Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Лига 1 клублари кимларга тегишли?

Футбол ва бизнес: Лига 1 клублари кимларга тегишли?

  16.09.2021 08:18
  0
  340
Футбол ва бизнес: Лига 1 клублари кимларга тегишли?

ЕВРОПАНИНГ КУЧЛИ 5та ЛИГАСИДА ЎЙНАЙДИГАН 98та КЛУБ СОҲИБИГА НАЗАР. Инвестицион банкирлар, шайхлар, кинопродюсерлар ва миллиардерлар ворислари - замонавий футболнинг энг сара клублари шундай одамларга тегишли. Газетамизнинг аввалги сонларида Англия Премьер-лигаси, Испания Ла Лигаси, Германия Бундеслигаси ва Италия «А» серияси клублари хўжайинларига дахлдор баъзи маълумотларни тақдим этган эдик. Туркум таништирув мақолаларда навбат Франция элит дивизиони - Лига 1 иштирокчилари тепасида турган шахсларга келди. Демак, Лионель Мессидек биринчи рақамли юлдузни ўзига тортган чемпионатга кимлар сармоя киритишаётганини кўриб чиқамиз.

Аввало, айтиш керак, нафақат Франция чемпионати юқори лигаси, балки бутун мамлакат футболида ҳали-ҳамон инқироз давом этмоқда. Иккинчи томондан эса, Лига 1да «Араб дербиси» юзага келмоқда. AFP ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга таяниб айтсак, Франция элит лигаси 2020 йили нақ 1,3 миллиард евро йўқотди. Бунинг салмоқли сабаблари бор, албатта. Биринчидан, коронавирус хуружи ортидан 2019|2020 йиллар мавсуми охирига етказилгани йўқ. Иккинчидан, мавсум-2020|2021 ўйинлари ҳам умумий карантин қоидалари асосида ўтказилди (мухлисларсиз). Бунинг оқибатида Mediapro билан 3 мавсум учун тузилган янги медиашарт­нома бекор бўлди. Лига раҳба­рияти йўқотилган даромадни қоплаш учун банклардан катта миқдорда қарз кўтаришдан бошқа чора тополмади. Бироқ кредитни белгиланган вақтда қайтариш керак. Ҳозирча қарзни узиш масаласида қандайдир аниқ дастур ёки режа йўқ...

Ишларнинг бундай мавҳумлиги сармоядорларга ҳам ёқмаяпти. Мисол учун, «Бордо»нинг америкалик эгалари барчасига дарҳол реакция билдириб, клубдан воз кеча қолишди. Аниқроқ айтсак, Жирондия клубини мавсумлар оралиғида «Лилл»нинг собиқ хўжайини Жерар Лопес сотиб олди. Бироқ шуниси борки, янги соҳиб ҳам тез орада боши берк кўчага кириб қолди ва илк мавсум давомидаёқ жамоани қайта сотиш ҳаракатига тушди. Гап шундаки, Лопес банклар олдидаги қарзни ёпишда катта муаммоларга учради.

Умумий ҳолат шу қадар мураккабки, ҳаттоки, миллиардлаб доллар сармояга эга мегабойлар ҳам қандайдир ечим топилиши, ҳаммаси ижобий томонга ўзгаришини кутишмаяпти, келажакка оптимистик руҳда қарашмаяпти. Ваҳоланки, Лига 1да миллиардерлар анча кўп. Дейлик, Европанинг кучли 5та лигаси иштирокчилари соҳиблари орасида энг бадавлати ҳам айнан Франция чемпионатидан қўним топган. Йўқ, йўқ, гап «ПСЖ» устидан зар сочаётган араб шайхлари эмас, балки анча камтарин «Ренн» тепасида турган 84 ёшли Франсуа Пино ҳақида кетмоқда. Бу шахс люкс синфига мансуб маҳсулотлар империяси эгасидир. Пинонинг товарлари айниқса, футболчилар орасида жуда машҳур ва улар дейлик, Balenciaga, Bottega Veneta каби бренд­ларга тинмай пул сарфлашади.

Мана, жорий мавсум Лига 1 тарихида биринчи марта «Араб дербиси» кузатилади - Қатар амирига тегишли «ПСЖ» Дубай шайхи Мансурнинг молиявий кўмаги билан иккинчи дивизиондан юқорига кўтарилган «Труа»га қарши. Умуман олганда, Франция клубларининг аксарият хўжайинлари хом  ашё секторида бойлик орттиришган. Мисол учун, Франция нефть гигантлари қаторига кирмасада, чемпионатнинг юқори лигасида бу соҳанинг бирданига икки вакилини кўриш мумкин: «Ницца»га эгалик қилаётган Жим Рэтклифф (Буюк Британиянинг энг бадавлат фуқароси) ва «Ланс»ни молиялаштираётган озарбайжонлик Ҳафиз Маммадов.

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz