Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Ўзга юртда қадр топиб...

Мураббийлар: Ўзга юртда қадр топиб...

  21.07.2021 05:05
  0
  308
Мураббийлар: Ўзга юртда қадр топиб...

Швейцария термаси Евро-2020 чорак финалигача етиб бориб, ўз тарихидаги энг яхши натижалардан бирини қайд этди. Муваффақият келиб чиқиши босниялик бўлган мураббий Владимир Петкович билан қўлга киритилди. У жамоани нақ 2014 йилдан буён бошқариб келмоқда. Шу вақт мобайнида Петкович Бундеслига, «А» серия ва АПЛдан тушган таклифларга рад жавобини берди - аммо уни ҳамон миллионлаб томошабинлар танишмайди. Қуйидаги мақолада ушбу мутахассис билан таништирмоқчимиз.

Петкович 25 ёшдалигида ота-онаси билан Югославиядан Швейцарияга кўчиб ўтди. Барчасига мамлакатдаги беқарор сиёсий вазият сабаб бўлганди. Ўшанда 80-йиллар ўрталари эди, Югославия инқирозга юз тутган, кўп ўтмай тарқалиб кетганди. «Шунчаки, футбол ўйнаш учун қадрдон уйимни тарк этдим. Ҳамма нарсани барбод этаётган сиёсий тизимнинг бир қисми бўлишни хоҳламадим. Тинчлик ва хотиржамликни истадим, шу боис, стабил Швейцарияга кетдим».

Даставвал Петкович Caritas католиклар черкови қошидаги хайрия ташкилотида ишлади - параллель равишда тил ўрганди. У ерда бошқа югославиялик қочоқларнинг мослашишларига ёрдамлашди. «Менинг миссиям одамларга кўмак бериш эканлигини ҳис қилдим. Ўшанда Югославиядан келган қардошларимизнинг қулай ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилдим. Ҳозир футболчиларнинг ўсишлари учун ҳаракат қиляпман».

Мавсум-2012/2013да «Лацио» билан қўлга киритилган Италия кубоги Петковичнинг мураббийлик фаолиятидаги ягона совриндир: унинг жамоаси Рим дербисида «Рома» устидан зафар қучганди. Қаҳрамонимиз тарихга назар соларкан, шундай дейди: «Ўшанда бу ғалабанинг нечоғли буюк эканлигини тушунмаган эканман. Фанатлар соврин учун қувонишяпти, деб ўйлагандим. Аммо орадан кўп йиллар ўтди ва 26 май менинг иккинчи туғилган кунимга айланди. «Лацио» мухлислари Италия, Швейцария, АҚШда кутиб олишади ва ўша 26 май кунги муваффақият учун раҳмат айтишади».

Петкович «Лацио»ни бир ярим йил бошқарди ва шу муддатни фаолиятидаги энг муҳими деб ҳисоблайди. Нега унга шунчалик омад кулиб боқди? Бунинг бир сабаби бор экан: «Рафиқамни Швейцарияда қолдирдим. Шу боис, Римда бор эътиборим ишга қаратилди, мени ҳеч нима чалғитмади. Бу тўғри қарор эди, гарчи турмуш ўртоғим ранжиган бўлса ҳам. У Италияга боришни хоҳлаганди».

2014 йилнинг 3 январи. Швейцария термаси ЖЧ-2014дан кейин Владимир Петковични бош мураббийликка тайинлаши ҳақида хабар берди. 2014 йилнинг 4 январида «Лацио» президенти Клаудио Лотито Петковични истеъфога чиқарди.

Петкович кейинчалик ўша дамлар ҳақида гапирганди: «Лацио» билан ўртамизда хунук воқеа рўй берганди. Швейцария сабрсизлик қилиб, кутилмаганда менинг тайинловим ҳақида хабар берди. Лотито билан суҳбатимиз хуш кайфиятда ўтди, дейиш қийин эди, у итальянчада ножўя сўзларни айтиб сўкинди. Клаудио Янги йил муносабати билан менга машина совға қилганди. Уни қайтаришимга тўғри келганди».

Петкович 8та тилни билади. Уларни рафиқаси билан баҳслашиш натижасида ўрганган. Санаб кўринг: инглиз, итальян, француз, немис, испан, рус, босния ва хорват тиллари. Русчани мактабда ёд олган. Испан тили масаласида эса қуйидагиларни сўзлаб берди: «Лильен билан тез-тез тортишиб турардик. Бир сафар у қайсидир янги тилни ўргана олмаслигимни айтди. Мен эса бу борада муаммо йўқлигини айтдим. Бир ҳафтадан кейин испан тили бўйича муаллимга қатнай бошладим».

Унинг термасида маҳаллийлаштирилган футболчиларнинг кўплигига изоҳ ҳам тайёр: «Агар хорижлик футболчи Швейцария термасида ёмон ўйин ўтказган бўлса - бу унинг ёмон ўйин ўтказганини англатади. Ҳеч ким уни чиндан юракдан ўйнамаганликда айбламайди. Шунақаси ҳам бўлади».

Ҳозир Швейцария миллий жамоасида келиб чиқиши Албания, Доминикан, Чили, Португалия ва бошқа мамлакатлардан бўлган футболчилар тўп суришади. Петкович бундан завқаланади: «Таркибингизда турли миллат вакиллари, турфа қарашга эга ўйинчиларнинг борлиги ажойиб. Ҳаттоки, бу терма жамоа бўлса ҳам. Нима учун? Кимдир техник жиҳатдан кучли бўлиши мумкин. Кимдир ортиқча трюкларсиз ўйнаб, фақат натижани кўзлайди. Аммо қизиқарли ва ёрқин жамоа шундай тўпланади».

 Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz