Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатлари саралашидаги энг ёмон натижасини қайд этди. Бугун, 19 июнь куни ЎФАда шу масалада йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва мураббийлар штаби шартнома шартларига мувофиқ истеъфога чиқарилгани маълум қилинди.
***
Бугун, 19 июнь куни Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида ЎФАнинг навбатдан ташқари конгресси ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов иштирок этмоқда. ЎФА раҳбари ўзбек футболидаги ислоҳотлар ва миллий жамоамизнинг мағлубияти ҳақида фикр билдириб, болалар футболидан тортиб барча футбол тизимимиз қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.
«Ҳозирда Ўзбекистонда ҳар тарафлама ислоҳотлар олиб борилаётган бир даврда, Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳам ислоҳотлар ўтказилмоқда. Кўраяпсизлар, биз ҳам давлатимиз сиёсатига содиқ қолган ҳолда футболимизда ҳам очиқлик сиёсатини олиб боряпмиз, масалаларни очиқ муҳокама қилиш йўлига ўтяпмиз. Шу жиҳатдан ЎФА устави ФИФА ва ОФК талабларига кўра қайтадан ишлаб чиқилди, бугун ушбу уставни муҳокама қиламиз. Кейинги масала сентябрь ойида ўтадиган ЎФА сайловлари тартибини биргаликда кўриб чиқамиз.
Шу кунларда миллий жамоамизнинг мағлубияти мухлисларни жуда ҳам ранжитди. Ушбу мавзу юзасидан ЎФАда бугунги йиғилишдан кейин мураббийлар ҳисобот беришади ва миллий жамоа фаолиятига баҳо берамиз. Албатта, бу мағлубият сабаблари бир кунда юзага келмаган, бу чуқур ўрганилади. Болалар футболидан тортиб барча футбол тизимимизни қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини тўлиқ тушуниб етдик ва буни тан олишимиз керак. Футболда ишлаётган барча ўз ишига бўлган ёндашувни ўзгартириши керак. Орқага йўл йўқ. Футболимизни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳам қандай чоралар кўришимиз кераклигини ҳам гаплашиб оламиз», - дейди ЎФА президенти Абдусалом Абдумавлонович.
Конгресснинг иккинчи қисмида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ва ЎФА терма жамоалар бошлиғи Азиз Ҳайдаров ҳисобот беришди.
***
«Миллий жамоани ким бошқаради, деган савол бир кунлик эмас. Бу масалани футбол фахрийларимиз ва мутахассислар билан муҳокама қиламиз. Ўзимизни ва европалик мураббийлар номзодини кўрамиз. Кейин яна ҳеч қандай баҳона бўлмаслиги керак. Кимлар иш бошлаши ҳақида ҳали яна маълумот берамиз. Миллий жамоа масаласи эса ҳали яна муҳокама қилинади», – деди ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов.
Вадим Абрамов: «Одил Аҳмедов нега ҳимояда ўйнади? Азиз Ҳайдаров ва футболчилар келиб шундай қилишимни сўрашди, рад эта олмадим»
Сўзга чиққан бош мураббий ўз изоҳларини айтиб ўтди.
«Ўзбекистон миллий жамоаси икки йил аввал Фаластиндан мағлуб бўлгач, мени бош мураббий сифатида тайинлашган ва олдимга миллий жамоани кейинги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Биз миллий жамоа таркибини 70 фоизга янгиладик. Шундан кейин Яман ва Сингапурни мағлуб этдик, Саудия Арабистонига эса Тошкентда 2:3 ҳисобида ютқаздик. Бу баҳсни футболчиларимизнинг тажрибасизлиги сабаб бой бердик. Натижада 1-ўринни эгаллаш имкониятимиз пасайиб кетди.
Саудия Арабистонидаги марказлашган тизимда давом эттирилган ўйинларда эса 3та ўйинда 6 очко олсак кейинги босқичга чиқардик. Аммо пандемия туфайли Шимолий Корея ЖЧ-2022 саралашидан чиқиб кетди ва ФИФА бошқа гуруҳлардаги 2-ўриндаги жамоалардан 6 очко олиб ташлади. Охир-оқибат Ливан 10 очко билан кейинги босқичга чиқди, Ўзбекистон эса 15 очко билан қолиб кетди. Бош мураббий сифатида ҳамма айбни ўз бўйимнига оламан. Футбол мухлисларидан узр сўрайман. Мураббий бўлиб ишлаганимда икки марказий ҳимоячи ва дарвозабонни тайёрлай олмадик. Бу муаммо ҳалигача мавжуд», – деди Вадим Карленович.
У Анзур Исмоилов ва Егор Кримец жамоага чақирилмаганига изоҳ берди.
«Исмоилов таклифимизни рад қилди. Ўзини миллий жамоага тайёр эмасман, деб ҳисоблади. Бу кутилмаган ҳол бўлди. Кримец эса формада эмас. «Пахтакор»нинг сўнгги ўйинларида ҳам қатнашмади», – деди эндиликда собиқ бош мураббий.
Абрамов фикрини билдириб, ўз ўрнига қайтмоқчи бўлганида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов Одил Аҳмедовнинг ҳимоя марказида ўйнатилгани ҳақида мураббийнинг фикрини сўради.
«Одил Аҳмедов нима учун ҳимояда ўйнади? Ўйиндан олдин аксарият футболчилар келиб, Одил ҳимояда ўйнамоқчи эканлигини айтишди. Аниқроғи, Азиз Ҳайдаров келиб шундай деди. Якунда биргаликда шундай қарорга келдик. Ҳимоядаги муаммони кучли прессинг орқали бартараф этмоқчи бўлгандик. Футболчилар бу ҳақда сўраганидан кейин буни рад эта олмадим ва Аҳмедов ҳимояга қўйилди», – дейди Вадим Карленович.
Одил Аҳмедов: «Футболни алдаб бўлмайди. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунладим»
Жамоа сардори миллий жамоадаги фаолиятига якун ясаганини эълон қилди.
«Бугун жуда кўп гапирилди, лекин мен битта нарсани айтиб ўтмоқчиман – футболни алдаб бўлмайди. Агар биз бугун ўзгармасак, ҳар сафар саралаш якунида шу ерда туриб кечирим сўраймиз. Футболчи бўладими, мураббий бўладими ёки умуман футбол соҳасида ишлайдиган бўладими футбол манфаатини биринчи ўринга қўймаса, бизда ҳеч қачон натижа бўлмайди.
Футболда майда деталлар кўп. Мен гапирадиган бўлсам, бу баҳонадек кўринади. Буни футбол ичидагилар тўғри тушунади. Асосий муаммоларимиздан бири биз болалар футболини тўғри йўлга қўймаганмиз. Фундамент бўлмаганидан кейин натижа ҳам бўлмайди. Миллий жамоадаги фаолиятимни якунладим», – деди Одил Аҳмедов.
Азиз Ҳайдаров: «Футболчилар олдимга келиб, «Одил ака ҳимояда ўйнаб берсинлар», дейишди. Уларнинг гапини мураббийга етказдим»
Жамоа яримҳимоячиси Азиз Ҳайдаров мағлубият учун узр сўради.
«Авваламбор, мағлубият учун узр сўрайман. Вадим Карленич айтганларидек, Одил Аҳмедовнинг ҳимоя марказида ўйнашини футболчилар хоҳлашди. Йигитлар менинг олдимга келиб, «Одил ака ҳимояда ўйнаб берсинлар», дейишди. Уларнинг гапини мураббийга етказдим.
Тактик жиҳатдан яхши эмаслигимиз панд берди. Бизда фақат биргина режа бор эди. В ва С режалар йўқ эди», – дейди Ҳайдаров.
Унинг айтишича, «ёш футболчилар борган сари кичкиналашиб кетмоқда, чунки уларга витаминизация етишмайди».
«ЖЧга чиқа олмаслигимизда футбол ичидаги ва атрофидаги барча айбдор. Айнан бир айбдорни қидириш керак эмас. Аввало, ишимизда ҳалоллик бўлиши керак.
Тизимли ишлашимиз керак. Пастга қараб кетяпмиз. Бизга футбол майдонлари етишмайди. Маҳаллаларда шароитлар йўқ. Аввалгидек маҳаллага-маҳалла ўйинлар йўқ. Ҳамма бола ҳам пуллик майдонларга бора олмайди.
Ёшларимиз борган сари кичкиналашиб кетяпти. Чунки витаминизация йўқ. Кундузи иссиқда машғулот ўтказишади, керакли витаминлар йўқ, натижада болалар мажруҳ ҳолатга келиб қолмоқда», – дейди Ҳайдаров.
Яримҳимоячи бош мураббийликка Вадим Абрамов танлангани бўйича ҳам ўз фикрларини айтди.
«Абрамовнинг мураббийликка тайинланиши? Фаластин (0:2) билан ўйиндан кейин олдимизда атиги 1 ой бор эди. Футболчиларни психологик жиҳатдан ўзгартира оладиган мураббий керак эди, шунинг учун Абрамовни танладик. Қолаверса, мухлислар ҳам буни хоҳлашди.
Футбол шунақа. Мағлубиятдан кейин ҳамманинг фикрлаши ўзгариб қолади. Ўша пайтда Абрамовнинг тайинланиши кўпчиликка маъқул келганди.
Вадим Карленичга Ироқдан (0:1) учралган мағлубиятдан кейин хатоларни тўғрилаш кераклиги айтилди. Ўзим ҳам бир неча марта тактик хатолар борасида гапирдим, лекин унга таркибни танлаш борасида аралашишга ҳаққим йўқ эди», – дейди Азиз Ҳайдаров.
Манба: tribuna.uz, iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20