Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Тўрт томон «Динамо»...

Нигоҳ: Тўрт томон «Динамо»...

  12.09.2021 04:40
  0
  297
Нигоҳ: Тўрт томон «Динамо»...

Бу йил Россия кубоги формати бироз ўзгарди: илк раунда 33та клуб қуръа ёрдамида 11та гуруҳга бўлинди. Диққат қилинг, шунча иштирокчидан 5тасининг номи «Динамо». Умуман олганда, Россияда камида 30та клуб шу ном остида фаолият юритади. «Динамо» футбол клуби ҳаттоки, олис Сейшель оролларида ҳам бор...

***

Россия кубоги-2021|2022га тўхталсак, гуруҳ босқичида қатнашадиган 33та жамоадан 11таси РПЛ вакили. Элит лиганинг еврокубокларда иштирок этадиган жамоалари эса кубок турнирига кейинги раунддан қўшилади. Энди мамлакат кубогидаги «Динамо»ларга келсак, уларнинг энг машҳури Москваники. Пойтахт жамоаси гуруҳида Ставрополь «Динамо»си ҳам бор - ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Россия чемпионати элит лигасида ўйнаган клуб. Махачқалъанинг «Легион Динамо» жамоаси эса атиги 6 йил олдин тузилган. «Динамо-Барнаул» - МФЛ (Биринчи дивизион)нинг доимий қатнашчиси. Яна Брянскнинг «Динамо»си ҳам бор - янги асрнинг илк йиллари МФЛ даражасига чиққан, кейин қуйи дивизионлар бўйлаб «сайр» бошлаган клуб.

***

«Динамо» спорт жамияти собиқ иттифоқ даврида, узоқ 1923 йили ташкил этилган. Динамо - бу доимий ток генераторининг эски номи ҳам. «Динамо - ҳаракатдаги куч» - ушбу шиорни таниқли ёзувчи Максим Горький ўйлаб топган. У яна ибора маъносини таъкидлаш учун ажойиб сўзлардан ҳам фойдаланган: «Юнонча «дина» сўзи кучни англатади, динамика - ҳаракат, динамит - портловчи восита. Демакки, «Динамо» - ҳаракатдаги куч! Бу куч янги, оқилона, соф ва ёрқин ўсишга тўсқинлик қиладиган эски, чириган, ифлос нарсаларни портлатиб, чангга айлантириш, йўқ қилиш учун мўлжалланган».

***

2021|2022 йиллар мавсумига қарасак, Россия Премьер-лигасида 1та «Динамо» бор - Москваники. МФЛ-1да бу ном остида клублар йўқ, лекин МФЛ-2да нақ 8та «Динамо» бор:

1-гуруҳ - «Динамо» (Махач­қалъа), «Легион -Динамо» (Махач­қалъа), «Динамо» (Ставрополь).

2-гуруҳ - «Динамо» (Санкт-Петербург), «Динамо-2» (Санкт-Петербург).

3-гуруҳ - «Динамо» (Владивосток), «Динамо (Брянск).

4-гуруҳ - «Динамо» (Барнаул).

ФКЛ (футбол клублари лигаси)да Барнаул ва Брянск «Динамо»сининг ёшлар таркиби, Москва «Динамо»сининг Доғистондаги филиал жамоаси ва «Динамо-Доғистон», «Динамо-Вологда» клублари иштирок этмоқда. Оддий айтганда, РПЛ|МФЛда «Динамо» номи остида ўйнаётган 8та мустақил клуб бор. Энди бунга ФКЛдаги 10та «Динамо»ни қўшинг... Шунингдек, Кострома, Киров, Ростов, Омск, Новосибирск, Уфа, Чебоксар, Николаевск, Зарайск, Грозний, Носир-Корт, Благовешенск, Магадан, Мурманск, Петрозаводскда ҳам ўз «Динамо»си бор. Улар ҳозирда асосан область биринчилигида иштирок этмоқда. Шундай қилиб, Россиянинг ўзида чамаси 30та клуб «Динамо» номига эга.

***

Ўзи футбол олами «Динамо»ларга тўла. Дейлик, шу ном остидаги энг қимматбаҳо 11та клубдан фақат бири Россиядан, албатта, Москваники. Шу фактнинг ўзиёқ «Динамо» дунё бўйлаб кенг тарқалганини англатади. Хусусан, «Динамо» номи собиқ иттифоқ республикаларида ҳамон машҳур - бундай жамоалар Ўзбекистон, Украина, Беларусь, Грузия, Латвия, Молдова, Қирғизистон ва Арманистонда бор. Европада эса асосан Германия ёки Болқон мамлакатларида учрайди. Анг­лияда ҳам йўқ эмас - «Лафборо Динамо». Москва «Динамо»сининг Буюк Британия бўйлаб сафаридан кейин ташкил этилган бу клуб ҳозирда қуйи лигалардан бирида ўйнамоқда.

Африкада бир нечта «Динамо» бор, ҳаттоки, Сейшель оролларида ҳам. Ҳиндистонда «Одиша» клуби узоқ вақт «Деҳли Динамос» (Алессандро Дель Пьеро айнан шу жамоа сафида ўйнаган), деб юритилган. АҚШда Хьюстоннинг машҳур клубидан ташқари, Каролинада ҳам «Динамо» бор эди (аниқроғи, «Гринсборо Динамо»).

 

Дунё футболидаги энг машҳур ва Қимматбаҳо 11та «Динамо»

«Динамо» (Киев, Украина)

«Динамо» (Загреб, Хорватия)

«Динамо» (Хьюстон, АҚШ)

«Динамо» (Дрезден, Германия)

«Динамо» (Чешке Будеевице, Чехия)

«Динамо» (Минск, Беларусь)

«Динамо» (Москва, Россия)

«Динамо» (Бухарест, Руминия)

«Динамо» (Батуми, Грузия)

«Динамо» (Тбилиси, Грузия)

«Динамо» (Тирана, Албания)

 

Қизиқ, «Динамо» клубларининг рамзи нимаси билан фарқланади? Россиядаги аксарият «Динамо»лар рамзида «Д» ҳарфи яққол кўринади, кўпинча ромб ичида. Собиқ иттифоқ республикалари клубларида ҳам деярли шундай: ҳарф ёки дизайн ўртасида катта фарқ сезилмайди. Бошқа мамлакатлар жамоалари ўзига хос рамзга эга, аммо стандарт чизмалар ҳам йўқ эмас. Масалан, Тирана «Динамо»си ёки Англиянинг «Лафборо»си рамз тайёрлашда нимадан кўчирма олгани дарҳол кўзга ташланади.

Машҳур «Динамо»лар рамзи

Киев «Динамо»си - ромб шакли ичида «Д» ҳарфи

Минск «Динамо»си - айлана шакли ичида «Д» ҳарфи

Москва «Динамо»си - фақат «Д» ҳарфи

Загреб «Динамо»си - ҳарф ва Хорватия байроғи катакчалари

Дрезден «Динамо»си - учбурчак шакли ичида «Д» ҳарфи

Хьюстон «Динамо»си - мутлақо бошқача шакл ва ёзув

«Бухарест «Динамо»си - итлар тасвири билан эффектли шакл

 

Содиқ собир тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz