Қайднома

Қидирув

Евротур: Тарихий воқеалар ҳафтаси

Евротур: Тарихий воқеалар ҳафтаси

  16.09.2021 05:00
  0
  253
Евротур: Тарихий воқеалар ҳафтаси

Ортда қолган «уик-энд»ни от айланиб қозиғини топган ҳафта, десак, муболаға бўлмайди. Жумладан, Роналду бир неча йиллик саргузаштлардан кейин АПЛга қайтди. Чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш йўлида мавжуд имкониятлардан фойдаланишга уринаётган «Атлетико» Гризманни, юксак унвонни қайтариб олишни мақсад қилган «Реал» «Бэйл»ни ўз сафларига қўшиб олдилар. Тўғри, Гарет янги-эски жамоасида жароҳат олгани боис, ҳисобот турини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Топ-чемпионатларнинг бошқа вакилларида ҳам эътиборли воқеалар кўп бўлди.

Англия. «Тақачилар»га «кўз тегди»

«Кристал Пэлас» ва «Тоттенхэм» ўртасидаги Лондон дербиси нафақат АПЛ, балки етакчи бешликдаги энг кутилмаган натижа (3:0) билан майдон эгалари фойдасига ҳал бўлди. Очиғи, ҳозирда Патрик Виейра тасарруфига ўтган «бургутлар» савиясини камситишдан йироқмиз, ўртамиёна сифатига кўникиб қолган жамоа иши юришиб қолганда грандларни ҳам енгиши мумкин. Лекин дастлабки турлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Санту шогирдлари асосан Сон ва Кейнга ўйнашга ўрганиб қолишди. Қитъдошимиз бу турда жароҳат туфайли майдонга туша олмади, Гарри эса талаб даражасида тўп суролмади. Эҳтимол, португалиялик мураббий бу сафар ҳам битта гол эвазига тўлиқ 3 очкога эга бўлишни ўйлагандир. Бироқ унинг франциялик касбдоши ҳам АПЛни энди кўраётгани йўқ. Боз устига, Танганганинг майдондан четлатилгани мезбонлар учун айни муддао бўлди. Гарчи голлар сўнгги дақиқаларда урилган бўлсада, охирги ярим соат «бургутлар» устунлигида ўтди.

Манчестернинг қизил қисмидагилар «Ньюкасл»га қарши беллашувни сабрсизлик билан кутишгани аниқ. Сабаби, улар Роналдуни соғиниб қолишганди. У эса ҳурматга муносиб жавоб қайтарди ва танаффус арафасида битта гол совға қилди. Ҳа, уни амалга ошириш осон бўлмади, «ҳаккалар» ишончли ҳимояландилар.

Лекин 2-бўлимда меҳмонлар мувозанатни тиклашга эришган бўлишсада, кейин майдон эгаларини тўхтатиб қолишнинг иложи бўлмади. Криштиану яна «иблислар»ни олдинга олиб чиққан бўлса, ватандоши Фернандеш ва Лингард­нинг аниқ зарбаларидан кейин ҳисоб йирик кўринишга келди.

«Стэмфорд Бриж»да Ромелу Лукаку «Челси» мухлисларига «дубль» ҳадя этиш билан иккинчи дебютини нишонлади. «Астон Вилла» айниқса, танаффусдан кейин мувозанатни тиклаш учун катта куч сарфлади, ўта хавфли ҳужумларни уюштирди. Бироқ Менди жуда ишончли ҳаракатланиб, ажойиб сэйвларни намойиш этди. Қолаверса, меҳмонларнинг ўз дарвозалари яқинида хатога йўл қўйишгани иккинчи голга олиб келди. Қўшимча вақт ниҳоясига етаётган паллада Лукаку сўнгги нуқтани қўйди - 3:0.

«Ливерпуль» Лидс сафаридан шундай ҳисобдаги йирик ғалаба билан қайтди. Бу ўйинда мезбонлар жиддий қаршилик кўрсата олмадилар. Учрашув меҳмонлар устунлигида ўтди ва улар қулай вазиятлардан унумли фойдаландилар.

Лестерга аламзада кайфият билан йўл олган амалдаги чемпион бир ой муқаддам Суперкубокни тортиб олган «тулкилар»дан ўчини олди. Яъни, аввалги беллашувда «тулкилар» ягона гол эвазига нуфузли совринни илиб кетган бўлсалар, бу гал Бернарду Сильванинг битта аниқ зарбаси 3 очко тақдирини ҳал қилди. Аслида ҳисоб йирик бўлиши ҳам мумкин эди. Бироқ Каспер Шмейхелнинг маҳорати бунга имкон бермади.

Мавсумда муваффақиятли старт олган «Эвертон» «Гудисон Парк»да «Бёрнли»ни ортиқча қийинчиликларсиз маҳв этди - 3:1. Натижада Ливерпуль жамоаси етакчи квартетдан жой олди.

Ниҳоят, инқироз даврини ўтказаётган «Арсенал» Лондонда бир амаллаб «Норвич»дан 3 очкони тортиб олишга муваффақ бўлди. Обамеянгнинг 66-дақиқадаги голи ягоналигича қолди.

Испания. Мажбуран ҚисҚарган тур

Ҳисобот турини ўтказиш Ла Лиганинг 4 жамоасига насиб этмади. Таркибида уммонорти вакиллари кўп бўлгани туфайли «Вильярреал» - «Алавес» ҳамда «Севилья» - «Барселона» учрашувлари номаълум муддатга кечиктирилди. Сабаб - америкалик футболчилар ўз терма жамоаларига жўнаб кетишганди. Бу борада Испания Олий спорт кенгаши ва Ла Лига раҳбарияти ўртасида келишмовчилик юзага келган бўлсада, якунда икки учрашувни кечиктиришга рухсат берилди. Англияда бу масала ўзгача ҳал қилинди: деярли ҳеч қайси футболчини терма жамоасига жўнатишмади, ФИФАнинг дисквалификацияси уларни қўрқита олмади. Ла Лигада эса тур марказий учрашувсиз ўтказилди.

Хуллас, Бильбаода «Атлетик» мавсумни ўта шиддатли бошлаган «Мальорка» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриб, 5-поғонага кўтарилиб олди. Лекин дебютант қаршилигини синдириш осон бўлмаганини голларнинг учрашув якунига яқин урилгани кўрсатиб турибди.

Амалдаги чемпион эса Барселонада «Эспаньол» устидан иродали (2:1) ғалабага эришди. 3 очко тақдирини ҳал қилган ғалаба голи ғайриоддий қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларида амалга оширилгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Қизиғи шундаки, йирик ҳисобда зафар қучган фаворитлар - «Валенсия» («Осасуна», 4:1) ва «Реал» («Сельта», 5:2) ҳам аввал ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишганди.

Германия. ЧўҚҚи «бўрилар» назоратида

Бундеслига ўз мухлисларини қизиқарли беллашувлар билан қувонтиришда давом этмоқда. Суюкли жамоаларининг ўйинларидан қониқмаётганлар ҳам етарли, албатта. Ахир мағлубият аламини тортмаслик учун барча рақиблар дурангга рози бўлишлари керакда. Бунинг эса иложи йўқ. Лекин Леверкузендаги «Байер» - «Боруссия Дортмунд» қарама-қаршилигидан ҳатто мағлуб бўлган мезбон жамоа мухлислари ҳам завқ олишгани аниқ. Ўта жонли, курашларга бой бўлган беллашувда ҳар қандай натижа адолатли бўларди. Аввалига майдон эгалари ҳисобни очишди, танаффусга ҳам минимал устунлик билан йўл олишди. Лекин биринчи бўлимда ҳисобни тенглаштирган Холанд якунда ғалаба келтирган гол муаллифи бўлди. «Доришунослар»нинг сўнгги дақиқалардаги уринишлари самара бермади. Натижада Розе шогирдлари 3-ўринга чиқиб олишди.

Марш раҳбарлигидаги «РБ Лейп­циг» эса навбатдаги мағлубиятини тан олди. Тўғри, «буқалар» Бундеслига грандига имкониятни бой беришди, собиқ устозлари уларни аяб ўтирмади ва сафардан йирик (4:1) ғалаба билан қайтди.

Ҳозирча очко йўқотмай келаётган «Вольфсбург» бу сафар «Гройтер Фюрт» дарвозасини икки бор ишғол этиб, серияни давом эттирди. Дебютант мағлубиятдан қутулиш учун бор имкониятини сафарбар этди. Бироқ сўнгги дақиқада унинг дарвозаси томон белгиланган пенальти масалани узил-кесил ҳал қилди.

Берлиннинг «Герта»си ниҳоят, Бохумда мавсумдаги дастлабки зафарни расмийлаштирди ва сўнг­ги поғонани тарк этди.

Мёнхенгладбахда ўзаро куч синашган «Боруссия М» ва «Арминия» жамоалари ўртасидаги баҳсда мезбонлар дастлабки ғалабани, меҳмонлар эса илк мағлубиятни расмийлаштирдилар.

Италия. Квартет триога айланди

Ҳисобот туридан кейин амалдаги чемпион сафарда «Сампдория» билан жанговар (2:2) дурангга имзо чекиб, 100 фоизли натижа эгаларини олдинга ўтказиб юборди. Ваҳоланки, танаффусга кичик устунлик билан йўл олганди. Танаффусдан кейин мезбонлар мувозанатни тиклашди. «Интер» эса қолган дақиқаларда рақиб дарвозаси томон йўл топа олмади.

«Марадона»да «Ювентус»ни қабул қилган «Наполи» иродали ғалабага (2:1) эришди. Учрашувнинг биринчи ярми меҳмонлар фойдасига ҳал бўлганди. Неаполликлар танаффусдан кейин ҳисобни тенглаштиришди. Лекин дуранг яқинлашиб қолган сўнгги дақиқаларда ҳимояни мустаҳкамлаш учун Мората ўрнига майдонга тушган Кин боши билан ўз жамоаси дарвозасини нишонга олди. Шесни тўпни қайтаришга улгурди, аммо рўпарасида турган Кулибалининг зарбаси қаршисида ожиз қолди.

«Милан» - «Лацио» баҳсида майдон эгалари меҳмонларга нисбатан фаолроқ тўп суришди ва танаффус арафасида Леау ҳисобни очди. Бўлимнинг қўшимча вақтида Кессье пенальтини голга айлантира олмади. Иккинчи бўлимда гол муаллифи ўрнини эгаллаган Ибрагимович ўз голи билан италиялик жамоадошининг айбини ювди. Натижада «Лацио» ҳам очко йўқотмай келаётганлар сафини тарк этди.

Пойтахтлик мухлислар бахтига, ўз майдонида «Сассуоло»ни қабул қилган «Рома» захирадан майдонга тушган Эл Шааравининг қўшимча вақтдаги голи эвазига карвонбоши унвонини сақлаб қолди.

Франция. Чемпиондан навбатдаги мағлубият

Ҳисобот турида яна омад «Лилл»дан юз ўгирди. Бу гал чемпион сафарда «Лорьян»га бас кела олмади. Танаффусга жамоа­лар 1:1 ҳисоби билан йўл олган ўйиннинг сўнгги дақиқаларида мезбонлар яна олдинга чиқиб олишди. Чемпион эса жавоб қайтаришга улгурмади.

Парижда «Клермон»га қарши майдонга тушган «ПСЖ» Неймар ва Мессининг кўмагисиз ҳам дебютант дарвозасига 4та жавобсиз гол урди. Иккинчи дебютант - «Труа» эса мавсумдаги дастлабки ғалабасига эришди, жамоа сафарда «Мец»дан 2 тўп фарқи билан устун келди.

«Монако» ҳамон ўз ўйинини топа олмаяпти. Князлик клуби ўз майдонида «Марсел»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. «Ницца» ҳам сафарда «Нант» дарвозасига 2та жавобсиз тўп йўллади. Таъкидлаш жоизки, «Ницца» ва «Марсель» ўртасидаги аввалги тур учрашуви можаро туфайли тўхтатилганлиги боис, уларда 2-ўринга кўтарилиб олиш имконияти бор.

Худди «Марсель» каби «Лион» ҳам ўз ўйинини топиб олган кўринади. «Тўқувчилар» бу турда «Страсбур» устидан 3:1 ҳисобида зафар қучдилар ва еврокубоклар ҳудудига чиқиб олдилар. Лекин келаётган «уик-энд»да уларни жиддий синов кутмоқда - «Лион» Парижда пешқадам билан куч синашади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz