Давоми. Бошланиши газетамизнинг 71 (1871)-сонида.
«Милан» ва «Реал» клубларининг бразилиялик собиқ ярим ҳимоячиси Кака ҳамиша мухлислар ёқимтойи сифатида тўп сурган. Роналду - Месси эраси бошланишидан олдин ўзига тегишли «Олтин тўп»ни олишга улгурган «тилла бола» FourFourTwo журналига берган интервьюсида бутун фаолиятининг турли босқичларини эсга олди: Италия гранди сафидаги катта ғалабалар ва аламли мағлубиятлар... Қуйида шу хотираларининг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.
«ОЛТИН ТЎП»? ҲЕЧ ҚАЧОН ЎЗИМНИ ЭНГ КУЧЛИ САНАМАГАНМАН!»
- Ўша ажойиб «Милан» атиги 1та скудетто ютган, холос. Сизнингча, жамоа кўпроғига муносибмиди ёки «А» серияда рақобат чиндан ҳам, ақл бовар қилмас даражада эди?
- Шубҳасиз, яна бир нечта совринни қўлга киритишимиз мумкин эди, лекин рақобат мислсиз бўлгани ҳам рост - «Ювентус», «Интер», «Рома» ва «Лацио» каби клублар сафида юқори савияга мансуб футболчилар тўпланишганди. «Рома»да Франческо Тотти, «Интер»да Эстебан Камбьяссо ва Хавьер Занеттидек буюк аргентиналиклар, яна Адриано, Златан Ибрагимович, «Ювентус»да эса Фабио Каннаваро, Лилиан Тюрам, Алессандро Дель Пьеро, Давид Трезеге... Лекин «Милан» таркиби ҳам чакки эмасди. Қисқаси, «А» сериянинг ажойиб даври эди. Ҳар ҳолда, Италия жамоалари ЧЛ ғолиблиги учун чин даъвогар саналарди.
- ЧЛ-2005 финали қандай таъсир қилган, 2 йилдан сўнг «Ливерпул»дан реванш олишчи?
- Албатта, аламли... Ахир ЧЛ финалига минг азоб билан чиқиб, бу тарзда енгилиш, яна кубокни қўлга олишга жуда яқин келган ҳолда... Ўшанда бир савол миямда чарх урганди: «Менда яна шундай имконият бўладими?» Албатта, мағлубият бизни роса ранжитган, чунки ўйинда тўлиқ устунликка эришган, ишонч билан олдинда боргандик. Бироқ «Ливерпуль» кутилмаганда, ўйинга қайтиб, якунда пенальтилар сериясида бизни бутунлай «ўлдирди». Иккинчи имконият келмаслигидан чўчирдим, лекин бахтимга, тез орада яна «Ливерпуль» билан финалга чиқдик - бу елкадан тоғ ағдарилганидек гап. Ғалабадан кейин еттинчи осмонда «учганим» ҳам рост. Энг муҳими, ўша оқшом янада ривожланиш учун қўшимча импульс олгандим.
- Истанбул финалида «Милан»нинг 3-голига ассистентлик қилгансиз. Буни фаолиятингиздаги энг яхши узатма сифатида таърифлаш мумкинми?
- Албатта, энг яхшиларидан бири. Нафақат гўзаллиги, балки ЧЛ финалида амалга оширилгани учун. Бундай катта ва муҳим ўйинда голга ассистентлик қилиш жуда ёқимли. Аммо асосий иш ҳужумчига боғлиқ, барибир. Ўшанда Эрнан Креспо барчасини аъло даражада бажарди, унинг ҳаракати вазият чиройи учун муҳим эди.
- 2005 йили ЧЛ финали бошланишидан олдин кубокка тегинган эдингиз. Бу Англияда ёмон белги эканлигини билармидингиз?
- Ҳа, кейинчалик инглиз дўстларим айтишди. Лекин очиғи, бундай иримларга ишонмайман. Вақтида кўплаб собиқ жамоадошларим турли хурофотларга амал қилишарди, аммо бундай ҳолатга бепарво қарардим.
- Адриано, Роналдо ва Роналдиньо билан «сеҳрли тўртлик» бўлиб ўйнаш қандай эди? Шундай ҳужумкор куч билан ЖЧ-2006да ғалаба қозонишга ишончинглар комилмиди?
- Мен учун шундай квартет иштирокчиси бўлиш шараф эди. Ахир Бразилияда таниқли футболчилар кўп, улар қаторига тушганимдан фахрланаман, албатта. Роналдиньо, Адриано ва Роналдо каби йигитлар билан ўйнаш - ажойиб. Таърифлашга тил ожиз. Аммо айтишим керак, биз ҳеч қачон жамоанинг қолган аъзоларидан ажралиб туришга интилган эмасмиз. Шунчаки, бор иқтидоримизни жамоа манфаати йўлида ишлатишга уринганмиз. ОАВда баъзи футболчилар индивидуал тарзда жамоа ғалабасини таъминлашгани ҳақида ёзишади, лекин кийиниш хонасида бу каби гапларни эшитиш ёқимли эмас. Зеро, ўйинда фақат жамоавий куч ҳисобига натижага эришиш мумкин. Хуллас, Бразилия термасининг сеҳрли тўртлиги мағрур эмасди. Оддий айтганда, ҳеч қачон ўзимизни катта олмаганмиз, аксинча, жамоанинг бир қисми сифатида тўп сурганмиз. Энг ачинарли томони, шундай кучли жамоа бўла туриб, ЖЧда мақсадга эришолмагандик. Бу авлод 2007 йили Америка кубоги ва 2005 йили Конфедерациялар кубогида ғолиб бўлди. Аммо энг йирик турнирни бериб қўйдик. Шундай иқтидорли ва даҳшатли таркиб билан миссияни бажаролмаганимиз - уят. Шунга қарамай, ўша жамоанинг бир қисми бўлишдан чинакамига роҳатланганман.
- 2007 йили «МЮ»га қарши ЧЛ ярим финал ўйинларида 3та гол уриб, бутунлай бошқача даражада ўйин кўрсатгансиз. Умуман, фаолиятингиздаги қайси лаҳзалардан кўпроқ ғурурланасиз?
- 2006-2008 йиллар оралиғида ҳам жисмоний, ҳам руҳий тарафдан юқори нуқтага чиққандим. Улғайганингиз сари танангизни тўлиқ тушунасиз, у сизга сўзсиз бўйсунади. Қисқаси, ўша даврда вазиятларда тўғри қарор қабул қиладиган даражада хотиржам эдим. Шунинг ҳисобига 3 йил давомида ажойиб натижалар қайд этдим. Ҳа, «МЮ»га қарши ўйинлар - энг яхшилари. Италиялик кўплаб журналистлар ва «Милан» мухлислари «Сан Сиро»да «МЮ» билан бўлган ўша ўйинни идеаллик намунаси сифатида кўрсатишади. Шундай баҳсда ўзимни кўрсатганимдан алоҳида ғурурланишим мумкин.
- ЧЛ-2007даги ғалабани «Исога тегишлиман» ёзуви билан нишонлагансиз. Бу ҳаётингиздаги энг муҳим лаҳзами?
- Ҳар бир соврин футболчи фаолиятида катта ўрин тутиши аниқ. Жумладан, 2007 йилги ЧЛ финалидан кейинги дақиқаларни ҳеч қачон унутмасам керак. Лекин тан олишим керак, футболдаги энг муҳим совриним - бу ЖЧ-2002 кубоги. ЧЛдаги ғалаба эса иккинчи ўринда. Бу турнирда ҳар доим энг яхши футболчилар иштирок этишади, қолаверса, Европада тахтга кўтарилиш жуда қийин. Майдонда тиз чўкиб, ибодат қилганим эса чиндан ҳам, ҳаётимдаги алоҳида лаҳзадир.
- Лионель Месси ва Криштиану Роналду эраси бошланишидан олдин, 2007 йили «Олтин тўп» соҳибига айландингиз...
- Ўта таъсирли ва эҳтиросли лаҳзалар... Дунёнинг энг яхши футболчисига аталган совринни қўлга олгач, бир зумда бутун ҳаётим кўз олдимдан ўтди: болалигим, катта орзулар, профессионал сифатидаги илк қадамларим... Аслида ҳеч қачон ўзимни энг яхши футболчи сифатида кўрмаганман, бу шунчаки, камтарлик эмас. Ҳа, «Милан» ютуқларида катта роль ўйнаганимни биламан, лекин «Олтин тўп»ни айнан жамоавий натижалар ортидан олганимни ҳам тушунаман. «Милан» ЧЛда ғалаба қозонди, чунки бизда ажойиб «сейв»ларни амалга оширган дарвозабон, ишончли ҳимоя, тезкор ярим ҳимоя ва маҳсулдор ҳужум бор эди. Албатта, «Олтин тўп»ни ўз уйингизда сақлашингиз ажойиб. Ўғлимнинг дўстлари келишса, дарҳол унга қарашади: «Вой, ана «Олтин тўп»! Бу жуда ёқимли. Шунда уларга жамоани қадрлаш кераклигини уқтираман, чунки футболда нимадир ютишнинг ягона йўли - шу.
«ШЕВЧЕНКО БИРИНЧИ БЎЛИБ КЕТДИ, АММО «МИЛАН» УНИ ҚЎЙИБ ЮБОРМОҚЧИ ЭМАСДИ»
- 2009 йили «Реал» билан шартнома тузиш илинжида Роман Абрамовичнинг «Челси»га ўтиш таклифини рад этганингиз ростми?
- Йўқ, «Челси»дан аниқ чорлов бўлмаганди, ҳаммаси норасмий гап-сўзлар. Ҳар ҳолда, жамоани Анчелотти бошқарарди ва у билан яхши муносабатда эдим. АПЛ клублари таклифларига келсак, «Мадрид»га йўл олишимдан тахминан 6 ой олдин «Манчестер Сити»га чорлашганди. «Шаҳарликлар» энди катта лойиҳани бошлашган ва мени майдонда етакчилардан бири бўлишимни хоҳлашди. Умуман, ўшанда «Милан»дан кетиш вақти келган, деб ўйлагандим, фақат «Реал»га энг мақбул вариант сифатида қараганман. Аммо «Милан» сиёсати бошқача бўлиб, клуб етакчи футболчиларни сотишни истамасди. Биринчи бўлиб Андрей Шевченко кетди, лекин азоб билан. Аниқроғи, клуб Шевадан кетиш ниятини матбуот анжуманида эълон қилишини талаб қилди. Тўғри, менинг вазиятим бошқача эди. «Cити» таклифидан сўнг раҳбарият жамоанинг молиявий ҳолатини яхшилаш учун мени қўйиб юборишга тайёрлигини билдирди. Яъни кетишим учун эшиклар очиқ эди, лекин рад этиб, бор гапни айтдим: «Агар кейинги трансферлар ойнасида клубга «Реал»дан шунга ўхшаш таклиф тушса, дарҳол кетаман». Якунда худди шундай бўлди.
- Агар «Реал» ўша ёз Криштиану Роналду билан ҳам шартнома тузишини билганингизда, жамоага ўтармидингиз?
- Буни билганимда, бир тўхтамга келишим янада осонроқ бўларди. Зеро, дунёнинг энг яхши футболчилари билан кучли жамоада ўйнашдан яхшироғи йўқ. Сиз катта совринлар ютишни хоҳлайсиз. Энг яхшилар даврасида ўйнасангиз, бу мақсадга эришишингиз имконияти ўз-ўзидан ошади. Роналду билан 4 йил давомида бирга тўп сурдим - ажойиб. Биз ҳали ҳам қалин дўстлармиз ва вақти-вақти билан гаплашиб турибмиз.
- Футбол майдонида айнан кимлар билан яхши чиқишгансиз?
- Муайян бир футболчини айтишим қийин, чунки кўплаб йигитлар билан ўзаро тушуниб тўп сурганман. Дейлик, «Сан-Паулу»да ҳам, терма жамоада ҳам Луис Фабиано яхши шерик бўлганди. «Селесао»да яна Элано, Роналдиньо ва Роналдо билан мукаммал даражада тушуниб ҳаракатланганмиз. «Милан»да эса Филиппо Инзаги ва Андрей Шевченко билан. Биз узоқ вақт майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам жуда яхши чиқишганмиз.
- Фаолиятингиз давомида клублар ва терма жамоа учун 200тадан кўп гол ургансиз. Улардан энг севимлиси борми?
- Клуб футболидагиси - «Олд Траффорд»да урган иккинчи голим. Ҳам чиройли, ҳам муҳим. Бразилия термасида эса энг эсда қоларли голни ЖЧ-2006да хорватлар дарвозасига йўлладим. Танаффусга чиқиш арафасида урилган ўша гол ягона бўлиб қолди. 2006 йили ўртоқлик учрашувида Аргентина термаси дарвозасини ишғол қилганим ҳам хотирамда муҳрланган. Ўшанда ўз жамоамиз дарвозаси олдидан рақибникига қадар югуриб боргандим. Асосийси, бутун масофада мени Лионель Месси таъқиб қилган, тўхтатишга уринганди. Бу унутилмас лаҳзалар...
Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20