Қайднома

Қидирув

Тафсилот: Қашшоқликка қарши қўзғолон

Тафсилот: Қашшоқликка қарши қўзғолон

  15.09.2021 06:46
  0
  344
Тафсилот: Қашшоқликка қарши қўзғолон

5 сентябрь куни Гвинеяда ҳарбий тўнтариш юз берди. Бунинг натижасида ҳокимият махсус хизмат вакиллари тасарруфига ўтди, кўчаларда отишмалар кузатилди. Якунда 2 йил давомида Гвинеяни бошқарган президент Альфа Конде ҳибсга олинди. У 2020 йили ўтказилган конституцион референдум натижаларига кўра, яна 2 марта қайта сайланиш ҳуқуқига эга бўлганди. Конде янги сайловда ҳам ғалаба қозонди, лекин мамлакатда турмуш даражаси пасайиб кетди. Хусусан, нарх-навонинг кескин ошиб кетиши, коронавирус туфайли юзага келган ҳолат Гвинея аҳолисининг Конде бош­қарувидан норозилигини кучайтириб юборди. Оқибатда пойтахт - Конакри кўчаларида ҳарбийларни маҳаллий фуқаролар хайрихоҳлик билан кутиб олдилар. Махсус хизмат бўлими подполковник Мамади Думбуя раҳбарлигида иш олиб бормоқда. У мамлакатдаги қашшоқлик ва порахўрликдан норозилигини таъкидлаб, тинч йўл билан ўтиш даври бошланганини эълон қилди. Gol.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айни шу воқеалар тафсилоти ҳақида...

Умумий ҳолат

Президент Альфа Конде соғ-саломат. Фитначилар ҳибсда ушлаб турилган президентга оид видеолавҳани намойиш этишди. Конденинг ўзи унга қандай муносабатда бўлишаётгани хусусидаги саволга жавоб қайтаришдан бош тортди. Ағдарилган президент шифокор кўригида бўлгани ҳам маълум қилинди. БМТ бош котиби Антониу Гутерреш қўзғолончиларни Кондени зудлик билан озодликка чиқаришга чақирди. Кўплаб мамлакатлар Гвинеядаги воқеани қоралаб, махсус баёнот билан чиқмоқда. Конде 83 ёшда бўлса, Мамади Думбуя энди 40 ёшдан ошган. У сўнгги ойларда ўз тасарруфидаги тезкор бўлим мустақиллигини таъминлаганди. Альфа 2018 йили Франциядан Гвинеяга қайтиб, махсус хизмат бўлими бошқарувини ўз зиммасига олган. У ҳарбий хизмат ва жанговар ҳаракатлар масаласида 15 йиллик тажрибага эга.

Қўзғолоннинг футболга таъсири

Давлат тўнтариши ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги учрашувнинг қолдирилишига олиб келди. Аниқроғи, 6 сенябрь кунига белгиланган Гвинея - Марокаш учрашуви номаълум муддатга сурилди. Африка футбол конфедерацияси баёноти: «Гвинеядаги айни сиёсий вазият жуда нотинч. Ҳаммаси ФИФА ва АФК томонидан синчковлик билан кузатилди. Барча иштирокчилар ва расмий вакиллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида учрашувни кечиктиришга қарор қилдик». Бинобарин, Мамади Думбуя конституция бекор қилингани, парламент тарқатиб юборилгани ва мамлакат чегаралари камида 1 ҳафтага ёпилгани ҳақида баёнот берганди. Чегараларнинг ёпилиши спорт оламига жиддий хавф туғдирмоқда. Хусусан, Марокаш терма жамоаси бундан жиддий азият чекди. Гвинея футбол федерацияси марокашликларни хусусий самолётда бир амаллаб ортга қайтариб юборди. Аммо Марокаш термаси вакиллари отишмаларга бевосита гувоҳ бўлдилар, танкларни кўрдилар. Энди эса эсон-омон ортга қайтганларидан мамнунлар. Гвинеядаги вазият хусусида Марокаш миллий жамоаси бош мураббийи Воҳид Халилхожич ҳам тўғридан-тўғри эфир орқали маълумот берди. У жамоа учишга рухсат кутаётган пайт интервью беришга улгурди. Тўғри, бунга қадар Боснияда фуқаролар урушини бошдан кечирган мураббий анча хотиржам гапирди: «Кун бўйи меҳмонхонадан чиқмаган бўлсакда, ўқ овозларини эшитиб ўтирдик. Йигитларнинг саросимага тушишгани аниқ. Ўзим бундай вазиятга кўникиб қолганман, бу муаммо эмас. Лекин вазият қалтис, барибир».

Қизиғи шундаки, Марокаш футболи мутасаддилари терма жамоа жойлашган меҳмонхона атрофида ҳаммаси тинч эканлигини маълум қилишганди. Маҳаллий федерация номидан гапирган Муҳаммад Макроуф жумладан, футболчиларга ҳеч қандай хавф йўқлигини айтганди: «Жамоа мутлақо хавфсиз жойда. Футболчилар кескинлик кузатилаётган ҳудуддан анча узоқда жойлашган меҳмонхонадалар. Демак, хавотир йўқ». Макроуф ўшанда аэропортда самолёт тайёрланаётгани, мутасаддилар жамоанинг парвозига рухсат олиш билан шуғулланаётганликларини ҳам қўшимча қилганди.

Футболчилар реакцияси

Марокаш миллий жамоаси аъзоси Жавод ал Ямиқ «Инс­таграм»даги саҳифаси орқали танклар ва қуролланган кишилар суратларини кўрсатди. Футболчи уларни меҳмонхона деразасидан тасвирга олган. Тўғри, бу суратлар тезда олиб ташланди, аммо самолётдан тасвирга олинган видеолавҳа бор. Унда Гвинеядан соғ-саломат чиқиб кетишга муваффақ бўлган марокашлик футболчиларнинг хурсандчиликлари акс эттирилган. Чунончи, Марокаш термаси Гвинея аэропортига минг таҳликада етиб олганди. Жамоа жойлашган автобусни кўрган киши «ПСЖ» футболчилари кетишяпти», деб ўйлаши ҳеч гап эмасди. Аслида эса мамлакатдаги ҳарбий тўнтаришга аҳоли шундай муносабат билдирди - ҳамма кўчага отилди. Муҳими, Гвинея чегаралари ёпилган бўлсада, марокашликлар элчихона аралашуви билан уйларига омон қайтишди.

«ПСЖ» ҳимоячиси Ашраф Ҳакими - Марокаш термаси бош юлдузи. У биринчилардан бўлиб, жамоанинг Гвинеядан қандай қайт­гани хусусида ёзди. Ашраф бунда «Твиттер»дан фойдаланди: «Хабарлар ва қўллаб-қувватлаш сўзлари учун барчага катта раҳмат. Ўта ҳаяжонли кескин кун ортда қолди. Яратганнинг ўзига шукр, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Марокашга қайтдик. Хайрли оқшом!» Умуман, футболчилар самолётда Марокаш мадҳиясини баралла ижро этдилар. Работ аэропортида эса уларни юзлаб мухлислар кутиб олишди. Лекин янгиликлар дастурида терма жамоа етакчиларидан бири Ҳаким Зиеш кўриниш бермади. Бунинг сабаби оддий - у жароҳати сабаб, машғулотларда иштирок этишдан бош тортган ва сентябрь ойидаги учрашувларга чақирилмаганди. Бу хабар ҳам Халилхожич томонидан жамоатчиликка етказилди.

 

Хавотир бор, барибир

Москванинг «Локомотив» клуби мухлислари гвинеялик Франсуа Каманодан хавотирдалар. Клуб бу футболчига оид алоҳида баёнот берди. Маълумотга кўра, жамоа вакиллари Франсуа билан боғланишга муваффақ бўлишган ва унинг Россияга қайтиши учун тегишли ҳаракат бошлаб юборилган. Liverpool Echo эса «Ливерпуль» баёнотини чоп этди. Бу клуб Наби Кейтани ортга қайтариш чора-тадбирларини излаш, мухлисларни хавотирланмасликка чақириш билан банд. Шунингдек, «Сошо» вакили, Поль Погбанинг укаси - Флорентин Погба ҳам ҳозирча Гвинеяда. Гвинеялик футболчилар ҳаттоки, аэропорт томон ҳаракатланиш имкониятига ҳам эга эмаслар. Буни «Тулуза» аъзоси Иссиага Силла расман тасдиқлади: «Европага қайтиш биз учун осон эмас. Шу сабаб ҳам, бироз хавотирдамиз. Ҳамма жой ёпиқ, аэропорт ҳам ёпилган. Бизда ҳаракатланиш имконияти йўқ».

Африкада ЖЧ-2022 турнири саралаш босқичи 1 сентябрь куни старт олди. Гвинея миллий жамоаси дастлабки турда Гвинея-Бисау термаси меҳмони бўлиб, жанговар дуранг натижа (1:1)га имзо чекди. Марокашликлар эса ўз майдонларида Судан термасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. 6-7 сентябрь кунлари 2-тур баҳслари ўтказилди: Судан - Гвинея-Бисау - 2:4. Гвинея - Марокаш ўйини тақдири эса номаълум, Судан термасига қарши сафар учрашуви (3-тур) хусусида ҳам аниқлик йўқ. Шунингдек, клуб футболи ҳам мамлакатдаги нотинчликдан жабр тортмоқда. Дейлик, 12 сентябрь куни Гвинеяда Африка ЧЛ саралаш учрашуви ўтказилиши лозим эди. Бироқ...

Содиқ Собир тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz