Қайднома

Қидирув

Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит

Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит

  19.06.2021 02:02
  0
  844
Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит

СОН ХЮН МИННИНГ ЧЎҚҚИ САРИ ЙЎЛИ. Нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиё футболининг бугунги бош юлдузи фаолияти барчага намуна қилиб кўрсатишга арзийди. 2020 йилнинг баҳори. Жежу ороли. Мосеулпо шаҳри. Сочини қиртишлаб олиб ташлаган бир йигит «М16» автомати билан мўлжални нишонга олмоқда. Нақ 70 йил муқаддам унинг ватандошлари худди шу базада шуғулланиб, тарихда ўта муҳим аҳамият касб этган Корея урушига тайёргарлик кўришган. КХДР қўшини 1950 йили Хитой ва собиқ иттифоқи кўмаги билан Корея ярим ороли бўйлаб жануб томон ҳаракатланиб, мамлакатнинг материк қисмини деярли босиб олди, фақат кичиккина ҳудуд қолди. 80 мил жануброқдаги вулқонли Жежу ороли Жанубий Корея армияси чекинган жойлардан бири эди. Кейинчалик ҳарбий куч у ердан Сеулнинг ғарб томони - Инчхон шаҳрига сузиб бориб, Англия ва АҚШ армиясига қўшилди. Шу тариқа катта можаро йўналишини бутунлай ўзгартирган жанг бошланди. Бу уруш якунда замонавий Жанубий Корея йўлини очди...

***

Қўлида автомат билан ўтирган ҳалиги «ялтироқ» бошли йигит Жанубий Корея футболининг энг порлоқ юлдузларидан бири бўлиб, у кўплаб ўтмишдошлари каби Ватан олдидаги бурчини адо этиш учун Чежуга келганди. АПЛ юлдузига айланиб улгурган Сон Хюн Мин армия анъанасига мувофиқ, сочини бутунлай олдириб ташлади. Англия клублари дарвозабонларини зир қақшатишга ўрганган футбол мергани базада тўппончадан ўқ отишни ўрганди, 30 километр масофани ўз ичига олган маршда югурди, кимёвий қуролга қарши курашга қаратилган машғулотларда кўзни ачиштирувчи газ «таъм»ини татиб кўрди. Айтиш ўринли, Жанубий Кореяда Сон Хюннинг ҳарбий хизматга жалб этиш масаласи кўп йиллар давомида роса муҳокама қилинган эди. Бироқ футболчининг айнан қачон армияга сафарбар этишлари ва унинг қанча муддат аскар мақомида юриши маълум эмасди. Агар ҳарбий ўқув-машғулотлар мамлакат қонунчилигида кўрсатилганидек, 21 ойга чўзилса, Сон Хюн Миннинг бутун футболчилик фаолияти таҳдид остида қоларди. Ҳужумчининг ўзи ҳам буни жуда яхши тушунарди.

***

Амалда «Тоттенхэм» Англияда ўрнатилган карантин тартибидан чиқишга тайёрланаётган пайт Сон Хюн Мин ҳарбий бурчини бажаришга улгурди. Айнан шу мажбурият унинг АПЛ вакили сифатида янада ривожланишига раҳна солувчи ягона потенциал тўсиқ саналарди. Реал тўсиқ йўлдан олиб ташлангач, Сон Хюн бор эътиборини фақат ва фақат футболга қаратиш имкониятини ҳосил қилди. Хуллас, футбол унинг асосий ташвишига айланди-қўйди. Корейс йигити шундай кейинги 9 ой ичида фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларни намойиш этиб, замонавий футболда энг яхши ижрочилар қаторида эканлигини тўлиқ исботлади.

***

Сон Хюн Мин армия сафарига отланишдан олдин отаси билан 4 соатлик машаққатли машғулотларни эслагандир... Ҳужумчи бар­қарор тараққиётининг аксарият қисми учун отасидан қарздор. Сон Хюнга болалигидан кучли менталитетни сингдирган шахс - бу айнан Сон Ун Жун. Баъзи мухлислар унга ҳозир ҳам «Сон Хюн Миннинг отаси» қабилида мурожаат қилишади. Унинг ўзи вақтида Жанубий Корея клубларида ҳужумчи сифатида тўп сурган, аммо жароҳат ортидан 28 ёшидаёқ спортчилик фаолиятига нуқта қўйишига тўғри келган. Сон Хюн Мин шундан 2 йил ўтиб туғилган ва Сеулнинг шимоли-шарқидан 50 мил узоқликдаги Чунчеон шаҳрида акаси билан бирга ул­ғайган. Уларнинг ҳар иккиси футболни танлайди. Сон Ун Жун ўша вақтдаёқ ўғилларига техник кўникмаларни пухта эгаллаш муваффақият сари бошлашини алоҳида уқтиради. Умуман, у фарзандлари билан қатъий режимда алоҳида шуғулланади, талабчанликни ҳам ўрнига қўяди. Кейинчалик ака-укалар ҳар куни машғулотлар базасига лойли дала орқали югуриб бориш асносида жисмонан чиниқишга эришадилар. Катта Сон услубларидан бирига кўра, Хюн Мин уч айлана тарзда тўп билан жонглёр машқини бажариши керак эди - аввал чап, сўнгра ўнг оёғи, якунда ҳар иккиси билан. Бордию, белгиланган вақтда тўпни ерга тушириб юборса, машқни бошидан қайта бажаришига тўғри келарди. Сон Хюн отаси важоҳатидан чўчиб, ҳеч қачон унга итоатсизлик қилишга журъат этмаган. Ўзининг айтишича, болалигида бир сафар машғулот пайти бироз инжиқлик қилганида, отаси йўлда ўтиб кетаётган полициячини чақириб, уни роса қўрқитган экан.

***

Ака-ука бир гал уйда номига жанжаллашиб қоладилар. Шунда оила бошлиғи бунга жавобан ўғилларини алоҳида жазо чораси билан «сийлайди». «Отам бизни нақ 4 соат давомида тинмай машаққатли машқлар бажаришга мажбурлаганди, - дея эслайди Сон Хюн 10 ёшида юз берган ўша воқеани. - Чамаси 2 соатдан кейин кўзимга фақат пол ва 3та тўп кўрингани ёдимда, ваҳоланки, у битта эди...». Айтиш жоиз, Мин жонглёр машқида тўпни ҳеч қачон ерга тушириб юбормасди: «Бу диққатни жамлаш воситасидир». Турли экстремал тайёргарлик усуллари ўз самарасини беради - Сон Хюнни маълум вақтдан кейин «Сеул ФК» академиясига қабул қилишади. Қолаверса, уни кўп ўтмай, Жанубий Корея U-15 терма жамоасига ҳам жалб эта бошлашади. «Аслида у бу ёш тоифасидаги энг яхши футболчилардан бири саналмасди, лекин биринчи машғулотдаёқ тўп билан ишлаш кўникмасидан шунчаки, лол қолгандим: «Оҳ... Нега шу пайтгача бу йигит ҳақида ҳеч гап эшитмадим?» - бу Сон Хюн билан айнан U-15 термасида бирга шуғулланган ва кейинчалик киберспорт юлдузига айланган Вон Чан Ён таассуротлари. У давом этади: «Шунчаки, қойилмақом йигит. Ўша илк кунги машғулотдан яна бир жиҳатни аниқ эслайман - Хюн Мин икки оёғи билан бирдек аниқ ва кучли зарба йўллаши билан кўпчиликни лол қолдирганди. Унинг зарбаларидан бирини тўсишга уриндим, лекин шунчаки, мувозанатни йўқотдим, чунки даҳшатли куч келиб тушди. Ваҳоланки, озғингина йигит эди, тўғри, сонлари массага тўла эканлиги шундоқ кўзга ташланиб турарди. Энг асосийси, Сон Хюн бошқаларга нисбатан анча кўп ишларди».

***

Оғир келган биринчи мавсум. Маурисио Почеттино «Саутгемптон»ни бошқарган вақтда Сон Хюнни таркибга қўшишга уринган, аммо нимадир ўхшамаган. Аргентиналик мутахассис кейинчалик «Тоттенхэм» бош мураббийи ролидаги иккинчи даври бошида корейс йигитини таркибга қўшиб, ниятига етди. Кўп ўтмай, Сон Хюн Лондон клубида янги яқин дўст кашф этди. «Биринчи кундан ўртамизда ўзгача муносабат шаклланди, чунки иккимиз немис тилида гаплаша олардик, - дея тушунтирганди атиги 3 ой олдин «Кёльн»дан «Тоттенхэм» сафига ўтган австриялик ҳимоячи Кевин Виммер. - Сон Хюн инглиз тилини унча яхши тушунмасди, гапиролмасди. Тўғри, ҳафтасига 3 марта курсга қатнаб, бу камчилигини тезда бартараф этишга эришди. Муҳими, бошида мен билан немис тилида мулоқот қилиши мумкинлигидан мамнун эди ва иккимиз кўп вақт бирга бўлардик. Дейлик, машғулотлардан кейин спорт зали ёки бассейнга борардик. Баъзида шунчаки, машғулотлар базасида қолиб, PlayStation қурилмасида ўйинга шўнғирдик. Бунда кўпинча FIFA иловасини танлардик. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари харидига ҳам бирга чиқардик, яна бошқа жамоадаги футболчилар билан алоқа ўрнатишга имкон берувчи алоҳида WhatsApp гуруҳи очгандик. Бу орқали уйда туриб, Call of Duty ўйини бўйича баҳс­лашардик. Қисқаси, яқин дўстларга айландик ва шундайлигича қоламиз. Ҳозир ҳам телефон ёки FaceTime орқали кўп гаплашамиз. Жуда содда йигит. Кийиниш хонасида алоҳида ажралиб туришга интилмасди, муҳими, «Тоттенхэм» ўйини ва муҳитига тўлиқ мослашиш учун кўп вақт сарфламади. Чунки Сон Хюн ҳаммага ёқадиган характерга эга йигит. Дейлик, бир қарашда сизга яхши кайфият бағишлаши мумкин, бинобарин, самимий табассуми ҳеч йўқолмайди. Шунинг баробарида майдонда ўта жиддийлашади. Лекин кўнгилхушлик қиладиган жойда ҳаммага ижобий энергия бера олади. Агар Сон Хюн билан бирга бўлсангиз, кулиш учун ҳамиша мавзу топилади. Қисқаси, у нафақат футболчи сифатида муҳим, балки жамоа персонажидир».

***

Умуман, кореялик йигит Англия­да ҳамма билан тезда чиқишиб кетади. Мана, «шпорлар»нинг собиқ ярим ҳимоячиси, якунланган мавсум жамоани бошқарган Райан Мейсон хотираларига эътибор қаратинг: «Сон Хюн профессионал футболчи сифатида барча мезонларга тўлиқ жавоб беради. Хусусан, машғулотларда ҳамма у билан ишлашни хоҳлайди. Чунки жараёнда роҳатланишни ҳам ўрнига қўяди. Ўзи тинмай шуғулланади. Корейс йигитининг машғулотларга салбий ёндашгани ҳақида ҳеч қачон эшитмайсиз, чунки у катта профессионал. Гарчи Жанубий Корея ва Осиё футболида Дэвид Бекхэм даражасига чиққан бўлсада, камтарликни сақлаб қолган. Яна бир томони, Сон Хюн «Тоттенхэм» билан шарт­нома тузганидан кейин Жанубий кореялик мухлисларда жамоамизга нисбатан эътибор кескин ортди. Ишончим комил, улардан айримлари илк кундан Англия томон чипта олишни бошлаганлар! Ҳар ҳолда, кореяликлар ҳаттоки, машғулотларимизни ҳам бевосита кузатишга одатланишди. Уларни майдон четида кўриш ёқимли. Хоҳ ёмғир, хоҳ шамол бўлсин, Сон Хюннинг персонал фанатлари биз билан бирга. Қисқаси, об-ҳаво қандайлигидан қатъий назар, кореялик мухлислар гуруҳи ҳар жойда Сон Хюнни илиқ кутиб олишади».  Сон Хюн Мин АПЛга йўл олгач, Жанубий Корея нашрлари журналистлари ҳам Англия томон ёпирилишди. «Тоттенхэм»нинг ҳар бир ўйинида камида 5 киши ишлаймиз, баъзан кореялик журналистлар сони 10 нафарга ҳам етади, - дейди  футболчининг фаолиятини Sports Seoul ва Naver нашрларида алоҳида ёрита бошлаган Ли Сун Мо. - Аксарият ўйинлардан кейин ундан интервью оламиз. Эътиборли томони, Сон Хюн вақт тиғизлигига қарамай, Жанубий Корея ОАВ вакиллари илтимосларини бирор марта рад этмайди. Албатта, бунинг учун ундан бағоят миннатдормиз».

***

Сон Хюн Миннинг Англиядаги биринчи мавсумидаёқ ёрқин воқеа­лар кузатилди. Мисол учун, корейс футболчиси «Тоттенхэм» либосидаги дастлабки икки уй учрашувидан бирида «Қорабоғ» дарвозасини икки бора нишонга олди (Европа Лигаси ўйинида). Аммо тезкор футболчи чемпионат доирасида «шпорлар»нинг бошланғич таркибига атиги 13 марта кирди ва элитада 4тагина гол уриш билан чекланди. «Тоттенхэм» ўша мавсум «Лестер» қатори чемпионликка даъвогарлик қилди. Шуни ҳисобга олсак, янги футболчининг Анг­лиядаги ўйинларга тезда мослашиб, асосий таркибдан жой олиши қийин масала эди. «Эсимда, Сон Хюн январь ёки февраль ойида жуда кам вақт ўйнаган ва «Тоттенхэм»даги кейинги фаолияти сўроқ остида қолганди - футболчи учун Англияда энг оғир дамлар, - дейди Ли Сун Мо. - Ҳаттоки, биз - журналистлар ҳам хавотирга тушган ва вазият ижобий томонга ўзгариши илинжида кейинги турни интиқ ҳолда кутардик. Шахсан мен ҳар бир учрашувдан кейин унинг йўлига пешвоз чиқардим - турли саволлар бериш эмас, балки шунчаки, кўнглини кўтариш, Жанубий Корея фуқароси сифатида мамлакатимизда ҳеч ким маҳоратига шубҳа қилмаслигини билдириш учун. Хюн Мин олдимдан ўтиб кетаётганида, шунчаки, «Яхшимисан, ҳаммаси жойидами?» - деб сўрардим. Шунда жилмайиб хотиржам жавоб берарди: «Хавотир олманг, яхши, муаммо йўқ». Қисқаси, демоқчиманки, Сон Хюн энг қийин даврда ҳам ўзига қаттиқ ишонган. Буни кўргач, беихтиёр ўзимга пичирлардим: «Бу йигит ҳали ўзини кўрсатади, албатта». У ўша вақт майдондан ташқарида анча уятчан, юмшоқкўнгил йигит эди, лекин ўз салоҳиятига асло шубҳа қилмаган. Сон Хюн доимо шундай характери билан ажралиб турган». Шу қатъий ишонч мавсумнинг охирги куни синовдан ўтказилади. Ўшанда «Тоттенхэм» камтарин «Ньюкасл»га 1:5 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир жадвалида 3-ўринга тушиб қолганди. Сон Хюн танаффус пайти захира вакили билан алмаштирилади ва у ёзда АПЛдан воз кечиш ҳақида жиддий ўйлай бошлайди. Чунки «Волфсбург» корейс йигитини Германияга қайтаришга тайёр турганди...

---------------------------------

Давоми бор... 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz