Қайднома

Қидирув

Муддат ва сифат зиддияти

Муддат ва сифат зиддияти

  15.09.2021 04:40
  0
  291
Муддат ва сифат зиддияти

Инсоният ҳамиша енгиллик ва қулайлик сари талпинади. Табиатимиз шундай. Башариятни бу йўлдан қайтариш иложсиздир. У ижобий ёки салбий жиҳатларидан қатъий назар, ўз мақсадига тезроқ эришишни истайди. Дейлик, бир вақтлар босмахоналарда қийинчилик билан ҳарф териш асносида газета-журналлар саҳифалари шакл­лантириларди. Компьютер бу жараённи ҳаддан зиёд осонлаштирди. Ўзаро суҳбатлар чоғи ҳамкасбларимиздан бири шундан ҳам нолиди. «Ёзавериб қўлларим толиб кетди. Сўзларингни ўзи терадиган компьютер ихтиро қилинса эди!» -деди у клавиатиу­рага боқиб. Қарангки, аста-секин шундай компьютерлар ҳам кириб келмоқда. Вақтни тежайдиган ва жисмоний чарчоқ олдини оладиган бу каби технологиялар тараққиёт учун зарур, албатта. Лекин бу қадар тезобликни ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига татбиқ этиш тўғри бўлмайди. Ортиқча тафаккур тарзи ва жисмоний зўриқиш инсоният учун хавфли ахир.

ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан жаҳон чемпионатини ҳар 2 йилда ўтказиш хусусида илгари сурилаётган ташаббус шу маънода ўзини оқламайди. Мундиал иштирокчилари сони 48тага етазилишининг ўзи футбол тараққиёти ва оммавийлигини таъминлаш учун етарли. Соҳа равнақини белгилаб берувчи УЕФА ва КОНМЕБОЛ бу ташаббусни ёқламагани бежиз эмас. Тасаввур қилинг, марафон югуриши масофасини қисқартириш мумкинми? Агар шундай қилинса, марафон ўз моҳиятини йўқотмайдими? Футбол мундиали ҳам шундай қадрият сифатида инсониятнинг номоддий бойлигига айланиб улгурди.

Қаранг, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов кўпчиликни ажаблантириб-ҳайратлантириб, Жанни Инфантино ғоясини қўллаб-қувватлади ва буни орзуси ушалмаган, ушалмаётган  футболчилар, ҳакамлар муаммоси билан изоҳлади. Ҳар қайси ҳакам ва футболчи мундиалда иштирок этиш орзуси билан яшаши турган гап. «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас!» - дейилишида жон бор, албатта. Ҳар қайси ҳакам ёки футболчи мундиал орзуси билан яшайверсин. Зеро, орзу - инсон умрининг мазмуни! Бироқ бу ҳамма ўз орзусига етишиши шарт эканлигини англатмайди-ку.

Ана, Пеле иқтидори ва маҳорати боис, 4та мундиал кўрди, 3тасида ғолиб чиқди. Лионель Месси эса 5-мундиалда тўп суришга ҳозирланмоқда. «Шунча ЖЧда иштирок этдинг, бас, бош­қа қатнашмайсан!» - деб биров унинг йўлини тўсмаяпти, тўсмайди ҳам. Саралашда йўлланмани қўлга киритса, марҳамат, ҳар қайси термага мундиал очиқ. Ўзбекистон миллий жамоаси мундиал йўлланмасини қўлга киритолмаётгани учун ФИФА ташаббусининг қўллаб-қувватлаш ўзини ўзи алдаш билан баробар. Вьетнам ёки Уммон термаларини ЖЧ-2022 саралаши учинчи босқичига ўтказиб юборганимиз - футболимиз учун шармандали ҳол! Агар бизда шундай депсиниш давом этаверса, ЖЧ-2026нинг 48та иштирокчиси сафига ҳам киролмаймиз. Мундиалнинг ҳар 2 йилда ўтказилиши ҳам ишимизни енгиллаштирмайди.

Бошқа мисол: меҳнат ва изланишлар самараси ўлароқ, Оксана Чусовитина ёзги Олимпиада ўйинларида 8 марта қатнашди. Табиийки, у Олимпиада йўлланмасини осонликча ютмаган. Ҳар доим ўзига муносиб рақибаларни енггани учун лицензия олган. Тўғри, футбол жамоавий ўйин ва бу мавзуда мулоҳаза юритилаётган палла Оксана Чусовитинанинг тилга олиниши кимгадир ёқмас. Аммо шуни унутмайликки, яккакурашларда ҳам, жамоавий ўйинларда ҳам йўлланма учун курашилади. Курашсиз, самарали меҳнатсиз, бетиним изланишларсиз ҳеч нарса келмайди.

Назаримизда, дунё футболи жамоатчилиги ФИФА ташаббусини қўллаб-қувватламайди. Агар ЖЧ-2026дан 2 йил ўтиб, яна мундиал ташкилланса, табиийки, бу 2028 йилги Олимпиада билан параллель келиб қолади. Ўз-ўзидан аёнки, бу ҳолат спортчилар ва мухлисларни бирдек чарчатади, чалғитади. ФИФА бу ниятидан қайтмаса, УЕФА ва КОНМЕБОЛ турли тижорий турнирлар ташкиллаш йўлидан бориб, мундиални қадрсизлантириши ҳам мумкин. Катта клублар иштирокида Суперлига тузиш билан боғлиқ ҳаракат УЕФАни қандай ташвишлантиргани ҳамон кўпчилик ёдида. Унутмаслик керак, бир ўзгариш бошқасини юзага чиқариши аниқ. Шундай экан, энг яхши йўл - олтин эталонни сақлаб қолиш. Демоқчимизки, ФИФА ташаббусига қарши турадиан аргументлар жуда кўп. Равшан Эрматовнинг ФИФА ташаббусини қўллаб-қувватловчи изоҳлари эса футболимиз тараққиётини тезлаштирмайди, аксинча, ёш иқтидорлар онгу шуурига салбий таъсир кўрсатиб, уларни лоқайдлик, бепарволик муҳити сари етаклайди. Осон ғалаба ҳар доим қадрсиздир. Спорт маррасига енгил олиб борувчи механизм эса рақобатни сусайтирувчи ва кураш руҳини сўндирувчидир. «Металлург» ўз майдонида «Пахтакор»га жиддий қаршилик кўрсатмай, мағлубиятни осонгина тан олса, нидерландиялик мутахассис буни жамоасининг энг яхши ўйинларидан бири сифатида баҳолаши ўзини-ўзи алдашнинг ёрқин намунасидир. Ўйин якунланиб боргани сари ўзаро бир-бирига тўп ошириб вақт ўтказган «Навбаҳор» ва АГМК футболчилари осон ғалабага эришиш муҳитига тушиб қолишса, ўзларини қандай тутишади, сизнингча? Биз бу саволга жавобан «Улар майдонда курашни четга суриб қўйишади», - деймиз. Қўпол мақол учун минг бор узр. «Эшакнинг юки енгил бўлса, ёталоқ бўлади», - дейди доно халқимиз. Ҳа, «юк»ни енгиллатсак, балки мундиал йўллланмасига эга чиқармиз. Бироқ бу мухлисларга татийдими? Балки шундай мундиаллар чоғи, янгича форматда Афғонистон ёки Покистон терма жамоаларига қарши тўп сурармиз... Равшан Эрматов шуни хоҳлаяптими?! Йўқ, футболимизни бундай йўл қониқтирмайди асло. Бугун ЖЧ-2022 саралаши учинчи босқичида иштирок этаётган БАА, Ироқ, Сурия, Ливан, Уммон ва Вьетнам терма жамоаларига ҳам алам, ҳам ҳавас билан боқаётган ўзбекистонлик мухлислар бундай ёндашувни маъқуллашмайди, бизнингча. Учинчи ренесансни орзу қилаётган халқимизга Жанубий Корея, Япония, Эрон ва Саудия Арабистони каби терма жамоаларни яққол устунликда енг­ган футбол ярашади. Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темурнинг саркардалик маҳоратидан зир титраган, Абу Наср Фаробий, Аҳмад Фарғоний ва Имом Бухорий тафаккури қаршисида бош эгган дунё кун келиб, ўзбек футболи қудратини ҳам эътироф этади! Агар эътироф этмаса, тан олмаса, ҳалол рақобат майдонида ўз қудратини намойиш қилиш футболимизнинг бурчи, мутасаддиларнинг олий вазифасидир.

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ташаббусларини ҳеч қачон кўр-кўрона қўллаб-қувватламаган. Ҳамиша ўзининг ижодий ёндашуви ва таклиф-ташаббуслари билан эътибор қозонган. ЎФАнинг мамлакамиздаги нуфузли расмий ташкилотлардан бири сифатида ФИФА ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлаши айни шу муҳташам позицияга ярашмайди. Равшан Эрматов ФИФА ташаббусини шунчаки ёқламай, унга ижодий ёндашганида, масалан, ЖЧни ҳар 2 йил эмас, балки 3 йилда бир бора ўтказиш ғоясини илгари сурганида, ўзбекистонлик мухлислар, эҳтимол, бунга ижобий муносабат билдиришарди. Чунки 3 йиллик цикл 2 ва 4 йиллик масофадан маъқулроқ эканлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. ЖЧ-2022га пандемик шароит сабабли 4 йил эмас, балки 3 йил вақт сарфланаётганига кўпчилик гувоҳ бўлиб турибди. Шунда нуфузли турнирларнинг параллель келиб қолиши олди олиниб, Равшан Эрматовнинг, унинг тимсолида ЎФАнинг обрўси ошиб кетармиди?! СИЗ НИМА ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ, АЗИЗ МУХЛИС?

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz