Қайднома

Қидирув

Жаҳонгир Жиямуродов: «Насаф»нинг муваффақиятига ишонаман»

Жаҳонгир Жиямуродов: «Насаф»нинг муваффақиятига ишонаман»

  14.09.2021 05:05
  0
  280
Жаҳонгир Жиямуродов: «Насаф»нинг муваффақиятига ишонаман»

Қаршининг «Насаф» жамоасини жуда муҳим ўйин кутиб турибди. «Аждарлар» 22 сентябрь куни ўз майдонида ОФК кубоги ярим финал босқичи доирасида Ҳиндистоннинг «АТК Моҳун Баган» клубини қабул қилишади. Рўзиқул Бердиев жамоаси турнирда бош совринни қўлга киритиш ниятида. Финал остонасидаги баҳс олдидан клубнинг собиқ футболчиси Жаҳонгир Жиямуродов билан суҳбатлашдик. Айтиш керакки, Жиямуродов 2011 йилда «Насаф» билан ОФК кубогига сазовор бўлган.

- Жаҳонгир ака, «Насаф»нинг ОФК кубогидаги иштирокини кузатиб бораётган бўлсангиз, жамоа ҳақида қандай фикрдасиз?

- Албатта, собиқ жамоамнинг ҳар бир учрашувини кузатиб бораман. Гуруҳ босқич ўйинлари марказлашган ҳолда ўтказилган бўлса-да, барча учрашувларни диққат билан томоша қилдим. Умуман олганда, баҳслар олдидан «Насаф»нинг рақибларидан бир бош устунлик томони бор эди. Шунга қарамай, Рўзиқул ака жамоани мазкур беллашувларга ажойиб тарзда тайёрлай олганлигини кўрдим. Чорак финалда «Аҳал» билан баҳс ҳам қийин кечди. Таркиб ёш, иштиёқманд ижрочилар жамланган. Кўриниб турибдики, бу йигитлар ОФК кубогини қўлга киритиш иштиёқида майдонга тушишмоқда. «Насаф» ажойиб ўйин намойиш қилди ва муҳим ғалабани қўлга киритди.

- Навбатдаги рақиб - «АТК Мохун Баган». Мазкур учрашувда «Насаф»нинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Биз ҳам «Насаф» билан ОФК кубогини қўлга киритган йили гуруҳ босқичда Ҳиндистоннинг «Демпо» клуби билан беллашгандик. Ҳозирга келиб, ушбу мамлакатда футбол анча ўсган. Таркибга қаралса, жамоа асосан легионерлар хизматига таянади. Шунга қарамай, назаримда, «Насаф» бу рақибдан ўта олади. Ҳолбуки, учрашувнинг Қаршида бўлиб ўтиши ҳам «Насаф»га қўшимча куч беради. Бу гапим билан рақибга паст баҳо бермоқчи эмасман, футболда рақибни менсимаслик яхши натижа олиб келмаслигини барча билади. Рўзиқул аканинг қай тариқа ишлашини билганим туфайли айта оламанки, жамоа бу ўйинда ғалабани осонликча бериб қўймаса керак.

- Сизнингча, «Насаф» 2011 йилги тарихий натижасини такрорлай оладими?

- Буни жуда истардим. Таркиб ёш, ажойиб мураббий бор. Асосий мақсад ҳам ОФК кубогини қўлга киритиш ҳисобланади. Шу ўринда омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Омад «Насаф» томонидан бўлиб турса, ишонаманки, клуб яна бир маротаба нуфузли мусобақанинг бош совринини қўлга киритади.

- Энди бироз мавзудан четлашсак. Футболчилик фаолиятингизни тугатганингиздан сўнг «Зомин» ва «Рубин» жамоаларида ишладингиз. «Рубин»нинг бир зумда тарқаб кетиши сизни ранжитдими?

- Бундан очиғи, хабарим бўлмаганди. Раҳбарият билан гаплашганимизда, клубда ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Борганимда, шароитлар кўнгилдагидек эмасди. Клуб учун ётоқхона ҳам мавжуд бўлмаса-да, Про лигага чиқиш вазифаси қў-йилганлигини таъкидлашди. Клуб билан бир муддат ишлаб кўрдим ва вазият яхши томонга ўзгармаётганлигини билганимдан сўнг, жамоани тарк этишга қарор қилдим.

- Эшитишимизча, сизга ўша вақтда Тожикистон клубидан ҳам таклиф тушган экан...

- Агентлар орқали Тожикистоннинг бир клубидан жиддий таклиф тушди. Барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилишди. Кейинчалик билсам, жамоада аллақачон бош мураббий ишлаётган ва унинг ўрнига мени таклиф қилишаётган экан. Мураббий сифатида ишни энди бошлаб, бошқа бир мутахассиснинг ўрнига бориш тўғри эмаслигини агентларга ҳам, ўша клуб раҳбариятига ҳам тушунтирдим. Шу тариқа, Тожикистон клубидан тушган таклифни рад этдим.

- Бугунги кунда Янгиер футбол маҳорат мактабида фаолият юритяпсиз. Болалар билан ишлаш осон эмасдир?

- Тўғриси, осон эмас. Футболчилик фаолиятимни тугатиб, Биринчи лигада ишлаганимда, профессионал ижрочиларга кўрсатма беришда қийинчиликлар унчалик юзага келмади. Улар йиллар давомида тўп сурган ва мураббийнинг берган кўрсатмасини дарров англай олишади. Болаларнинг ҳар бирига алоҳида тушунтириш лозим. Баъзилари дангасалик қилиб, кўрсатмаларга амал қилишмайди. Натижада, асосий таркибга кира олмай қолишади. Майдонга тушмаётган бола назарида, мураббий унга эътибор қилмаётгандек туюлади. Ишонч камаяди. Шу томонларидан олиб қаралса, болалар футболида меҳнат қилишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор.

Иззатбек АБДУВАҲОБОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz