Қайднома

Қидирув

Серхио Рамос: «Килиан қачондир «Реал»га ўтиши керак»

Серхио Рамос: «Килиан қачондир «Реал»га ўтиши керак»

  26.07.2021 02:32
  0
  870
Серхио Рамос: «Килиан қачондир «Реал»га ўтиши керак»

Аллақачон «абадий мадридчи»дек тасаввур уйғотишга улгурган Серхио Рамос аввалги ҳафта «ПСЖ» машғулотларига қўшилди. Ҳар ерда ҳозиру-нозир Marca нашри мухбирлари эса, дарҳол «Реал»нинг собиқ сардорига юзланиб, унинг илк таассуротларига қизиқишди. Шу тариқа футболчи уни Парижда қандай кутиб олишгани ва Маурисио Почеттино қўл остидаги янги клубда нималарни кўзлаётгани ҳақида гапириб берди. Рамос жумладан, Килиан Мбаппенинг ҳозирча «ПСЖ»да қолишига умид билдирди, яна «Мадрид» билан хайрлашишига тўғри келганидан аламзада эмаслигини яширмади.

- Серхио, аввало, нега айнан «ПСЖ»ни танлаганингиз ва «Мадрид»ни Рамоссиз қандай тасаввур қилишингиз ҳақида тўхталсангиз...

- Тушунарлики, «Реал»да унутилмас даврни бошдан кечирдим - мазмунга бой йиллар, гўзал воқеалар. Буларнинг барчаси миямга муҳрланган. Сенга чексиз шодлик улашган жонажон уйингдан чиқиб кетишинг ачинарли, албатта. Лекин иккинчи томондан қарасак, яна бир ажойиб клуб сафига қўшилдим. Шундай экан, нолишимга асос йўқ. Ҳозир жуда бахтиёрман, ўйлайманки, янги жамоада ҳам ўз жойимни муаммосиз топаман. Ахир жасур йигитман, қўрқувдан холиман. Умуман олганда, табиатан мураккаб синовлар, турли чорловларни яхши кўраман. Албатта, Парижда ҳам катта ғалабаларни нишонлаш ния­тидаман. Ҳозир янги тарих бошланишини орзиқиб кутяпман. Ўйлайманки, ўзимга мос жамоага келдим.

- Агар «ПСЖ» халқаро аренада «Реал»га дуч келса, мадридликларга қарши ўйнашга тайёрмисиз?

- Вақтдан илгарилаб кетиш ярамайди. Айни пайт фақат энг юқори даражага чиқиш ва тажрибамдан тўлиқ фойдаланиш ҳақида бош қотирганим маъқул. Парижга ҳаммасини нолдан бошлаш учун келдим. Яъни жамоа сафига чемпион эмас, қўшимча куч сифатида қўшилдим. Ҳозир «Мадрид»га қарши қандай ўйнашимни ўйлаб, бош оғритишимдан наф йўқ. Бўлажак мавсум қойилмақом ўтишидан умидворман. Қолгани вақт ҳукмидаги масала. Нима бўлишидан қатъий назар, «Реал» ҳар доим қалбим тўрида қолади.

- Сизнингча, «Реал» раҳбария­ти ўртадаги шартномани янгилаш учун бор имкониятларни ишга солдими?

- Бу энди тарих. Ўтмишни кавлаштиравериш эса - хато. Ҳар ҳолда, шахсий ёндашувим шундай, бугунги кун билан яшашни маъқул кўраман. Мақсадим катта клубга ўтиш эди ва бунда жамоа­нинг муносабати катта роль ўйнагани тайин. Футболчининг қулай муҳитдан чиқиши ҳар доим ўзига фойдали. Такрор айтаман, ташланган қадамдан, қароримдан мамнунман. Афсусланиш ёки кек сақлаш - бефойда.

- Килиан Мбаппе «Реал»га ўтиши керакми ёки «ПСЖ»да қолгани маъқул?

- Тўхтанг, ҳеч қачон кимгадир жамоа танлаш борасида маслаҳат беришга журъат этолмасам керак. Фақат шахсий қарашларимни айтишим мумкин. Ҳозирда Килианнинг «ПСЖ»да қолиши тарафдориман, чунки ҳамиша энг яхши ижрочилар даврасида ўйнашни хоҳлайман. Қолиш ёки кетишни футболчининг ўзи ҳал қилади. Мбаппенинг фикри қандайлигидан бехабарман, билганим, у ҳар қандай жамоа учун фойдали йигит. Килиан ҳали жуда ёш, Парижда жуда яхши жамоа бор. Асосийси, «ПСЖ» Мбаппега ўхшаш етук футболчиларга муҳтож. Жамоага ғолиблик руҳи билан келдим ва агар буни Килианга ҳам ўтказа олсам, муваффақият сари дадил одимлашимиз тайин. Тушунарлики, «Мадрид» дунё футболидаги энг яхши клублардан биридир. Энг кучли футболчилар фаолиятининг бирор қисмида шундай бой тарихга эга жамоада ўйнаб кўришлари керак, жумладан, Килиан ҳам. Аммо бугун уни ўз ёнимда кўришни истайман. Умуман, «ПСЖ»да ҳамма Мбаппенинг қолиши тарафдоридир.

- Аввалги мавсумни қандай хотирлайсиз?

- Ҳаммасини яхши тушунаман. Қаерда ўйинимни кучайтира олишимни ҳам. Яхши ва ёмон пайтлар ёнимда кимлар туришгани ўзимга аён. Кимдир келади, бошқаси кетади. Охирги жиддий қароримдан тўлиқ фахрланишга ҳақлиман.

- Лионель Месси «ПСЖ»га ўтса...

- Шубҳасиз, Лео жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бири. Лекин унинг Парижга келиши менга боғлиқ эмас. Ҳозир 1000та асос ҳақида гапиришим мумкин, аммо уларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи ҳисобланмайди. Қисқаси, Леога таъсир ўтказиш имкониятига эга эмасман. Тўғри, мантиқан олганда, энг кучлилар орасида тўп суришни хоҳлайман.

- Флорентино Переснинг Касильяс ва Рауль ҳақида айтган сўзларига муносабатингиз...?

- Бугуннинг ҳақиқати шуки, энди бошқа жамоа вакилиман. Шундай экан, «Мадрид» ёки Флорентинога боғлиқ ишларга аралашиш ниятим йўқ. Жумладан, президентнинг сўзларига ҳам жавоб бермайман, афсус...

- «Мадрид» дарвозасига гол урсангиз, уни нишонлайсизми?

- Асло, ҳеч қачон! Бу одоб меъёрига зид ҳолат бўларди. Биринчидан, «Реал» юрагим туб-тубидан жой олган. Иккинчидан, жамоа мухлислари абадий ҳурматга лойиқлар. Хуллас, «Реал»га тўқнаш келсак, гол ёки ғалабани асло нишонламайман.

- Испания терма жамоаси ҳақида нима дея оласиз?

- Миллий жамоа билан бирга бўлолмаганим жуда ачинарли. Очиғи, жамоа муҳитини роса соғиндим. Албатта, яна таркибга киришни хоҳлайман. Ўйлайманки, ўз устимда қаттиқ ишлайман ва мамлакатим бош жамоасига имкон қадар тезроқ қайтаман. Чунки Испания байроғи остида ўйнаш мен учун ҳали ҳам ўта ҳаяжонли.

- Неймар кучлими ёки Мбаппе?

- Мени ноқулай аҳволга солманг. Ҳар иккиси билан бирга ўйнаш вақтини интиқ ҳолда кутяпман. Неймар билан жуда яхши муносабатдаман, Килиан ҳам юқори савия­ли футболчи. Бу ерда ғалаба нашидасини сурмоқчиман, бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ишга жиддий ёндашишимиз керак. Менимча, ҳозир тўғри йўлдамиз.

- Испания футболида катта жамоаларга нисбатан бошқача муносабат борлигини таъкидлашади...

- Ҳа, ҳамма шундай фикрда. Лекин бунга қўшилмайман. Йиллар давомида шаклланган тушунчани ўзгартириш керак. Бизда миллий даражада муаммо бор - фалсафа ўша-ўша. Мана, АПЛга қаранг, Италия қаҳрамонлари - Бонуччи ва Кьеллинига қаранг. Ла Лигада муваффақият қозонганлар йўлини такрорлашга уриниб кўриш керак. Испанияда кўпчиликнинг хорижликларга ҳайрати ўзимизникиларга нисбатан сезилмайди - бизга шу нарса етишмайди. Ачинарли, аммо аччиқ ҳақиқат шу. Бундай ёндашувдан кўплаб футболчилар етарлича азоб чекишди, жумладан, мен ҳам. Оддий айтганда, Испанияда кучли футболчилар кўп, фақат уларни қадрламаймиз. Энди ўз йигитларимиздан ҳайратланиш, улардан қойил қолишни ўрганишимиз керак. Шунинг баробарида ўзгаларга камроқ ҳавас қилсак, яхшироқ бўларди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz