Қайднома

Қидирув

Эътироф: “Лилл”да ҳаммаси бошқача

Эътироф: “Лилл”да ҳаммаси бошқача

  11.05.2021 09:00
  0
  269
Эътироф: “Лилл”да ҳаммаси бошқача

«Лион»га қарши сафар учрашувининг 35-дақиқасида 0:1 ҳисобида ютқазаётган «Лилль» ғалати гол ўтказиб юборди. Майдон эгалари ўнг қанотда стандарт вазиятни ижро этиш ҳуқуқини қўлга киритишди, Дюбуа тўпни жарима майдончаси ичига йўллади, қолганини меҳмонларнинг ўзлари бажаришди. Дарвозабон олдинга интилиб, ўз ҳимоячисига урилиб, йиқилди, тўп «Лилль» сардори Фонтенинг қўлига тегиб, тўрдан жой олди.

Қўшимча сифатида айтиш жоизки, «Лион» нафақат турнир жадвали юқорисига жойлашган, балки яратилган ва фойдаланилган вазиятлар бўйича лигадаги энг яхши клуб саналади. Кутилган голлар фарқи - жамоанинг масофадаги ўйин сифатини аниқлашнинг энг содда усули, бу борада «Лион» ҳатто «ПСЖ»ни ҳам ортда қолдирмоқда.

Айни рақибга қарши сафарда қайд этилаётган 0:2 ҳисоби бошқа ҳар қандай жамоа учун якун бўлиши ҳеч гап эмасди, бироқ «Лилль» учун бу фақат бошланиши эди. Танаффус арафасида Йилмаз жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этиб, ҳисобни қисқартирди, иккинчи бўлимда эса меҳмонлар «Лион»га ноқулай бўлган майдон марказисиз ўйинни таклиф этиб, кўплаб ҳужумлар уюштиришди. Натижада, мезбонлар дарвозаси яна икки бор ишғол этилди. «Лилль» мураббийи ғалабани ўмбалоқ ошиш билан нишонлади, чунки 34-турдан сўнг унинг жамоаси турнир жадвалида «ПСЖ»ни бир очкога ортда қолдирган ҳолда пешқадамга айланганди.

«Лион»га қарши кечган баҳс - Кристоф Галтье шогирдларига хос, «Лилль» сўнгги йилларда ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетишга қодир жамоага айланди. Мавсум аввалида бу клуб энг сермаҳсул ҳужумчиси ва тенгсиз ҳимоячисини сотди. Осимхен 70 млн. евро ва қўшимча бонуслар эвазига «Наполи» аъзосига айланган бўлса, Габриэл «Арсенал» либосини кийди. Йўқотишлар шу билан чекланмади. Бир йил аввал ушбу жамоа билан боғлиқ шов-шувли трансфер амалга оширилганди: Пепе 80 млн. евро эвазига «Арсенал»га ўтди, бунинг учун лондонликлар кредит олишга мажбур бўлишди. Ўшанда Леауни «Милан» харид қилганди.

Умуман, «Лилл»да ҳар бир жиҳат муҳокама қилинади. Аммо бунинг ўзи ҳам етарли бўлмаяпти: Галтье нафақат футболчиларни, балки ёрдамчиларини ҳам йўқотмоқда. Жозе Моуриньо «Тоттенхэм»да иш бошлаганда «Лилль» штабидаги икки кишини ёнига чорлаганди. Дарвозабонлар мураббийи Нуну Санту ва ассистент Жоау Сакраменту ўйинни ташкил этиш, рақибни ўрганиш ва жамоанинг ривожланиш концепциясига масъул эдилар. «Моуриньо менга қўнғироқ қилмади. Спорт директоримиз билан гаплашди, холос. Нима дейишим мумкин? Ажойиб иш», - деди Галтье мавсум ўртасида асосий ёрдамчиларидан айрилганидан сўнг.

Мураккаб вазиятга тушиб қолганига қарамай, Галтье ўйин сифатини яхшилашни уддалади. Биринчи навбатда - мудофаа чизиғида. Мавсум-2018|2019 билан солиштирганда, ҳозир «Лилль» дарвозаси олдида содир этиладиган хавфли вазиятлар 30 фоизга камайган. Яъни, дурустгина ҳимоя чизиғи топ даражага кўтарилди. Ҳужумдаги барқарорлик эса бироз камайди.

Бир қарашда, буларнинг бари мўъжизани эслатади: жамоа йўқотишларга қарамай ўсишга эришмоқда. Аслида эса, «Лилл»даги ижобий ўзгаришлар замирида менежментнинг катта иши ётибди.

Молиявий масалалар бўйича клуб хўжайини Жерар Лопес шуғулланади. Унинг таржимаи ҳоли бой: унда хусусий футбол агентлигининг парвозидан тортиб, «Лилль» бюджетидаги фирибгарликлар туфайли қўйилган трансфер тақиқи ҳам бор. Ҳар йили йирик суммага футболчилар сотилиши - унинг меҳнатлари самараси. Бошқа томондан - мунтазам фириблар. Трансферлардан тушадиган мўмай даромадга қарамай, клуб қарзлардан қутулолмаяпти. Боз устига, клуб хўжайинларидан бири ҳисобланган Лопес шериклари билан ҳисоб-китоб қилмаса, клуб шу йилнинг ўзидаёқ эгаларини алмаштириши мумкин. Яъни, молиявий томондан «Лилл»нинг бугунги аҳволи ҳавас қиларли даражада эмас, унинг келажаги кўп жиҳатдан мавсумнинг қандай якунланишига боғлиқ.

Яқингача жамоа тузилмасига спорт директори Луиш Кампуш жавобгар ҳисобланарди. «Реал»да Жозе Моуриньога скаутлик вазифасини ўтаган ушбу шахс сўнгги йилларда «Монако»нинг муваффақиятларига ҳам улуш қўшганди - у директор ва скаутлар бўлими раҳбари бўлган пайтда жамоага Марсьяль, Лемар ва Силва келиб, ажойиб ўйин кўрсатишганди. «Лилл»да у 2020 йилнинг охиригача ишлаган. Функционер ҳар бир сотилган футболчи ўрнига унчалик машҳур бўлмаган, лекин сифат борасида қолишмайдиган ўйинчини топарди. Пепени (80 млн.) сотиб, Осимхенни (22 млн.) топди. Осимхенни (70Қ млн.) сотиб, Давидни (27 млн.) топди.

21 ёшли Давид бир неча ой давом этган мослашув жараёнидан кейин дастлабки мавсумини ёмон ўтказмаяпти: 25 марта асосий таркибда тушиб, чемпионатда 11та гол урди. Нисбатан қийинроқ чемпионатдаги сермаҳсуллик чаккимас, аммо бу инвестиция тўлиқ қопланганини англатмайди - ўтган мавсум Давид Бельгия чемпионатида порлаганди (27та учрашувда 26та самарали ҳаракат). «Бешиктош» билан шартномаси якунланган Йилмазнинг текинга келиши эса - мутлақо кутилмаган қарор. Йилмаз - ажойиб форвард, лекин ҳеч қачон Туркия ташқарисида ўйнамаган. Қолаверса, ёши ҳам 35да. Бу футболчидан кутиш мумкин бўлган ягона нарса - у чемпионатни ўзгартирганига эътибор бермай, гол уришда давом этиши керак. Мавсум бошидан буён ушбу ҳужумчи чемпионатда 12та гол урди (19 марта бошланғич таркибга кирди), Европа Лигасида 2та тўп киритди (ҳар гал захирадан тушди).

Умумий ҳисобда, «Лилль» ёзда 40 млн. сарфлади ва бу пуллар эвазига форвардлар жуфтлигидан ташқари, «Аякс»нинг ёш ҳимоячиси Ботманни қўлга киритди. Бу футболчи мудофаа чизиғида фахрий Фонтега шерик бўлди.

Бу каби иерархия даврида мураббийдан фақат машғулот ўтказиш талаб этилади. Кристоф Галтье иштиёқни ўз иш жараёнидаги асосий шарт деб билади, ўз навбатида, у танлайдиган ўйин услуби «иштиёқ» сўзига қарама-қаршидек. «Лилль» - идеал тарздаги уюшқоқ жамоа, унда ижодкорлик кам, шунга қарамай, барча ўйин эпизодлари аввал ишланган усуллар асосида шакллантирилади.

Тўпсиз ҳаракатланишнинг асосий ғояси - йиғинчоқлик. Жамоа синхрон ҳаракатланади, футболчилар орасидаги масофа қисқа бўлади, ҳаддан зиёд ортда ҳимояланмайди, ўрта масофани сақлайди: прессингда ҳужумчилар фаол ишлашади, ўз навбатида, рақибнинг ҳимоячилар ортига узатмалар йўллашига ҳам йўл қўйилмайди.

Айни услуб кўпроқ концентрацияни талаб қилади, футболчилар бир-бирларининг ўрнини тўлдиришлари керак бўлади. Бунинг эвазига узун узатмалар тўпни «Лилль» жарима майдончасига йўллашнинг деярли ягона чорасига айланади.

Ҳужумда кўп нарса футболчиларнинг индивидуал салоҳиятига боғлиқ бўлади: ҳар бирининг ўз роли бор, функцияларни тақсимлаш ҳисобига Галтье ҳужумларда ортиқча таваккал ва фантазиясиз ҳам самарадорликка эришмоқда. Иконе бўш ҳудудларга очилиб, тўпсиз ҳаракатланиш пайти шерикларига ёрдамлашади, Бамба ва Санчеш эса тўпни олиб юришади: бири - ҳужумнинг чап қанотида, иккинчиси - орқароқдан. Бамба ва Давиднинг интилишига Йилмазнинг ҳаракатлари асқотади. Туркиялик футболчи фақат жарима майдончаси ичидаги ўйин билан чекланмай, орқароққа қайтади ва шерикларининг олдинга юришлари учун йўлакча очиб беради.

Барча ҳужум гуруҳи белгиланган ролларда ўзини қулай ҳис этади. «Лилль» ҳужумларида бир хиллик бор, шунга қарамай, футболчилар қийин голларни уришади, вазиятлардан унумли фойдаланишади. Кутилган (43) ва урилган (57) голлар фарқи (Қ14) бўйича бу жамоа чемпионатда тенгсиз. Йилмаз, пенальтини ҳисобламаганда, 10та гол урди, Understat эса ундан кутилган голлар сони 7тадан кам эканлигини кўрсатган. 9та тўп киритиши кутилган Давид ҳисобида эса 11та гол бор. Бамба ва Язижи ҳам статистика кутганидан кўпроқ марта дарвозани ишғол қилишган. Фақатгина Иконеда фарқ манфий: 4,4га 4.

Ушбу жамоага жорий мавсумдаги ҳозирги даражасини сақлаб туриш осон бўлмайди, чунки сўнгги йилларда якуний натижани жаҳоннинг энг яхши футболчилари намойиш этишмоқда. Эҳтимол, таркибдагиларнинг кўпи яна сотиб юборилади ва таркиб қайта терилади - ва у Чемпионлар Лигаси (ёки Европа Лигаси - барчаси янги ўйинчилар савиясига боғлиқ) йўлланмаси учун курашади. Аммо бу ҳозир унчалик аҳамиятли жиҳат эмас.

Муҳими, «Лилль» апрель бошидан буён сафарда бош соврин йўлидаги асосий рақобатчилари - «ПСЖ» ва «Лион»ни мағлубиятга учратди. Март ойи ўрталарида эса меҳмонда «Монако»га ютқазмади. Муаммо шундаки, Галтье жамоасининг ўртамиёналар билан учрашувларда ўйини чиқмайди. Апрель ўрталарида, масалан, «Монпелье»га қарши баҳсда очко йўқотди, бир ой аввал эса аутсайдерга ютқазганди. Буни қарангки, «Лилл»нинг кейинги ўйинлари тақвими енгиллик бериши мумкин - барча рақиблар ичида фақат «Ланс» еврокубокларда қатнашиш ҳуқуқини берадиган ўринлар учун курашмоқда.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz