Қайднома

Қидирув

Юпп Хайнкес: «УЕФА пулга ўч эканлигини кўрсатди...»

Юпп Хайнкес: «УЕФА пулга ўч эканлигини кўрсатди...»

  24.07.2021 02:42
  0
  496
Юпп Хайнкес: «УЕФА пулга ўч эканлигини кўрсатди...»

Германиялик афсонавий мураббий Юпп Хайнкес Kicker нашри мухбирлари билан суҳбатда Евро-2020 якунларини сарҳисоб қилди. Тажрибали мутахассис бунда Германия миллий жамоаси истиқболига тўхталиш баробарида УЕФАни «очкўз»ликда айблади.

- Европа чемпионати финалидан кўнглингиз тўлдими?

- Финал ҳуштаги янграшига қадар тактик жанг борди - ҳаяжонли ўйин. 1:1 ҳисоби адолатли. Пенальтилар сериясида эса ҳаммасини омад ҳал қилади. Лекин алоҳида айтиш керак, Манчини жамоаси чемпионликка мутлақо ҳақли эди.

- Умуман, навбатдаги Европа чемпионатига қандай баҳо берасиз?

- 11та мезбон мамлакат - бу доимий парвозларни англатади, бутун дунёни қамраб олган ҳозирги коронавирус шароитида бунақаси жуда қийин. УЕФА ва алоҳида мамлакатлар ҳукумати стадионларга мухлисларни киришларига тўлиқ рухсат бердики, буни оқлаш мумкин эмас. Айниқса, Лондон ва Будапештда юзага келган манзарага нисбатан танқидий фикрдаман. Тушунинг, ҳозирги ҳолатда стадионга 60 мингдан кўп одам киритиш ақлга сиғмайди. УЕФА пулга ўчлигини айни шу нуқтада кўрсатиб қўйди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бузилаётган мамлакатларда ҳам ўйинлар ўтказилганини ҳазм қилиш душвор.

- Турнир қандай спорт кашфиётларини тақдим этди?

- Баъзи терма жамоаларнинг футболга нисбатан эҳтиросни майдонда чинакам фидойилик билан ифода этгани ижобий ҳолат, албатта. Дания, Швейцария, Авс­трия, Чехия ва Венгрия термалари вакилларини олқишлаш керак - улар аутсайдерлик мақомини тан олишгани йўқ ва футболни фақат сифат, тактика, уюшқоқлик белгилаб бермаслигини исботлашди. Шу жамоа­лар мисолида эҳтирослар ҳам футболнинг муҳим таркибий қисми эканлигига амин бўлдик, ҳар ҳолда. Кўп нарсани жамоавий руҳ ҳал қилади. Бунда 26 нафар футболчининг барчаси ўз ролига эга. Тўғри, таркиб учун 26 нафар ўйинчи кўп. Менимча, 22 нафар футболчи етарли, шунда уларнинг ҳар бири майдонга тушиши мумкин. Италия термаси - яққол мисол. Эриксен драмасидан сўнг Данияда бутун халқ бирлашгани ҳам таҳсинга лойиқ иш.

- Сизнингча, Италия термаси ниманинг ҳисобига бу қадар кучайиб кетди?

- Роберто Манчини 2018 йилдан ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида бирдамлик яратди. Ҳамма бирлашди, жамоа яхлит кучга айланди. Очиғи, италиялик футболчиларнинг мадҳия куйлашларига қараб, улардаги иштиёқни яққол ҳис қиламан. Лекин ҳал қилувчи фактор - бу меъмор, яъни мураббий.

- Хўш, Манчини айнан нималарни ўзгартирди?

- 3 йил давомида ҳам футбол, ҳам характер нуқтаи назаридан чин жамоа шакллантирди. Ҳозир у яратган тизимда ҳар бир футболчининг ўрни бор. Манчини 1991 йили Виалли билан бирга «Сампдория»да чемпионликни нишонлаган, кейинги мавсум ЕЧК финалига қадар етиб борган ва генуяликлар фақат «овертайм»да «Барселона»га 0:1 ҳисобида ютқазишган. Мана, орадан 30 йил ўтиб, Манчини тақирбош собиқ ҳамкасбини делегация раҳбари сифатида ёнига олди. Ажойиб ечим! Шу қарор ҳаммага илҳом бағишлаган бўлса керак. Зеро, ёш футболчилар Виаллига ҳамон ҳайрат билан қарайдилар. Манчинининг яна бир ютуғи шуки, футболда тўп назорати ёки тактика қатори инсонлар эҳтироси ҳам катта роль ўйнашини теран тушунди. «Скуадра Адзурра» оғир жароҳатланган Спинаццолани қандай шарафлаганини кўринг. Манчини финалдан сўнг жуда чиройли гап айтди: «Леонардо Европа чемпионатининг энг яхши футболчиси эди ва шундай бўлиб қолади». Арриго Сакки вақтида «Милан» билан футболда инқилобга қўл урганди, Манчини худди шундай ишни такрорлади.

- Инглиз футболи нимаси билан ажралиб турди?

- Англияда ёш футболчиларнинг катта гуруҳи бор. Улар ҳали бор имкониятларини ишга солишгани йўқ. Жамоада ҳаммаси мужассам: ишонч, барқарор ҳимоя, тезкорлик, дриблинг, даҳшатли ҳужум... АПЛ ҳам ушбу футболчилар савиясию, характерини анча оширади. Гарет Саутгейт жамоанинг ўзига хос фазилатларини тушуниш ва барчасини мувофиқлаштиришга етарлича вақт сарфлади. Лондонда, мухлислар олдида ўйнаш инглизларга қўшимча устунлик бағишлагани ҳам айни ҳақиқат.

- Қайси футболчини алоҳида эътироф этасиз?

- Испаниялик Педрини, ажо­йиб йигит. Италиялик Инсинье ҳам майдонда мутлақо бошқача кўринди. У биз кўришга одатланиб қолган Инсиньедан кескин фарқланди. Яна Кьеллини ва Бонуччи жуфтлиги мақтовга муносиб. Италияга нисбатан кўпроқ истеъдодларга эга Испания термаси янгиланган таркиби билан чуқур таассурот қолдирди. Бу жамоанинг келажаги ёрқин, менимча.

- Германия термасида бу жиҳатларнинг ҳеч бири кўзга ташланмади...

- Бизга 2014 йили Бразилияда ҳукм сурган ғайриоддий жамоавий руҳ етишмади. Футболда бу тахлит муваффақиятга эришолмайсиз. Барча жамоалар коронавирус пандемиясидан азият чекди, аммо Манчини, Саутгейт, Луис Энрике, Хюльманд каби мураббийлар жамоа тайёрлашда ибратли иш олиб боришди. Тўғриси, бундестимга хос бирдамликни соғиндим. Португалия термаси билан ўйинни инобатга олмаганда, жамоа на иштиёқ, на тўпга эгалик қилиш ва на ҳиссиётни намойиш этди.

- Матс Хуммельс ва Томас Мюллерни жамоага «қайтириш» тўғримиди?

- Улар тўлиқ тикланган бўлсалар, жамоада мақбул интеграцияни таъминлаш учун бир нечта назорат учрашуви талаб этиларди. Дарвоқе, шахсан мен Бундеслиганинг ўтган мавсумдаги энг яхши марказий ҳимоячиси Жером Боатенгни ҳам таркибга жалб этардим.

- Тони Крооснинг ашаддий мухлиси саналасиз. Унинг терма жамоа билан хайрлашганига муносабатингиз?

- Бу қарорини ҳамма ҳурмат қилиши керак. Тони энг йирик турнирларда феноменал воқеаларни бошидан кечирди, ҳам футболчи, ҳам шахс сифатида ривожланди. У муносиб тарзда кетмоқда, гарчи Европа чемпионати яхши ўтмаган бўлса ҳам.

- Германия термаси ушбу турнирдан қандай сабоқ олиши керак?

- Уч кишилик ҳимоя тўртлик каби яхши натижа бериши мумкин, аммо бунда ҳар бир тизим мукаммал ишлаши керак. Буюк мураббийлар ўйиндан ўйинга схемани ўзгартиришмайди. Муаммо айнан шундан бошланади. Энг катта камчилигимиз Брайтнер, Бреме, Лам каби қанот ҳимоячиларини тайёрлолмаётганимиздир. Шунингдек, ҳозир бизда жаҳон даражасидаги марказий ҳимоячи ва ҳужумчи йўқ. Лекин истеъдодли қанот ҳужумчиларига эгамиз-ку. Гнабри, Сане, Вернер. Хаверц - улкан потенциалга эга ҳужумкор ярим ҳимоячи, аммо у ҳали анча ривожланиши керак.

- Евро-2020 натижаси терма жамоага марказий ҳужумчи топиш даъватими?

- Катта жамоалар ҳужумларга нуқта қўядиган ижрочига эҳтиёж сезади, барибир. Майдонда тўп билан муомала қиладиган, унга ёпишиб оладиган, комбинацияларда мунтазам иштирок этадиган ва якунда голеадорлик фазилатини намойиш этадиган марказий ҳужумчи керак ахир. Бугунги кунда Левандовски ва Бензема - мукаммал намуна.

- Германия термаси янги бош мурабийи Ханс-Дитер Флик ЖЧ-2022 стартигача айнан қайси жиҳатларни яхшилаши керак?

- У аввало, худди «Бавария»да бўлгани каби жамоа ичида самимий мулоқотни йўлга қўйиб, инсон омилига кўпроқ эътибор қаратса яхши бўларди. Яна характерини жамоага сингдириши керак. Умуман, бундестим кескин янгиланишга муҳтож. Жамоа­га тинмай ривожланадиган иқтидорлар керак. Менимча, италияликлар йўлидан бориш натижа беради. Ёшларга ишон ва улар билан ишла - тамом. Алоҳида ҳолат - Никлас Зюле профессионал тарз­да ишласа ва турмуш тарзини машғулотларга мослаштирса, юқори савияли марказий ҳимоячига айланади. Никлас «Бавария»­да ҳар куни Левандовски ёки Киммихдан ўрнак олиши керак, улар машғулотларда кўп нарса ўргатишга қодирлар. Терма жамоа мураббийлари эса клублар билан алоқани мустаҳкамлашлари шарт. Жумладан, Флик бутун Бундеслигани руҳлантириш асносида футболчиларни терма жамоанинг бир қисми бўлишга ундаши керак. Ўйлайманки, бу иш Хансининг қўлидан келади.

- Келажакда қайси ёш футболчилар Германия термасида асосий ролларни бажаришлари мумкин?

- Шубҳасиз, Хаверц, яна Вирц, Мусиала, Баку бор. Июнь ойи бошида Европа чемпионига айланган U-21 жамоаси таркибидан ҳам салоҳиятли йигитларни топиш мумкин.

- Сизнингча, ЖЧ-2022да муваффақият қозониш эҳтимоли нечоғли катта? Балки мундиалда ёшларга имкон бериб, асосий эътиборни Евро-2024га қаратиш керакдир...

- Қатардаги турнирга оралиқ масофа сифатида ёндашиш мақсадга мувофиқ. Ҳозирги ҳолатда юксак маррани кўзлаш ишни янада оғирлаштириши мумкин. Жамоанинг янгиланиши муҳимроқ. Хуллас, 2022 йилги ЖЧнинг Германия терма жамоаси учун келажак пойдевори сифатида хизмат қилгани маъқул. Янгиланиш жараёни - биринчи ўринда! Флик кучли силташни юзага чиқаришга қодир мураббий. Дейлик, бундес­тим Қатар мундиалида кучли тўртликка киролмаса ҳам, бундан фожеа ясамаслик керак.

 

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz