Ҳар бир профессионал футболчининг ўз «футбол ёши» бўлади, унгаа кўра юқори даражада тўп суриб, бутун дунёдаги мухлисларни қувонтиради. Бастиан Швайнштайгер ва Фернандо Торрес сингари юлдузлар бутсаларини 35 ёшда михга илган бўлишса, Златан Ибрагимович 39 ёшида «Милан»нинг энг яхши тўпурарига айланди. Бу индивидуал жиҳатдан кўплаб факторларга боғлиқ... Қуйидаги мақолада яшил майдондаги фаолиятини 26 ёшида якунлаганига қарамай, мураббийлик соҳасида ўз ўрнини топа олган «Тоттенхэм» тарбияланувчиси ҳақида ҳикоя қилади.
Райан Мейсоннинг фаолияти алоҳида эътиборга молик. Англиялик марказий ярим ҳимоячи бош суягидан даҳшатли жароҳат олгач, унинг футболчилик даври тугади. Кейинчалик ўзини мураббийликда синаб кўришга аҳд қилди, бу соҳада ўсишга эришди.
2021 йилнинг 19 апрелида Жозе Моуриньо «Тоттенхэм» бош мураббийлигидан кетгач, унинг вазифаси ҳали бу даражада етарлича тажриба тўплаб улгурмаган Райан Мейсонга топширилди. Тўғри, «шпорлар» раҳбариятининг мазкур қарори вақтинчалик, шунга қарамай, қаҳрамонимиз Премьер-лига тарихидаги энг ёш мураббий мақомига эришди. Қуйида ушбу мутахассиснинг катта футболдаги йўли ҳақида сўз юритамиз.
Моуриньонинг бўлғуси ўринбосари Лондон яқинидаги Чешанте шаҳрида улғайди, футбол билан Тернфорддаги «Ист Хёртс» ўсмирлар клубидаги шуғулланишни бошлади. Айнан ўша ерди Райанни «Тоттенхэм»нинг афсонавий ярим ҳимоячиси Мики Хазард пайқаб, уни жамоага таклиф этди.
Мейсон мавсум-2014|2015га келибгина «шпорлар»нинг асосий жамоаси таркибидаги дебютини нишонлади, ўшанда «Тоттенхэм»га Маурисио Почеттино устозлик қиларди. Бунга қадар англиялик хавбек Англиянинг қуйи диизионидаги клубларга тажриба тўплаган, жумладан, «Йовил Таун», «Донкастер Роверс», «Миллуолл» ва «Суиндон Таун»да ўйнаганди.
Бунга қадар, яъни 2013 йилнинг январида у хорижга йўл олиб, ярим йил муддатга «Лорьян» таркибига қўшилди. Аммо Франция клубида дебют қилиш унга насиб этмади. «Тоттенхэм»да Тим Шервуд ишлаган кезлари ҳам унга имкон берилмади, ҳаммаси Шимолий Лондон жамоасига Почеттино келгач ўзгарди - Мейсон азалий рақиб ҳисобланган «Арсенал»га қарши баҳсда дебют қилди.
Англия термасидан чорлов, «Тоттенхэм»даги мунтазам ўйин амалиёти, Маурисио Почеттино билан ажойиб муносабат... Афтидан, Мейсоннинг фаолияти шиддатли тарзда юксакликка интилаётгандек туюлганди, лекин футболчининг қаршисида барча профессионал спортчиларнинг асосий душмани - доимий ва систематик жароҳатлар пайдо бўлди. Мазкур ҳолатда Мейсоннинг тезроқ майдонга қайтиш истаги ўзига қарши ишлайверди.
2016 йилнинг ёзги трансферлар ойнасида қаҳрамонимиз Чемпионшипдан Премьер-лигага қайтишни уддалаган «Халл Сити»га ўтишга қарор қилди. Британия ОАВда мазкур ўтиш 16 миллион еврога баҳолангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Тез орада Райан «Халл»нинг асосий футболчиларидан бирига айланди, бироқ 2017 йилнинг 22 январида, «Челси»га қарши баҳсда рўй берган воқеа унинг фаолиятини тубдан ўзгартириб юборди. Ўйин бошида англиялик ярим ҳимоячи «кўклар» ҳимоячиси Гарри Кэхилл билан тўқнашиб, ҳушини йўқотди.
Тиббиёт ходимлари бир неча муддат Мейсонни ўзига келтиришга уринишди, лекин уларнинг саъй-ҳаракатлари самара бермади. Райанни дарҳол шифохонага жўнатишди. Ташхис ёқимли чиқмади - бош мия суягида синиш борлиги сабаб дарҳол операция қилиш эҳтиёжи туғилганди.
«Ўша кунни яхши эслайман... Сафар ўйинида одатий тартибга амал қилаётгандик. Учрашув якшанбага белгилангани сабабли, шанба куни бориб, стадион ёнидаги меҳмонхонада тунадик. Тонгда Темза атрофларида сайр қилдик, сўнгра овқатландик, бироз дам олгач, «Стэмфорд Бридж»га отландик. Ота-онамга чипта буюрттиришни унутмадим. Ҳаттоки, уларнинг қайси секторда ўтиришганини ҳам аниқлаб олдим, чунки гол урсам, ўша томонга югуришни режалаштиргандим», - дейди Мейсон.
«Учрашув биз учун яхши бошланди. Кантега қарши ўйнадим, бир неча марта тўпни олиб қўйдим. 13 дақиқадан кейин эса ўша воқеа содир бўлди. «Челси» бурчак зарбасини ижро қилди, курашиш вақтида рақиб футболчиси билан бошимиз бир-бирига тўқнашди, шу паллада бош суягим учиб кетгандек туюлди. Оғриққа чидаб бўлмасди. Гўёки, бошимда бомба портлагандек эди».
«Клубимиз шифокори Марк Уоллер саломатлигимга ижобий таъсир кўрсатган бир нечта муҳим қарорларни чиқарди. У бош суягим синганини дарҳол пайқади, миям ҳам лат еган бўлиши мумкин эди, чунки юзимнинг ўнг томони жиддий шикастланганди. Тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси яқин орадаги тиббиёт муассасасига боришни истаганди, аммо шифокор Авлиё Мария шифохонасига йўл олишимиз кераклигини айтди - у ерга боргунча иккита шифохонадан ўтдик. Билишимча, айнан шу қарор ҳаётимни асраб қолганди. Агар яқинроқдаги клиникига учраганимизда, у ерда таҳлил ўтказиб, сўнгра «Авлия Мария»га жўнатишарди, оқибатда қимматли вақт йўқотиларди. Жароҳатланганимдан 61 дақиқа ўтиб, операцияни бошдан кечирдим, ваҳоланки, барчаси бу қадар муваффақиятли кечмаслиги ҳам мумкин эди».
Яхшики, 5 соат давом этган операция яхши ўтди. Футболчининг бош суягини бир маромда ушлаб туриш мақсадида 28та винти бор 14та металл пластина ҳамда 45та ҳалқа ўрнатилди. Бошидаги 15 сантиметрли чандиқ шифокорлар Мейсоннинг бош мия суягида аниқлаган шикастланиш даражаси олдида оддий ярадек эди.
«Суткасига 20-22 соат ухлардим. Улар текшириш, қон босимимни аниқлаш учун мени уйғотишарди, аммо қолган вақтни фақат уйқуда ўтказардим. Бундай жароҳатдан кейин тикланиш - организм учун оғир юмуш. Бошимда ҳалқа ва металл пластиналар борлигини билардим, шифокорлар эса олти ойдан кейингина бошим билан нималар қилишганини батафсил тушунтиришди».
«Юзимнинг шу томонидаги барча асаб толалари шикастланганди, шу боис, шифокорлар операция пайти юзимдаги мушакларни кесишди, шу боис, маълум муддатда асаб толалари яна боғланди, менга бу жараён игна ва ип ёрдамида амалга оширилгандек туюлди. Мушаклар жағ қисми билан боғлангани сабабли, оғзимни очолмай қолгандим: қарийб 10 кун давомида кичкина қошиқчада овқатлантиришди. 10 ҳафтадан кейингина оғзимни тўғри оча бошладим. Стакандаги апельсин шарбатини мустақил ичганимда, бу мен учун катта воқеага айланганди. Ҳаттоки, ушбу ҳолатни рафиқам билан камерага ҳам ёзиб қолдирдик. Мендаги баланс ҳам бузилганди. Тўғри юролмасдим. Мувозанатни тиклаш ва стабил ҳаракатланиш учун мутахассисга учрашимга тўғри келганди».
Мейсон реабилитация пайтида йўлиққан стресс ва қийинчиликларга қарамай, катта футболга қайтишдан умид узмаганди, лекин ўша «Челси»га қарши баҳс профессионал футболчи сифатидаги сўнгги ўйини бўлди. Райан фаолиятини янгилашга охиригача уринди, аммо бунинг ўрнига янги иш бошлади - энди у менежер, мураббий ва футболчилар устози эди.
«Соғайиш жараёнида мамлакатдаги кўплаб мутахассисларга учрадим. Улар футболга қайтиш яхши фикр эмаслигини тушунтиришди. Айримлар эса тўлиқ соғайишимни айтишди. Қизиқ, аммо футболчи эканлигим, аслида, ўша узоқ давом этган жараёндан ўтиб олишимда асқотди: буни енгиб ўтилиши керак бўлган ўзига хос чорлов сифатида қабул қилдим».
«Май ойи охирларида яна майдонга қайтишни ўйлай бошладим. «Халл»га бордим, йигитлар билан учрашдим, физиотерапевт тўпни деворга тепишимни сўради - буни худди болалик давримдаги каби қилишим талаб этиларди. Ўшанда 5 ойлик танаффусдан сўнг илк бор тўпга тегингандим... Кейин футболга қайтган тақдиримда мени нималар кутаётганини муҳокама қилдик. Агар яна шу каби тўқнашув кузатилса, 28 ёки 29 ёшимда ақлий заифлик ёки эпилепсияга йўлиқимши мумкинлигини айтишди. Нафақага чиқаётганимни ҳазм қилиш оғир эди».
Райан Мейсоннинг келгусидаги режалари қандай?
«Барибир, футбол - мени учун севимли бўлиб қолаверади, спорт билан шуғулланиш учун яхши формадаман. Афсуски, яна профессионал даражада тўп суриш хавфли эди. Ўйлашимча, кўплаб ютуқларга эриша олардим. Фаолиятим давом этганида, Англия термасида ҳам кўплаб ўйинлар ўтказишимга шубҳа қилмасдим. Эътиборим карьерамнинг ривожланиш қаратилганди, энг юқори чўққига қайси ёшимда чиқишимни ўйламагандим. Лекин ортга назар ташлаб, бир нарсани айтишим мумкин: футболчи сифатида жаҳондаги ҳар бир стадионда тўпсуришга тайёр бўлардим».
«Ўзим ҳақимда гапирсам, келажакка назар солиш осонмас. «Тоттенхэм» ёшлари билан бир муддат ишлашга улгурдим, мураббийлик малакамни оширдим, ОАВ билан ишладим. Аммо асосийси, ҳаётдан завқ оляпман. Оилавий байрамларда қатнашиш ёқяпти, авваллари ўйинлар сабаб бундай тадбирларни ўтказиб юборардим. Ҳозир ҳам жисмоний томонлама кўп нарсаларни амалга ошира оламан - югуришим, теннис ўйнашим мумкин. Чиндан ҳам омадлиман».
«Келгусида қайси соҳада ишламай, умид қиламанки, ўзим учун қизиқ бўлган нарсани топа оламан. Худди футболда бўлгани сингари, унга ҳам 100 фоиз боримни бераман», - дейди Райан Мейсон.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20