Қайднома

Қидирув

Мафтункор юлдузнинг фаолияти

Мафтункор юлдузнинг фаолияти

  19.09.2021 09:09
  0
  222
Мафтункор юлдузнинг фаолияти

Сермаҳсуллик бобида Мбаппе билан бўйлашаётган Эрлинг Холанд футбол оламининг бўлажак ёрқин юлдузи эканлигига ўта қисқа вақт ичида ҳаммани ишонтириб улгурди. Демак, норвегиялик ноёб иқтидор соҳиби билан яқиндан танишиш пайти келди.

Эрлинг Холанднинг дастлабки профессионал клуби - «Брюне». Норвегиянинг 2-дивизионида қатнашадиган мазкур жамоа унчалик машҳур эмас. Фаолиятидаги илк учрашувни қаҳрамонимиз 2016 йилнинг 12 майида ўтказган. Ўшанда у «Ранхейм»га қарши баҳснинг 2-бўлимида майдонга тушганди. Шундан кейин Эрлинг дебют мавсумида 16 марта, асосан захирадан ўйинга қўшилди. Шунингдек, немис жамоаларида кўрикдан ўтиш учун Германияга бориб турди. Жумладан, бир неча кунни «Хоффенхайм»да ўтказди. Лекин бундан натижа чиқмади.

Ваҳоланки, Холанд ўшанда ажойиб ўйин кўрсатганди. Жамоа мутасаддиларининг шундай ҳужумчидан воз кечганларини тушуниш қийин. Охир-оқибат, Эрлинг 2017 йилнинг февралида Норвегиянинг энг яхши клубларидан бири бўлган «Мольде» билан шартнома имзолашга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, мухлисларга яхши таниш бўлган «МЮ»нинг амалдаги бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер ўшанда «Мольде»ни бошқараётганди. Эрлинг 2017 йилнинг 4 июнида «Сарпсборг»га қарши беллашув билан Норвегия чемпионатидаги дебютини нишонлади. Ўша йилнинг 6 августида эса «Тромсё» дарвозасига профессионал фаолиятидаги дастлабки голини урди. Дебют мавсумини у 14 учрашув, 2 гол билан якунлади.

Мавсум-2018да ҳужумчи бошланғич таркибда майдонга тушиш ҳуқуқини қўлга киритди. 2018 йилнинг 1 июль оқшомида бўлиб ўтган «Бранн»га қарши баҳс Холанднинг бенефисига айланди. Ҳужумчи ўша ўйинда 4та гол уриб, жамоасига йирик (4:0) ҳисобдаги ғалабани ҳадя этди. Кейинги турда 2та гол ва битта ассистни расмийлаштириб, «Волеренга» устидан эришилган зафарга (5:1) улкан ҳисса қўшди. Ўша йили Эрлинг ЕЛда дебютини нишонлашга ҳам улгурди. Нуфузли мусобақанинг саралаш босқичи доирасида у Албаниянинг «Лачи» клубига қарши илк марта майдонга тушганди. Мавсумдаги 30 учрашувда Холанд 16та гол урди, оёғидан жароҳат олгани боис, охирги 3та ўйинда майдонга туша олмади. Шунга қарамасдан, мавсумни «Норвегиянинг йил футболчиси» унвони билан поёнига етказди.

2018 йилнинг августида Австрия­нинг «РБ Зальцбург» клуби Холандни 5 млн. евро эвазига ўз таркибига қўшиб олди. 2019 йилнинг 19 июлида у Австрия кубоги доирасидаги «Парндорф»га қарши беллашувда (7:1) дастлабки «хет-трик»ини амалга оширди. 10 августда «Вольфсберг» дарвозасини 3 марта ишғол этиб, чемпионатдаги «хет-трик»ни нишонлади. 14 сентябрь оқшомида эса «Хартберг» (7:2) ёш тўпурардан 3та гол қабул қилиб олди. Қўшимчасига, Эрлинг 2та ассист­ни ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Орадан 3 кун ўтгач, Холанд ЕЧЛдаги илк «хет-трик»ини қайд этди. Ўшанда у гуруҳ босқичининг дастлабки турида Бельгиянинг «Генк» клуби дарвозасини 3 марта забт этганди. Шу тариқа Эрлинг нуфузли турнирдаги дебютини «хет-трик» билан нишонлаган 9-футболчига айланди. Норвегияликлар орасида эса, бу борада учинчи бўлди. Ундан аввал шундай муваффақиятга Сигурд Русфельдт (1998) ва Фруде Йонсен (2000) эришган эдилар.

ЕЧЛнинг 2-турида «Ливерпуль» майдонига ташриф буюрган «РБ Зальцбург» Холанднинг иккинчи бўлимдаги голи эвазига мувозанатни тиклашга муваффақ бўлганди. Бироқ «Энфилд»дан очко билан қайтиш Эрлинг ва унинг жамоасига насиб этмади, мезбонлар 4:3 ҳисобида устун келдилар.

3-турда Холанд «дубл»га эришган бўлсада, «Зальцбург» ўз майдонида 2:3 ҳисобида «Наполи»га имкониятни бой берди. Лекин норвегиялик мерган ЕЧЛнинг 3та учрашувида 6та гол урган дастлабки футболчи сифатида ўзига хос рекорд ўрнатди.

Рекордчи тўпурарнинг голлар серияси 4 ва 5-турларда ҳам давом этди. Аввалига у Неаполда пенальтидан унумли фойдаланди, кейин «Генк»ка қарши баҳсда ҳисобни (4:1) йириклаштирди. Бундан ташқари, у ўша ўйинда самарали узатмани ҳам амалга оширганди.

10 ноябрь оқшомида Австрия чемпионатининг «Вольфсберг»га қарши сафар учрашувида (3:0) Эрлинг мавсумдаги бешинчи ва чемпионатдаги учинчи «хет-трик»и­ни расмийлаштирди. Шу тариқа унинг ички чемпионатдаги 12 учрашувда урган голлари 15тага етди.

2019 йилнинг 29 декабрида Дортмунднинг «Боруссия» клуби Эрлинг Холанд билан 2024 йилгача шартнома тузганлигини эълон қилди. 2020 йилнинг 18 январида норвегиялик снайпер Бундеслигадаги дебютини «Аугсбург» дарвозасига 3та гол уриш билан нишонлади. Эътиборлиси, у 56-дақиқада захирадан майдонга тушиб, 79-дақиқага қадар «хет-трик»ни расмийлаштиришга улгурганди. Иккинчи учрашувни ҳам Холанд захирадан майдонга тушган ҳолда ўтказди ва бу сафар «Кёльн»га «дубль» «совға» қилди. Ниҳоят, «Боруссия Дорт­мунд» таркибидаги 3-беллашувда мураббий дебютантга бошланғич таркибдан жой ажратди. Ҳужумчи бу гал Берлиннинг «Унион»ини ҳам «дубль» билан «сийлади». Шундан кейин Холанднинг мавсум давомида «Зальцбург» ва «Боруссия Дортмунд» учун 25та расмий учрашувда урган голлари сони 35тага етди. Охирги 3та баҳсда у дарвоза томон 8 марта зарба йўллаган бўлса, уларнинг 7таси голга айланганди.

ЕЧЛдаги 8та учрашувда эса Эрлинг 10 марта (8таси «Зальцбург», 2таси «Боруссия Дортмунд» сафида) рақиблари дарвозаларини ишғол этганди.

2020 йилнинг 19 сентябридаги дастлабки турда Холанд гладбахлик номдош жамоа дарвозасига 2та гол урди. 3 октябрь оқшомида «Фрайбург» дарвозасига урилган 4та жавобсиз голнинг 2таси ҳам Эрлинг ҳисобига ёзилди. 21 ноябрдаги Берлин сафарида эса 2-бўлимнинг 32 дақиқаси ичида «Герта» дарвозасини 4 (!) бор ишғол этди ва 5:2 ҳисобидаги ғалабани таъминлади. 2021 йилнинг 9 январидаги сафар учрашувида Эрлинг «РБ Лейпциг»ни «дубль» билан жазолади (3:1), 6 мартда «Альянц Арена» ҳам унинг 2та голига гувоҳ бўлди. Бироқ майдон эгалари бунга 4та гол билан жавоб қайтардилар. Умуман, мавсум давомида Холанд Бундеслига доирасида 10та «дубл»ни қайд этди, 3 марта биттадан гол урди, 2020 йилнинг ноябрь ва 2021 йилнинг апрель ойларида энг яхши ўйинчи унвонига сазовор бўлди. Чемпионатнинг 28 учрашувида 27та гол урган норвегиялик мерган тўпурарлар баҳсида Роберт Левандовски (41) ва Андре Силва (28)дан кейин 3-ўриндан жой олди. «Боруссия» мавсум давомида урган голларнинг 1/3 қисмидан кўпроғини  (75тадан 27таси) Холанд амалга оширди, жамоаси «РБ Лейпциг»дан 1 очкога ортда қолган ҳолда мавсумни 3-ўринда якунлади. Эрлинг мухлислар томонидан энг яхши ўйинчи сифатида эътироф этилиб, Бундеслига рамзий термасидан жой олди.

Шунингдек, ЕЧЛнинг 2020/2021 йиллар мавсумидаги дастлабки 4 учрашувда 6та гол урди, бирорта учрашувни голсиз тарк этмади. Шу тариқа 12та ўйинда 16та голни амалга оширди. Жумладан, «Севилья» билан бўлган нимчорак финалнинг икки учрашувида ҳам «дубл»га эришди ва жамоанинг 5:4 ҳисобидаги умумий ғалабасини таъминлади. Чорак финалда «Боруссия» икки марта «Манчестер Сити»га 1:2 ҳисобларида имкониятни бой берди, Эрлинг гол уролмади. Лекин якунда 10та гол билан Мбаппени 2та голга ортда қолдирган ҳолда турнирнинг энг яхши тўпурари унвонига сазовор бўлди.

Шу йилнинг 21 майида Берлинда бўлиб ўтган Германия кубоги финалидаги «дубль» билан Эрлинг Холанднинг сермаҳсул мавсуми ниҳоясига етди: 41 учрашув, 41 гол!

Хуллас, норвегиялик вундеркинд ўз фаолиятида кўплаб тўсиқларни моҳирлик билан бартараф этди ва футбол оламининг келажаги порлоқ ва қимматбаҳо ўйинчиларидан бирига айланди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: Interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz