Қайднома

Қидирув

Тарвуз – дардбуз!

Тарвуз – дардбуз!

  07.09.2021 05:05
  0
  350
Тарвуз – дардбуз!

Азалдан ҳакимлар бу табиат неъматини шундай сифат билан улуғлаб келганлар. Профессионал футболнинг пойдеворларидан бири бўлмиш парҳезда ҳам у ўз ўрнига эга. Ўз иқтидорини тўла намойиш этиши учун футболчидан парҳез қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Қуйидаги материал футболчиларнинг тўғри овқатланиш режими ҳақида.

РПЛда барчага яхши таниш Тарасов борши урф бўлган. Адаптация даврида ҳар қанақа таомни танаввул қилиш мумкин. Чунки футболчиларда вазн тоифасига кўра куч синашадиган спорт вакилларидаги чекловлар йўқ. Азар ёки Игуаинга ўхшаган бақувват ва сериштаҳа йигитлар ёзги таътил даврида семириб кетишлари мумкин. Яқинда Неймар қориндор бўлиб қолганди, ҳозир ҳаммаси рисоладагидек.

Бирданига вазн ташлаш яхши эмас, лекин зарур паллада «Гестапо» бўлими - жисмоний тайёргарлик мураббийлари ёрдамга келадилар. Диетологлар, шифокорлар ва ошпазлар футбол клубларида натижа учун жавобгар ҳисобланадилар. Тўғри ташкил этилган овқатланиш тизими футболчиларни ортиқча жароҳатлардан асрайди. Германиялик шифокорлар тарвузнинг фойдали эканлигини кўп таъкидлашади. Унинг таркибидаги нитратлар терига яқин жойда тўпланади, ўзи организмга зарар келтирмайди. Шу сабабли, «Аугсбург» - «Хоффенхайм» учрашувидаги қисқа паузаларда футболчиларга тарвуз бўлакчаларини тарқатишганди.

Клуб диетологининг мантиқи: тарвуз деярли 100 фоиз сувдан иборат, иссиқ иқлимда чанқоқни қондириш ва енгил тамадди учун жуда муҳим, осон ҳазм бўлади, витамин ва минераллари юрак учун фойдали.

Тарвуз «Аугсбург» ўйинини кучайтира олмади - жамоа ўз уйида мағлубиятга учради. Лекин футболчиларнинг таомланишига бўлган эътиборни кучайтирди. Унинг таъсири 1-2 кун ичида сезилмайди, аммо узоқ вақт давомида юксак савияда тўп сурадиган ўйинчи парҳезнинг фойдасини яққол ҳис этади.

Футболчилар рациони одатдагидан фарқли

Турли савиядаги клубларнинг овқатланиш тизими умумий махражга олиб келади: ўйинлар давомида улкан калорияларнинг сарфланиши футболчилардан тез-тез озуқланишни талаб этади. Яремчукнинг рафиқаси турмуш ўртоғи кунига 13 марта таомланади, деб ҳазиллашганди. Бироқ у шафқатсиз диетолог қўлига тушса, бир қатор неъматлар, масалан, бодринг ва соусларни тақиқлаб қўйиши мумкин. Айрим мутахассислар оқ гуручни ёқтирмайдилар. РПЛда боршнинг кўп қўлланишига сабаб - кўпчилик уни болалигидан истеъмол қилиб келади. Хорижликлар ҳам унга тез кўникадилар. Гречка доимо бўлавермайди, бироқ у мол гўшти билан тайёрланса, футболчилар учун байрам бўлади.

Ҳар қайси юртнинг ўзига хос анъанаси бор. Италияликлар асосан паста билан озиқланишади, Германияда тузланган карамни хуш кўришади. Кўпчилик футболчилар денгиз маҳсулотлари ва экзотик мевалар билан таъминланганларидан мамнунлар. «Арсенал» клуби ва Англия терма жамоаларида ўйиндан кейин қуруқ мевалар билан сийлаш йўлга қўйилган. Шунингдек, эрталаб машғулотга борадиганлар учун пицца ҳам жуда фойдали.

Ўртача вазндаги футболчи учун 3 минг калория талаб этилади. Бақувват гавдали ўйинчилар кўпроқ истеъмол қиладилар. Уларни кўпинча товуқ филеси, денгиз балиғи, курка, қайнатилган тухум, баъзан мол гўшти билан боқадилар. Спагетти, буғдой унидан тайёрланган пасталар, сариёғ ёки маргарин қўшилмаган печенье ва ҳар хил бўтқалар - фаол спортчининг углевод манбаи.

Шунингдек, сабзавотлар ва меваларга кенг ўрин берилган. Кўкатлардан тайёрланган салатлар, чой ва кофе, шарбатлар, кисель ҳам фойдали ҳисобланади. Кофеин футболчиларга тетиклик бағишлайди.

Стандартлар авлоддан авлодга ўзгариб туради

Одамлар доимо углеводларга бой бўлган юқори калорияли таомларни хуш кўришган. Зидан мунтазам равишда пицца истеъмол қилгани ҳолда, хушбичимлигини сақлаб қолмоқда. Мессининг овқат ҳазм қилиш тизими шоколадларни, газли сув ва пиццани кўтара олмайди. У шахсий диетолог тавсиясига кўра шакар ва оқ нондан воз кечди.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш лозимки, доимо «Спрайт»ни симириб, пишлоқли пиццани паққос туширган даврида ҳам аргентиналик даҳонинг сермаҳсуллиги аъло даражада бўлган. Ўйнашни билмаган машққа зўр беради. Вазн ёки саломатлик борасида муаммо юзага келса, таомга эътиборни кучайтиради. Газли сувлар Роналдунинг душмани эканлиги барчага маълум. У нок шарбатини яхши кўради, уйқудан олдин эса, тарвузни. Нима учун айнан оқшомда ейишини тушуниш қийин. Балки шунга одатланиб қолгандир. Айтганча, Роналду билан бир хил вазн ва бўйга эга йигитларга унинг овқатланиш услубини тавсия этмаймиз. Сабаби, улар бир йилда 20 килограммга семириб кетадилар. Футболчига мўлжалланган таомлар калорияси 3 мингдан юқори бўлади.

Семизлик аллақачон жаҳон тиббиётининг долзарб муаммосига айланган. Ортиқча вазн организмнинг барча аъзоларига таъсир кўрсатади. Бу салбий ҳолатни пандемия яна бир бор исботлади. Ўйинчилар хотиржамлик билан жуда кўп шарбат ичадилар, улардаги углевод оддий кишиларникидан икки бараварга кўп. Лекин Месси ва унга ўхшаган ўйинчиларни газли сув ва шоколадлардан воз кечиб, табиий ичимликлар ва меваларни тавсия этаётганда шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай таом организмнинг турли синовларга тайёргарлигини белгилаб беради. Айниқса, ёш улғайиб бориши билан таомнинг аҳамияти ҳам ортиб боради. Балки Марадона гиёҳванд моддалардан узоқроқ юришдан ташқари, таомланиш борасида ҳам жиддий муаммоларга дуч келмаганида, ҳозир ўз вориси бўлмиш ватандоши - Мессининг «ПСЖ»даги ўйинларини шарҳлаётган бўлармиди...

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz