Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: «ЖЕНТЕЛЬМЕНЧА КЕЛИШУВ»

Нигоҳ: «ЖЕНТЕЛЬМЕНЧА КЕЛИШУВ»

  14.09.2021 07:27
  0
  205
Нигоҳ: «ЖЕНТЕЛЬМЕНЧА КЕЛИШУВ»

Ёзги трансферлар ойнаси ёпилгач, Гарри Кейннинг «Тоттенхэм»да қолиши аниқ бўлди. Ҳужумчи қадрдон клубини тарк этишни астойдил хоҳлади, бу борада келишишга ҳам улгурганди, бироқ... футбол оламида оғзаки ваъдалар ҳеч нимани англатмайди. FootballHD.ru шу воқеа баҳона шунга ўхшаш музокараларни эслаб ўтди.

РИЁД МАҲРЕЗ ВА «ЛЕСТЕР»

«Манчестер Сити» якунда тахминан 60 млн. фунт эвазига мақсадига эришди. Аммо бу осон бўлмади. «Лестер» ҳамон «тулкилар» дарвозасига урилган голларини бамайлихотир нишонлаётган собиқ футболчисидан зада. «Ўтган ёзда директорлар кенгаши раиси билан суҳбатлашдик ва клубнинг чемпионлик мақомини сақлашига кўмаклашиш учун яна бир йил қоладиган бўлдим», - деганди Маҳрез АПЛдаги муваффақиятдан 12 ой ўтиб. Яхшиланган шартнома таклиф этишган экан, нега энди қолмаслиги керак?! Аммо унинг мураббийига бу ҳақда ҳеч ким айтмаганди. «Қандайдир жентльменлик келишувларидан бехабарман. Агар шундай бўлганда, бу ҳақда билардик», - деганди ўша пайтлари «тулкилар»га устозлик қилган Крейг Шекспир. Маҳрез 2018 йилнинг январида «Сити»га ўтишни хоҳлаётганини билдириб, рад жавобини олди ва кейинчалик номаълум йўналиш бўйлаб йўқолди. Фанатлар Риёдга атаб ҳамон ҳуштак чалишади. Унга нима? Асосийси, пул келиб турибди-ку!

АЛЕКСИС САНЧЕС ВА «АРСЕНАЛ»

«Манчестер Сити», ҳойнаҳой, ўша суммани Алексис Санчесга эмас, Маҳрезга сарфлаганидан хурсанд бўлса керак. Собиқ юлдуз «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилганидан кейин формасини йўқотди. Ваҳоланки, ўз вақтида чилилик форвард Манчестернинг мовий қисмид пайдо бўлиши ҳам мумкин эди. 2017 йил «Арсенал» раҳбарияти учун хаосга бой тарзда кечган, шартномаси якунланишига бир йил қолган Алексис Санчес учун 60 миллион фунт атрофида таклиф олишганди. Ўша паллада терма жамоалар ўйини вазиятни қийинлаштирди; Санчес гўёки, «Сити» ва шерикларига шартнома тузишини айтган. Бироқ «канонирлар» «Монако» юлдузи Тома Лемарни харид қила олишмаган, футболчи Франция термасидаги ўйини билан банд бўлгани сабабли музокаралар тўхтаб қолганди. Натижада «Арсенал» Алексисни сотиш фикридан қайтиб, Пеп Гвардиолани форвардсиз қолдирди. City Football Group жентльменликка зид ҳаракатлар учун «канонирлар»ни судга беришни ҳам ўйлашган, аммо Санчеснинг «Юнайтед»-даги беқарор ўйинларидан кейин омадлари келганини тушунган бўлсалар, ажабмас.

ПЕТР ЧЕХ ВА «ЧЕЛСИ»

Жозе Моуриньо анчадан буён соврин ютолмаяпти. Албатта, «Манчестер Юнайтед» билан Европа Лигасида зафар қучди, лекин 2015 йилнинг ёзида унинг ишлари юришмади. Ўша мавсум унинг «Челси»даги чемпионлари чекинишди, мураббий эса физиотерапевт Ева Карнейро билан урушиб қолди, оқибатда кийиниш хонасидагиларнинг ярми «Беназир»дан юз ўгирди. Энг аламлиси, клуб эгаси Роман Абрамович Моуриньонинг хоҳишига зид равишда Петр Чехни «Арсенал»га сотиб юборди. Атиги 10 миллион фунтга! Орт-га назар ташлаб, «Арсенал» шлемли дарвозабон харидида хатога йўл қўйган, дейиш мумкин, аммо ўшанда бу моҳирона юриш ҳисобланган. Чех билан ҳамон илиқ муносабатларни сақлаб қолган «Челси» хўжайини 2014 йили голкиперга уни Лондондаги принципиал рақиблардан бирига сотишини айтганди. Якунда ваъда бажарилди ва Чех «Арсенал»га кетди. Айни пайт Чех яна «Стэмфорд Бридж»да, Моуриньо эса ҳамон ўша мавсумдан буён ўзига келолмаяпти.

ЛУИС СУАРЕС ВА «ЛИВЕРПУЛЬ»

«Ўтган йили Европанинг катта клубига ўтиш имкониятига эга бўлгандим ва тушундимки, ке-йинги мавсум Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритмасак, мени қўйиб юборишади», - деганди Луис Суарес 2013 йили. «Ўтган мавсум боримни бердим, лекин бу кучли тўртликка киришимиз учун етарли бўлмади, энди эса «Ливерпуль» ваъдасини бажаришини хоҳлайман. Клуб билан келишгандик, лекин улар айт-ганларининг тескарисини қилишмоқда». Энди Лондон шимолига қайтамиз, бу сафар «Ливерпул»нинг уругвайлик тўпурари учун 40 миллиондан кўпроқ маблағ таклиф этилди. «Арсенал» товон пулини тўлашга рози эди, бироқ «қизиллар» ўзларини камситилган деб ҳисоблаб, Суареснинг «канонирлар» билан гаплашишига ҳам йўл қўйишмади. Охир-оқибат лондонликлар Месут Озил номзодида тўхташди. Натижада Луис «Энфилд»да қолди ва қизил футболкадаги энг яхши мавсумини ўтказди.

СЕЙДО БЕРАХИНО ВА «ВЕСТ БРОМВИЧ»

«Маурисио Почеттино ва уларнинг ихтиёридаги футболчилар фаолиятига назар солсак, бу янги «Тоттенхэм»нинг бошланиши эди, - деганди Сайдо Берахино ўша йили. - Ушбу лойиҳанинг бир қисмига айланганимда, бошқа даражага кўтарилардим. Лекин «Вест Бромвич» уларнинг таклифини рад этаверди, агентим барчаси бекор бўлганини айтгач, анчагача ўзимга келолмагандим». Берахинода ранжиш учун асослар етарли эди, зеро оғзаки келишув бўлганди: «Вест Бром» хўжайини Жереми Пис трансфер масаласида Дэниэль Леви билан бир тўхтамга келганди. Афтидан, «Тоттенхэм» ҳужумчидан воз кечган, бу эса Берахинони қуюшқондан чиқариб, ўз фанатлари билан ораси бузилишига олиб келган. Орадан вақт ўтди, Сейдо улғайди, «шпорлар» унинг учун жиддий курашишлари керак бўлганини тушунди, умуман, «Вест Бром»га қайтишга қарши эмаслигини таъкидлади. «Энг порлаган даврим эди, барчага нималарга қодирлигимни кўрсатишни хоҳлагандим».

ЖЕЙДОН САНЧО ВА «БОРУССИЯ»

Бир йилдан ошиқ вақт ўтди, лекин «Манчестер Юнайтед», ниҳоят, Жейдон Санчо билан шарт-нома имзолади. Ваҳоланки, келишув амалга ошмайдигандек кўринганди. «Қизил иблислар» ижрочи директори Эд Вудворд ҳар бир тийин учун курашишга тайёр эди, натижада «МЮ» 2020 йили немисларнинг талабларига кўнмади. Мазкур ҳолатда «Боруссия» ғолиб чиқди - чунки Санчо жамоа-сига ишонарди. «Ўтган йили Жейдон билан жентльменча келишувга эришгандик. Муайян шартларга кўра, кетишига монелик қилмаслигимизни айтдик», - деганди «Дортмунд» раҳбари Михаэль Цорк журналистлар билан суҳбатда. Эҳтимол, «Юнайтед» буни олдиндан кўра билиши керак бўлгандир: мағрур Санчо харидор томон унчалик юқори бўлмаган таклифлар жўнатаётгани учун ўзини уларга керак эмасдек ҳис этган. Камберуэллда туғилган вингер, худди Цорк ваъда қилгандек, «қовоғарилар» сўралаётган суммани пасайтириб, ўзлари хоҳлаётган таклифни қабул қилишмагунча Германияда қолди.

РОЙ КИН ВА «БЛЭКБЕРН РОВЕРС»

«Ноқулай аҳволга тушиб қолдим, чунки «Блэкберн»га ўтишга кўнгандим, - деганди Рой Кин 1993 йили, Премьер-лига эндигина ривожланаётган паллада элитани тарк этган «Ноттингем Форест»дан кетаётганида. Бундай инсон айбдорликни ҳис этиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Аслида нима бўлганди? Албатта, бу ўринда сэр Алекс Фергюсонсиз иш битмаган. Кин «Блэкберн Роверс» мураббийи Кенни Далглиш билан келишган, лекин имзо қў-йишни хоҳламаган. Натижада Ферги ярим ҳимоячини аэропортда кутиб олган, уйига олиб бориб, снукер ўйнаётган пайт уни ўз томонига оғдирган. Далглиш ғазаб отига минди. Унга қолса, жаҳлдор ирландияликни ўша жума куни таркибга қўшиб оларди, лекин ҳужжатлардаги хатоликлар ва офиснинг дам олиш кунлари ёпиқ қолиши панд берди. У Кин билан душанба тонгида учрашишга келишиб олганди, бироқ бу пайтга келиб, «Манчестер Юнайтед» Буюк Британиядаги трансфер рекордини ўрнатишга улгурганди. «Мен билан - Кенни Далглиш билан ҳеч ким бундай қилолмайди», - дея аламини яширмаганди «Роверс» мураббийи.

ЛУКА МОДРИЧ ВА «ТОТТЕНХЭМ»

Аслида Даниэль Леви Лука Модричдаги барча ғояларни қўллаб-қувватлашга тайёр эди, лекин орага «Челси» суқулгач, ҳамма айтганларини унутиб, эшикни ёпди. «Агар нисбатан йирикроқ клуб аниқ таклифлар билан чиққанида, уларни кўриб чиқиб, барча иштирокчилар учун мақбул бўлган қарорни қабул қилардик, - деганди Модрич ўша суҳбат ҳақида гапираркан. - Энди эса Леви мен билан гаплашишни истамаяпти, «шпорлар» сафини тарк этиш имкониятим йўқлигини айтмоқда. У менга таҳдид қилди. Агар клуб позициясини қабул қилмасам, мени захира ўриндиғи ёки умуман, томошабинлар трибунасига ўтқизиб қўйишларини айтди». Модрич «Реал Мадрид» керакли суммани тўплагунча яна 12 ой кутди. Худди Кейн сингари Лука ҳам «Тоттенхэм» билан 6 йиллик шартнома имзолаганди. Худди Кейн сингари Модрич ҳам ўзича ҳеч нимани ҳал қилолмасди. Ҳар ҳолда, Дэниэл Леви аҳмоқ эмас.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz