Қайднома

Қидирув

Хотира: Владимир Сафаров номидаги спорт журналистлари учун махсус соврин бўлса...

Хотира: Владимир Сафаров номидаги спорт журналистлари учун махсус соврин бўлса...

  23.07.2021 06:16
  0
  705
Хотира: Владимир Сафаров номидаги спорт журналистлари учун махсус соврин бўлса...

«ИнтерФутбол» журналисти Владимир Хохлюк яқинда вафот этган Владимир Сафаров номидаги спорт журналистлари учун соврин таъсис этиш ташаббуси билан чиқди.

«Азиз дўстлар!

Менинг мурожаатим нафақат спорт журналистлари, балки Владимир Сафаровнинг оиласи, яқинлари ва дўстлари, футболчилар, футбол фахрийлари, спорт ходимлари ва сайёрамиздаги энг яхши ва оммабоп ўйин мухлисларига қаратилган.

Дунёнинг турли бурчакларидаги журналистика ва санъат арбоблари 14 июль куни Тошкентдан қайғули хабар олишди: истеъдодли, ғамхўр инсон, мусиқачи, футбол тарихчиси, ёзувчи ва журналист Владимир Ашотович Сафаров вафот этди.

Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ мамлакатларидаги футбол тарихига бағишланган, таниқли футболчилар ва футбол клублари ҳақида ўттиздан ортиқ китоблар айнан Владимир Ашотовичнинг истеъдодли қаламига мансуб. У китоб ёзиш билан бир қаторда, мунтазам равишда футболга бағишланган даврий нашрларда Ўзбекистондаги футбол тарихи ва статистикасига оид мақолаларини чоп этди. Сафаров хорижда ва мамлакатимиздаги турли нашрларда чоп этилган 3000дан ортиқ мақолаларнинг муаллифи ҳисобланади. Жумладан, унинг мақолалари бизнинг «ИнтерФутбол» газетамизда ҳам мунтазам чоп этиб келинган.

1992 йил март ойида Владимир Ашотович Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клубини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ўшанда у «Спорт» газетаси саҳифалари орқали футбол жамоатчилигига мурожаат этиб, Ўзбекистоннинг энг яхши тўпурарлари клубини тузиш ва унга собиқ иттифоқ терма жамоаси ва Тошкентнинг «Пахтакор» клубида тўп сурган афсонавий ҳужумчи Геннадий Красницкий номи билан аташни таклиф қилганди.

2000 йилда у Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан йил якунлари бўйича энг яхши спорт журналисти деб тан олинди.

Сафаров Республикада футболни тарғиб қилиш ва ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшди, бу унинг замондошлари томонидан қадрланади ва йиллар ўтиши билан унинг авлодлари ҳам қадрлашади.

«Володя тоға» - мусиқа шинавандалари ва футбол шайдоларининг кейинги авлоди уни ҳурмат тариқасида, ўзларига яқин олиб, айнан шундай аташарди. Уни нафақат яқинлари ва қариндошлари, балки турли соҳалардаги юмушлар юзасидан рўбарў келган барча одамлар чуқур ҳурмат қилишарди.

Владимир Ашотович юқори малакали мутахассис эди. У ҳамма нарсани синчковлик билан, аниқ ва ўз вақтида бажаришга одатланган, энг муҳими - ҳар бир ишга муҳаббат билан ёндашарди.

Мен Владимир Сафаров номидаги Ўзбекистон спорт журналистлари учун ижодий мукофот таъсис этиш таклифини олға сураман. Владимир Ашотович номи замондошлари ва авлодлари хотирасида абадий қолиши зарур, зеро у Ўзбекистон мусиқаси ва футболи тарихида ўчмас из қолдирган инсон саналади.

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Виктор Хохлюк!»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz