуқтаи назаридан бунинг ортиқча аҳамияти йўқдек. Лекин олдинда 5та тур бор. Демак, квартетнинг ҳар бир аъзоси турнирда ғолиб чиқиш имкониятига эга. Бу эса - қўшимча интрига.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz