Қайднома

Қидирув

Кьеллини/Бонуччи - абадий боғлам

Кьеллини/Бонуччи - абадий боғлам

  24.07.2021 05:45
  0
  244
Кьеллини/Бонуччи - абадий боғлам

Европа чемпиони - Италия миллий жамоаси ҳимоя чизиғига бежиз «бетон» таърифи ишлатилмайди. Айниқса, Жоржо Кьеллини - Леонардо Бонуччи дуэ­ти даҳшатли. Тан олинган боғлам абадийдек, гўё. Ушбу ҳимоячилар клуб футболида атиги 1 йилга ажрашдилар, муҳими, ҳозирга қадар 320тадан кўп ўйин ва терма жамоалар миқёсида 6та йирик турнир (жаҳон ва Европа чемпионатлари, Конфедерациялар кубоги)да елкама-елка туриб, меҳнат қилдилар. Уларнинг фаолиятини катта муҳаббатга қиёслаш ҳам мумкин.

Жоржо Кьеллини ва Леонардо Бонуччи - иккисининг умумий ёши 70га тенг! Жоржо Кьеллини ва Леонардо Бонуччи - «Ювентус» клуби ҳамда Италия терма жамоасидаги доимий шериклар. Ҳар доим шундай бўлган ва бу иттифоқ абадийдек. Тўғри, ҳар ишнинг ибтидоси бор, албатта, жумладан, Кьеллини|Бонуччи тандеми ҳам бошланғич нуқтага эга:

***    Кьеллини «Ювентус»даги дебютини 2005 йили, Бонуччи эса 2010 йили нишонлаган.

***    Кьеллини Италия терма жамоа­сидаги дебютини 2004 йили, Бонуччи эса 2010 йили нишонлаган.

Шунинг баробарида:

***    Бонуччи «Юве»даги илк ўйи­нини айнан Кьеллини билан жуфтликда ўтказди. Бу ЕЛ саралаш босқичи доирасида «Шэмрок Роверс»га қарши кечган ўйинга тўғри келганди. Ўшанда Алессандро Дель Пьеро ва Давид Трезеге ҳам таркибда бор эдилар - бу ажралмас тандем анча олдин юзага келганидан далолат.

***    Италия миллий жамоасида Бонуччи ва Кьеллини илк марта Фабио Каннаваро билан марказий ҳимоячилар учлиги сифатида майдонга тушишди. Гап 2010 йилнинг баҳорида Камерун термасига қарши кечган ўйин ҳақида кетмоқда. Бонуччи ўша вақт ҳали «Бари» вакили саналарди.

Хўш, Бонуччи ва Кьеллини умумий ҳисобда қанча вақт бирга ўйнашган? Мана, transfermarkt портали статистикасига эътибор қаратинг:

***    «Ювентус»да жами 265та ўйин. Бу майдонда тахминан 365 соат бирга ҳаракатланишганини англатади.

***    Италия миллий жамоасида жами 61та ўйин. Чамаси 82 соат!

Жуфтлик Италия терма жа­моасида:

***    2010 йилги ЖЧда бирга иштирок этишди: Кьеллини 3та учрашувда майдонга тушган бўлса, Бонуччи захирада қолган.

***    Евро-2012 финалига бирга чиқишди: Бонуччи барча учрашувларда қатнашган, Кьеллини 1та ўйинни ўтказиб юборган ва финалда ҳам алмаштирилган.

***    2013 йилги Конфедерациялар кубогида бронза медалига сазовор бўлишди: Кьеллини 5та ўйинда ҳаракатланди, Бонуччи эса 3тасида.

***    ЖЧ-2014да бирга ўйнашди: Кьеллини 3та баҳсда ҳам майдонга тушди, Бонуччи эса 1тасида.

***    Евро-2016да бирга ўйнашди: Бонуччи 5та ўйиннинг барчасида таркибга кирди, Кьеллини 1тасида захирада қолди.

***    Евро-2020да бирга чемпион бўлишди: Бонуччи 7та учрашувнинг барчасида ҳаракатланди (1тасида алмаштирилди), Кьеллини ҳисобида 5та ўйин (1тасида алмаштирилди) йиғилди.

Қизиқ, Бонуччи ва Кьеллини Италия терма жамоасида неча марта айро ўйнашган? Кьеллини «Скуадра» сафида 112 марта майдонга тушган, Бонуччи ҳисобида 109та ўйин бор. Улар шундан 61тасини бирга ўтказишган. Демакки, ҳар иккиси миллий жамоадаги ўйинларининг ярмидан кўпида қадр­дон жуфти билан ҳаракатланган. Маълумот учун, Бонуччи мамлакат миллий жамоаси сафидан жой олишига қадар Кьеллини 2005-2010 йиллар оралиғида 27та учрашувда қатнашишга улгурганди.

***    Кьеллини майдонга тушган 49та ўйинда Бонуччи қатнашган эмас. Итальянлар шундан 24тасида ғалаба қозонишган, 18тасида гол қўйиб юборишмаган.

***    Бонуччи жами 46та учрашувда Кьеллинисиз ҳаракатланган: 22та ғалаба, 17та «қуруқ» ўйин.

Ҳар икки футболчида 2тадан ўйин борки, улар на «бирга» ва на «айро» тоифасига тўғри келади:

***    2011 йилнинг март ойида Украина термаси билан бўлган ўйин (2:0). 17-дақиқада Кьеллини алмаштирилган, 76-дақиқада Бонуччи майдонга тушган.

***    Евро-2012дан ўрин олган Ирландия термасига қарши ўйин (2:0). Бонуччи ўйин давомида айнан Кьеллини ўрнини эгаллаган.

Икки футболчи тандем ҳақида нима дейди? Кьеллини 2010 йилдаёқ бирга ўйнаш даражалари ошгани ва бир-бирларини тобора яхшироқ тушунишаётганини таъкидлаганди. «Жоржо билан ўйнаш жуда муҳим, - дея эътироф этди Бонуччи бир неча йилдан кейин. - У дунёдаги энг зўр ҳимоячилардан бири ва ўйинлар давомида ишни анча соддалаштиради».Бонуччи ғалати тарзда «Милан»га ўтганидан кейин Кьеллини уни қўллаб-қувватлаганди: «Леонардо мен учун шунчаки, оддий клубдош эмасди. Ҳар қандай вазиятда ҳам қадрдон дўст ва ака-ука бўлиб қоламиз. Бу шахсий муносабат...». Тўғри, Кьеллинининг автобиографик асарида бошқа маънодаги сўзлар ёзилган: «Лео «Реал» сафига қўшилганида ҳам, уни тушунардим, аммо «Милан»ни танлаши... Менимча, Бонуччи ўзи билан зиддиятда эди ва ақл билан қарор чиқаролмади». Кьеллинининг яна бир муносабати: «Биз ҳақиқатан ҳам, қалин дўст­лармиз. Одамларнинг фақат ижобий фазилатлари эмас, балки камчиликларини ҳам кўтаришингиз керак».

Бонуччининг Кьеллинига муносабати ҳам шунга ўхшаш: «Майдон ва унинг ташқарисида дўстона, ўзаро ҳурматга асосланган шерикчиликка эгамиз. Фаолиятимизнинг охиригача шундай бўлиб қолади. Кьеллини ҳаммага яхши ўрнакдир. Ажо­йиб футболчи, шу билан бирга тарбияли оила бошлиғи ва ота». Леонардо Евро-2020 ярим финалидан олдин ҳам Кьеллинига алоҳида тўхталди: «Турли сабабларга кўра, охирги икки мавсумда бирга нисбатан кам ўйнадик. Аммо бир-биримизни ёддан биламиз ва воқеаларнинг барчаси табиий равишда ривожланади. Майдонда ҳаттоки, бир-биримизга қараб олишимизга ҳам ҳожат йўқ. Барча ишлар ва вазифаларни баҳам кўрамиз, етакчилик мақомини бўлишишга ҳам тайёрмиз». У бу борада мутлақо ҳақ!

Эътироф

 

- Уларга қараб, «МЮ»да Неманья Видич билан қандай жуфтлик ҳосил қилганимизни эслайман. Рио Фердинанд.

- Бонуччи ва Кьеллини - ҳозирда дунёнинг энг яхши ҳимоячилари. Бастиан Швайнштайгер.

- Жаноб Бонуччи ва жаноб Кьеллини Гарвардда ҳимоя марказида ўйин қуриш бўйича дарс беришлари мумкин.  Жозе Моуриньо.


Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz