Қайднома

Қидирув

Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит (2-қисм)

Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит (2-қисм)

  20.06.2021 02:20
  0
  295
Осиё футболи юлдузлари:  Суюкли, мерган ва яхши йигит (2-қисм)

Давоми. Бошланиши газетамизнинг 43 (1843)-сонидаСОН ХЮН МИННИНГ ЧЎҚҚИ САРИ ЙЎЛИ. Газетамизнинг аввалги сешанба сонида нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиё футболининг бугунги бош юлдузи фаолиятига бағишланган катта мақола бергандик. Бунинг Сон Хюн Миннинг футболдаги йўлида кузатилган «қалин» чизгилар билан танишишда давом этамиз.

***

Маурисио Почеттино самимий суҳбат асносида Сон Хюн Минни «Уайт Харт Лейн»да қолишга кўндирди. «Аслида у АПЛда ўйнашни орзу қилар ва қолишни хоҳларди, аммо менежернинг корейс йигити билан гаплашиб, салоҳиятига шубҳа қилмаслигини билдириши муҳим эди. Хуллас, Почеттино билан суҳбатдан ке­йин Сон Хюн жамоага керак эканлигини қалбан ҳис қилди», - дейди «шпорлар» сафида маълум муддат ўйнаган Кевин Виммер.

***

«Гамбург»нинг топқирлиги ҳурматга сазовор. Сон Хюн 2008 йили 16 ёшли умидли ўсмир сифатида Ж.Корея футбол федерацияси ёшлар лойиҳаси доирасида бир мавсум Германияда ўйнаш имкониятига эга бўлди. У билан бирга Ким Мин Хюк ва Ким Чен Пил ҳам «Гамбург» тизимига қўшилишди. Айтишларича, Сон Хюн танасини тўғри парваришлаш учун ҳамиша соғлом турмуш тарзига амал қилган, дейлик, ҳар куни кечқурун эрта ётарди. Умуман, Ким Чен Пилнинг таъкидлашича, ҳаттоки, тартибни биринчи ўринга қўядиган немислар ҳам унинг кун режимидан сира оғишмаслиги ва футболга садоқатидан ҳайратланишган. Сон Хюннинг икки ватандош дўсти 1 йилдан кейин ортга қайтади. Тўғри, «Гамбург» қаҳрамонимизга ҳам аввалига шартнома таклиф қилмаган, шунинг учун у Европада қолиш илинжида «Блэкберн» ва «Портсмут» клублари билан музокара олиб боради. Фақат бирданига инглиз футболига бош суқишга ботинолмайди. «Гап шундаки, инглиз тилида бирор сўз билмасдим, ёлғизлик ортидан ўзимни кўрсатолмаслигимни ўйлаб, АПЛ вариантидан бош тортдим. Умуман олганда, Англия футболи ҳақидаги илк таассуротларим ҳам яхши эмасди», - дея тушинтирганди Сон Хюннинг ўзи кейинчалик.

***

Сон Хюн Мин орадан кўп ўтмай, U-17 тоифасидаги ЖЧга боради ва мундиалда 3та гол уриб, ёрқин таассурот уйғотади. Қолаверса, кореялик ўсмирлар Нигерияда чорак финалга йўл олишади. «Гамбург» шунинг таъсирида ўз фикрини ўзгартириб, Сон Хюнга шарт­нома таклиф қилади. Шу тариқа футболчи АПЛда ўйнаш фикридан батамом воз кечиб, Герма­-ния­га қайтади ва  SpongeBob SquarePants томошаси орқали немис тилини ўрганишга астойдил киришади. Сон Хюн 18 ёшга тўлганидан атиги 1 ой ўтгач, «Гамбург» мавсумолди йиғинида, 47000 мухлис қаршисида АПЛ чемпиони - «Челси»га қарши ўйнайди. Корейс йигити ўша «ўртоқлик»да 34 ёшли Рууд ван Нистелрой ўрнига захирадан майдонга тушиб, кимсан Жон Террига кучли босим ўтказади ва тажрибали ҳимоя­чини хато қилишга мажбурлайди, кейин Рикарду Карвальюни чалғитганча дарвоза томон аниқ зарба йўллайди. Қисқаси, бир ҳаракат билан дунёнинг икки энг яхши марказий ҳимоячисини аҳмоқ қилади. «Илк кундан унинг кўплаб яхши сифатларга эгалигини кўрдик, — дея хотирлайди ўша вақт «Гамбург»да ўйнаган бразилиялик собиқ юлдуз Зе Роберто. - Биринчи навбатда, йигитчанинг жарима майдони ташқарисидан ҳам чиройлигина зарба бериш қобилияти эътиборимни тортди. У яна машғулотлардан кейин майдонда қолиб, ван Нистелрой билан зарба йўллаш устида алоҳида ишларди. Иккиси ҳар доим бирга шуғулланар ва ҳаттоки, ким кўп гол уриши борасида ўзаро баҳслашарди ҳам. Бунда машғулот пайти ким кам гол урса, мағлуб сифатида кечки тамадди вақти ғолибга хизмат қиларди. Умуман, Сон Хюн якка тартибда жуда кўп ишларди. У каби кучли менталитетга эга ёш футболчиларни кам кўрганман. Сон доимо ўрганиш ва ўйинини такомиллаштиришга тайёр турарди. Бу билан чиндан ҳам, диққатимни тортди. Осиёлик футболчилар кўпинча техник салоҳиятлари билан ажралиб туришган, аммо жисмоний томондан унча мақтанолмасдилар. Сон Хюнда эса техника ҳам, жисмоний жиҳат ҳам жойида эди, қолаверса, ўйинни яхши тушунарди. Қисқаси, йигитчани олдинда катта келажак кутаётганини пайқаш қийин эмасди. Зеро, унда футбол феноменига айланиш учун ҳаммаси мужассам эди».

***

Сон Хюн 2010 йили Бундеслигада дебют қилди ва «Гамбург» тарихида чемпионат ўйинида гол урган энг ёш футболчи бўлди. У ўшанда «Кёльн» дарвозасини нишонга олганди. «Сон «Гамбург» сафидаги дебют голини урганидан кейин Жанубий Кореянинг ҳар бир фуқароси мамлакат футболининг янги юлдузи бош кўтара бошлаганини ҳис қилганди, - дейди журналист Ли Сун Мо. - Чунки ўша вақтда «МЮ» сафидаги Парк Жи Суннинг ўйинида пасайиш кузатилаётган ва Жанубий кореяликлар унинг ўрнини босадиган янги юлдузга эҳтиёж сезаётгандилар. Соннинг Бундеслигадаги фантастик дебют голи айни шу вақтга тўғри келди».

***

Сон Хюн 2011 йилнинг январь ойида ўтказилган Осиё кубогида Жанубий Корея миллий жамоаси таркибига китирилади, бироқ Қатарда захира ўйинчиси ролини бажариш билан чекланади. Футболчи Гамбургга қайтганидан сўнг ҳам негадир аввалгидек яхши ўйнолмайди. Отаси буни Осиё кубоги даврида унинг овқатланиш тартиби бироз бузилгани билан изоҳлайди. Оқибатда Сон Хюн бутун ёзги танаффус пайти максимал жисмоний ҳолатга кириш йўлида кунига 3 маҳал қатъий тартибда машғулот ўтказади. У жумладан, отаси талаби билан ҳар куни 1000 марта зарба йўллайди. 2012-2013 йилларда Сон Хюн ёнига Германия бешинчи дивизионда ўйнаган, аммо кейинчалик футболни йиғиштириб, Чхунхондаги оилавий академияда иш бошлаган акаси қўшилади. «Катта ўғлимда яққол истеъдоди йўқ эди» - бу қаттиққўл отанинг тўғри ва қатъий баҳоси.

***

Кейинчалик бошқа клублар Сон Хюн Минга эътибор қарата бошлади. Хабарларга қараганда, «Тоттенхэм» маълум вақт футболчига асосий даъвогар сифатида гавдаланган, бундан ташқари, «МЮ» ва «Челси» томонидан қизиқиш бор эди. Шунингдек, ўша вақт «Саутгемптон»ни бошқарган Маурисио Почеттино ҳам корейс йигитига бефарқ қарамаган. Бироқ Сон Хюннинг ўзи Германияда қолишни афзал билиб, «Боруссия» Д. ва «Байер»дан тушган таклифларни ўрганиб чиқади. У якунда ўтган асрнинг 80-йиллари Леверкузенда ўйнаган Жанубий Корея футболи афсонаси Ча Бум Кун изидан боради. Эътиборли томони, шундан кўп ўтмай, Сон айнан «Гамбург»га қарши баҳсда Бундеслигада биринчи марта «хет-трик»ка эришади. «Жамоамиз 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди, Сон Хюннинг биз учун жуда тезкор эканлиги яққол сезилиб қолди, - деб эслайди «Байер»­нинг собиқ футболчиси, ҳозирда клуб спорт директори Симон Рольфес. - Унинг катта потенциалга эга яхши футболчи эканлигига шубҳа қолмаганди. Ярим ҳимоячи сифатида унинг тезлигидан унумли фойдаланиш учун кўпинча тўғри узатмалар беришга ҳаракат қилардим. Сон Хюн чап томондан олға бориб, бирдан ўнг тарафга оғиб, дарвозага кучли зарба йўлларди. Биламан, у бунинг устида ҳаддан ортиқ кўп машқ қилган».

Кореялик йигит «Байер» сафидаги биринчи мавсумда 12та гол уради, кейингисида эса рақиблар дарвозасини 17 марта нишонга олади. Шундан сўнг, 2015 йилнинг ёзида «Тоттенхэм» унинг трансферини 22 миллион фунтга сотиб олади.

***

Диққат. Сон Хюн йиғлаяпти. Кореялик футболчи Англиядаги иккинчи мавсумга киришишдан олдин Белу-Оризонтида, майдон ўртасида умидсиз ўтирганча йиғларди, кўз ёши юзидан оқарди. 2 йилча аввал Бразилия термаси немисларга 1:7 ҳисобида ютқазган бўлса, Жанубий кореяликлар Олимпиада чорак финалида камтарин Гондурас жамоасига ягона гол туфайли ўйинни бой беришади. Вақт ўтган сайин ҳарбий хизмат ҳам тобора яқинлашарди. Жанубий Корея ҳукумати ҳамон қўшнилар билан техник жиҳатдан уруш олиб бормоқда ва мамлакатнинг ҳар бир эркак фуқароси учун ҳарбий тайёргарлик мажбурий бўлиб қолмоқда. Армия мажбурияти 28 ёшдан бошланиши шарт. Ҳарбий хизмат эса 21 ой давом этади - бу футболчилик фаолиятининг энг муҳим палласида турган Сон Хюнга жиддий муаммо эди. Тўғри, илгари хал­қаро даражада катта муваффақиятларга эришган фуқароларга имтиёзлар бериларди. Мисол учун, Парк Жи Сун Жанубий Корея термасининг 2002 йилги жаҳон чемпионатига чиқишига ёрдам бергани ортидан тезкор ҳарбий курс билан қутулган бўлса, «Ньюкасл»да ўйнаган ярим ҳимоячи Ки Сон Юн 2012 йили Олимпиада ўйинларида медаль ютгани эвазига худди шундай имтиёз олганди. Сон Хюн эса Жанубий Корея термаси билан Осиё ўйинлари-2014да ғолиб чиқиш эвазига муракаб тўсиқни олиб ташлашга умид боғлаганди, бироқ «Байер» уни мавсум давомида қўйиб юборишни истамади. Шу назарда тутсак, Олимпиада-2016 28 ёшга яқинлашиб қолган футболчи учун яна бир имконият эди. Бироқ ўхшамади... Муҳими, футболчи фаолиятининг муҳим палласида 2 йиллик йўқотиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини теран тушунарди, аммо бу вазият ҳақида омма олдида гапиришни умуман истамасди. «Жанубий Кореяда ҳарбий масала мавзуси жуда қатъий, - дея изоҳлайди Ли Сун Мо. - Кўплаб мухлислар ҳукуматдан истисно тариқасида Сон Хюнни ҳарбий мажбуриятлардан озод этишни сўрашди, аммо бунга қарши чиққанлар ҳам топилди. Натижада ўртада тортишув ҳам юзага келди». Қисқаси, Сон Хюннинг Бразилиядаги омадсизликдан умидсиз ҳолга тушгани айнан шу масалага боғлиқ эди. Тўғри, бу у ўз юрти учун йиғлаган биринчи ҳолат саналмайди, охиргиси ҳам. Дейлик, Сон Хюн корейслар Осиё чемпионати-2011да японларга пенальтилар сериясида енгилганлари ва 2014 йилги ЖЧдан чиқиб кетишганидан кейин ҳам кўз ёши тўкканди. Қаҳрамонимиз ЖЧ-2018да ҳам худди шундай ҳолатга тушган, ўшанда Жанубий Корея президенти ҳаттоки, кийиниш хонасига кириб, уни юпатишга уринганди. Умуман олганда, Сон Хюннинг бундай эҳтироси Жанубий Корея аҳолиси ўртасида янада обрў орттиришига олиб келди, ҳаммада унга нисбатан муҳаббат кучайдики, асло камайгани йўқ. «Мухлисларнинг Парк Жи Сун ва Сон Хюн Минга нисбатан муносабати ўртасига катта фарқ бор, - дейди Ли Сун Мо. - Шахсан мен Паркни ҳамиша тенгсиз юлдуз ўрнида кўрганман. Дейлик, у «Манчестер Юнайтед»да ўйнай бошлагач, еврофутбол Жанубий кореяликлар учун гўёки, миллий спортга айланди-қўйди. Одамлар ҳар қандай ҳолатда ҳам футболга вақт ажратиб, Парк Жи Сунга астойдил мухлислик қилишди. Орадан 5 йил ўтгач, Сон Хюн ҳам дебют қилди, у ўсмир йигитча эди ва мухлислар уни қадрдон укадек эъзозлай бошлашди. Ҳалигача Жанубий Кореяда кўпчилик ғурурланиб гапиради: «Бу - бизнинг Хюн». Одамлар уни шу қадар севишларининг асосий сабабларидан бири айнан ёшга боғлиқ бўлса керак. Мамлакатимизда бу ҳолат маданий билимга тааллуқлидир. Зеро, корейслар учун ғурур катта аҳамиятга эга. Оддий мисол, «Тоттенхэм» стадионига борсангиз ёки «шпорлар» «Уэмбли»да ўйнаганларида, трибуналарда Жанубий Корея миллий байроғининг ҳилпираб турганига кўзингиз тушади. Шу манзаранинг ўзи бутун мамлакат Сон Хюн Мин билан фахрланишидан далолатдир. Айниқса, кореялик болаларда унга нисбатан меҳр жуда баланд. Бундан ташқари, Сон Хюн анча келишган йигит ва мутлақо бахтли. Кўплаб қизлар ҳаттоки, футболчини «бўлажак турмуш ўртоғи»дек кўриб, айнан у билан оила қуришни орзу қилишади. Ваҳоланки, отаси аллақачон ўғли футболчилик фаолияти якунланганидан кейингина уйланишини айтган».

***

Сон Хюн ҳозирда Жанубий Кореяда машҳурлик бобида BTS поп гуруҳи билан бемалол рақобатлашади. «Шпорлар»нинг собиқ ҳимоячиси Кевин Виммер таътил вақти Осиё мамлакатида бўлганида, бунга бевосита ишонч ҳосил қилган: «Сон Хюннинг ўзи ҳар доим шон-шуҳратдан қочишга ҳаракат қилган, лекин Лондон шимолида у билан бирга яшайдиган ота-онаси барчасини тушунишарди. Улар Жанубий Кореяга йўл олишимиздан олдин мени огоҳлантиришди: «Ўғлимиз у ерда жуда машҳур. Бунга тайёр тур». Сон эса ўз одатига кўра, бошқача гапирди: «Йўқ, унча машҳур эмасман».  Айтишим керак, у ҳеч қачон ўзини юлдуздек кўрсатмаган, бунга интилмаган ҳам. Кейин Жанубий Кореяга бориб кўрдимки, одамлар у ерда Сон Хюн туфайли ақлдан озар эканлар. Агар буни ўз кўзингиз билан кўрмасангиз, тасаввур ҳам қилолмайсиз. Аэропортнинг ўзида шунчалик кўп оломон тўпланган эдики, ҳайратдан ёқа ушладим. Журналистларни айтмайсизми? Қисқаси, уни худди рок юлдуз каби кутиб олишди. Кейин шаҳар бўйлаб сайрга чиқдик, ҳамма жойда Adidas ва LG фирмаларининг улкан экранларида Сон Хюннинг йирик брендлар модели кўринишидаги суратлари... Ресторанга кирганимизда, шоша-пиша ов­қатландик, чунки одатдагидек, бемалол ўтиришнинг иложи йўқ. Кимдир Сон Хюнни сезиб қолса, уни бир зумда ҳамма ўраб олади. Кўчада юрганимизда, у шляпа ёки ниқоб кийиб оларди, бошқача йўли йўқ. Акс ҳолда, одамлар Сонни дарҳол таниб, тезда ўраб олишади. Бундай машҳурликни кўриб, беихтиёр ўйлаб қолдим: «Худоим, агар ўзим гувоҳ бўлмаганимда, бунақасига асло ишонмасдим». Энг муҳими, бизга яқинлашган бирор киши одобсизлик қилмади. Бунинг сабаби шуки, Сон Хюн ҳеч кимга қўпол гапирмайди, ҳар доим рўпарасидаги кишига табассум улашади, самимий тарзда суратга тушади, гарчи бу жуда кўп вақт олса ҳам».

-----------------------------------

Давоми бор.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz