Ҳар бир соҳада инқилобий ўзгаришлар кузатилади. Айни шу паллани ҳис қилиш ва кескин, қатъий чоралар кўриш ўша соҳа тараққиётини таъминлайди. Футболимиз ҳозир шундай ҳолатда. Сокин ҳисоботлар ва сипо Конгресслар воқеликни ўзгартиролмайди...
Истиҳола пардасини ким четга суради?
Аввалдан айтайлик, бу ишни Биродар Абдураимовдан бошқа ҳеч ким бажаролмайди, назаримизда. Футболимизда вазият ҳозир шундай: бирор масъул шахс масъулиятни бўйнига олиб, бор гапни очиқлашни истамайди, ҳамма бир-биридан истиҳола қилади ва «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш тутади. Тинчи бузилмаса, бас - футболимиз тақдири унинг учун аҳамиятсиз. Бир амаллаб фаолиятини якунлаб, эстафета таёқчасини бошқаси қўлига топшириб олса, марра уники. Шунинг учун аччиқ-аччиқ гап-сўзларни ҳам кўтараверади. Бундайлар учун бош шиор оддий: «Бетнинг қаттиғи - жоннинг ҳузури». Азиз Ҳайдаров ҳалоллик, Одил Аҳмедов футбол манфаатини биринчи ўринга чиқариш ҳақида сўзлади. Ҳалолликка урғу беришмоқдами, демак, футболимизда ҳаром-ҳариш ишлар кўп. Буни Азиз Ҳайдаров жуда яхши билади. Ҳатто айрим коррупционерлар унга маълум бўлса керак. Билмаса гапирмайди. Мавҳум нарса ҳақида бу тариқа такрор сўзламайди. Фақат бир лекини бор бу иддаоларнинг. Азиз Ҳайдаров ҳам, Одил Аҳмедов ҳам ўзлари билган манфаатпарастлар шахсини очиқлашмайди. Шахсий манфаатини футболдан устун қўядиганлар борлиги Одил Аҳмедов нафратини қўзғатишига шубҳа йўқ. Афсуски, у нафрат ўйғотган кишилар ёки ҳолатларга боғлиқ аянчли ҳақиқатларни ҳеч қачон очиқ айтмайди. Виждони уйғоқ, аммо оғзига «қулф осиб олган» кишилар футболимизда анча-мунча топилади. Коррупция таҳдиди нақадар кўрқинчли эканини қарангки, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолиши маъқул кўрилмоқда...
Хўш, истиҳола ва қўрқув пардасини ким бир четга суради? Ким жонини хатарга солиб бўлсада, ўзи билган ноҳақликлар ҳақида рўй-рост бонг уради? Футболимиз муҳитида шундай куч борми? Фикримизча, аллақачон шундай куч шаклланган ва у тобора қудратга тўлмоқда. Биродар Абдураимов шу кучнинг байроқдори бўлишга арзийди.
Ҳа, зулм бор,
Ҳақсизлик бор,
Барчага бу аёндир.
Аммо буни зинҳор-зинҳор
Айтиб бўлмас замондир.
Ҳамма билар - бу дунёда
Инсон эркин яшаши шарт пойидор.
Биз ҳам айтсак бўлар
Лекин уйда бола-чақа бор.
Эркин Воҳидов шундай ёзганди бир вақтлар. Бироқ бугун бошқа замонда яшаяпмиз. Ёдингиздами, «Пахтакор» ва «Металлург» ўртасидаги ўша машҳур «қора» ўйин хусусида биринчи бўлиб газетамиз саҳифасида мулоҳаза билдиргандик қатъият билан ва ўшанда аноним қўнғироққа асослангандик. Кейинчалик бошқа бир аноним қўнғироқ соҳиби Любинко Друлович бошчилигида олимпиячиларимизни «қора» натижа кутаётгани, Сергелидаги қандайдир тотализатор ҳақида хабар етказди. Ўша тотализатор олимпиячиларимиз маҳоратига ишонган ва бу хусусда мароқ билан ёзган журналистлар устидан «детсад», деб кулган экан. Исботини топган бу аноним хабарни бошқалар эшитишмаганми? Биздан аввал билганлари аниқ. Ҳаммасини билишади ва яна футбол ичида яшайверишади. Қойил-е...
Сипо бошқарувни вазият кўтармайди
Ўзбек футболи майдонларида бир гала «бўрилар» ўралаб қолибди. Бугун тутқич бермас бу «бўрилар»нинг айтгани айтган, дегани деган. О, бу «бўрилар» шундай устакорлик билан хато қилишадики, рақиб атайин яратилган қулай вазиятдан фойдаланиб, гол урганини мухлис сезмай қолади, содда шарҳловчи эса «Хатолар - футболнинг бир қисми!» - дея изоҳлай бошлайди ҳолатни. Шарҳни тинглаган ўша тотализатор мароқ билан кулади, «тулки» мураббий эса ўз жамоаси таркибини рақиб ютишини таъминлаш мақсадида шундай мувофиқлаштирадики, энг содда мухлис ҳам беихтиёр «Ўйин сотилибди», дейди алам билан. Мураббий кейин мағлубиятни донишмандона изоҳлаб, сувдан қуруқ чиқади. Мураббийнинг «тулки»лигини жамоа сезмайди ва мағлубиятда ўзини айбдор санайди, яъни емаган сомсасига пул тўлайди. Вазият шу даражада чигалки, энди мухлис ҳақиқий ўйинларга ҳам ишонмаяпти. Суперлига 10-туридан ўрин олган «Қизилқум» - «Сурхон», «Турон» - «Бунёдкор», АГМК - «Металлург» баҳсларига кўпчилик шунинг учун шубҳаланиб қарамоқда. Тажрибали футболчилар томонидан йўл қўйилган оддий хатолар мухлисларни шубҳалантирмоқда. «Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу-қуруқ баравар ёнади» дегани - шу. Мулоҳазаларимизни виждонли мураббий ва футболчилар ўзларига оғир олишмайди, бизнингча. Зеро, ойни этак билан ёпиш иложсиз. Энди барча уринишлар бефойда. Эртами-кеч, ҳақиқат қарор топади, барибир. Бир куни ичи тўлиб кетган ва охиратини ўйлаган кимдир «портлайди».
Эҳ, содда халқим! Саудия Арабистонидаги муваффақиятсизлик учун охир-оқибат, яна ўзинг сабабчи, деб топилдинг. ЎФАдагилар оппоқ. Чунки Вадим Абрамов халқ талабига кўра, тайинланган эмиш. Ким ишонади бу гапга? Интернетдаги уч-тўрт чиқиш буюртма бўлиши мумкинлигини ЎФАдагилар наҳотки, билишмаса. Йўқ, уларни анойига чиқариш қийин. Бу ерда бизга ноъмалум гаплар борлиги эҳтимоли катта. Одил Аҳмедовни ҳимояда ўйнаши масаласини биринчи бўлиб қайси футболчи сўраган? Бутун жамоа бирданига Одилни орқада ўйнашини истаб қолмагандир. Бу масалани қайсидир футболчига кимдир шипшитган бўлса-чи?! Шуни аниқлаш мушкул ишми? Йўқ, халқни алдаманг. Олег Зотеев ва Вагиз Галиулиннинг эса муҳим ўйинда эксперимент қилиниши - ҳазм этиш мушкул ҳолат.
- Ҳой мутасаддилар, халқимиз устидан шундай кулишмоқда? Ҳеч бир пинак бузмай, чўчимай эксперимент ўтказишмоқда. Шу тариқа рақиб тегирмонига сув қуйишмоқда. Изоҳлари Вадим Абрамовнинг ўзига сийлов. Ким ишонади унинг сафсаталарига? Майли, охирги алданишга ҳам чидаймиз. Фақат Самвел Бабаян, Вадим Абрамов ва уларнинг артофидагилар ўзбек футболини тинч қўйишсин! Ҳозирча шунинг ўзи етарли!
Муҳаммад ВАЛИ
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20