Қайднома

Қидирув

Футбол халқни бирлаштиради, ғалабалар сари бошлайди

Футбол халқни бирлаштиради, ғалабалар сари бошлайди

  14.05.2021 02:20
  0
  257
Футбол халқни бирлаштиради, ғалабалар сари бошлайди

«Пахтакор» ва АГМКнинг ОЧЛ гуруҳ босқичи турнирида омадсиз иштироки аксарият мухлисларда футболимизга нисбатан қизиқишни нисбатан сусайтиргани рост. Улар ҳаттоки, Суперлига баҳсларига ҳам бироз эътиборсиз бўлиб қолишди. Юзаки қараганда, бу ҳолат сезилиб-сезилмайди. Бироқ бир қатор мухлислар куни кеча бизга қўнғироқ қилиб, «Турон» - «Пахтакор» учрашувини натижасини сўрашганида, билдикки, вазият анча жиддий. Чунки айни шу мухлислар билан аввалроқ Суперлига учрашувларини қизғин муҳокама қилгандик. Қарангки, икки жамоа иштирокидаги муваффақиятсиз ўйинлар уларнинг умумий руҳиятига кучли салбий таъсир кўрсатибди. Овоз синиқ, иштиёқ йўқ, шашт сезилмади. Вазиятни ҳисобга олиб, суҳбатдошларимизга иккинчи жаҳон урушидан кейинги тикланиш даврида кузатилган футболга муносабат ҳақида сўзладик. Урушда ҳар томонлама енгилган Германия  ЖЧ-54да чемпионлик нашидасини сурганди. Урушда батамом вайронага айланган собиқ иттифоқ олимпия жамоаси эса, 1956 йили Мельбурн Олимпиа­дасида ғолибликни қўлга киритган. Шунингдек, Москва «Динамо»си энг қийин дамлар, яъни 1945 йилнинг ноябрь ойида Англияга сафар уюштириб, инглиз клублари додини берган.

Хуллас, тиклаш ишлари билан банд, оғир меҳнатдан чарчаган халқ айнан футбол томошасидан юпанч топарди, куч оларди. Қолаверса, болалар футбол билан овунишган. Бошқача ифода этганда, урушдан кўнгли вайрон бўлган халқни футбол қайта бирлаштирган ва янги марралар сари ундаган. Қизиғи, ғолибларда ҳам, мағлубларда ҳам шундай жараён кузатилганди. Хотира ва қадр­лаш куни арафасида Наманган шаҳридаги 57-мактабнинг 9-синф ўқувчилари билан учрашдик. Савол-жавоблардан маълум бўлдики, ўқувчилар қизиқмайдиган мавзу кам. Улар Иосиф Сталин ва Адольф Гитлер, Хиросима ва Нагасаки, Зулфия Зокирова, «Илҳақ» фильми ва ўзбекистонлик қаҳрамонлар ҳақида кўп ва хўп сўрашди.

Турли саволларга жавоб қайтарар эканмиз, ўзимиз ҳам ўртага икки савол ташладик: Адольф Гитлер нима сабабдан уруш бошлаган? Иосиф Сталин урушнинг дастлабки йили нима учун чекиниш ва минг-минглаб қурбон беришга мажбур бўлган? Дастлабки саволнинг жавобида нафс балоси ва ўзига бино қўйиш ҳақида сўз борди. Иккинчи саволга жавоб беришда эса, вазиятни тўғри баҳолай олмаслик, билим ва тафаккур етишмаслиги каби омиллар тилга олинди. Суҳбат якуни ҳам жуда қизиқарли кечди. Негаки, навбат футбол мавзусига тақалганди. Ўқувчиларни «Челси»нинг охирги ғалабалари кўпроқ қизиқтирди. Юзага келган вазиятдан унумли фойдаланишга интилиб, Лондон клубидаги мотивацион муҳитга эътибор қаратдик. Бош сабаб - мураббийлар штабида кузатилган янгиланиш. Ҳа, Фрэнк Лэмпард ўрнини эгаллаган Томас Тухель бутун жамоага нафақат мураббий, балки ўзига хос машъала сифатида ижобий таъсир ўтказди, футболчиларда кучли иштиёқ уйғота олди. Ҳолбуки, таркиб ўша-ўша. Қаранг, бошқарувдаги биргина ўзгариш ҳаммасини тубдан ўзгартириб юборди. Европа ЧЛ финали йўлида аввал «Атлетико», кейин «Реал»дек топ-клублар мағлубиятга учратилди. Чорак ва ярим финал учрашувларидан олдин  «Челси» фаворит саналмади, лекин амалда ҳар икки раундда ғалаба қозонди. Чиндан ҳам, ҳозирги «Челси» таркиб борасида на «Атлетико» ва на «Реал»га тенглаша олади. Шу маънода Тухель шогирдларини «Манчестер Сити» футболчилари билан қиёслаш ҳам ортиқча.

Қаранг, ғалаба фақат «Челси» томонда. Ҳозир Эдуар Мендининг ўз дарвозасини қандай қўриқлаётгани, Мэйсон Маунт ва Тимо Вернернинг рақиб дарвозаси томон важоҳат билан ташланаётгани тилларда достон. Ёш мухлислар бир-бирларига бу жараённи завқ- шавқ билан таърифлашмоқда, «аристократлар»га ҳайрат ва ҳавас кўзи билан боқишмоқда. Ўтган шанба куни Серхио Агуэро хато қилгани рост. У «Челси» ғалабаларини ҳамон тасодиф натижаси сифатида баҳолади, чоғи. Балки рўпарасида турган озғингина Эдуар Мендини менсимагандир. Эҳтимол, ўйиндан аввал  Карим Бенземадан маслаҳат сўраганида, пенальтини бошқачароқ тепармиди?! Ахир франциялик ҳужумчининг гол бўлиши аниқ туюлган зарбаларини Менди фантастик даражада бартараф этганида, у қаршисидаги кипер шаънига таҳсинлар ўқиган бўлса, неажаб?!

Хуллас, бугун ғалабага чан­қоқлик ва иштиёқ бобида «Челси»га тенглашиш мушкул. Ҳа, ўз тарихида илк марта ЕЧЛ финалига чиққан «Манчестер Сити» ғалаба қозонишни истаса, тажрибали Хосеп Гвардиола германиялик ҳамкасби тафаккурини ўқий олиши, ундаги руҳшуносликдан устун чиқиши шарт.

Мулоҳазаларимиз аввалида Суперлига баҳсларига қизиқиш сусайгани масаласига бежиз тўхталмадик. Хўш, миллий чемпионатимиз ўйинлари нима сабабдан мухлисларни у қадар қизиқтирмай қўйди? Бу борада бош айбдор ОЧЛ гуруҳ босқичи турнирида муваффақиятсиз иштирок этган «Пахтакор» ва АГМКми? Йўқ, бизнингча, бундай эмас. Шунчаки, икки етакчи клубимизнинг омадсиз уриниши сўнгги томчи вазифасини ўтади, холос. Бу кетишда йиллар давомида футболимизда йиғилиб қолган муаммолар Суперлиганинг ҳар бир турида кўзга ташланаверди, мухлислик муҳитини бузаверди. Охир-оқибат, ёқимсиз  жараён таъсири ўлароқ, чемпионат мухлислар олдида нуфузини йўқотмоқда. Мубораклик таниқли ижодкор Баҳодир Абдураззоқов «Реал»нинг мағлубиятидан анчайин афсусланди. Таъкидлаш жоиз, у Зиданга ҳурмати юзасидан ўғлига Зайниддин исмини танлаган. «Реал»га бағишланган шукуҳли шеърлари билан машҳур чустлик Марҳабо Сафоева эса, энди сал бошқачароқ ёзибди:     

Кеча эдик бахтиёр,

Орзулар армон бўлди.

«Челси»да аламим бор,

Эҳ, «Реал» тамом бўлди!

Кўриниб турибдики, натижа кайфият қандайлигини белгиламоқда. Халқ руҳияти дарё каби шундай оқади.

Улуғ Чўлпон вақтида «Адабиёт яшаса, миллат яшар» дея бонг урганди. Бугун «Ҳалоллик бўлса, футбол гуллаб-яшнайди, футбол гуллаб-яшнаса, халқ руҳияти кўтарилади», деймиз комил ишонч билан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин инсониятни янги тараққиёт босқичи сари бошлаган асосий турткилардан бирини айнан футбол берганди. Бугун нима учун футболнинг шу қадар таъсир кучидан фойдаланмаслигимиз керак?! Ўқувчилар билан суҳбат чоғи ишонч ҳосил қилдикки, уларнинг юраклари тубида футбол олови ёниқ! Яна бир жиҳатни яққол ҳис қилдик - футболга нисбатан сўнмас иштиёқ, яъни футбол олови воситаси билан ўқиш ва билим олишга қизиқмаётган ўқувчи ёшларни мутолаага ундаш мумкин. Аёнки, бунинг учун футболга муносабат кескин ўзгариши шарт. Ҳозирги ҳолатда эса, футболга муносабат жиддий ислоҳотларга муҳтож. Футбол ичи ва атрофидаги ҳар бир киши ўз-ўзини ислоҳ қилмас экан, футболимиз ўзгармайди, демакки, халқ руҳиятида ғалаба иштиёқи етарли даражада ўз сўзини айтолмайди!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz