Қайднома

Қидирув

Андре Сильва: «Франкфурт»да ўсганимни сира унутмайман»

Андре Сильва: «Франкфурт»да ўсганимни сира унутмайман»

  20.06.2021 09:39
  0
  354
Андре Сильва: «Франкфурт»да ўсганимни сира унутмайман»

Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби ҳужумчиси Андре Сильва Бундеслига-2020|2021ни энг яхши тўпурарлар қаторида якунлади. Аниқроғи, португалиялик 25 ёшли футболчи чемпионат ўйинларида 28та гол уриб, фаолиятидаги энг юқори маҳсулдорликка эришди. Диққат қилинг, у «Боруссия» Д. клубининг ёрқин юлдузи Эрлинг Холанддан 1та кўп гол ҳосил қилди ва фақат дарвозабонлар «кушандаси» Роберт Левандовски («Бавария»)дан ортда қолди. Андре Евро-2020га йўл олиш арафасида transfermarkt порталининг эксклюзив интервью масаласидаги илтимосини рад этмади ва фаолиятининг энг яхши даврига тўхталиш баробарида Германияда аслида анча қийналганию, оиласи ёрдами билангина ўзини ўнглаб олгани хусусида гапирди. У яна келажак режалари билан ҳам ўртоқлашди.

Бундеслигада трансфер нархи бўйича энг катта ўсишга эришган 10 нафар футболчи (transfermarkt талҚини)

1. Флориан Вирц («Байер») - 45 миллион евро (}21 миллион евро)

2. Кингси Коман («Бавария») - 55 миллион евро (}15 миллион евро)

3. Силас Вамангитука («Штутгарт») - 25 миллион евро (}15 миллион евро)

4. Жамол Мусиала («Бавария») - 24 миллион евро (}14 миллион евро)

5. Эрлинг Холанд («Боруссия» Д.) - 110 миллион евро (}10 миллион евро)

6. Леон Горецка («Бавария») - 70 миллион евро (}10 миллион евро)

7. Эдмонд Тапсоба («Байер») - 40 миллион евро (}10 миллион евро)

8. Флориан Нойхаус («Боруссия» М.) - 38 миллион евро (}10 миллион евро)

9. Анхелиньо («РБ Лейпциг») - 35 миллион евро (}10 миллион евро)

10. Андре Сильва («Айнтрахт») - 37 миллион евро (}9 миллион евро)

Transfermarkt: - Андре, сайтимиз Бундеслига футболчилари трансфер баҳосини янгилади. Унга мувофиқ, сиз энг қимматлашган ўйинчилар қаторидасиз. Аниқроғи, трансфер суммангиз қўшимча 9 миллион евро ҳисобига 37 «лимон»га етди. Хўш, трансфер баҳоси яққол кўтарилган футболчи сифатида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Андре Сильва: - Менимча, кўрсатилган баҳо жуда паст (кулади). Демоқчиманки, маҳсулот ҳақида гап кетганида, нархни сотувчи белгилайди. Йўқ, ҳазиллашмаяпман, жиддий гапиряпман. Ўйлашимча, бу каби рақамлар ва футбол бозорига ёпишиб олиш ярамайди. Мен учун аввало, ўз ўйиним ҳақидаги шахсий фикрим муҳим. Шунингдек, қайси жиҳатларни янада яхшилашим мумкинлигини ҳам биламан. Асосийси, ҳар куни боримни бериб, барча йўналишлар бўйича мукаммаллик сари интиляпман. Бундан нима чиқишини эса вақт кўрсатади.

Transfermarkt: - Айтингчи, футбол олами ҳозир энг кучли Андре Сильвани кўряптими ёки...?

Андре Сильва: - Менимча, Андре Сильва ҳар доим шундай бўлган. Фақат вақт ўтиши билан тажрибам ошди, муайян вазиятларда қандай ҳаракатланиш кераклигини ўргандим. Фарқ шу. Оддий айтганда, ўйин бобида анча ўсишга эришдим. Лекин ҳеч қачон тўхтаб қолмайман, чунки ҳали чегарага етиб келганим йўқ. Албатта, ўз олдимга аниқ мақсадлар қўйганман ва уларга эришиш йўлида ҳали кўп ишлашим керак. Аммо футболчи ёшлигидаёқ янги муҳитга тушса ва ўзини ёлғиз сезса, қийналиши аниқ. Ахир нотаниш муҳитда сизга кимдир керакли даражада ёрдам беролмайди, зарур маълумотларни тақдим этолмайди. Демоқчиманки, янги лигага мослашишнинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Футболда ҳар ким ўз йўлидан юради. Ўз тажрибамдан айтсам, Бундеслигага кўникишда анча қийналдим. Умуман, футболчи фаолияти давомида ҳар доим турли-туман тўсиқларга дуч келади. Муҳими, йилдан-йилга тобора яхшироқ тўп суришга интилдим, ҳар доим майдонда асли нималарга қодирлигимни кўрсатиш учун бор истеъдодимни ишга солдим. Мана, ҳозирга келиб, муайян барқарорликка эришдим. Демак, Андре Сильванинг янада кучлироқ ўйнашига умид йўқ эмас.

Transfermarkt: - Муваффақият сири нимада, шахсан ўзингиз ва умуман, «Айнтрахт» учун?

Андре Сильва: - Фаолиятимда шу даражага етишимга имкон берган энг муҳим жиҳат - бу ҳамиша ўз кучимга ишонганим. Ҳозиргача ҳар доим энг мураккаб вазиятлардан ҳам тўғри чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Шунинг баробарида ўйин элементларини янада яхшилаш устида кўп ишлайман. Ҳаётимдаги энг муҳим шиор ҳам шу - фақат олға интилиш. Қисқаси, имкониятдан максимал даражада фойдаланишга зўр бердим. «Айнтрахт» ютуғига келсак, барчамиз ҳамжиҳат ишладик. Ҳар бир футболчининг устун томонлари бор. Буларни вақтида пайқаш ва жамоа манфаа­ти йўлида бирлаштириш катта аҳамият касб этади. Қисқаси, ҳеч қачон олдинга бориш ва мақсад сари интилишдан тўхтамаслик керак.

Transfermarkt: - «Айнтрахт» мавсум ўртасида «Реал»дан Лука Йовични ортга қайтарди. Ҳужумдаги янги шеригингизга қандай баҳо берасиз? У жамоани нечоғли кучайтирди?

Андре Сильва: - Қайтараман, профессионал футболчи асл мақсадидан сира чекинмаслиги керак. Мавсум давомида жамоамизга Лукадек савияли ижрочининг ёрдамга келгани айни муддао бўлди. У ҳали ёш, шунга қарамай, ўйин жиҳатларини ривожлантиришга улгурган ҳужумчидир. Мана, «Айнтрахт»да спорт формасини тиклади ва жамоага етарлича манфаат келтирди. Ҳар ҳолда, қайтгани ҳамоно иш бера бошлади.

Transfermarkt: - «Айнт­-рахт» сафига қўшилиш қарорингиз ўзини қанчалик оқлади?

Андре Сильва: - Энди бемалол айтишим мумкин - бу жуда тўғри қадам бўлди. Ўзи ўша пайт ҳаммасини кескин ўзгартиришим талаб этиларди. Янги жамоа, ходимлар бош­қа, тил ва атроф-муҳит ўзгача... Тўғриси, ҳаммасига бирданига кўникиш осон эмас. Буни яхши билардим, лекин шундай ўзгаришга қадам қўйишга мажбур эдим. Ушбу тўсиқлар янада кучайишимга туртки берди. Энди ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман, майдонда роҳатланиб тўп сурган ҳолда, иқтидоримни кўрсатяпман. Шундай экан, «Айнтрахт» варианти - жуда тўғри қарор.

Transfermarkt: - Оила аъзоларингиз ва дўстларингиз «Айнтрахт», умуман, Бундеслигани кузатишмоқдами?

Андре Сильва: - Ҳаётда энг катта суянчим - бу оилам. Ҳар доим яқинларим билан бирга бўлишни хоҳлайман. Шунга яраша, улар тез-тез олдимга келишади. Дейлик, онам ҳамиша ёнимда. Муваффақиятимнинг муҳим калитларидан бири айнан онамдир. Тушунарлики, яқинларим ҳам, дўст­ларим ҳам иштирокимдаги ҳар бир ўйинни кузатиб боришга интилашади. Очиғи, улар менга дахлдор янгиликларни ўзимдан ҳам кўпроқ ўқийдилар (кулади). Қисқаси, оилага ҳамиша энг катта қўллаб-қувватлаш ва куч манбаи сифатида қарайман.

Transfermarkt: - Бундеслига охирги йилларда португалиялик футболчилар учун жозибали маконга айланди. Бунинг қандайдир сири борми?

Андре Сильва: - Бу ерда ҳар бир ўйинда жамоалар имконияти 50га 50 бўлади. Яъни бирор учрашув ўткинчи эмас. Ҳа, «Бавария» кетма-кет равишда чемпионликни нишонламоқда, муҳими, лигада мувозанат сақланиб турибди, барибир. Дейлик, 1-ўриндаги жамоанинг аутсайдерларга ютқазиб қў­йиши оддий ҳол саналади. Қисқаси, Бундеслигада ҳар бир ўйин мураккаб ва чемпионат энг сара футболчиларни ўзига жалб этадиган даражада кучли.

Transfermarkt: - Ўтган йили футбол ҳам COVID-19 режимига тушди. Бундеслига пандемия билан қандай курашди?

Андре Сильва: - Аввало, биринчи бўлиб айнан Бундеслига қайта йўлга тушганини эслатишим жоиз. Шу фактнинг ўзи кўп нарсадан далолатдир. Немис халқи жуда уюшқоқ, бу ерда ҳамма тезда омма манфаати учун ишлашга ўтди. Мураккаб даврда бундай ҳамжиҳатликни кўриш ёқимли бўлди.

Transfermarkt: - Португалия, Испания ва Италияда тажриба тўплашга улгурган футболчи сифатида айтингчи, Бундеслиганинг Европадаги бошқа лигалардан яққол фарқли томони нима?

Андре Сильва: - Ҳар бир лигада ўзига хос жиҳатлари бор, албатта. Бундеслига ҳақида нима дейиш мумкин? Чемпионатда ҳамма ғалабага интилади, яна бир томони, мухлислар ўз жамоаларига қаттиқ ишонишади. Шунга яраша, клублар майдонда борини беради. Ҳар қандай рақибни енгиш мумкин - шу тушунча Бундеслига жозибасини янада оширади.

Transfermarkt: - «Айнтрахт» билан шартномангиз 2023 йилгача мўлжалланган. Келажагингизни қандай кўряпсиз?

Андре Сильва: - Ҳар кимда аниқ мақсад ва орзулари бор. Менда ҳам шундай, албатта. Шу пайтгача айни мақсадлар йўлида ишлаяпман. Лекин бор эътиборни ҳозирги кунга қаратишни маъқул кўраман. Айтишим зарур яна бир гап шуки, Франкфуртда анча ўсганимни асло унутмайман.

Transfermarkt: - Футболдаги кумирларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз...

Андре Сильва: - Болалигимда Криштиану Роналду ва бразилия­лик Роналдога ҳавас қилардим. Уларнинг ўйинларини мароқ билан кузатиб, энг яхши сифатларини ўзлаштиришга уринганман.

Transfermarkt: - Португалия миллий жамоаси таркибида 37та ўйин ўтказишга улгургансиз. Евро-2020дан нималар кутяпсиз?

Андре Сильва: - Биринчи мақсад - жамоа сафида етарли амалиётга эга бўлиш. Ўйлайманки, таркибимизда савияли ижрочилар кўп ва агар чемпионлик унвонини ҳимоя қилишни истасак, аввало, ўз салоҳиятимизга ишонишимиз ва майдонда боримизни кўрсатишимиз керак. Фаворит эмаслигимизни биламиз, лекин шундай бўлишни истаймиз.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz