Қайднома

Қидирув

25 йилдан кейин такрорланган сюжет...

25 йилдан кейин такрорланган сюжет...

  16.09.2021 06:06
  0
  238
25 йилдан кейин такрорланган сюжет...

Исландия футболида чуқур из қолдирган Эйдур Гудйонсен эсингиздами? «Челси» ва «Барселона» каби клубларда фаолият юритган собиқ ҳужумчи яқинда яна диққат марказига тушди. У бу сафар ўғли Андри Гудйонсенга Исландия миллий жамоасидаги дебютидан олдин оталарча меҳрибонлик билан оқ йўл тилаётганида ҳозиру нозир камералар «ўлжа»сига айланди. Эътиборли томони, Эйдурнинг ўзи нақ 25 йил олдин мамлакат миллий жамоаси сафида худди шу зайл илк марта майдонга тушган экан. Мана, орадан роппа-роса чорак аср ўтиб, шахсан ўзи ўғлини майдонга кузатиб қўйди...

Исландия миллий жамоасида авлодлар алмашинуви давом этмоқда. «Викинглар» 2 сентябрь куни жаҳон чемпионати-2022 квалификацион раунди доирасида Руминия термасини қабул қилиб, 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Эйдур Гудйонсеннинг ўғли Андри бу ўйинда захирадан майдонга тушди. Диққатга сазовор факт шуки, кичик Гудйонсен клуб футболида ҳали профессионал даражада дебют қилган эмас. Андри 8 ёшидан «Барселона» академиясида таҳсил ола бошлаган. Эйдурнинг ўғли яна 3 йилдан ке­йин «Гаву» жамоаси тизимига ўтган. 2015 йили 13 ёшли Андри Гудйонсен «Эспаньол» ёшлар жамоаси таркибига қўшилади. Ёш иқтидор 2018 йилдан буён эса «Реал» ихтиёрида. Ваҳоланки, отаси «Барселона»да 3 йил ўйнаган ва каталонияликлар билан Испания чемпионати олтин медали, мамлакат кубоги ва суперкубоги (икки марта)ни қўлга киритганди. Эйдур шунингдек, «Барса»нинг ЕЧЛ ва Европа суперкубогида зафар қучишига ҳам озми-кўп ҳисса қўшган.

Эйдур Гудйонсеннинг айтишича, ўғли ўзидан иқтидорлироқ экан ва футболда анча узоққа бориши керак: «Ҳа, Андри иқтидор масаласида мендан олдинда. У футболни шунчаки, спорт эмас, балки фан сифатида ўрганмоқда. Дейлик, мураббийлар билан кўп гаплашади, турли-туман ўйинларни видеоёзувлар орқали обдон таҳлил қилиб боради. Қисқаси, футболда мендан узоқроққа боришига ишонаман».

Жорий йил март ойида Эйдур Гудйонсеннинг ўғли ёшлар миқёсидаги Европа чемпионатида Россия термаси дарвозасини ишғол қилди. Хўш, Исландия умидининг миллий жамоадаги дебюти қандай бўлди? Андри руминлар билан баҳснинг 72-дақиқасида сафга қўшилди. Бундан олдин эса Исландия термаси бош мураббийи Арнар Видарссон ассистенти сифатида ишлаётган отасидан тегишли кўрсатмалар олди. Энг қизиғи, катта Гудйонсен ҳам Исландия бош жамоасидаги дебютини худди шу тарзда нишонлаган экан. Аниқроғи, исландлар 1996 йили Эстония термасига қарши майдонга тушишган ва Эйдур ўйинга захирадан қўшилган. У ўшанда майдонда отаси Арнор Гудйонсен ўрнини эгалланди. Табиийки, Арнор ҳам ўғлини ўпганча майдонга кузатиб қўйган. Эйдур кейинчалик ўз интервьюларида ўша ҳолатни кўп бора ёдга олган. «Тушунарлики, отам мени руҳлантиришга уринганди: «Ўғлим, биламан, ҳаммасини уддалайсан». Бу гапларини эшитганимдан кейин ҳаяжоним ўз-ўзидан тар­қалгани ёдимда. Ўшанда дунёдаги энг яхши отага эгалигимни теран тушуниб, майдонга қадам босгандим. Шу аснода ўйинда дарҳол мослашганман», - деганди Эйдур бир сафар. Мана, орадан 25 йил ўтиб, ўша таъсирли сюжет такрорланди...

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz