Қайднома

Қидирув

Тақдир: Футболдан кетиш хавфи остида...

Тақдир: Футболдан кетиш хавфи остида...

  26.07.2021 07:37
  0
  454
Тақдир: Футболдан кетиш хавфи остида...

Навбатдаги Европа чемпионатида бирданига бир қатор «нотаниш» қанот ҳимоячилари порлаб чиқишди. Улар орасида ҳужумга қўшилиш бобида Йоаким Мэле барқарорроқ ва хавфлироқ кўринди. Бу йигит Дания термасининг ажралмас футболчисига айланиб улгурди: аниқ зарбалар сони (7та) бўйича жамоа етакчиси бўлди, голларда қатнашиш (2]1) бобида эса Хейбьерг (0]3) ва Дольберг (3]0)дан қолишмади. Булар шунчаки, қуруқ рақамлар, ҳаққоний таассурот эса бир неча баравар ёрқинроқ.

***

- Телефоним ёнмоқда, - деб ёзди Мэленинг агенти ҳимоячи Уэльс термасига қарши кечган 1|8 финал ўйинида гол урганидан кейин. Йоаким характерини мукаммал тасвирлайдиган кулгили бир воқеа ушбу гол билан боғлиқ. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолган паллада Томас Дилэйни унга яқинлашганди. «Йоакимдан озгина бўшашишини сўрадим, ҳисоб 2:0 эди, финал ҳуштагигача озгина вақт қолган, - деди Томас. - Унинг ичида қандайдир ғайритабиий мотор бордек. Гапимга қулоқ солмади, бетиним югурди ва якунда гол ҳам урди. У худди юк поезди каби фақат олдинга ошиқди». Мэленинг ўзи ҳам чарчоқ нималигини билмаслигини тан олади: «Баъзан бемалол уч бўлим ўйнашим мумкинлигини сезаман. Видеотаҳлилчи мени «Форрест Гамп», деб мақтайди. Буни илтифот сифатида қабул қиламан. Танам юкламаларга муаммосиз дош беради». Энди Дания термасида ҳужумчилар билан ишлаётган мураббий Эббе Санд эътирофига эътибор қаратинг: «Мэле - мен кўрган энг бардошли футболчи. Унинг ўйин давомида юқори тезликда амалга оширган кросслари сони ажаблантиради. Бу ҳужумлар учун катта аҳамиятга эга».

Мэленинг яна бир хусусияти - универсаллик. Даниялик футболчи фаолиятининг катта қисмини ўнг қанотда ўтказган, аммо жамоа эҳтиёжидан келиб чиқиб, хоҳлаган пайт йўналишни ўзгартириши мумкин. Йоаким барчасини Дания ёшлар жамоасида бошлади. Унинг универсаллик хусусиятлари айниқса, футболчиларни майдонда турли нуқталарда ўйнатиш фанати ҳисобланган Каспер Хюльмандга ёқиб тушди. Хуллас, Дания миллий жамоаси бошқарувини ўтган йили қўлга олган мураббий дарҳол Мэлени ҳам таркибга қўшди: «Кўпчилик чап қанотимизда ўнг тараф вакили ўйнашини танқид қиларди. Энди ҳеч ким бунга ботинолмайди. Мэленинг ностандарт узатмалари, умуман, ўйинини томоша қилиш - роҳат».

***

Мантиқий савол: Мэле шу вақтгача қаерда эди? Бу йигит 18 ёшида АҚШ университетига тайёрланган, аммо мўъжиза туфайли футболда қолган. Ваҳоланки, орада жароҳат ортидан 1,5 йил сарсон бўлган. «Аслида менга ҳеч ким ишонмаганди. Ҳаттоки, онам ҳам» - Мэле «Генк» клуби сафига қўшилгач, шундай деганди. Бошланиши оилавий эртак мисоли: Йоаким фаолия­тини маҳаллий «Остервро» (атиги 1300 аҳолига эга шаҳар жамоаси) клубида бошлайди. Бу клубда йигитчанинг 63 ёшига қадар дарвозабон сифатида ўйнаган бобоси президент эди, отаси эса мураббий ролида ишларди. Айтиш жоиз, катта Мэле ўйинлар сони бўйича ҳам «Остервро» рекордчиси саналади. Мэле 9 ёшида жамоа билан Шимолий Ютландия минтақавий чемпионатида ғолиб чиқиб, уйига олтин медаль билан қайтади. 12 ёшида эса, «Ольборг» академиясига кўчиб ўтади - у мактаб дарслари тугагач, микроавтобусда машғулотларга йўл оларди. Академияда Мэлени «қотил ҳужумчи» сифатида тарбиялашни режалаштиришади. Зеро, ҳужум марказида ўйнайдиган Йоаким йирик академия жамоасидаги дастлабки 18та ўйинда кетма-кет равишда гол урганди. Бироқ «Ольборг» кейинги йили яна бир қатор иқтидорли ҳужумчиларни академияга жалб қилгач, Мэле рақобатда имкониятни бой бериб, таркибдан тушиб қолади. Натижада унга майдонда бошқа жой қидирадилар - ҳужумчи орти, қанот... Аммо бундан наф чиқмайди. «Мени ҳеч қачон буюк истеъдод ўрнида кўришмаган, - дейди Йоаким. - Данияда 15 ёшда профессионал шартнома тузиш мумкин. Бундай бахтга 8 нафар сафдошим сазовор бўлди. Мен эса...». Мамлакатнинг энг яхши академияси - «Ольборг»да шуғулланиб, 15 ёшда шартномасиз қолиш - келажакда яхши фаолият учун имконият пасайганини англатади. Йоакимнинг онаси шуни ҳисобга олиб, ўғлидан футболни унутишини сўрайди. «Онажон, биласизми, агар ўзингизга ишонмасангиз, ҳеч бир соҳада нимагадир эришолмайсиз», - дея жавоб берган йигитча сабр билан ишлашда давом этади. Асосий воқелик Копенгаген сафари чоғи юз беради - U-17 жамоаси билан пойтахтга 10 соат йўл босиб борган Мэле захира ўриндиғини «қиздирган» ва майдонда атиги 5 дақиқа тўп сурганди. «Ҳеч қачон кимгадир шикоят қилмагандим, Копенгагенда эса, мураббийга бор гапни дангал айтдим: жамоага керак эмас эканман, иккинчи таркибда ўйнаганим маъқул. Шуниси фойдалироқ», - деб эслайди Йоаким ўша сафарни. Йигитчанинг сўзларини инобатга олиб, уни иккинчи жамоага ўтказишади, аммо шу орада янги муаммо юзага чиқади: «17 ёшда болдиримда кучли оғриқ пайдо бўлди ва нақ 1,5 йил давомида майдон четида қолдим. Бу вақт оралиғида ҳар куни спорт залида шуғулландим. Агар шундай қилмаганимда, футболга боғлиқ орзуларни кўмишимга тўғри келарди».

***

1,5 йиллик танаффусдан кейин майдонга қайтган (бу вақтда тенг­дошлари ёшлар термаларидан жой олишган ва профессионал шартнома ортидан маош олишга ҳам улгуришганди) Мэле ўзини қайта кашф этди. Уни U-19 жамоа­сида қанот ҳимоячиси ролида синаб кўришади. 2016 йилга келиб, «Ольборг» ёшлар жамоаси ҳимоясининг ўнг қанотига муқим жойлашган Йоаким АҚШ университетларидан бирида таҳсил олишни режалаштиради. Чунки профессионал шартнома тузишга умиди сўнганди. Ахир U-19 жамоаси академиядаги сўнгги қадам ҳисобланади, ундан кейин мустақил ҳаёт... «Ольборг»нинг асосий жамоасида U-19 вакиллари учун 6та бўш ўрин бор эди. «5 нафар футболчини қийинчиликсиз танладик. Мэле эса 6-номзод сифатида рўйхатга кирди, - дейди «Ольборг» устози Ларс Сондергард. - Агар ўша вақт вакант жой 5та бўлганида, унга шартнома таклиф қилолмасдик».Мураббийнинг айтишича, Мэлени исталган нуқтада ўйнаши ва тинимсиз тер тўкишга тайёрлиги туфайли танлашган. Бунда унинг ўйин даражаси катта роль ўйнаган эмас. Шу аснода Йоаким 19 ёшида «Ольборг» сафига қўшилади ва жамоа 1 йил ўтмай туриб, 27та ўйинда 1та голдан ташқари, 4та самарали узатма муаллифига айланган қанот ҳимоя­чисини «Генк» (Бельгия) клубига 1,3 миллион еврога сотади.

***

Мэле 2016 йилиёқ Остервро шаҳрининг фахри бўлишга улгурганди. Эндиликда маҳаллий пишириқчи фақат устига 5-рақам «босилган» тортларни сотмоқда. Қизлар эса «Остервро» ёзуви туширилган шаҳар белгилари устига «Бу ерда Мэле туғилган» иборасини ёпиштириб чиқишмоқда. Дания термаси ўйинларини томоша қилиш учун ижара асосида олинган катта экран атрофига ҳар сафар шаҳар аҳолисининг ярмидан кўпи (700 нафардан ортиқ) йиғилади. Қолганлар ўйинни ўз уйларида кўришади. «Остерврони энди бутун Данияда яхши билишади», - дейди Мэленинг акаси Даниэль. Айтганча, у спорт маҳсулотлари дўконида ишлайди - кундузи укаси футболкаларини сотади, кечаси эса Йоакимни Counter-Strike ва Call of Duty ўйинларига таклиф қилади. Остерврода «Аталанта» либосида юрган одамлар кўп. Сотилган дастлабки 100та форманинг ҳар биридан Италия клуби ҳисобига 10 евро тушди. Оддий айтганда, шаҳар аҳолисининг 10 фоизида «Аталанта» футболкаси бор ва клуб бунинг ортидан 1000 евро олди. Ажойиб. Йоаким ҳам Остерврони жуда яхши кўради: «Катта шаҳарларни ёқтирмайман, мана, Копенгагенда ҳамма доим қаергадир шошилади. Агар фарзандли бўлсам, уларни Остерврода тарбияламоқчиман. Фақат мўъжаз шаҳарчада яшашга мойил аёл топсам, бас. Баъзан стадион атрофида ёки супермаркетда одамлар минг истиҳола билан суратга тушишни сўрашади. Улар мени безовта қилишдан чўчишади, гўё. Жин урсин, ахир оддий йигитман. Қадрдонларимнинг менга таниқли футболчи сифатида қарашлари - даҳшат. Яқинда «Саутгемптон»нинг мен учун 100 миллион крона тўлашга тайёрлиги ҳақида ўқидим. Жуда ғалати, чунки ўзимни бу суммага муносиб ҳисобламайман». Мэле мавсум-2018|2019да Бельгия чемпиони бўлганида, уни жонажон стадионида «Остервро»нинг барча футболчилари самимий кутиб олишди. Шунда Йоаким йиғлаб юборди.

***

Мэле «Генк»да 3,5 мавсум ўйнади. Бельгия клуби даниялик футболчи шарафига алоҳида хайр­лашув матбуот анжумани ташкил этди. Бунақаси «Генк» ҳаётида илк марта кузатилди. Тадбирда Мэленинг сўзлари ниҳоятда мазмунли ва баралла янгради: «Ҳозир ҳам хурсанд, ҳам хафаман. 2017 йили бу ерга келганимда, 19 ёшли йигитча эдим ва бу трансфер ҳаётимдаги энг яхшиси бўлди. «Ольборг»да қайси позицияда яхшироқ ўйнашимни ҳам билмасдим. Бугун эса фаолиятимнинг кейинги бобига тайёрлигимни ҳис қиляпман. Барчаси «Генк» туфайли. Мана, Бельгия чемпиони бўлдим, ЧЛда ўйнадим, терма жамоага чақирилдим. Агар ҳаммаси одатий ҳолга айлангани, 90 фоиз қувват билан ишлаётганингизни ҳис қилсангиз, янги вазифа излашингиз керак. Қисқаси, янги маррага чиқиш учун кетяпман».«Аталанта» Йоаким трансфери учун 11 миллион евро тўлади ва бонус шаклида яна 4 миллион беради. Шунингдек, «Генк» Йоакимнинг кейинги трансфер суммасидан 12,5 фоизига эга чиқади.

«Генк» ва «Аталанта»нинг ибратли трансферлари

 

2017 йил

***«Аталанта» Контини «Милан»га 24 миллион еврога сотди ва Маттео Пессинага эга чиқди.

***«Аталанта» Кастанни «Генк»дан 6,5 миллион еврога сотиб олди.

***«Генк» Мэлени «Ольборг»дан 1,3 миллион еврога сотиб олди.

2020 йил

***«Аталанта» Кастанни «Лестер»га 20 миллион еврога сотди.

***«Генк» Мэлени «Аталанта»га 11 миллион еврога сотди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz