Қайднома

Қидирув

Луиш Фигу: “Путин – ўта кучли инсон”

Луиш Фигу: “Путин – ўта кучли инсон”

  22.04.2021 07:07
  0
  633
Луиш Фигу: “Путин – ўта кучли инсон”

Ўтган ҳафта «Luxury Village» (Москва)да РБ халқаро мукофотини топшириш маросими ташкиллаштирилди. Унда россиялик журналистлар ва мамлакат спорти намояндалари тақдирланишди. Тантанали кечанинг асосий меҳмонларидан бири - жаҳон футболи афсонаси, «Олтин тўп» соҳиби Луиш Фигу. Фаолияти давомида «Барселона», «Реал» ва «Интер» клублари тарихида ёрқин из қолдирган португалиялик собиқ ярим ҳимоячи маҳаллий журналистлар билан учрашувда Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни мақтади, вақтида РПЛ клубидан таклиф олганини ҳам тасдиқлади. У яна россиялик футболчиларга ижобий баҳо берди: «Тўғриси, шундай яхши ўйинчилар нега хорижга чиқишмайди, шунисидан ҳайронман...».

- Сизни Россия билан қандай алоқалар боғлаб туради? Дейлик, мамлакатимиз тилга олинса, биринчи навбатда, нимани эслайсиз?

- Россия - жуда кучли, улкан ва аҳолиси зич мамлакат. Жумладан, Россия футболида ҳам иқтидорлар кўп, аммо улар негадир хорижда ўйнашмайди. Айнан шу ҳолатни унча тушунмайман. Ахир мамлакатда энг кучли лигалар талабларига жавоб берадиган йигитлар етарли-ку. Эҳтимол, улар Россияда қулайлик ҳис қилишар ва кетишни исташмас. Умуман олганда, алоҳида таъкидлашим керак, Россия улкан тарихга эга мамлакат, шубҳасиз.

- Апрель ойида Москвани қандай тасаввур қилгандингиз?

- Москва - муҳташам шаҳар. Бу ҳақда кўп эшитганман, лекин бу ерга фақат қишда келгандим. Москва қиши - бу бутунлай бошқа манзара. Мана, кўряпманки, ҳозир об-ҳаво жуда яхши, шаҳар чиройи яққол кўринмоқда. Қисқаси, бой тарихга эга фантастик ва ажойиб Москва йилдан-йилга тобора замонавийлашиб бормоқда.

- Россия клублари иштирокидаги қайси ўйинларни кўргансиз? Россиялик футболчиларни биласизми? Ҳозирги ва ўзингиз ўйнаган даврдаги футболчилардан кимларни тилга олишингиз мумкин?

- Очиғи, маҳаллий лига ўйинларини кузатмайман, бунга имкон йўқ. Чемпионлар Лигасида эса ҳамиша Россия жамоаларини кўриш мумкин. Дейлик, «Зенит»ни  кучли жамоа сифатида таърифлай оламан. Шунингдек, «Локомотив», «Спартак» ва ЦСКА клубларини ҳам биламан. Булар - узоқ тарихга эга машҳур клублар. Айтганча, Россия терма жамоасига қарши кечган бир неча ўйинда қатнашганман. Ўша вақт рус футболида ажойиб авлод бор эди: Карпин, Черчесов... Улар катта салоҳиятга эга эдилар ва истеъдод нуқтаи назаридан қараганда, кўпроқ ютуқларга эришишлари мумкин эди.

- Карпинни эсга олдингиз. У билан охирги марта қачон гаплашдингиз?

- Йўқ, ҳозирда у билан алоқамиз узилиб қолган. Ҳа, Карпиннинг мураббийлик қилаётганини эшитдим. Аммо очиғи, жамоаси аҳволидан бехабарман. Албатта, мураббий сифатида ишлаш имкониятидан фойдалангани яхши. Умид қиламанки, Карпинда барчаси яхши ривожланади.

- Евро-2004да Россия термасига қарши кечган ўйин ва таниқли артист Отар Кушанашвилининг захира ҳаками томон югургани эсингиздами?

- Руслар билан ўйнаганимизни яхши эслайман, албатта. Ўша учрашув жамоамиз учун жуда муҳим эди ва фақат ғалабани кўзлагандик. Бир эркак майдонга югуриб тушганини ҳам эслайман, лекин унинг кимлигини билмасдим.

- Бир сафар Грознийга ҳам ташриф буюрган эдингиз...

- Ҳа, у ерга футбол тарғиботи учун боргандим. Бизда «Афсоналар жамоаси» бор эди, яхши дамлар... Ҳалигача Грознийдаги мўъжаз стадионни яхши эслайман.

- Россия президенти Владимир Путинга муносабатингиз қандай?

- Ўта кучли инсон, акс ҳолда, катта мамлакатни шунча йил бош­қармаган бўларди.

- «Москва» клубига амалга ошмай қолган трансферингиз ҳақида гапириб берсангиз. Барчаси қандай содир бўлганди, умуман, бу ҳақдаги фикрингиз...?

- Ҳа, шахсан ўзимга таклиф тушганди, аммо охир-оқибат, ўтиш амалга ошмади. Клуб хизматимга дарҳақиқат, жиддий қизиқди, аммо ўшанда трансфернинг расмийлаштирилиши имконияти паст эди.

- «Москва» клубининг ўша вақтдаги президенти Юрий Белоус сизга ўта манфаатли таклиф юборганини айтади. Тўғрисини айтинг, Россияда ўйнаш имконияти ҳақида нечоғли ўйлагансиз?

- Очиғи, воқеалар тафсилоти эсимда йўқ. Бу шунчаки, бир вариант эди, холос.

Луиш Фигу суҳбат давомида Италия «А» сериясида ўйнаётган Алексей Миранчукка ҳам тўхталди:«Аталанта» жорий мавсум жуда яхши ўйнамоқда. Гасперинининг ишлари ҳам аъло даражада. Миранчукга келсак, у жамоага роса мос тушди. Буни аллақачон бир нечта гол ургани билан изоҳлаш мумкин. У келажакда ўз маҳоратини фақат оширади, менимча».

 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz