Қайднома

Қидирув

Дидье Сикс: «ЖЧ – гвинеяликларнинг асл орзулари»

Дидье Сикс: «ЖЧ – гвинеяликларнинг асл орзулари»

  16.05.2021 02:40
  0
  405
Дидье Сикс: «ЖЧ – гвинеяликларнинг асл орзулари»

Гвинея футболида Ўзбекистонникига ўхшаш томонлари бор. Дейлик, гвинеяликлар ҳозирга қадар U-20 (2 марта) ва U-17 (4 марта) тоифасидаги кичик мундиалларда нақ 6 марта иштирок этишган, аммо мамлакат миллий жамоаси учун ЖЧ финал босқичи ҳамон армон бўлиб қолмоқда. Дидье Сикс бошқарувидаги Syli Nationale Қатар-2022 саралашида Марокаш, Судан ва Гвинея-Бисау термалари жой олган гуруҳда ўйнайди. Франциялик мутахассиснинг ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида баралла айтишича, гвинеяликлар бу сафар мамлакат футболи тарихида янги саҳифа очишга қодирлар.

- Жаноб Сикс, аввало, Гвинея миллий жамоасига қисқача тавсиф берсангиз...

- Аслида бу ерда менга қадар ишлаганларни танқид қилишим ўринли эмас, лекин Конакрига келганимдаёқ уларнинг муаммоларга дуч келишгани шундоқ сезилиб турганди. Умуман, Гвинея миллий термаси спортга дахлсиз масалалар ортидан қийналган. Демоқчиманки, Гвинеяда футбол савияси чакки эмасди, фақат тартибни йўлга қўйиш талаб этиларди. Ўйлайманки, 2019 йилдан буён бу борада маълум ишларни амалга оширдик.

- Гвинея ёшлар ва ўсмирлар термалари жаҳон миқёсида сезиларли натижаларга эришган, аммо миллий жамоа ҳалигача ЖЧ финал босқичига чиқолмади. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

- Футбол учун оддий ҳолат... Жаҳонда ҳали ЖЧ юзини кўрмаган кучли жамоалар етарлича топилади. Мундиал саралаши - жиддий синов. Айниқса, Африкада. Мисол учун, 5та йўлланма учун АФКга аъзо 54та жамоанинг барчаси даъвогар ҳисобланади.

- Хўш, гвинеяликларни ниҳоят, ЖЧ финал раундига бошлай оласизми?

- Бу бутун Гвинеянинг асл орзусидир. Мамлакат футбол федерацияси билан тузилган шартномамда Қатар-2022га чиқиш хусусида банд йўқ, шунга қарамай, бош мақсад аниқ - гвинеяликларни жаҳон миқёсига олиб чиқиш.

- Жамоангиз саралаш гуруҳида Марокаш, Судан ва Гвинея-Бисау термаларига қарши ўйнайди...

- Қоғозга қарасак, Марокаш ва Гвинея термалари фаворит, аммо бу ҳеч нимани англатмайди. Судан ва Бисау термалари ҳам охирги йилларда анча ривожланди. Дейлик, Гвинея-Бисау термаси билан ўйинлар дерби мақомида ва уларнинг осон кечмаслиги аниқ. Ихтиё­римда Наби Кейта, Амаду Диавара ва Мэди Камара каби еврофутбол ҳавосидан баҳра олаётган йигитлар бор. Шундай экан, ишонч етарли, тарихни янгилашга умид катта.

- Наби Кейта «Ливерпул»да кўп ўйнаётгани йўқ, лекин ҳамон гвинеялик энг яхши футболчи бўлиб турибди. Жамонгиз ўйини унга нечоғли боғлиқ?

- Бутун бошли жамоани муайян футболчи атрофида шакллантириш ярамайди. Тўғри, Наби Кейта сеҳрли оёқларга эга ва ўйлайманки, сардор сифатида етакчилик ролини қойиллатади. Бундай ижрочи - мураббийнинг бахти.

- Айни пайт Конакрида яшаб, маҳаллий футболни мунтазам кузатиб боряпсиз. Гвинеяликларнинг худди Жазоир, Гана, Кот-д~Ивуар ва Марокаш вакиллари каби еврофутболга кенг талпинишларига нима етишмаяпти, сизнингча?

- Маҳаллий йигитлар техник томондан жуда кучли, аммо уларнинг назарга тушишлари учун миллий жамоа яхши натижаларга эришиши керак. Ҳа, мамлакатда савияли клублар бор, аммо ўйинчиларнинг еврофутбол назарига тушиш-тушмасликлари асосан миллий жамоа натижасига боғлиқ, барибир.

- Сизнингча, Африканинг қайсидир жамоаси Қатар-2022 мундиалининг якуний босқичларига чиқиши мумкинми?

- Нега чиқолмаслиги керак? Африка футболи катта потенциалга эга, қолаверса, охирги йилларда менталитет сезиларли даражада ўзгарди. Унутмаслик керак, ҳозир Европанинг кучли лигаларида африкалик футболчиларнинг катта гуруҳи бор. Дейлик, Жазоир ва Марокаш термалари таркиби чакки эмас, яна Миср, Гана, Кот-д~Ивуар жамоа­лари ҳам кўп ишларга қодир.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz