Қайднома

Қидирув

Марк Хьюз: «Омадсизлигим сабаби - тажовузкор ҳужумчи бўлганман»

Марк Хьюз: «Омадсизлигим сабаби - тажовузкор ҳужумчи бўлганман»

  13.09.2021 06:06
  0
  260
Марк Хьюз: «Омадсизлигим сабаби - тажовузкор ҳужумчи бўлганман»

Бир пайтлари «МЮ»да «Уэльслик ҳарбий» тахаллуси билан танилган собиқ футболчи FourFourTwo нашрига берган интервьюсида ўзи истамаган ҳолда «Барселона»га ўтгани, «Бава-рия»даги иерархия ва Фергюсоннинг таркибни янгилаши хусусида ҳикоя қилди.

- «МЮ» таркибига 80-йиллар аввалида, жамоа Рон Аткинсон мураббийлиги даврида ўтгандингиз. У атоқли шахсмиди?

- У бошқаларга ўхшамайдиган ажойиб инсон эди. Ўзига эътибор ва ҳурматни хуш кўрарди. У «МЮ» мураббийлиги билан боғлиқ барча юмушларни ўзгача меҳр билан адо этарди. Шунингдек, сифатли шароб, хушбичим костюм ва айрим тақинчоқларни хуш кўрарди. Мен ундан ўз маҳоратимни намойиш этиш имкониятини бергани учун бир умрга миннатдорман. Ёш йигитни таркибга жалб этиш орқали, у таваккалга қўл урди, бундан чўчимади. Шу боис, унга нисбатан ҳурматим баланд. Ишонч билдириб, имконият берган устозини футболчи доимо ҳурмат қилади.

- Маълумки, ўша даврда «МЮ» ўйинчилари оз-оз пиво ичишни яхши кўришарди. Сиз ҳам қоидабузарлар сафида бўлгансизми?

- Ўша пайтда шунақа удум бўлгани рост. Мен бошқа жамоа-лардан яхшироқ ёки ёмонроқ эдик, деган фикрдан йироқман. Очиғини айтсам, бу борада асосий таркибдаги йигитларга ета олмаганман. Баъзан улар билан пивохўрлик қилганман, лекин тез орада улар мени кузатиб қўйишарди. Ҳозир клубларда футболчилар ўртасидаги ҳамжиҳатликни ошириш учун рафтинг ёки шунга ўхшаган тадбирлардан фойдаланадилар. Биз эса бир-биримизни пивохонада яхшироқ билиб олардик.

- 1986 йилнинг ёзида сиз жамоанинг бош тўпурари эдингиз. Нима учун «Барселона»га кетишга қарор қилдингиз? Бу пул билан алоқадорми?

- Йўқ, бунинг пулга алоқаси йўқ. Аммо катта маблағни ўша даврда асосан хорижда топиш мумкин эди. Манчестерни тарк этишим арафасидаги сўнгги 6 ой давомида мен ҳафтасига 120 фунт иш ҳақи олганман. Кетишимдан олдин уни 1000 фунтга кўтаришди. Бу ўзгариш мени жамоада олиб қолиш учун эмас, балки трансферим қиймати маошимга қараб белгиланиши учун амалга оширилганди. Ўша пайтда ўз хоҳишим билан кетаётганимни айтишганди. Мен анча ювош, вазмин йигит бўлганим сабабли, бу менинг истагим эмаслигини ошкор этишга журъат этмагандим. Лекин самолётга кўтарилаётганимда ҳам келишув амалга ошмаслигидан умидвор бўлганман. Афсуски, бундай бўлмади ва мен Барселонага парвоз қилдим.

- Каталонияликлар бош мураббийи Терри Венейблс шунингдек, «Эвертон»дан Гари Линекерни ҳам харид қилганди. У «Камп Ноу»да Британиянинг жанговар дуэтини шакллантирмоқчи бўлганди. Гари 3 йилга қолди, сиз эса...

- Мен Гаридан ёшроқ эдим. Ўшанда у янги уйланган, майдон ташқарисидаги ҳаёти нисбатан шаклланган ва хотиржам эди. Мен эса бўлажак рафиқам билан Англияни тарк этишимдан 2 ой аввал танишгандим, биз мураккаб даврни ўтказаётгандик. Қисқаси, майдон ташқарисида ўзим ўйлаганчалик бахтиёр эмасдим, майли, айёрлик қилмай қўя қолай - омадсизлигимнинг асосий сабаби ўйин услубимда эди. Мен тажовузкор ҳужумчи      бўлганман, испаниялик ҳакамлар буни ёқтирмасдилар. Ўз ўйинимни кўрсата бошлаганимда, ҳакамларнинг тошдан қаттиқ танбеҳлари остида қолардим. Хуллас, «Барселона»да ижобий жиҳатларимни кўрсата олмадим.

- 1987-1988 йилларда «Бавария»га ижара асосида ўтиб, Лотар Маттеус билан ёнма-ён тўп сурдингиз. Айтинг-чи, у «Олд Траффорд»даги сиз кўрган етакчилардан нимаси билан фарқланарди?

- Лотар «Бавария»нинг мутлақ ҳокими эди. У ўта кучли ва дангалчи йигит бўлган, тентакларга тоқат қилолмасди. Жамоада ўзига хос иерархия шаклланган, унинг столи атрофида фақат энг яхши ўйинчилар овқатланиши мумкин эди. Унинг қаршисида ўтириб, жиғига тегишни ёқтирардим. У мени бирор марта ўз столига таклиф этганини эслолмайман. «Бавария»да ажойиб жамоа жамланганди. Мен Ханси Флик билан ҳамхона бўлганман. У ҳозир мураббийлик соҳасида улкан муваффақиятларга эришмоқда. Умуман, ўша жамоада иерархия мезонида қайси ўринни банд этганлигини аниқ биладиган кучли характер соҳиблари жам бўлишганди.

- 1987 йилда сиз бир куннинг ўзида 2та - Уэльс терма жамоа-си билан Евро-88 саралаш беллашувида ва «Бавария»нинг Германия кубоги доирасидаги «Боруссия Менхенгладбах»га қарши беллашувида майдонга тушган экансиз. Бу қандай бўлганди?

- Ҳа, шунақа воқеа бўлган. «Бавария»даги дебютимдан ке-йин клуб президенти Ули Хёнесс мени уйига меҳмонга таклиф этганди. Кечки таом пайтидаги суҳбатда келаси чоршанба куни терма жамоа таркибида собиқ Чехословакияга қарши майдонга тушишим керак эди. Ўша куни «Бавария» «Боруссия Менхен-гладбах» билан куч синашиши лозим эди. Ули мендан терма жамоанинг ўйин вақтини сўраганди, соат 13:00да эканлигини айтдим. «Унда ҳаммаси жойида», деди президент. «Кечқурун жа-моамиз сафида майдонга тушасан». Ўша куни у Уэльснинг ўйинига етиб келди, кейин мени машинада аэропортга олиб кетди. Самолётимиз стадион устидан учиб ўтганда кубок беллашуви бошланган, жамоамиз мағлубиятга учраётган экан. Мен тахминан 60-дақиқада майдонга тушдим. Якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозондик. Очиғи, ўйин тақдирини ўзгартириб юборган йигит эмасдим. Бироқ барча газеталар сарлавҳалари менга бағишланганди.

- Кейин Алекс Фергюсоннинг «МЮ»сига қайтдингиз. Жамоанинг кейинги тақдирини инобатга олсак, 1992 йилда Эрик Кантонанинг «Лидс»дан ўтиши қанчалик муҳим роль ўйнаганди?

- Эрик тамоман ўзгача ўйинчи эди, у жамоадаги барча футболчилардан ажралиб турарди. Унинг ҳамма нарсаларга муносабати, ҳатто кийиниш хонасига кириб-чиқиши ҳам ўзгача эди. Юксак маҳорати сабаб, биз уни илк кундан бошлаб ҳурмат қилардик. У Фергининг эркатойи бўлган, биз буни қабул қилгандик. Эрик ёввойи табиатли бўлсада, доим натижага эриша оларди. Шу боис, унга нисбатан ҳеч кимда муаммо бўлмаган. У биз учун катализатор вазифасини бажарган, АПЛ чемпионларига айлантирган.

- 1995/1996 йиллар мавсуми арафасида сиз Пол Скоулз, Дэвид Бекхэм ва Гари Невилл каби «92-класс» вакилларига ўринларини бўшатиб берган «кекса авлод» орасида эдингиз. Ўшанда Фергюсон ақлдан озибди, деган фикрга келганмисизлар?

- Йўқ, чунки биз уларни билардик. «Кекса авлод»нинг барча вакиллари бу йигитлар бош жамоада ўйнашга тайёр эканликларини тан олишганди. Сэр Алекс Пол Инс, Андрей Канчельскис ва менга истеъфо бергани учун тан­қидлар остида қолди. Лекин у ёшлар жамоага ўзгача сифат бера олишларини яхши биларди. Бу эса юксак савиядаги менежмент белгиси. Унинг олдида таркибни янгилаш вазифаси турарди. Керакли воситаларга эга бўлиш йўлида бизни сотиб юбориши тўғри йўл бўлди. Футболчи 5-6 мавсум талаб даражасида тўп сурганидан кейин уни арзийдиган баҳода сотиб юбориш сэр Алексдаги ишбилармонлик нишонаси.

- Сиз «Челси»га ўтиб, Жанфранко Зола, Рууд Гуллит ва Жанлука Виаллидек афсоналар ёнида тўп сурдингиз. Ўша дамларни қувноқ давр дейиш мумкинми?

- Шахсан менга «Челси»даги даврим жуда ёққанди. У пайтлар клуб учун ҳам аҳамиятли эди. Худди мен «МЮ»га ўтганимдаги каби. Чунки улар анчадан бери совринларсиз ўйнашарди. Мен нохуш анъанага чек қўйганлар сафида эдим. Лондонга Гуллит билан бир вақтда келдим, иккимиз ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшган дастлабки жуфтлик бўлдик. Кейин Зола билан Виаллилар келишди. Зола ҳайратланарли йигит эди. У кўпчилик кутган асл қаҳрамон: камтарин ва ёқимтой йигит, аммо тенги йўқ футболчи. Унинг ёнида тўп суриш улкан имтиёз бўлган!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz