Қайднома

Қидирув

Рашид ҒОФУРОВ: «НАМАНГАНДА БОСИМ ОСТИДА ИШЛАШ ҚИЙИН»

Рашид ҒОФУРОВ: «НАМАНГАНДА БОСИМ ОСТИДА ИШЛАШ ҚИЙИН»

  23.07.2021 04:24
  0
  406
Рашид ҒОФУРОВ: «НАМАНГАНДА БОСИМ ОСТИДА ИШЛАШ ҚИЙИН»

Биринчи лигада иштирок этаётган «Нав-баҳор-фарм» жорий мавсумнинг биринчи даврасини 3-ўринда якунлади. Яқинда мазкур жамоа устози Рашид Ғофуров билан суҳбатлашиб, турли мавзулардаги саволларимизга жавоб олдик.

- «Навбаҳор-фарм» ўтган йилга қараганда, бу мавсум ижобий натижа қайд этмоқда...

- Жаҳон футболи тажрибасидан маълумки, ҳар бир мураббийга камида 3 йил вақт берилади. Чунки 1-2 йил ичида яхши жамоа шакллантириш қийин. Бу ўз тажрибамдан ҳам ўтган. Ўтган йилги мавсум футболчилар билан танишув, уларнинг салоҳиятларини ўрганиш даври бўлди. Бу йил таркибга 2-3 нафар янги футболчилар қўшилди. Шогирдларимнинг салоҳиятларидан тўғри фойдаланган ҳолда, шундай натижа қайд этишга муваффақ бўлдик. Аслида, давралар оралиғидаги танаффусга бундан ҳам юқорироқ ўринни эгаллаган ҳолда чиқишимиз мумкин эди. Аммо 1-ўриндаги «Зомин» ва жамоамиз билан бир хил очко тўплаган ҳолда, 2-поғонада бораётган           «Ғиждувон» жамоалари ўз олдига Про-лига йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини қўйган. Ушбу рақибларга қарши кечган баҳсларда жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Зоминликларга қарши кечган баҳсда ҳаттоки, 70-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётгандик. Лекин кейинчалик, жамоамиз дарвозасига белгиланган пенальти шогирдларимнинг руҳиятларига салбий таъсир кўрсатди. Натижада якунда 1:2 ҳисобида имкониятни бой бердик. Гарчи жорий мавсум арафасида жамоамиз олдига жиддий мақсад қўйилмаган, асосий вазифамиз «Навбаҳор»нинг асосий таркибига маҳоратли футболчиларни етказиб бериш бўлса-да, клуб раҳбарияти ва мухлислар ишончини оқлаш мақсадида, муносиб ўйнашга ҳаракат қилдик. Бу эса ижобий натижани қайд этишимизга замин яратди. «Навбаҳор»нинг барча ёш тоифасидаги жамоалари ҳар қандай ўйинда, ҳаттоки, у ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам, доимо ғалаба қозонишга интилади. Албатта, фарм жамоамиз ҳам бундан мустасно эмас.

- Иштаҳа овқат пайтида келади, деганларидек, энди Про лига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қиляпсизларми?

- Фурсатдан фойдаланиб, бизга яхши шароитларни яратиб бераётган клуб раҳбарияти, жумладан, «Навбаҳор» ПФК президенти Отабек Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Клуб раҳбарияти билан мазкур масалани муҳокама қиляпмиз. Иккинчи даврада жамоамиз олдига Про лига йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилса, таркибни янада кучайтиришимиз талаб этилади. Айни пайт бир қатор футболчиларни кўрикдан ўтказяпмиз. Улардан жамоамиз мураббийлар штабида яхши таассурот қолдирганлари таркибдан ўрин олишади. Шунингдек, ҳужумчи Илҳом Алибоев давралар оралиғидаги танаффусда таркибимизга қўшилди. У асосий таркибда ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Тўғри, Илҳом «Навбаҳор-U-21» жамоасида яхши ўйин намойиш этди, лекин бу Алибоев савиясидаги жамоа эмас. Унинг ёшига ушбу жамоа тўғри келмайди. Ёшлар жамоасида 2003, 2004 ва баъзан ҳаттоки, 2005 йилларда туғилган футболчилар ўйнашмоқда. Илҳом эса оила тебратиши керак ва ёшлар жамоаси унга тўғри келмайди. Биринчи давра баҳсларини номинал ҳужумчисиз ўтказдик, яъни олдинги чизиқда ҳужумкор ярим ҳимоячиларнинг хизматларидан фойдаландик. Тўғри, улар ҳам рақиблар дарвозасига 22та гол уришди, лекин бир ўйин давомида яратилган 10та голли вазиятнинг фақатгина 2-3тасидан самарали фойдаланишади, холос. Илҳом Алибоев ҳужум самарадорлигини анча оширади, деб умид қиламан.

- «Навбаҳор»нинг собиқ футболчиси сифатида «лочинлар»нинг 1-даврада қайд этган натижалари борасида нима дея оласиз?

- Тўғрисини айтсам, клуб раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган шундай шароитларга яраша ҳар бир футболчи жон куйдириб ўйнаши керак. Бу ҳақда бошқа бирор сўз гапира олмайман.

- Бир пайтлари «Навбаҳор» кашфиёт футболчиларни етказиб берадиган жамоа бўлган. Ўзингиз ҳам «Навбаҳор-фарм» жамоасидан чиққансиз. Лекин сўнгги пайтларда ушбу ёқимли анъана узилиб қолди. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Бир пайтлари Тўрақўрғон туманини «Ўзбекистон Бразилияси» дейишарди. «Навбаҳор»нинг мазкур ёқимли анъанасини айни пайт «Насаф» клуби давом эттирмоқда. Боиси, қаршиликлар таркибидан ҳар йили 3-4 нафар янги футболчилар етишиб чиқишади. Шу боис, бошқа вилоятдагилар, жумладан, наманганликлардан кўпчилик «Насаф»га мухлислик қилишади. Қаршиликлар ҳар йили 2-3 нафар футболчиларни бошқа жамоаларга сотиб, 2-3 миллиард сўм пул ишлаб олишади. Бир сўз билан айтганда, «Насаф»да ишлаш тизими ажойиб тарзда йўлга қўйилган. Умуман олганда, сўнгги йилларда Наманган футболида ўсиш кўзга ташланмаяпти. Бунга эса футболчиларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлмоқда. Ҳаммамиз Криштиану Роналду ва Лионель Мессига ҳавас қиламиз, лекин уларнинг қай тариқа шундай даражага чиқишганини унутиб қўямиз. Барчасига сабаб - ўз устиларида тинимсиз меҳнат қилишган. Ҳозирги футболчилар эса тезроқ 1,5-2 соатлик машғулот тугаса-ю, уйга бориб, ижтимоий тармоқларни кузатишни ўйлайди. Аксинча, улар ўз устиларида ишлашлари керак. Биз футбол ўйнаган даврларда ҳозиргидек сифатли майдонлар, машғулот учун ювиб, тайёрлаб қўйилган спорт кийимлари йўқ эди. Илгари футболка ва шортиларни ўзимиз ювардик, машғулотга қадар қуришини кутардик. Қуримаса, нам ҳолатда ҳам машғулотда иштирок этишга мажбур бўлардик. Ҳозир эса футболчилар машғулотларга келишса, ювиб, қуритилган спорт кийимлари тайёр туради. Бундай шароитлардан эса футболчилар самарали фойдаланишлари шарт. Фарм жамоамизнинг бош мақсади - асосий таркибга футболчилар етказиб бериш. Шунингдек, «Навбаҳор»дан ортса, мамлакатимизнинг бошқа клубларида ҳам тўп суриши мумкин. Футболчилик фаолияти қисқа бўлади ва шу давр мобайнида футболчи ўз молиявий аҳволини яхшилаб олиши талаб этилади. Худди шунингдек, мураббийлар ҳам ўз устиларида ишлашлари, маҳоратларини оширишлари лозим. Бу гапларим билан «Навбаҳор»нинг асосий таркиби мураббийи лавозимида ишлаш ниятим йўқ. Футбол ичида фаолият юритсам ҳам, бошқа лавозимда ишламоқчиман.

- Сизнингча, футболда нима муҳим - маҳоратми ёки меҳнат?

- Иккаласи ҳам муҳим. Буларни бир-биридан айро тарзда тасаввур қилиш қийин. Айрим пайтларда интервью берган футболчилар: «Омадимиз келмади», дейишади. Аммо омад ҳам кучлиларга кулиб боқади. Маҳорат ҳам меҳнат туфайли юзага чиқади.

- Фарм жамоа таркибида айни пайт «Навбаҳор»нинг асосий таркибида ўйнашга тайёр футболчилар борми?

- Албатта, бор. Тўғри, бу гапим айримларнинг нафсониятига тегиши мумкин, лекин ҳозир «Навбаҳор»нинг асосий таркибида айрим футболчилар ҳаттоки, фарм жамоамизда ҳам ўйнолмайди. Уларнинг исм-шарифини айтишим шартмас. Ҳозир таркибимизда кўплаб маҳоратли футболчилар бор, улардан айримлари «Навбаҳор»нинг асосий таркиби машғулотларида ҳам қатнашишяпти. Худо хоҳласа, қишда, яъни мавсумлар оралиғидаги танаффус пайтида ушбу масала бўйича Виктор Жалилов билан гаплашамиз ва келаси мавсумда фарм жамоамизнинг 4-5 нафар футболчиси асосий таркибда тўп суриши мумкин. Фақат уларга бироз эътиборни кучайтириш лозим, холос. Ёзги трансфер даврида таркибимизга бир қатор иқтидорли ёш футболчиларни жалб этиш ниятидамиз. Улардан бири - Наврўз Иминжонов. Унда Аллоҳ томонидан берилган иқтидор бор, ўз устида ишлайдиган бўлса, ажойиб футболчи бўлиб етишади. «Навбаҳор-Умид» футбол мактаби, Наманган вилояти 1-сонли маҳорат мактабида ҳам иқтидорлилар кўп. Улар ҳар ҳолда, мактаб кўрган ва бу футболчиларнинг иқтидорларини юзага чиқариш учун меҳнат қилиш лозим.

- Футболчилик пайтингизда майдонда жон куйдириб тўп тепгансиз. Шу боис, мухлислар меҳрини қозонгансиз. Умуман олганда, футболчилик даврингиз ажойиб тарзда кечган. Бу борада ёш футболчиларга қандай маслаҳат берасиз?

- Бунинг ортида тинимсиз меҳнат ётибди, албатта. Мухлислар меҳрини қозониш қийин. Бунга аввало, жамоа манфаатини ўйлаганим, шунингдек, тинимсиз меҳнат қилганлигим сабаб бўлди.

- «Бунёдкор» таркибига 30 ёшдан кейин қўшилган бўлсангизда, мазкур жамоада иккинчи «ёшлигингиз»ни бошдан кечиргандингиз. Бунга қандай эришгандингиз?

- Ҳозирги ёшлар жамоа танлайди. Аввал нималарга қодирлигингни майдонда намойиш эт, шунда сен пулнинг ортидан эмас, пул сенинг ортингдан қувади. Футболчилик давримда «Нефтчи» ва «Андижон» клубларидан таклифлар бўлган, лекин мазкур жамоалар «Навбаҳор»нинг азалий рақиблари бўлишгани боис, уларнинг таркибига ўтмаганман. Ҳаттоки, «Андижон» раҳбарлари уйимга автомашинанинг калитини ҳам кўтариб келишган. Аммо 1996 йилдан «Навбаҳор»да ўйнаган бўлсам, 2005 йилгача ўзимни бошқа жамоада тасаввур қилолмаганман. Лекин тақдир тақозоси, айримларнинг айби билан 2005 йили жамоадан кетишга мажбур бўлдим. Таъкидлаш жоизки, айрим футболчилар катта миқдорда маош олишади, лекин майдонда шунга яраша ўйин намойиш эта олишмайди. «Навбаҳор» тарихида «ортидан тош отилган», шунингдек, миннатдорчилик билдирилган ҳолда, ўзгача услубда кузатилган футболчилар ҳам бўлган. Қисқасини айтганда, барчаси ўйинчининг ўзига боғлиқ.

- Олдин болалар мураббийи бўлгансиз. Мураббийликда босқичма-босқич кўтарилиш ўз самарасини берса керак?

- Албатта, самарасини беради. Мураббийликни босқичма-босқич босиб ўтсангиз, футболчиларнинг психологиясини яхши тушунасиз. Шу боис, ёш мураббийларга фаолиятларини болалар футболидан бошлашларини маслаҳат берган бўлардим.

- 2016 йили «Навбаҳор»ни бошқарганингизда сизга тажрибасизлик ҳам панд берган, шундайми?

- Ўшанда жамоани бошқаришга тайёр эмаслигим, бунга ҳали тажрибам камлигини таъкидлаганимга қарамай, «Навбаҳор»га бош мураббий этиб тайинлашганди. Тўғри, ўшанда тажрибасиз эдим. Бундан ташқари, атрофимдаги айрим кишилар ҳам менга панд беришганди. Ҳозиргача ўшанда қаерда хатога йўл қўйганлигим борасида кўп ўйлайман. Мабодо, ўшанда ҳозирги ақлим ва тажрибам бўлганида, жамоани ўзгача тарзда бошқарган бўлардим. Бу гапимдан кейин айримлар мени нотўғри тушунишмасин. «Навбаҳор»ни ҳозир бошқариш ниятим йўқ. Бундан ташқари, Наманганда босим остида ишлаш қийин. Шунчаки, ўз фикримни билдирдим, холос.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz