Қайднома

Қидирув

Кайфиятни кўтариш кураши

Кайфиятни кўтариш кураши

  23.04.2021 08:08
  0
  340
Кайфиятни кўтариш кураши

Инсон зоти борки, кайфияти кўтаринки бўлишини истайди ҳар доим. Ҳаётда ҳамиша бунга эришиш мумкин эмаслигини билса-да, шуни истайди, шунга интилади, барибир. Аммо уйнинг гапи кўчага тўғри келавермайди... Дейлик, «Милан» - «Женоа» учрашувини «Узрепорт-ТВ»да томоша қилишга руҳан чоғланган мухлислар соат 15:30дан ўтгач, бироз гангиб қолишди. Фақат маълум фурсат ўтгачгина кимдир ўзини «Футбол-2»га урди, бошқа биров интернетга шўнғиди. Бунақаси гоҳ-гоҳ учраб туради ҳаётда. Муҳими - бундай вазиятда шошиб қолмаслик ва вақтни бой бермай, бошқа имкон излаб топиш. Чунки тушкун кайфият бўладиган ишни ҳам бўлдирмайди, ақл йўлини тўсади...

«Милан»га ҳам, «Женоа» ҳам ғалаба, очко сув ва ҳаводек зарур эди. 6та турдан буён ғалаба нималигини билмаётган «Милан» ниҳоят, ютолмаслик депрессиясидан чиқди. «Женоа» эса яна оқсади. Энди Давиде Баллардини шогирдлари шашти синиб қолмаса бўлгани. Шуниси хавотирли. Ҳаммадан Жанлука Скамакка қийин аҳволда. Ҳа, осон эмас, лекин кайфиятни кўтариш учун курашиш керак. Ортга йўл йўқ. Ортда - аутсайдерлар гуруҳи.

«Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувига алоҳида эътибор қаратилишининг сабабларидан бири ҳам тушкунлик хавфига бориб тақаларди. Азалий рақобат бир томон, «лочинлар»ни бундан ташқари, учинчи мағлубиятдан кейинги кайфият хавотирга солаётганди. Тушкунлик домига «илинмаслик» учун «Пахтакор» билан баҳсда лоақал дуранг натижа қайд этиш талаб қилинарди. «Навбаҳор» қанча тиришса ҳам, шу муҳим талабни бажаролмади. Мана, салбий натижа, яъни кайфиятсизлик таъсири «Турон»га қарши ўйинда яққол кўзга ташланди. Хўш, жамоа нима учун шу аҳволга тушди? Бунинг сабаблари кўп, албатта. Бироқ бош сабаб битта - босим. Ҳаммаси - аслида потенциали юқори бўлмаган жамоа олдига чемпионлик учун курашиш ва ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини қўйиш оқибати. Футболчиларга ортиқча босим юклашнинг нима кераги бор? Босим бўлмаса, улар эмин-эркин ўйнашади ва натижа ўз-ўзидан келиши мумкин. Яққол мисол: «Лестер»нинг вақтида камтарона имконият билан АПЛ чемпионлигини қўлга киритганида, босим йўқлиги катта аҳамият касб этганди.

«Челси»даги ҳолат - бош­қа масала. Негаки, «кўк­лар»да потенциал юқори ва уларни босим курашга чорлайди. Ҳозир Томас Тухелнинг ЧЛ финалига чиқиш ишқида ёнаётгани аниқ. «ПСЖ» раҳбариятига ўзини кўрсатиб қўйиш истаги - бу йўлда унга қўшимча куч! «Манчестер Сити»ни Англия кубогидан чиқариб юбориш - шу истак йўлидаги бош репетиция. Лекин «Реал» бунга кўнадими? Ҳамма гап шунда. Тухель ўз-ўзича режа тузаверади, Зайниддин Зидан эса зимдан иш тутади. Асосийси, ҳар икки томонда кайфият кўтаринки. «Навбаҳор»­да ҳам кайфиятни кўтариш учун ғалаба қозониш шартлиги билан боғлиқ босимни олиб ташлаш муҳим. Жуда-жуда муҳим. «Лочинлар»нинг умумий ҳолати янада мураккаблашмаслиги учун вазиятга, жамоа кучига реал баҳо бериш даркор. Йўқ, бу билан «Навбаҳор» грандларга қарши курашолмайди, демоқчи эмасмиз. Агар жамоа босимдан қутулса, ўз мухлислари қаршисида ҳар қандай рақиб билан беллашишга қодир. Кайфият кўтарилса, бас, шунда жамоа курашаверади. Тўғри, кўтаринки кайфият ҳар доим ғалабани кафолатламайди.

Ана, «Тракторсози»га қарши кечган драматик ўйинда «Пахтакор»нинг захирадан майдонга тушган тўртлиги (Шароф Муҳиддинов - Иброҳимхалил Йўлдошев - Ҳожимат Эркинов - Диёр Холматов)нинг хассос ҳаракатлари эҳтиросларни жунбушга келтирди. Очиқ курашда ёшлик ғайрати иш берди. Лекин «Тракторсози»га нисбатан кучсизроқ туюлган «Ал-Қува Ал-Жавия» «шерлар» шижоа­тини жиловлаш йўлини топди. Эркиновга эркинлик берадиган Питер Хюистранинг таваккали бу сафар иш бермади. Кўпчилик иккинчи бўлимда мураббий кучли ҳимояни ёриб ўтиш йўлини топишини тахмин қилди. Афсуски, бу умид ўзини оқламади. Шунчаки, рақиб мураббийи бунга йўл қўймади. Нима бўлган тақдирда ҳам, миллий терма жамоамизнинг «Пахтакор» таркибида тўп сурувчи вакиллари ҳаракатларидан мухлислар қониқишмоқда. Улардаги шашт-шижоат кайфиятни кўтармоқда, АГМК вакиллари хоҳиш-истаги ҳам. Умид қиламизки, ОЧЛда тўпланаётган тажриба бош жамоамизга ҳам асқотади, албатта.

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz