Қайднома

Қидирув

Натижа: Жозе Моуриньода 1000та ўйин туғёни...

Натижа: Жозе Моуриньода 1000та ўйин туғёни...

  23.09.2021 05:00
  0
  250
Натижа: Жозе Моуриньода 1000та ўйин туғёни...

Италия «А» серияси. 3-тур. «Рома» - «Сассуоло» - 2:1. Жозе Моуриньо ўйин якунида ўша машҳур «югуриш-сакраш» саҳнасини такрорлади. Португалиялик мутахассис биринчи марта «Интер» бошқарувида ЧЛ ярим финалида енгилмас «Барселона»ни «тиз чўктиргани» шарафига «Камп Ноу» майдони бўйлаб ажиб «кросс» намойиш этганди. «Беназир» бу сафар «Олимпико» майдони четида телбаларча югурди, сакради. Йўқ, бу камтарин «Сассуоло» устидан қозонилган ғалаба туғёнигина эмас. Ҳа, жамоа 90]1-дақиқада 3 очкони ўз томонига оғдирса, ҳар қандай мураббий ҳам эҳтиросга берилиши мумкин. Моу ижросидаги нав­батдаги «томоша»нинг асосий сабаби эса бошқа. У ўша оқшом мураббийлик фаолиятида 1000та ўйин маррасига етди.

Хуллас, «А» серия 3-туридан ўрин олган «Сассуоло»га қарши учрашув Жозе Моуриньо фаолия­тидаги юбилей - 1000-ўйин эди. Қарангки, шундай учрашув португалиялик тан олинган мутахассис учун ҳақиқий триллерга айланиб кетди:

1. «Рома» биринчи бўлиб гол урди, аммо «Сассуоло» бўш келмай, ҳужумга зўр берди ва иккинчи бўлим ўрталарида ҳисобни тенглаштирди.

2. Римликлар қўйиб юборилган голдан кейин нақ 5та қулай вазиятдан фойдаланолмадилар.

3. «Сассуоло» бу вақтда хавф туғдиришдан чарчагани йўқ. Хусусан, Жереми Бога ва Доменико Берарди гол уриш учун яхшигина вазият ҳосил қилишди, фақат дарвозабон Руи Патрисиунинг ишончли ҳаракати «бўрилар» жонига оро бўлди. Яна бир ҳужумда Ҳамид Траоре дарвоза устунини нишонга олди.

4. «Рома»нинг ғалаба голи 90+1-дақиқага тўғри келди. Захирадан ўйинга қўшилган Элдор Шомуродов тўпни Стефан ал Шааравига ташлаб берди ва у имкониятни қўлдан чиқармади - 2:1.

Шундан сўнг Моуриньо шунчаки, эҳтиросларига тўлиқ эрк бериб юборди - футболчиларни табриклаш учун майдон чети бўйлаб болаларча югурди. Португалияликнинг ўзи ўйиндан кейин ушбу хатти-ҳаракатига алоҳида тўхталиб, рақиблардан узр ҳам сўради. «Ҳа, бугун ўзимни 58 ёшли катта одамдек тутмадим. Гўёки, энди футболдаги фаолиятни орзу қила бошлаган 10, 12 ёки 14 ёшли йигитча бўлиб қолдим. Тан оламан, бу - болаларга хос югуриш. Бунинг учун «Сассуоло» бош мураббийи Дионизидан узр сўрадим. Чунки унинг жамоаси фантастик ўйнади ва бемалол ғалаба қозониши ҳам мумкин эди, худди биз каби. Дионизи - ажойиб мураббий, жамоаси ҳам шундай. Мураббий «Сассуоло»га чинакам индивидуал хусусиятларини сингдирмоқда. Бу дарҳақиқат, жуда муносиб рақиб», - деди Моуриньо.

«Беназир» шунингдек, юбилей - 1000-учрашуви олдидан асаблари қандай ўйнагани ҳақида ҳам гапирди: «Бутун ҳафта давомида ўзимни алдашга уриндим, ҳаммага бу ўйин мен учун алоҳида аҳамият касб этмаслигини уқтирдим. Қисқаси, аввало, ўзимни учрашувда қандайдир жиддий жиҳати йўқлигига ишонтирмоқчи бўлдим. Бироқ бефойда. Чунки бу ўзига хос учрашув эди, барибир. Ҳар ҳолда, мен учун махсус рақамли ўйин... Буни умримнинг охирги кунларига қадар унутмасам керак. Ахир мураббийликда 1000та ўйин маррасини забт этдим. Тан олишим керак, юбилейда мағлубиятга учраш эҳтимолидан роса хавотирландим. Якунда мени ажойиб ўйин қарши олди. Ҳисоб 6:6 ёки 7:7га айланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Қолаверса, «Сассуоло» 2:1 ҳисобида ғалаба қозониши мумкин эди, хайриятки, Руи Патрисиу бир-икки такрорланмас «сейв»ни амалга оширди. Хуллас, юбилейга яраша, мутлақо ғайриоддий учрашув бўлди».

Жозе Моуриньо бош мураббийи ролида

 

***9та клуб («Бенфика», «Лейрия», «Порту», «Челси», «Интер», «Реал», «МЮ», «Тоттенхэм», «Рома»)

***4та мамлакат чемпионати (Португалия, Англия, Италия, Испания)

***638та ғалаба

***204та дуранг

***158та мағлубият

***25 та соврин (жумладан, ЧЛнинг 2та «шалпангқулоқ» кубоги)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz