Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ: Швейцарча тизим? Бу нима ўзи?

ЕЧЛ: Швейцарча тизим? Бу нима ўзи?

  15.05.2021 05:54
  0
  300
ЕЧЛ: Швейцарча тизим? Бу нима ўзи?

Хабарингиз бордир, УЕФА 2024 йилдан эътиборан Чемпионлар Лигаси формати ўзгартирилишини расман тасдиқлади. Унга мувофиқ, ҳозирги одатий гуруҳ босқичи бекор қилинади, иштирокчи клублар сони эса 32тадан 36тага оширилади. Янги формат бўйича клублар ягона гуруҳга жойлашади, аммо ҳаммаси бир-бирига қарши ўйнамайди. Аксинча, ҳар бир иштирокчи 10та ўйин ўтказади ва якунда энг яхши кўрсаткичга эга 8та жамоа тўғридан-тўғри 1|8 финалга йўл олади. Уларга эса 1|16 финал раундида ғалаба қозонган жамоалар (бу босқичда ягона гуруҳда 9-24-ўринларни эгаллаган иштирокчилар қатнашади) рақиб бўлади. Хуллас, 36та жамоани ўз ичига олган битта катта гуруҳ жадвалига асосан «плей-офф» иштирокчилари швейцарча тизим воситасида аниқланади.

«Швейцарча тизим» бирикмаси - ҳозирча кенг футбол жамоатчилиги учун тушунарсиз ва жумбоқ масала. Хўш, бу тизим маъноси нима ва у қандай тартибда ишлайди? Ўзи нега швейцарча тизим? Ушбу атама қаердан, қандай ва қачон чиққан? Ҳаммаси оддий - форматнинг «швейцарча» дейилишига сабаб шуки, у биринчи марта Швейцариянинг Цюрих шаҳрида қўлланилган. Бунга 100 йилдан ҳам ошди. Аниқроғи, ушбу форматдан илк марта 1895 йили шахмат турнирида фойдаланилган. Умуман, бу тизим ҳозир ҳам шахмат ва шашка каби ақлий спорт турлари учун асосий формат ҳисобланади.

Хўш, форматнинг маъно-моҳия­ти нимадан иборат? Асосий қоида шуки, аввалига энг кучлилар энг кучсизларга қарши баҳс олиб боришади. Кейин тенг кучлилар ўзаро жанг қилишади, яъни нисбатан тенг миқдорда очко тўплаганлар. Оддий айтганда, 1-турда жадвалнинг юқори қисмидан жой олган жамоалар унинг иккинчи ярмидаги иштирокчиларга қарши баҳс олиб боради. Янада аниқроқ айтганда, жадвалнинг биринчи ва иккинчи қисмидаги энг кучли жамоалар ўзаро майдонга тушади. Шундан сўнг клублар виртуал тарзда очколик гуруҳларга бўлинади (ғалаба қозонганлар, дуранг ўйнаганлар ва мағлубиятга учраганлар). Шу аснода тақвим натижаларга асосан тузиб кетилади. Лекин жамоалар бир-бири билан 2 марта тўқнаш келмайди.

Қизиқ, барчаси амалда қандай кўриниш олади? Агар шахмат турнири мисолида олсак, унда 40 киши қатнашади. Рейтинг ёки қуръа натижасидан келиб чиқиб, 1-турда дастлабки 20 нафар иштирокчи иккинчи 20талик вакилларига қарши дона суради. 2-турда эса ғалаба қозонганлар, дуранг ўйнаганлар ва мағлуб бўлганлар гуруҳи шакллантирилади. Шу аснода ғолиблар ғолибларга қарши ўйнашади, қолганлар ҳам ўз гуруҳларидагилар билан беллашишади. 3-турга келиб, тенг миқдорда очко тўплаганлар ўзаро куч синашадилар. Агар турнир иштирокчилари сони тоқ бўлса, унда турни ўтказиб юборадиган ўйинчи автоматик тарзда очко олади.

Энди визуал, яъни хаёлий мисол келтирамиз. Енгилроқ тушунтириш учун 8та жамоадан иборат турнирни оламиз. Бунда иштирокчилар швейцарча тизим бўйича 3та тур ўтказишади. Айни пайт УЕФА рейтингига кўра, кучли 8таликда қўйидаги клублар бор:

«Бавария»

«Реал»

«Барселона»

«Манчестер Сити»

«Ювентус»

«Атлетико»

«ПСЖ»

«МЮ»

1-тур натижалари (шартли): «Бавария» - «Ювентус» - 4:0, «Реал» - «Атлетико» - 3:0, «Барселона» - «ПСЖ» - 2:0, «Манчестер Сити» - «МЮ» - 0:1

2-турда ғолиблар ғолибларга, мағлублар мағлубларга қарши (шартли): «Бавария» - «Реал» - 2:0, «Барселона» - «МЮ» - 1:0, «Ювентус» - «Атлетико» - 2:0, «ПСЖ» - «Манчестер Сити» - 1:0

2-турдан кейинги ҳолат (шартли): «Бавария» - 6 очко, «Барселона» - 6 очко, «Реал» - 3 очко, «МЮ» - 3 очко, «Ювентус» - 3 очко, «ПСЖ» - 3 очко, «Манчестер Сити» - 0, «Атлетико» - 0

Тасаввур қилинг, турнир жадвали шундай кўриниш олса, 3-турда «Бавария» ҳамда «Барселона» ўзаро баҳс олиб боради ва ҳоказо... Охирги жуфтлик: «Манчестер Сити» - «Атлетико». Хуллас, 3 очкога эга орадаги 4та жамоа икки жуфтликни ташкил этади. Савол: бунда жамоалар рақиби қандай аниқланади? Ҳозирча бу регламентга дахлдор савол. Тизим футболда ҳали ишлатилмади, шунинг учун аниқ жавоб йўқ. Катта эҳтимолки, тўплар нисбати яхшироқ жамоа­лар ўзаро тўқнаш келади. Шундай бўлса, унда «Реал» (тўплар нисбати - 3:2) «МЮ» (тўплар нисбати - 1:1) билан, «Ювентус» (тўплар нисбати - 2:4) эса «ПСЖ» (тўплар нисбати - 1:2) билан баҳс олиб боради.

Тизимнинг плюс ва минусларига ҳам тўхталиш керак. Бундай тизимда жамоалар сони кўп бўлиши ўйинлар миқдорини ошишини англатмайди.

- Топ даражадаги ўйинлар сони кўпаяди. Фаворит жамоаларнинг кучсиз рақибларга қарши майдонга тушиши деярли кузатилмайди.

- Ҳамма жамоалар бир-бирига қарши ўйнамайди.

- Кучлилар ва кучсизлар ўртасидаги фарқ яққол билинади.

- ЧЛ ҳолатидан келиб чиқсак, тақвим тузишда қийинчиликлар бўлиши аниқ. Гап шундаки, 1та мамлакат жамоаларининг ўзаро учрашиши олдини олиш лозим. Шунингдек, иштирокчи клубларнинг ўз майдони ва сафарда 5тадан ўйин ўтказишини таъминлаш керак.

- Аниқ ва яхлит тақвим тузишнинг иложи йўқ. Шунинг учун қайси жамоа қаерда ва ким билан ўйнашини олдиндан режалаштириш мумкин эмас.

Умуман олганда,  ташкилотчилик масаласига доир саволлар жуда кўп. Тўғриси, швейцарча тизим Европа Чемпионлар Лигасида қандай қўлланилади ва нечоғли самара беради - булар вақт ҳукмидаги саволлар. Ҳозирча муайян бир формула йўқ. Балки жамоалар 4та саватчага бўлинар ва биринчисидан жой оладиганлар тўртинчи гуруҳ вакилларига қарши 2 мартадан ўйнар. Шунда иккинчи ва учинчи саватчалардаги жамоалар бир-бири билан ўйнаши мумкин. Ёки тўплаган очколари сонидан келиб чиқиб, жа­моаларни жадвалдаги «қўшни»ларига қарши қўйиш мумкин.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz