Қайднома

Қидирув

Эдуардо Камавинга: “Реал Мадрид”да ўйнаш – бу орзу”

Эдуардо Камавинга: “Реал Мадрид”да ўйнаш – бу орзу”

  23.09.2021 02:42
  0
  259
Эдуардо Камавинга: “Реал Мадрид”да ўйнаш – бу орзу”

«Реал» раҳбарияти яқинда жамоанинг янги хариди - франциялик вундеркинд Эдуардо Камавингани омма билан расман таништирди. «Ренн»дан 30 миллион еврога сотиб олинган ҳужумкор ярим ҳимоя­чи махсус тақдимот маросимидан сўнг ОАВ вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида ҳам қатнашди.

- Мана, «Реал» ихтиёрига ўтдингиз. Илк таассуротлар қандай?

- Бу ерда эканлигимдан бағоят хурсандман, албатта. Зеро, болалигимдан буён айнан «Реал» либосига бурканишни орзу қилардим. Энди оилам ва клуб равнақи йўлида бор салоҳиятимни ишга солишим муқаррар. Умуман, шу кунгача бошимиздан ўтган воқеа­ларни эсга олсак, «Реал» таркибига қўшилганим оилам учун чинакам шарафдир.

- Кучли ҳиссиётлар қийнамаяптими?

- Бу ерга ўрганиш ва янада юксалиш ниятида келдим ва катта чорловларга тайёрлигимни кўрсатишим шарт. Албатта, кўп ишлашим талаб этилади. Умид қиламанки, менга берилган ўйин вақтидан тўлиқ завқланаман. Ҳа, «Мадрид» футболчисига айланганимни билганимдан буён бахтиёрликдан «осмонда учяпман».

- Хўш, «Реал»ни танлашингизга болалик орзуларидан таш­қари, яна нималар таъсир кўрсатди?

- Аввало, айтишим керак, пул эмас. Болалик орзусини рўёбга чиқариш - бахт. Очиғи, «Реал» сафига бунчалик эрта қўшилишни ўйламагандим. Шундай экан, ҳозир бахтдан сармастман. «Мадрид» билан шартнома тузиш имконияти туғилганидан хабар топгач, бир сония ҳам иккиланмадим. Чунки буни анча олдин оилам даврасида муҳокама қилгандик, шу орзу билан яшаганман. Қисқаси, бу обдон ўйланган танлов ҳисобланади.

- Майдонда қайси позицияни эгаллашни хоҳлайсиз?

- Бу ҳақда кўп сўрашади. Чиндан ҳам, ҳимоя олдида ҳаракатланишни ёқтираман, лекин олдинроқда ҳам бемалол тўп суришим мумкин. Умуман,  мураббий та­йинлайдиган ҳар қандай позицияга мослаша олсам керак. Ўзимни бошқа футболчилар билан солиштиришни хоҳламайман, шунчаки, футболдан завқлансам, бас. Ҳимояга яқин жойда ўйнашим яхшими ёки ҳужум ҳаракатларида кўпроқ фойда келтираман - буни билмайман. Билганим, одатда майдон маркази атрофида ўзимни эркин тутаман.

- Маълумотларга кўра, «Мадрид» сизга анча олдин кўз тиккан экан...

- 16 ёшга қадар ҳеч қандай қўнғироқ бўлмади, лекин «Мадрид»нинг менга бефарқ эмаслигини билардим. Умуман, бундай масалалар билан ота-онам шуғулланишган, мен эса фақат футбол ҳақида ўйлардим.

- Янги жамоадошлар ҳақида нима дея оласиз?

- Асосий вазифам - умумий гу­-руҳга имкон қадар тезроқ қўшилиш ва ўйнашни бошлаб юбориш. Футболчи сифатида ўсишнинг энг мақбул йўли шу. Ҳа, рақобат кучли ва бу ҳам қўшимча мотивация беради. Узоқ вақтдан буён юқори даражада тўп сураётган жамоадошларим тажрибасини тезроқ ўзлаштирсам, бас.

- Ҳамюртингиз Карим Бензема билан қанчалик танишсиз?

- Карим - бутун Франция учун намуна. У ҳамиша ёш футболчиларга катта ёрдам беради, буни Винисиуснинг ўйини мисолида ҳам кўриш мумкин.

- Қайси жиҳатни энг кучли томонингиз сифатида тилга оласиз?

- Менимча, техник салоҳиятим чакки эмас, яна тажовузкор ҳаракатланишни ўрнига қўяман.

- «Мадрид»га боғлиқ энг ёрқин хотираларингиз...

- О, ЧЛ, Роналдо, Зидан, Фигу, яна бу клубда ўйнаган барча буюк футболчилар...

- Трансферингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Бор эътиборим футболга қаратилган. Ҳа, ёз бўйи «Мадрид» вакиллари билан гаплашганимни тан оламан. Барчаси трансферлар ойнасининг охирги кунига қадалгани сабаби эса сирлигича қолаверсин.

- Конго уруши руҳиятингизга кучли таъсир қилгандир...

- Урушдан қутулиш кучимга куч қўшгани тайин. Бунда оиламнинг ёрдами ва тутган ўрни жуда катта. Майдонга тушгач, биринчи навбатда, оиламни кўз олдимга келтираман. Умуман, ортимизда қолган барча қийинчиликлар янада кучайишимни тақозо этди - бу факт.

- Карло Анчелотти ҳақида нималарни биласиз?

- У француз тилида жуда яхши гапиради, бу ишимни анча осонлаштиради, албатта. Анчелотти билан илк учрашувдан ажойиб таассуротлар қолди.

- «Реал» марказий зонасида Модрич, Кроос ва Каземиро каби тажрибали футболчилар бор...

- Кўплаб совринларни қўлга киритишга улгурган катта ижрочилар. Демак, улардан ҳар куни ўрганишим, изларидан боришим керак.

Сўз

 

- Ҳурматли Эдуардо, «Реал Мадрид»га хуш келибсан. Бугундан олдингда жиддий чорлов бор. Бу йўлни мухлисларимиз ёрдами билан босиб ўтишингга тилакдошман. Эмилио Бутрагеньо («Реал» директори).

- «Реал Мадрид» - ҳаммадан кўп соврин ютган ер юзидаги энг катта клуб. Бу жамоа ҳар қандай футболчини орзу қилишга ундайди. «Мадрид» ҳисобидаги еврокубоклар сонига қарашингизнинг ўзиёқ етарли. Ҳаммамиз болалигимиздан «Мадрид»да ўйнаш орзусида улғайганмиз. Эдуардо Камавинга.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz