Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: «Реал» топилмаси - бриллиант

Вундеркиндлар: «Реал» топилмаси - бриллиант

  14.09.2021 02:42
  0
  199
Вундеркиндлар: «Реал» топилмаси - бриллиант

Таянч ярим ҳимоячиси - одатда футболда етарли даражада қадрланмайди. Н`Голо Канте ва Каземиро сингари ўйинчиларнинг пайдо бўлиши эса бу ролнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини кўрсатди. Ҳозирда клублар ушбу чизиқ вакилларини харид қилиш учун ўнлаб миллионларни сарфлашга рози. Сўнгги трансфер ойнасининг охирги кунида «Реал» 18 ёшли Эдуардо Камавинга учун 40 миллион тўлади. Қуйидаги тактик таҳлил мазкур футболчининг ўйин услуби, сифатлари, шу ёшида қайси жиҳатлари билан бошқа тенгдошларидан ажралиб туриши сабабларига бағишланади.

Футболчи ҳаҚида

Камавинга 2013 йили «Ренн U-11»даги иштирокини бошлашдан аввал камтарона «Драпо-Фужер» клубида ўйнаган. «Ренн»нинг асосий жамоасидаги дебютини 2019 йили 16 ёшида нишонлаб, клуб тарихидаги энг яхши футболчига айланди. Кейинги йили эса Эдуардо Франция термаси либосида ҳам майдонга тушди.

Болалик давридаёқ «олтилик» ролига мослашган, шунингдек, «саккизлик» позициясида ҳам сифатли ўйин кўрсатганди. Универсаллик - унинг услубига энг мос таъриф. Майдондаги ҳаракат ҳудудидан келиб чиқсак, Камавингани «бокс-ту-бокс» типидаги ярим ҳимоячи дейиш мумкин. Қаҳрамонимиз тўпни йўналтириш вариантларини синчковлик билан танлайдиган, энг яхши чорани топмагунча уни йўқотмайдиганлар тоифасидан. Шу жиҳати ёш бўлишига қарамай, ақли етуклигидан далолат беради.

Кўриниши озғин, лекин жисмоний томонлама бақувват, курашишни яхши кўради, тўпни рақибдан олиб қўйиш ва эгаллаб олишда чиндан ҳам кучли. Унинг «подкат»лари алоҳида мавзу - бу чорани қўллаётганда, энг тўғри вақтни танлай олади. Албатта, Эдуардонинг тўпсиз қолганда ҳам оқилона ҳаракатланишини унутмаслик керак - шу тариқа жамоадошларига бўш ҳудудлар яратади.

Плеймейкерлик кўникмалари

Юқорида айтилганидек, Камавинга тўп узатишдан аввал манзилни яхшилаб ўрганади, натижада паслар аниқлиги 91,07 фоизга тенг бўлади. Узатмалар таҳлилини давом эттирадиган бўлсак, у Лига 1да олдинга йўлланган паслар аниқлиги бўйича 8-ўринни (82,71 фоиз) эгаллади. Ушбу рейтингда бор-йўғи саккизинчи экан, Камавингани ушбу позициядаги бошқа ўйинчилардан нима ажратиб туради?

У сифатли қарор қабул қилишга уста, бу хусусиятни яхши даражада ўзлаштирган. Юқорида узатмалар йўллашдан аввал «етти ўлчаб, бир кесиши»ни айтганда, айнан шуни назарда тутгандик. Мабодо, Камавинга режалаштирган паси аниқ боришига заррача шубҳаланса, уни амалга оширмайди. Бу бироз ғалати эшитилиши мумкин. Аммо ишонинг, бу нарса - 100 фоиз ишончинг комил бўлганидан сўнг тўпни шерикка узатиш кўринганидек оддий иш эмас. Ушбу масалага чуқурроқ киришсангиз, ҳар қайси профессионал футболчи буни тасдиқлаши мумкин.

Мисол учун, Камавинганинг олдида пас бериш учун учта вариант бор: бири чапга, иккитаси олдинга. Эдуардо нисбатан хавфсизроқ вариант - қанотга узатма йўллашни танлаши мумкин эди, лекин у кескинлаштирувчи пасни маъқул кўрди. Бошқа томондан, у мазкур ҳаракатидан сўнг тўп шеригига аниқ бориши, ўз навбатида, жамоаси хавфли вазиятга эга бўлишини олдиндан ҳис этган.

Бу плеймейкер Камавинганинг асосий сифатларидан бири. Одатда, «Ренн»да ўйин темпи ва тўпни чизиқлараро тўғри тақсимлашга жавобгар бўлгани сабабли, тез улғайди ва жамоасининг ўйинини бошқара бошлади, муайян вақт давомида тўпга эгалик қилинаётганда ундан максимум фойда чиқаришга интилди. Унинг ҳаракатларини кўрсатувчи гистограмма ҳужумкор узатмалари сифатини намоён этди: Камавинга сифатли пасни маъқул кўради.

Қарор қабул қилишдан таш­қари, унинг чекланган ҳудудда пас ишини бажаришини ҳам эътироф этиш даркор. Кўпинча у узатмалар кучини тўғри ҳисоб-китоб қилади, тўпнинг парвоз пайтидаги траекториясини ва шеригининг ҳаракатланиш траекториясини чамалайди, натижада тўп қабул қилаётган футболчининг оёғига қулай тарзда тушади. Демак, Камавингада техник кўникмалар ҳам яхши ривожланган.

Эдуардо ҳужумчининг очилаётганини кўргач, ўша заҳоти қарор қабул қилади: узун пасга имкон борми ёки назоратни ўзида сақлагани маъқулми? Узатманинг вақт билан уйғунлашуви, тўп шеригининг оёғига қулай тарзда боргани 18 ёшли футболчининг маҳорати қандайлигидан дарак беради.

Тўпсиз ҳаракат

Ярим ҳимоя чизиғидан орқароқда, мудофаа чизиғидан олдинроқда жойлашиш орқали Камавинга жамоасининг юқори прессингдан чиқишида кўмаклашади. Мунтазам ҳаракатланиш орқали ҳам ўзи, ҳам шериклари учун очиқ ҳудудлар яратади. Шунингдек, Эдуардо жамоаси ҳужум қилаётганда ҳам тўпсиз оқилона ҳаракатланади. Кўп ҳолларда «сохта очилишлар» орқали рақиб ҳимоячиларини чалғитади.

Бундай ақлли ўйин, чаққон ҳаракатлар унга гол уриш имкониятини ҳам тақдим этади. Айнан шу жиҳатлари ҳам Камавинганинг хавфли футболчи эканлигини анг-латади. Одатда, айни ҳолатларда рақиб қарор чиқаришда иккиланади: Эдуардонинг ортидан югурса, унинг шериги бўш ҳудудга чиқиши мумкин, позициясида қолиб кетса, Камавинганинг ўзи қочиб кетиб, эпизодни самарали якунлаши мумкин.

Мудофаадаги мажбуриятлар

Албатта, Камавинга жамоасига тўп назоратини қайтариб беришга усталиги билан машҳур. Статистика унинг «подкатлар» ва тўпни эгаллаб олишлар борасида ўртача кўрсаткичдан юқори натижа қайд этишини намоён этмоқда. 90 дақиқа ичида 2,05та «подкат» уни рўйхатда кучли тўртликка олиб чиқади. Демак, мазкур услуб билан жамоасига тўпни қайтариб беришни яхши кўриши тушунарли.

Ҳимоявий ҳаракатлардаги самарадорликни Камавингадаги тезкорлик, чаққонлик, рақиб ҳаракатларини олдиндан чамалай олиши билан изоҳлаш мумкин. Тўп назоратини жамоасига қайтарган ҳолатларнинг 53,5 фоизи рақиб ярим майдонига тўғри келади - бу ҳам Эдуардо ўйнаётган жамоаси учун нечоғли муҳим аҳамият касб этишидан далолатдир. Ундаги чидамкорлик (ҳам умумий, ҳам масофавий томондан) ўзига фақат фойда келтиради - кам чарчайди, мунтазам югуради (тўхтамаслик принципига содиқ), барча тўртта фазада шерикларига ёрдамлашади. Бир сўз билан айтганда, у ҳақиқий жамоавий футболчи.

«Реал» ўйинига Қандай мослашади?

Камавинганинг элит тоифадаги клуб таркибига қўшилганига ажабланмаса бўлаверади. Унинг янги жамоадаги талаблар, Карло Анчелоттидек мураббий услубига қандай мослашишини кузатиш қизиқ. Аввал айтилганидек, Эдуардо босимни тез енгади, лекин бу Мадрид «Реал»и, ўзгача клуб, бу ерда мослашиш муаммолари ҳаммага тааллуқли бўлиши мумкин.

Тахминларга кўра, «Реал» ўз ўйинларида кўпроқ тўпни назорат қилишини инобатга олсак, Камавинга ижросидаги ҳужумкор узатмалар сони ортади. Катта эҳтимол, майдонда ҳам олдинроққа жойлашади, «Ренн»дагидан фарқли равишда вазифалари ўзгаради. Ахир «Реал»да Каземиродек юқори савияли таянч ярим ҳимоячиси бор. Инсайд ролида ёши ўтиб қолган ва тез-тез жароҳат олаётган Модрич ёки Крооснинг ўрнини эгаллаши мумкин. Аниқланишича, Камавинга бу ролни ҳам аъло даражада уддалашга қодир.

Шубҳасиз, Эдуардо Европанинг келажаги порлоқ ёш футболчиларидан бири. Кўринишидан, «Реал» ҳақиқий бриллиантни қўлга киритди. Унинг сифатли ҳаракатлари давом этадими - бунга ҳозирча жавоб бериш мушкул. Лекин мазкур трансфер потенциали юқорилиги - бу факт.

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz