Қайднома

Қидирув

Жозе Моуриньодан таъриф - «топ»!

Жозе Моуриньодан таъриф - «топ»!

  14.09.2021 10:35
  0
  292
Жозе Моуриньодан таъриф  - «топ»!

Мақтовга яраша самара. «Рома» клуби «Инс­таграм»даги расмий саҳифасига Элдор Шомуродов суратини жойлаб, «Элдорга бир сўз билан таъриф беринг» қабилида ёзув қолдирди. Ушбу пост остига ёзилган изоҳлар орасида бош мураббий Жозе Моуриньо таърифи кўпчилик эътиборини тортди. Португалиялик мутахассис ҳамюртимизга биргина сўз билан ажойиб баҳо берди - «ТОП». Бироқ Моу «Сассуоло»га қарши баҳсда ҳам Элдорни нақ 75-дақиқагача захирада ушлаб турди. Муҳими, миллий жамоамиз ҳужумчиси ўзига берилган қисқа вақтдан фойдаланиб, сўнгги лаҳзаларда Стефан ал Шааравининг ғалаба голига ҳаммуаллифлик қилди - 2:1. Айтганча, «Интер» клуби ва Италия термаси собиқ ҳимоячиси Марко Матерацци «Афсоналар кубоги» олдидан Элдор Шомуродовга тўхталиб, унинг истиқболига катта баҳо берди: «Унинг ўйинини олдинроқ ҳам кўрганман - жуда яхши футболчига айланиши мумкин. Ҳозирда янги жамоа ўйинини ҳис қилиши, хусусан, Тэмми Абрахам билан тушуниб ҳаракатланиши муҳим. Эшитишимча, улар якшанба куни «Сассуоло»га қарши баҳсда ҳужум жуфтлигини ташкил этишади. Ҳозирга қадар майдонда бир-бирларини алмаштиришди, аммо ишончим комил, катта ўйинчилар бирга ўйнашлари керак. Менга ишонинг, Жозе ҳар доим ажойиб ўйинчиларни танлайди. Энди икки ҳужумчи бирга чемпионлик сари интилиши керак».

«Тобол» пешқадам. Игорь Сергеевнинг клуби - «Тобол» Қозоғистон Премьер-лигаси 20-турида «Каспий»ни 2:1 ҳисобида енгиб, турнир жадвалида 1-ўринга чиқиб олди. Ўзбекистон терма жамоа­си ҳужумчиси 46-дақиқада майдонга тушиб, ўйин охиригача фаол ҳаракатланди.

Йўлдошев бор, Ўрунов йўқ. «Нижний Новгород» клуби Россия чемпионати 7-турида Москва «Динамо»си меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида иродали ғалаба қайд этди. Жамоанинг янги ярим ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев бошланғич таркибдан жой олди ва 73-дақиқагача майдонда ҳаракатланди. Собиқ «пахтакорчи» шунингдек, 53-дақиқада сариқ карточка ҳам олди. «Уфа» эса сафарда «Сочи»га бас келолмади - 1:3. Жамоа аъзоси Остон Ўрунов ушбу муваффақиятсиз баҳсда иштирок этмади.

Чиройли дебют. «Шериф» сафига қўшилган Жасур Яхшибоев Молдова чемпионатидаги дебютида «Петрокуб» дарвозасини ишғол қилишдан ташқари, самарали узатма муаллифига айланди. Ваҳоланки, ҳамюртимиз 46-дақиқада майдонга тушди. Якунда тирасполликлар Яхшибоевнинг ўйинга яхши қўшилгани ҳисобига 9-турдан ўрин олган баҳс­ни ўз фойдаларига ҳал этишди - 2:0.

Автогол оқибати. Беларусь чемпионати Олий лигаси 23-тури ортда қолди. 3 нафар ҳамюртимизни таркибига олган «Энергетик-БГУ» ўз майдонида «Динамо» Мн. клубига қарши баҳс олиб бориб, ягона автогол туфайли мағлубиятни тан олди. Ушбу омадсиз ўйинда Шаҳзод Убайдуллаев тўлиқ вақт вақт тўп сурган бўлса, Бобур Абдухолиқов 32-дақиқада захирадан сафга қўшилди. Дониёр Абдуманнопов эса кўриниш бермади. БАТЭга келсак,  «Сморгонь» майдонига ташриф буюрган жамоа ишончли ғалабага эришди - 3:1. Борисовликлар ярим ҳимоячиси Шаҳбоз Умаров учрашувнинг 70-дақиқасида майдонга тушди.

Ирода эвазига натижа. БАА Про-Лигаси 3-турида «Ал-Васл»ни қабул қилган «Шаржа» аввалига 0:2 ҳисобида ортда бора туриб, якунда иродали ғалабани нишонлади - 3:2. Отабек Шукуров жамоаси 3-голни 90}4-дақиқада урганини ҳам алоҳида қайд этиш керак. Терма жамоамиз ярим ҳимоячиси ёқимли ғалабага доимгидек, 90 дақиқалик фаол ҳаракати билан ҳисса қўшди.

Жамшид Искандеров - захирачи. Жанубий Корея «К»-лигаси 29-тури доирасидаги «Сеонгнам» - «Сеул» ўйинида кучлар тенг келди - 1:1. Мезбонлар вакили Жамшид Искандеров учрашувга 66-дақиқада захирадан қўшилди.

Ҳамюртларимиз ярим финалда. Тожикистон кубоги 1|4 финалидан ўрин олган «Хўжанд» - «Хатлон» ўйини 1:0 ҳисобида якунланди. Хўжандликлар сафидаги легеонерларимиз Самандар Очилов ва Фирдавс Абдусалимов бу учрашувда тўлиқ вақт тўп суришди, Олимжон Каримов эса захирада қолди.

2-турда мағлубият. Жавлон Гусейновнинг клуби - «Борнео» Индонезия Суперлигаси 2-турида «Персик» меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳамюртимиз мазкур баҳсда 90-дақиқагача майдонда ҳаракатланди.

Бангладешда чемпионати якунига етди. Championat.asia сайтида ёзилишича, тажрибали ҳимоячи Шукурали Пўлатов «Читтагонг Абахани» билан тузган шартномасини бекор қилди. Бунга футболчининг жароҳати сабаб ўрнида кўрсатилган. Сирожиддин Раҳматуллаев ва «Саиф» ўртасидаги шартнома ҳам ўз кучини йўқотди. Отабек Валижонов аксинча, мавсумда яхши қатнашган «Шейк Жамол» клуби билан ҳамкорлик муддатини узайтиради. Евгений Кочнев ва Саиддостон Фозилов «Баритха Уттарад» билан хайрлашишган. Элдор Маматказин, Холмурод Холмуродов, Дилшод Назиров ва Ислом Абдуқодировни ўз таркибига олган «Арамбахг» лигадан тушиб кетди. «Бразерс Юнион» ва Фурқат Ҳасанбоев ўртасидаги келишув муддати ҳам якунланди.


Манба: iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz