Қайднома

Қидирув

Лобановский айтганди - "Ширер «Динамо»га тортмайди..."

Лобановский айтганди - "Ширер «Динамо»га тортмайди..."

  04.09.2021 02:42
  0
  325
Лобановский айтганди -

Орамизда ўтмиш футболининг чинакам буюк шахсларининг буюк сўзларини қўмсаб яшайдиган мухлислар ҳам етарли, албатта. Шу эътибор билан бугун ҳукмингизга жаҳон футболида бирдек тан олинган буюк мураббий Валерий Васильевич Лобановскийнинг архивланган интервьюсини ҳавола этишни лозим топдик. Украиналик марҳум мутахассис вақтида бевосита футбол масалаларини қандай мушоҳада қилганини билиш кўпчиликни қизиқтирса керак, гарчи орадан анча сувлар оқиб ўтган бўлсада...

- Валерий Васильевич, одатда журналистлар билан гаплашишни хушламайсиз. Бунинг сабаби нима?

- Журналистлар жамоатчилик фикрига кучли таъсир кўрсатишга қодир одамлар тоифасига киришади. Улар қайсидир маънода иродаси бўшроқ мураббийлар ва футболчиларнинг ўсишлари эмас, балки шунчаки, оддий иштирокчи бўлиб қолишларига таъсир ўтказишлари мумкин. Ҳа, ҳар бир журналистда мустақил  фикри борлиги аниқ, лекин буни мухлислар миясига сингдиришидан  футболга заррача фойда йўқ. Мен ҳамиша «ўз нуқтаи назарим» ибораси воситасида гапириш тарафдориман. Агар журналист муайян фикрини шу аснода баён этса, унинг профессионаллигига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Бордию, ўз қарашини ҳаммага синг­диришга уринса, бундан асосан мураббийлар ёки футболчилар жабр тортишади аксарият ҳолатларда.

- Айрим мутахассисларнинг айтишларича, футболнинг ривожланишдан тўхтаб қолганига анча бўлди...

- Йўқ, бу нотўғри фикр. Футбол ҳамон ривожланиш йўлида, тўғри, ҳозирги ҳолатда яқин келажакда қандайдир инқилоб кузатилмайди. Футболда охирги марта чин инқилобни 1974 йили кўрдик - Нидерландия миллий жамоаси тотал, бошқача айтганда, жамоавий ўйин кўрсатганди. Қайсидир маънода Германия термаси ҳам. Умуман, барча тирик мавжудотлар сингари футбол ҳам бир жойда қотиб турмайди, балки аста-секин олдинга интилаверади. Муҳими, бу жараённи ҳеч ким сунъий равишда секинлаштиролмайди. Бинобарин, мотивация бор, демакки, янги сифат даражасига кўтарилиш ҳаракати тўхтамайди. Бу гап ҳам мураббийлар, ҳам футболчиларга бирдек тааллуқли. Мураббий мудом ўз билимини оширишга интилиши, янада кўпроқ нарса ўрганиши, замонавий футболдаги ҳар бир жиҳатга қизиқиб қараши шарт. Яъни унинг бир жойда туриб қолмасдан мудом ҳаракатда бўлиш баробарида якунда ўз фалсафаси ва қарашларидан фойдаланиши муҳим. Оддий айтганда, футбол эволюциясини кузатиш асносида янада юксакликка кўтарилиш имконияти бор. Баъзан айрим мутахассислардан бўлмағур гапларни эшитамиз: «Шахсан мен Европа чемпионати ёки Чемпионлар Лигасида ҳеч қандай янгилик кўрмадим». Бундай дейдиганлар кўзойнак тақиб олишлари керак. Чунки улар янгиликни кўришмаган ёки сезишмаган... Агар футболчиларда мотивация йўқолса, улар янада яхшироқ ўйнашга интилишмаса, ҳеч қандай натижа чиқмайди. Бундай ҳолатда қандайдир муваффақият ёки ўйин даражасининг кўтарилиши ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Футбол эволюциясидан ортда қолмаслик, ҳаттоки, ривожланиш йўналишидан бироз илгарилаб кетишга уриниш мақсадга мувофиқ. Агар нафақат мураббий ёки футболчилар, балки журналистлар ҳам шу ёндашув асосида ишлашса, ўз-ўзидан тараққиёт бўлаверади.

- Сизнингча, футболнинг кенг ривожланишига айнан нималар тўсқинлик қилмоқда?

- Шахсий назарим бўйича тараққиётни юлдузлар тўхтатиб қолишмоқда. Қаранг, клублар уларга мислсиз даражада катта пул тўламоқда, ваҳоланки, ҳеч бири ҳозирги маошига арзимайди. Тўлиқ таъминотга эришган футболчида мотивация пасаяди, у ўзи зарур ҳисоблаган даражада ишлайди. Баъзилари ҳаттоки, ўз устиларида ишлашдан тўхташади. Қарабсизки, уларнинг сифатлари яхшиланмайди, аксинча, ёмонлашади. Ваҳоланки, футбол тобора тезлашмоқда, ортда қолмаслик учун эса суръат сифатини ривожлантириш талаб этилади. Қандай қилиб? Албатта, машғулотлар орқали. Аммо муаммо шуки, ўзига тўқ футболчи маш­ғулотларда астойдил тер тўкишни хоҳламайди. Менга «юлдуз жамоа» атамаси кўпроқ маъқул, чунки унга замонавий футболга тўғри ёндашадиган ижрочилар танланади. Агар кимдир ҳозир футболда асосийси тўп билан эмас, тўпсиз ўйнай олиш эканлигини тушунмаса, ҳеч нарсага эришмайди. Бундай йигитлардан шунчаки, воз кечиб қўя қолиш керак. Қачонки, тафаккур-идрок биринчи ўринга чиқса, «юлдуз жамоа»да юлдузлар кўзга ташланишади, албатта.

- Билишимизча, сиз юлдузларни унча аямайсиз...

- Менимча, айрим футболчилар ўзларидан сохта юлдуз яшаб олишмоқда. Қандай ўйинчига нисбатан юлдуз таърифини ишлатиш мумкин? Яратганнинг маълум бир иноятига эга, яъни туғма истеъдоди бор, футбол қайси йўналишда ривожланаётганини тушунадиган, ҳамиша янада кўпроқ ўрганиш ва яхшироқ бўлишга интиладиган ўйинчига! Кимларни назарда тутяп­ман? Масалан, Роналдони олайлик. Унга ўхшаганлар ўйинчилик сифатларини тўлдиришмайди, аксинча, фақат Яратган берган иқтидор эвазига ўйнашади. У ўйинига қўша оладими, ҳаракат доирасини кенгайтирадими? Умуман, ўйин жиҳати эмас, балки замонавий футболни тушуниш нуқтаи назаридан лоақал Шевченкодек ҳаракатлана оладими-ми? Ҳеч қачон. Оддий мисол, Жанубий Америка кубоги  финалини олайлик: Роналдо бутун ўйин давомида «кўринмади», лекин финал ҳуштаги янграшига 5 дақиқа қолганида гол урди. Агар уролмаганида-чи? Ундан қандай наф? Ҳеч қандай!

Яна бир мисол - дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиларидан бири Алан Ширерга қаранг. У Англияда маъбуд мисоли, аммо мен учун ҳаттоки, катта эҳтимолки, «Динамо» таркибига тортмайдиган оддий футболчи. Биз жамоа аъзоларига Ширер ўйинининг махсус тайёрланган таҳлилини кўрсатдик: у бир бўлим мобайнида атиги 10 марта тўпга эга чиқди, шундан 9тасида рақиб дарвозасига тескари турган ҳолатда. Боз устига, дарвоза томон бирор марта зарба йўллагани йўқ. У қандай футболчи? Юлдуз! Ширер гол урса, яхши футболчи, уролмаса ҳеч ким.... Унинг ҳар бир ўйинда гол уришига кафолат борми? Ҳозир кўплаб гранд клублар Ребров ва Шевченкога нега жиддий қизиқмоқда? Чунки улар замонавий футболда юлдузлардан кўра, кўпроқ наф келтиришади. Дейлик, шу Шевченко ҳимояланишни ҳам билади, ўртада, ҳужумда бирдек ўйнайди, вазиятга қараб, ўйинни ўзига олади. Демоқчиманки, у универсалликка яқинлашмоқда.

- Футбол ҳақидаги маърузаларингизни кўп эшитган, ҳозирги кунда эса бўлажак рақибингиз, «Ювентус» бош мураббийи Марчелло Липпи ҳақида нима дея оласиз?

- Липпи айни пайт дунё футболидаги энг илғор мураббийлардан биридир. Унинг жиддий учрашувларга махсус машғулотлар дастури асосида тайёргарлик кўришидан хабарим бор. Билишимча, туринлик футболчилар «Манчестер»­га қарши кечган охирги ўйинга тайёргарлик жараёнида 1000 метр масофага нақ 6 марта максимал тезликда югуришган! Диққат қилинг, муҳим ўйиндан олдин шундай қи­лишяпти. Одатда ҳеч ким бундай йўл тутмайди, мураббийлар учрашув арафасида футболчиларга катта юкламалар беришдан қўрқишади. Қисқаси, ҳозирда Италия клубининг тайёргарлигига боғлиқ барча нюансларни диққат билан кузатяпмиз.

- Замонавий футбол пул келтирмоқдами ёки аксинча, катта маблағ унинг ривожлантиришга ёрдам беряпти?

- Футбол - бу биринчи навбатда, ижодий жараён. Пул билан боғлиқлиги эса, ҳамма учун тушунарли, фақат ҳеч нарсага сармоя киритмасдан юқори натижага эришишни ўйлаган собиқ иттифоқ тизими бундан мустасно. Тушунинг, пул бўлмаса, олдинга силжишнинг иложи йўқ. Қолаверса, собиқ иттифоқда футбол марказий қўмита кўрсатмаларига сўзсиз бўйсунадиган партия спорти мақомида эди. Шунинг ортидан ҳеч қандай маълумот юзага чиқмасди. Дейлик, Блохин учун қанча таклиф этишган, айнан қайси клублар уни ўз сафида кўришни истаган - буларнинг барчаси махфий сирдек яширинган. Замонавий футболда ўйин ёки муайян иқтидор имкониятларини тўғри баҳолашни ўрганиш керак. Шунда футболчи ҳам ўз қадрини билади ва қайсидир клубнинг трансферини сотиб олишга уринаётганини тўғри қабул қилади. Очиғи, биз бунга ҳали  ўрганмаганмиз, футбол бизнеси масаласида билимимиз йўқ. Тушунинг, ҳозир бошқа вақтдамиз, ҳар бир клубнинг олдинга интилиш имконияти бор. Бироқ  бизда футболга сармоя киритадиганлар бошқача фикрдалар. Улар маълум келажакка сармоя киритишга тайёр эмаслар. Натижага эришиш учун эса, сабр керак, яна футболчилар ва мураббийга, ишлаш тизимига муносабатни бутунлай ўзгартириш талаб этилади. Қаранг, вақтида энг бой клуб саналган «Милан» супержамоадан ўртамиёнага айланиб қолди. Кейин Капелло жамоага қайтди ва кечаги юлдузларга нима бўлганини таҳлил қилди. Ойдинлашдики, футболчилар машғулотлар ўрнига турли матбуот анжуманларида қатнашишган, муаммоларини дунёга дос­тон қилиш билан овора бўлиб қолишган. Капелло шунга қараб, якуний хулосани чиқарди: «Тамом, фақат ишлашимиз керак». У мутлақо ҳақ. Замонавий футболда жиддий ишламасдан юқори натижага умид боғлаш мутлақо бефойда!

- Охирги савол: фаолиятингиздаги энг аламли мағлубият қайси?

- Мураббийлик билан шуғуллана бошлаганимга 30 йил бўлди. Шунча вақт давомида ҳеч қачон мағлубиятни ғалабадан ажратмаганман. Бу ажралмас жараён.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz