Қайднома

Қидирув

Шахс: Афсона яна Англияда...

Шахс: Афсона яна Англияда...

  23.07.2021 02:52
  0
  334
Шахс: Афсона яна Англияда...

Футбол афсоналарининг мураббийлик соҳасида ҳам юксак чўққиларни забт этишга уринишларини кузатиш жуда қизиқарли ва ҳаяжонли жараён. Чунки улар қайд этган натижалар кўлами ўта кенг: ҳайратомуз муваффақиятдан шармандали омадсизликкача. Фаолият сценарийси ҳам турлича. Кимдир бирданига топ-клубга ёпишади, бошқаси чўққига босқичма-босқич кўтарилишни афзал кўриб, камтарин жамоаларда машаққат билан тажриба тўплайди.

Яқинлашиб келаётган мавсумда АПЛ мухлислари шундай ажойиб воқеалардан бирига гувоҳ бўладилар - Франция терма жамоаси, «Арсенал» ва «Интер»­нинг таниқли юлдузи Патрик Виейра Англияга ўрнашиб олиш мақсадида «Кристал Пэлас» билан 2024 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекди. Таъкидлаш жоизки, клуб Виейра номзоди хусусида анча узоқ ўйлаб, кейин бир қарорга келди. Чунки Рой Хожсон истеъфога чиқишини 18 майда эълон қилганди.

Патрик ўзининг мураббийлик фаолиятини 2011 йилда, «Манчестер Сити»даги сўнгги футболчилик мавсумидан кейин «шаҳарликлар» тизимида қолганида бошлади. Футболчи сифатида жаҳон ва Европа чемпионлигига сазовор бўлган Виейра энг ёрқин даврини «Арсенал»да ўтказган, 9 йил ичида 7та нуфузли совринларни қўлга киритганди. Кейин «Интер»нинг «А» серияда 3 марта ғолиб чиқишига ёрдам берди.

Мураббийлик соҳасига эса «Манчестер Сити» билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйган «Нью-Йорк Сити» клуби бош мураббийи сифатида кириб келди. Кейинчалик мустақил парвозни давом эттиришга қарор қилиб, «Ницца»ни қабул қилди ва ўтган йил декабрида истеъфога чиқди.

Гвардиола ворисига айлана олмади

Хуллас, юқорида айтиб ўтганимиздек, 45 ёшли франциялик мураббий мустақил равишда «Нью-Йорк Сити» ва «Ницца»ни бошқарди. Қайсидир паллада уни «Манчестер Сити» бош мураббийлигига тайёрлашаётгандек туюлди. Ахир бутсаларини михга илганидан кейин Патрик 4 йил «шаҳарликлар» тизимида, ёшлар ва ўринбосарлар жамоалари билан шуғулланганди. Кейин у мустақил тажрибага эга бўлиш мақсадида АҚШга йўл олганди. Бу тадбир ҳам унинг «Манчестер Сити»га тайёргарлигидан далолат эди. МЛСнинг мунтазам мавсумида Виейра бошқа барча мураббийлардан кўра кўпроқ ғалабаларга эришди. Бироқ унинг жамоаси икки тўлиқ мавсумда «плей-офф» босқичининг чорак финалларида имкониятни бой берди. Жумладан, 2016 йилда «Торонто»дан умумий 0:7 ҳисобида енгилди.

2018 йилнинг майида Гвардиола «Манчестер Сити» билан шартнома муддатини узайтиргач, Виейранинг Англияга қайтиш имконияти пасайиб кетди. Қолаверса, клуб мутасаддиларининг унга нисбатан ишончлари ҳам йўқолди. Чунки Патрик Лэмпард, Пирло ва Вильядек афсоналари бор жамоа билан «плей-офф»дан ўта олмаганди. Гвардиола янги шартномага имзо чекканига бир ой бўлмасдан, Виейра «шаҳарликлар» тизимини тарк этди.

Францияда Патрик камтарин натижаларни кўзлаётган «Ницца» билан осонликча тил топишди: жамоа мавсумни жадвалнинг юқори қисмида якунлашни мақсад қилганди. Патрикнинг дебют мавсумида жамоа 7-ўринни эгаллади, кейинги мавсум янада муваффақиятли бўлди. 28 турдан кейин тўхтатиб қўйилган мавсумни 5-поғонада якунлаган «Ницца» ЕЛ йўлланмасини қўлга киритди. Қолаверса, Виейра даврида жамоа ўзига хос услубга эга бўлди, бошқа жамоалардан фарқли жиҳатлари кўрина бошлади. Умуман, мураббий ижобий баҳога эга бўлди.

Лекин учинчи мавсум ўртасида Патрикни истеъфога чиқаришди. Чунки «Ницца» ЕЛни барвақт тарк этди, ички мусобақада эса 11-ўринга тушиб қолганди. Ваҳоланки, Виейра «бургутлар»ни бошқарган даврда Лига 1даги 4 нафар мураббий ундан кўпроқ очко жамғаришга муваффақ бўлишганди.

Мураббийлик услуби

Нью-Йорк ва Ниццада Патрик рисоладагидек тажриба тўплашга улгурди: «Сити»ни 90, «бургутлар»ни 89 учрашувда майдонга олиб тушди. Тўғри, совринларга эриша олмади, аммо «Кристал Пэлас» ҳам унга бундай мажбуриятни юкламаганлиги аниқ. Ўзининг 116 йиллик фаолиятида жамоа Англиядаги асосий совринлардан бирортасига сазовор бўлган эмас.

АҚШда Патрик таркибдаги юлдузлардан унумли фойдаланган ҳолда томошабоп, ҳужумкор жамоани шакллантирганди. Бироқ «Кристал Пэлас» учун унинг «Ницца»даги тажрибаси кўпроқ манфаат берса керак. Боиси, «бургутлар» ҳам юлдузлар билан мақтана олмайдилар, мураббий мавжуд имкониятлар билан кифояланиб, жамоавий услубни яратишга ҳаракат қилганди. Юқорида зикр этганимиздек, Патрикнинг иккинчи мавсумида «бургутлар» ўз уюшқоқликлари билан фаворитларга муносиб қаршилик кўрсатишганди.

Аммо Ниццадаги фаолиятининг якуний босқичида мураббийнинг айрим камчиликлари кўзга ташлана бошлаганди. Танқидий фикрлар орасидан мураббийга ижодий ёндашув етишмаганлиги, жамоа ўзаги ва бошланғич таркибни белгилаш малакаси талаб даражасида эмаслиги, шу сабабли футболчилар орасида можаролар юзага келганлиги ўринли эътирозлар эканлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Қолаверса, ниццалик мухлислар қизиққон табиатлари билан яққол ажралиб туришади. Узоқ вақт давомида жамоа «Кўҳна Лига 1» рамзи мақомида зерикарли, ҳимоявий услубда тўп сурганди.

Сўнгги йилларда Франция чемпионатида ижобий ўзгаришлар юз берди, аммо Виейранинг «Ницца»си ўтмишга қайтгандек эди, гўё. Гарчи, баъзан самара берган бўлса ҳам.

Де Бур билан таққослаш

2017 йилда «Кристал Пэлас» АПЛ тарихидаги энг тажрибали мураббийлардан бирини ҳеч қачон Англияда ўйнамаган кишига алмаштирганди. Оқибатда, Сэм Эллардайс ўрнини эгаллаган Франк де Бур атиги 5та учрашувдан кейин жамоани тарк этди. Энди жамоа АПЛ тарихидаги энг тажрибали мураббийлардан бирини ҳеч қачон Англия жамоаларини бошқармаган мураббий билан алмаштирмоқда. Хўш, Виейра де Бурдан муваффақиятлироқ бўла оладими?

«Ницца»дан кетгач, Патрик телеэксперт вазифасида ишлаш баробарида, янги иш жойини топиш билан шуғулланди. Англияга у анча аввалроқ келиши ҳам мумкин эди, 2015 ва 2019 йилларда «Ньюкасл» унга қизиқиш билдирган, бироқ ҳар сафар бошқа номзодларга ишонч билдирганди. Дарвоқе, «Пэлас» номзодлари рўйхатида ҳам Виейра етакчи эмасди. Айнан шу сабабли клуб узоқ вақт мураббийсиз қолганди.

Мутасаддилар Нуну Эшпириту Санту ва Люсьен Фавр билан музокаралар олиб боришди, фақат Виейра мураккаб вазиятга тушиб қолган жамоани қабул қилишга жазм этди. Бунга уни АПЛ муҳитига қайтиш ва малакали мураббий эканлигини исботлаш учун учинчи уринишни амалга ошириш истаклари мажбур этган бўлса, ажабмас. Аммо унга жуда оғир бўлиши аниқ. Чунки камтарин режалар билан чекланишига қарамасдан, «Пэлас» ўта мураккаб вазиятга тушиб қолди. Ёзда асосий таркибдаги 11 нафар ўйинчининг шартномалари ниҳоясига етди, қолган 18 нафар футболчининг айримларида жиддий жароҳатлар ёки Англияда ишлаш ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар бор.

Ҳозир Англия матбуоти Виейрани де Бур билан таққослаб, француз нидерландиялик касбдошига қисматдош бўлишини тахмин қилмоқда. Айтганча, 2018 йилда Жозе Моуриньо де Бурни АПЛ тарихидаги энг ношуд мураббий, деб атаганди. Бироқ ўшанда де Бур Англия футболида тажрибага эга эмасди ва 5 учрашувдан 4тасида жамоаси мағлубиятга учраганидан кейин истеъфога чиқарилганди. Патрик эса футболчи мақомида бўлсада, етарли нуфузга эга. Унинг ҳисобида «Арсенал» билан 3та АПЛ чемпионлиги ва 4та Англия кубоги, «Сити» билан битта Англия кубоги бор. Шунингдек, Патрик 7 марта лиганинг рамзий терма жамоаси таркибидан жой олган, 2001 йилда эса йил ўйинчиси унвонига сазовор бўлганди. Қўшимчасига, футболчиликдан кейин 4 йил «Сити» тизимида хизмат қилди.

Виейранинг де Бурдан яна бир устунлиги шуки, нидерландиялик мураббий «Пэлас»га «Интер»даги омадсизликдан (14 учрашувнинг ярмида мағлубият) кейин келганди. Миланни шармандали тарзда тарк этганидан кейин, унга бўлган ишонч деярли қолмаганди. Иккинчи томондан, у 2011-2014 йилларда бош мураббий сифатида «Аякс»ни шоҳсупага олиб чиққанди. Шунингдек, у Виейра уддалай олмаган ишни амалга оширган - 2019 йилда «Атланта» билан АҚШ Очиқ кубогини қўлга киритган.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz