Қайднома

Қидирув

Қутлов: Юракда «Пактакор» билан!

Қутлов: Юракда «Пактакор» билан!

  08.05.2021 09:30
  0
  330
Қутлов: Юракда «Пактакор» билан!

«ИнтерФутбол» нашри шарҳловчиси Виктор Хохлюк 21 апрель куни туғилган кунини нишонлаган «Пахтакор» фахрийси Тўлаган Исоқовнинг футболчилик фаолиятини Сиз азиз мухлисларга баҳоли қудрат эслатишга ҳаракат қилди.

«Пахтакор»да ўтган бутун ҳаёти

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасига бағишланган теледастурларнинг бирида жамоа фахрийси Тўлаган Исоқов шундай деганди: «Пахтакор»нинг уч авлодини ўз кўзим билан кўрдим. Биринчиси, мен жамоага келган пайтимдаги буюк футболчилар - Пшеничников, Красницкий, Абдураимов, Раҳматуллаевлар гуруҳи. Кейингиси - Ибрагимов, Варюхин. Учинчиси - 17 нафар жамоамиз тарбияланувчилари. Турли йиллардаги футболни таққослаганда, савол туғилади: нега ўшанда 60 минг томошабин футболга келган, ҳозир эса 5 минг киши ҳам келмаяпти? Бунинг сабаби шундаки, ўшанда биз пул учун эмас, балки футболнинг ўзи учун ўйнаганмиз. «Пахтакор» таркибида ўйнаш осон бўлмаган. Красницкий, Абдураимов, Бекташев, Белкумов, Ибрагимов... қандай ҳужумчилар эди! Ушбу таркибга кириш учун мен, яъни 17 ёшли бола нима қилишим керак эди? Фақат ва фақат қаттиқ ишлаш орқали жамоадаги ўринлардан бирини эгаллашим талаб этиларди. Дарҳақиқат, бир йил ичида мен асосий жамоага кирдим», - дейди Тўлаган Ўлмасович.

Шу тариқа Исоқов ўйнашни бошлади! «Пахтакор»даги дастлабки мавсумида - 1967 йили у битта учрашув ўтказган бўлса, кейингисида 19та учрашувда майдонга тушиб, битта гол уришга ҳам улгурди! Фаолиятининг бошларида Тўлаган Ўлмасович ҳар доим ҳам форвард сифатида кўриниш бермасди. Ўшанда мураббий Елисеев, 69-йилда эса афсонавий Михаил Якушин қўл остида ўйнаган. Ўша пайтлари Исоқов футбол майдонларини шунчаки «ёндирарди», хоҳ марказда бўлсин, хоҳ ҳимояда...

Жамоа Совет футболининг юқори дивизионидан «қулаган»ига қарамай, қаҳрамонимиз жамоалари ва маҳоратли футболчилари элитадан кам бўлмаган Биринчи лигада ҳам ўз маҳоратини сайқаллашда давом этди.

Даража жиҳатидан иккинчи дивизион «порохини етарлича ҳидлаган» Исоқов, ҳар мавсумда ўз ҳисобига мунтазам равишда 7-8та гол ёздириб қўярди. Бу ёмон натижа эмасди, чунки Исоқовнинг универсаллиги ва ўша йиллардаги Собиқ иттифоқ чемпионати анча кучли ҳисобланган.

Тўлаган Исоқов ўз ўйини билан қандай таассурот уйғотди: 70-йиллардаги «Пахтакор»нинг энг кучли ҳужумчиларидан бири. У майдонга жуда яхши мослашганди, ҳар доим ўз ҳужумини кескинлаштиришга ҳаракат қилди, дриблингга эга эди, рақиб билан яккама-якка дриблинг қилишдан қўрқмади. Дарвозага кутилмаган ва хавфли зарба беришни яхши кўрарди. Шериклар билан яхши муносабатда бўлди. Унда гол уриш қобилияти бор эди.

«Бизнинг ўйинларимизга 60 минглаб мухлис ташриф буюрарди. Улар йўлакларда ўтирар, ҳатто ёруғлик устунларига чиқиб олишарди. Демак, биз яхши ўйнаган эканмиз. Ҳозир йигитлардан сўрайман: «Нима учун сизнинг ўйинларингизга одамлар тушишмайди?» Ва бунга ўзим жавоб бераман: «Демак, сиз ёмон ўйнаяпсиз», - деди Тўлаган Исоқов.

Муаллифдан: Грузиялик мутахассис Шота Арвеладзе қўл остида «Пахтакор» яна қизиқарли, ҳужумкор футбол намойиш этганидан ва мухлислар стадион трибуналарига қайтишни бошлаганидан хурсандман. Голландиялик мутахассис нимани намойиш этишини кўрамиз...

 

Йиллар мобайнидаги оғриқ. Жамоанинг фожиали ўлими ҳақида

Футбол фахрийсининг 40 йилдан кўпроқ вақт олдин содир бўлган фожиа ҳақидаги хотираларидан мен ўша даҳшатли йўқотиш азоби ҳанузгача Тўлаган Исоқовни таъқиб қилаётганига амин бўлдим.

Ўтган асрнинг 60-70-йиллари «Пахтакор» ҳужумчиси Тўлаган Исоқовнинг хотираларидан: «Мен улар билан 7-8 йил ўйнаганман, шу вақт ичида биз биродарлар сингари жуда яқин бўлиб қолгандик. Бу болалар нимани кўришди? Меҳмонхона, ошхона, ўйин, самолёт... Бир кун уйда, кейин яна сафарда. Бир хил пластинка айланарди...» Аммо уларнинг ҳар бирида ўз орзулари бор эди! Бу тақдир эди. Мана 40 йилдан бери юрагимда бир қора нуқта билан яшайман. Бошим кулрангга айланди ва ўйлайман, дўстларим қариликда қандай кўринишда бўлишарди? Улар ажойиб мураббий бўлишлари ва Ўзбекистон учун кўплаб таниқли футболчиларни тарбиялашлари мумкин эди.

Нега шундан кейин футболни тарк этдим? Шароф Рашидов менга уч марта қўнғироқ қилди ва шундай деди: «Ўғлим, сен ҳали ўйнашинг керак». Аммо мен бундай қилолмадим. Ўша базага келаманми, ухлайманми, ҳар жойда, тушларимда фақат уларни кўраман. Эрталаб уйғонганимда эса, кўз ўнгимда бошқа жамоа пайдо бўлади. Мендан қолишимни сўрашди, лекин шундай жавоб бердим: «Энди футбол ўйнай олмайман, чидолмайман». Аммо мен билан буткул хайрлашишмади, мураббий сифатида ёллашди. Кейин Москвага мураббийликнинг юқори курсларига бордим. Ўқишни тугатгандан сўнг турли жамоаларда, икки марта «Пахтакор»да ишладим. Ўшанда, 1979 йил 18 августдаги дафн маросимида менга сўз беришганда, вафот этган дўстларим билан хайрлашиб, ўзбек футболи 50 йилга ўлганини айтдим, ҳа, худди шундай дедим...», - деб эслайди «Пахтакор» фахрийси.

Нега Тўлаган Исоқов Минскдаги ўйинга учмаганди? «Биринчи даврада Москвада «Автоген» лақабли «Динамо» футболчиси Новиков Тўлаган Исоқовнинг товонини йиртиб ташлади ва у кейин ўйнолмади. Дастлаб Новиковдан қасос оламан деб таҳдид қилганди, аммо «Пахтакор» ҳалокатидан сўнг Александр Новиков Исоқовнинг энг азиз меҳмонига айланди», - дея эслади Тошкент жамоаси собиқ дарвозабони Александр Яновский йиллар ўтиб.

 

Футболдан кейинги ҳаёти

Тўлаган Ўлмасович турли йилларда Ўзбекистоннинг бир қатор жамоаларида мураббий сифатида ишлаган: «Шаҳрихончи» (Шаҳрихон: 1982-1983), «Пахтакор»да (1989, Виктор Носов кетганидан кейин), «Геолог» (Қарши, 1990), Навоийнинг «Зарафшон»ида (1998) ва Термизнинг «Сурхон»ида (1998).

Шунингдек, Тўлаган Исоқов меҳнат дафтарчасидан футбол бўйича қуйидаги маъмурий ишлар ҳам ўрин олган - футбол мактаби директори, Тошкент вилояти спорт қўмитаси ва Ўзбекистон футбол федерацияси раиси.

Сўнгги йилларда у ўзбек футболини оммалаштириш ва фахрийлар футболини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Кўпинча спорт оммавий ахборот воситаларида футбол эксперти бўлиб ишламоқда.

Ҳеч нарсага қарамай, Тўлаган Ўлмасович ҳанузгача юрагида футбол билан яшаяпти!

 

Футболчи Тўлаган Исоқовнинг шахсий фаолиятидан:

Ёш Тўлаган Исоқов футболни Тошкентдаги «Спартак» стадионида мураббий Маъруф Пўлатов билан бошлади. Майдондаги позицияси: ярим ҳимоячи, ҳужумчи. Унвони: Собиқ иттифоқ спорт устаси.

Профессионал фаолиятини 1967 йилда «Пахтакор» (Тошкент)да бошлаган ва у ерда 1979 йилгача, машъум фожиа содир бўлгунича фаолият юритган.

Собиқ иттифоқнинг расмий клуб турнирларида 284та учрашув ўтказиб, 59та гол урган.

Ютуқлари:

1968 йил - Собиқ иттифоқ кубоги финалчиси

1972 йил - Собиқ иттифоқ чемпионати Биринчи лигаси ғолиби

1977 йил - Собиқ иттифоқ Биринчи лигаси кумуш медали соҳиби

1976 йил - Собиқ иттифоқ Биринчи лигаси бронза медали соҳиби

Виктор ХОХЛЮК.

 P.S.: «ИнтерФутбол» газетаси таҳририяти Тўлаган Ўлмасовични туғилган куни билан табриклайди! Сизга ҳамиша шундай оптимист, тетик ва қувноқ бўлиб қолишингизни тилаймиз, шунда кераксиз ҳамма нарса сизни четлаб ўтади ва узоқ умр йўлида сизга соғлиқ, муваффақият ҳамда яқинларингизу азиз инсонларнинг муҳаббати ҳамроҳ бўлади!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz