Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Рэтклиффнинг тежамкор империяси

Футбол ва бизнес: Рэтклиффнинг тежамкор империяси

  13.09.2021 08:08
  0
  162
Футбол ва бизнес: Рэтклиффнинг тежамкор империяси

1992 йил. 40 ёшли инженер-химик Жим Рэтклифф Бельгиянинг Антверпен шаҳрида жойлашган, авваллари British Petroleum трансмиллий нефть-газ компаниясига тегишли бўлган муассасани ижарага олишга киришди. 2005 йили Рэтклифф асос солган Ineos химия гиганти 9 миллиард фунт эвазига Innovene (British Petroleum компаниясининг шўъба корхонаси)ни қўлга киритди.

2018 йил. Рэтклифф Буюк Британиянинг энг бадавлат кишиси. The Times унинг молиявий ҳолатини 21 млрд. фунт стерлингга баҳолаган. 2020 йили Рэтклифф британия-лик миллиардерлар рўйхатида бешинчи ўринни эгаллади.

Бизнесмен узоқ вақт сукут сақлади - омма қаршисида фақат тўрт йилдан кейин пайдо бўлди. Айнан ўшанда Рэтклифф дастлабки спорт активларига эга чиқди - «Лозанна» футбол клуби. Ундан ке-йин елканли спортга кирди, сўнгра велопойгаларга ихтисослашган Team Sky, Франциянинг «Ницца» клубларини сотиб олди, марафонлар ташкил этди, «Формула-1»да «Мерседес»га ҳомийлик қилди.

Умуман, Рэтклифф офисда ўтиришга кўникмаган: икки ўғли билан Жанубий ва Шимолий полюсга экспедиция уюштирган, ЖАРда ўтказилган 33 кунлик мотопойгаларда қатнашган, Саҳрои Кабирдаги марафонда 250 км. масофани югуриб ўтган, ҳаттоки, бир сафар Монбланда адашиб қолган.

Миллиардер ўзгача спорт империяси қурмоқда - турли спорт туридаги профессионалларнинг бир-бирлари билан тажриба ва билим алмашишларини таъминламоқчи (дастлабки натижалар кўзга кўриниб қолди). Албатта, танқидчилар ҳам топилади - уларнинг фикрича, Рэтклифф ижобий имидж илинжида спортга пул тикмоқда.

Ҳатто барча маблағ пиар йўлида сарфланаётган бўлса ҳам, барибир, Рэтклиффнинг спортдаги универсаллик бўйича орзулари қизиқарли.

Буюк Британия ҳукуматини алдади

Рэтклифф кимё саноати ор­қали бойлик орттирган - 1998 йилда пластмассалардан тортиб, антибиотикларгача бўлган турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ineos компаниясига асос солди. Жим йиллик айланмаси 60 млрд. фунт бўлган мазкур муассасанинг мажоритар акционери ҳисобланади.

Дастлабки ўн йил мобайнида қаҳрамонимиз активлар йиғди, харажатни камайтирди ва самарадорликни оширди. Рэтклифф билан ишлаган инвестицион банкир The Financial Times нашрига берган интервьюсида қуйидагича фикр билдирганди: «У мураккаб музокарачи. Асаблари доим таранг. Жим ҳамиша агрессив, бизнес-учрашувларни ғалаба қозониш шарт бўлган мусобақа сифатида кўради».

Рэтклиффдаги қадрли сифатлар: қатъият, қаттиққўллик ва мутойиба - бу Ineos компаниясининг ривожланиш масалалари бўйича директори Том Кроттининг фикри. Мутасадди FT вакилларига берган интервьюсида миллиардер кўп йиллик стратегик режалардан тийилиши ва биргина қоидага амал қилишни таъкидлади: «Имкон қадар ўтган кўпроқ кунларни унутилмас қилиш».

Ineos компаниясидаги корпоративларнинг ўзгача эканлиги балки шундандир - Африка чўлларида ўтадиган яриммарафонлар, велосаёҳатлар ва тоғли ўлкаларга саёҳатлар.

2010 йили Рэтклифф бизнес-режасида сезиларли ўзгаришларни амалга оширди: таваккалга асосланган операциялар сонини камайтириб, трансмиллий конгломерат даражасига чиқди. 2014 йили Ineos аждар-кемаларга эга бўлди - 180 метрли баҳайбатлар АҚШдан Европага сланец газларини ташиди. Осиё ва Европа мамлакатлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди, Британияда Рэтклифф минглаб иш ўринлари яратди, Ineos ҳаттоки, ушбу давлатдаги йирик хусусий лойиҳага айланди.

Лекин миллиардер мунтазам равишда ҳукуматга қарши курашди.

2008 йили сайёрамизда кузатилган иқтисодий инқироз Ineos компаниясини банкротлик ёқасига олиб келди. Рэтклифф ҚҚС (350 млн. фунт) тўловини амалга оширишни кечроқ муддатга суришларини сўраб, рад жавоби олди. Шунда Жим Ineosни Швейцарияга кўчирди ва Буюк Британияга бошқарув партияси ўзгарганидан сўнг қайтди.

Унинг кейинги фаолияти «Брексит» даврига тўғри келди. Рэтклифф мамлакатнинг энг бадавлат кишилари орасида Евроиттифоқдан чиқишни барчадан фаолроқ қўллаб-қувватлади: «Брюссель самарасиз ва бюрократик бўлиб қолди. Европа Қўшма Штатлари концепцияси ҳеч қачон иш бермайди».

Гўёки, Рэтклифф сиёсатчилар билан тил топишгандек туюлганди - ҳатто бизнес ва инвестиция соҳасидаги хизматлари учун сэр унвонига лойиқ кўрилди. Аммо ҳаммаси тезда ўзгарди: Land Rover фирмасининг Defender машиналари кўриниши бўйича ишлаб чиқилган Grenadier автолари Буюк Британияда омадсизликка учради, ҳукумат вакиллари эса нефть ва газнинг самарали услубини қисман тақиқлашди.

Сэр Жим Рэтклифф 2020 йилнинг сентябрида Монакога кўчиб ўтди. Ушбу шаҳар-мамлакатда йилига 183 кундан кўпроқ яшайдиганлар даромад ва мулк солиғи тўлашмайди. Буюк Брита-нияда эса 150 минг фунт йиллик даромаддан олинадиган солиқ 45 фоизни ташкил этади. Шу тариқа Рэтклифф тахминан 4 млрд. фунтни тежаб қолди (кетишидан аввал Британияда индивидуал тарз-да энг кўп солиқ тўлайдиганлар рўйхатида учинчи ўринда эди).

Монако эса харажатларни камайтириш ва спортни кузатиш учун ҳар томонлама қулай.

«Манчестер Сити»дан  илҳомланиб...

Жим Швейцария туфайли Буюк Британияни илк маротаба узоқ муддатга тарк этганда, маҳаллий спортга (айниқса, хоккейга) астойдил кўмаклашганди. 2017 йили мульт-спорт оламидаги илк топилма Швейцария Суперлигаси ўртамиёнаси «Лозанна» бўлгани бежиз эмас. Келишув 7 млн. еврога баҳоланди.

Ineos футболга Энцо Зиданнинг шов-шувли трансфери орқали кириб борди - Зизунинг ўғли «Алавес»дан 2 млн. еврога сотиб олинди. Кейинчалик спортга хос харидлар, ортиқча тўловлар, менежментдаги шубҳали йўқотишлар ва элитани тарк этиш кузатилди. Ҳозир Рэтклиффнинг укаси Боб футболга масъул, у «Лозанна»ни топ-дивизионга қайтарди.

2019 йили жараёнга «Ницца» ҳам қўшилди. Жим 100 млн. евро тўлади, Боб эса бошқарувни ўз қўлига олди. Ineos ғояси - «РБ» ва «Манчестер Сити» моделидан намуна олган ҳолда, бир неча клубларни бошқариш бўйича ўз тизимини қуриш: умумий скаутинг, ҳамжиҳатликда йиғиладиган маълумотлар, ёш футболчи ва мураббийларни ривожлантириш шулар жумласидан.

«Сити» - асосий мўлжал. Уларнинг империясида Уругвай, Япония, Ҳиндистон клублари, ҳаттоки, Бельгия Иккинчи лигаси жамоаси ҳам бор. Боб фундаменталлик тарафдори. Ҳозирча «Ницца»да ўйин масаласида муаммолар бор, лекин «Лозанна» тизими идеал тарзда шаклланган: ёш французлар ижарага кетади, нисбатан рақобатбардош муҳитда бирга тўп суришади, энг яхшилар Лига 1 клуби асосий таркибига кириш имкониятига эга бўлишади.

Рэтклиффлар лойиҳасининг ўзгачалиги шундаки, нафақат футбол клублари, балки бошқа спорт турларидаги экспертлар (масалан, диетологлар ва физиотерапевтлар) интеграциясига ҳам эътибор қаратилади. «Ницца» базасида велосипедчилар машғулотлари тажрибадан ўтказилди.

Нега Ineos айнан «Ницца»ни танлади? Биринчидан, Монакога яқин - поезд ва ҳатто машинада етиб борса бўлади. Тўғри, Жим Рэтклифф вертолётларни маъқул кўради. Дарвоқе, унинг яхтасида (нархи бутун бошли клуб учун тўланган суммага тенг - 100 млн.) вертолёт қўнадиган жой бўлиб, у трансформация натижасида ҳақиқий футбол майдонига айланади.

Иккинчидан, Ницца - Франциянинг Париждан кейин энг кўп зиёрат қилинадиган шаҳри ҳисобланади. Дунёнинг турли нуқталаридан ҳордиқ чиқариш мақсадида келадиган сайёҳлар шаҳарнинг энг диққатга молик объектларидан бири - 2013 йили қуриб битказилган, 35 минг мухлисга мўлжалланган «Альянц Ривьера»ни ҳам назардан четда қолдиришмайди. Янги хўжайиннинг арена қурилиши ёки реконструкцияси учун пул сарфлашига ҳожат йўқ эди.

Нега АПЛ клубларидан бирини сотиб олмади?

Рэтклифф - «Манчестер Юнайтед» фанати (буни ўзи ҳам яширмайди), «Челси» ва «Ньюкасл»ни харид қилишга қизиққан, лекин қисқа муддатда бозорни тарк этганди. Сабабини The Times нашрига берган интервьюсида айт-ганди: «АПЛ клуби учун миллиардлар? Ҳеч қачон пулларни беҳуда сарфламайман. «МЮ» ёки «Челси»нинг нархи 3-4 миллиард атрофида. Лекин улар учун ҳеч ким бунча пул тўламайди. «Юнайтед»нинг бизнесига қаранг, аянчли аҳволда. На тўғри менежмент бор, на яхши харид. Ўзимга қолса, ёш иқтидорларни тарбиялашни хоҳлайман. «Саутгемптон» ва «Лилль» модели ёқади. Ineos ҳар бир ишга оқилона ёндашади, биз ортиқча пул сарфламаймиз».

Чиндан ҳам, «Ницца»га беҳуда харажатлар қилинмаган. Майдонда жамоанинг ишлари юришмади - Рэтклиффлар улар келган пайт ишлаётган мураббий Патрик Виейрага ишонч билдиришди, лекин кетма-кет мағлубиятлардан сўнг 2020 йилнинг декабрида уни бўшатишди. Янги номзодни танлашга ҳам шошмадилар: мавсум Виейранинг ёрдамчиси билан якунланди ва қисқа муддатда Кристоф Гальтьени ўз томонларига оғдиришди - айнан у Франция чемпионатининг 2020/2021 йиллар мавсумида «Лилл»ни чемпионлик сари етаклаганди. Ёзги трансферлар ойнасида «Ницца» 15 млн. евро эвазига «АЗ»дан Кэлвин Стенгс-ни харид қилди, «Рома»дан Жастин Клюйверт ижарага олинди - энди еврокубоклар ўрни учун курашса бўлади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz