Ёсин Буну: “Муваффақият йўли – машаққатли меҳнат”
Марокашлик дарвозабон Ёсин Буну «Севилья» клуби сафига қўшилгач, дарҳол «1-рақам» учун рақобатга фаол киришди ва бу кураш жараёнидан порлоқ келажакка элтувчи трамплин сифатида фойдаланди. Оддий айтганда, Буну аввалига аҳён-аҳёнда захирадан майдонга тушди, муҳими, Ла Лигада ўзига берилган қисқа вақтда энг яхши жиҳатларини кўрсатиш уддасидан чиқди. У шу аснода тез орада ҳам клуб учун, ҳам миллий жамоа учун энг муносиб номзод эканлигини исботлашга тушди. Марокаш футболининг асосий суянчи энди Қатар-2022 мундиалига катта умид боғламоқда. Бунунинг ишончи комил - марокашликлар Африка миқёсидаги ЖЧ саралашида сезиларли устунликка эгалар ва улар буни амалда ҳам кўрсата олишади.
Қатар мундиали йўлида
«Атлас шерлари» бош мураббийи Воҳид Халилхожич ва унинг ёрдамчилари Гвинея, Судан ҳамда Гвинея-Бисау терма жамоалари жой олган «I» гуруҳидан муаммосиз чиқишларига ишонишларини таъкидлашмоқда. «Севилья» дарвозабони ҳам шундай фикрда. У шунинг баробарида барча рақибларга ҳурмат ва эътибор билан ёндашиш, ўйинларда бор кучни ишга солиш кераклигини айтмоқда. «Одатда Африка миқёсидаги саралаш ўйинлари нисбатан қийин кечади, - деди Буну FIFA.com сайтига берган интервьюсида. - Ҳа, гуруҳда фаворитмиз, аммо қолган жамоалар ҳам анойи эмас. Уларнинг ҳар бири охирги бир неча йилда ҳам тактик, ҳам техник жиҳатдан яққол кучайди. Хуллас, мақсадга осонгина эришиш мумкин эмаслигини жуда яхши биламиз, айниқса, сафар ўйинлари мушкулот туғдириши тайин. Демак, ҳар бир рақибга тўғри ёндашиб, ўйинларга максимал даражада тайёргарлик кўришимиз шарт. Акс ҳолда, натижа келмайди. Дейлик, жамоавий ҳаракатлар сифатини янада яхшилашимиз муҳим. Айни пайт ҳимоя энг кучли томонимиздир, лекин ҳужумда ҳам салоҳиятли йигитларга эгамиз. Фақат барчасини амалда исботлаш қолди, холос».
«Ал-Видад»дан «Севилья»гача...
Марокашнинг турли ёш тоифадаги терма жамоаларида ўйнаб чиққан Буну 2013 йили дастлабки жиддий совринга эга чиқди. Шу-шу салоҳиятли кипер янги-янги чақирувларга тўқнаш келмоқда. Буну хусусан, 2018 йили Африка Миллатлар кубоги ва жаҳон чемпионати иштирокчилари қаторидан жой олди. Лекин ҳар икки йирик турнирда «доимий» биринчи рақамли дарвозабон Мунир ал Муҳаммадига захирачи ролини бажариш билан кифояланди табиий равишда. «Барчаси мураббийнинг қарорига боғлиқ, - деди Буну бу масалада. - Терма жамоадан жой олиш учун аввало, клубда яхши ўйнаш талаб этилади. Асосийси, ўз ватаним учун ўйнашдан ҳеч қачон воз кечмаганман ва ҳамиша боримни беришга тайёрман. Бинобарин, халқаро миқёсда Марокаш шарафини ҳимоя қилиш - катта фахр». 30 ёшли дарвозабон фаолиятини Касабланка гиганти - «Ал-Видад» клубида бошлаб, 2019 йили Испания Ла Лигасига йўл олди. Эътиборли жиҳати, у бирданига Примеронинг олд жамоалари қаторида борадиган «Севилья» билан шартномага тузди. Айтишича, Ла-Лига тажрибаси ўлароқ, фаолияти мутлақ янги босқичга кўтарилди: «Ҳар доим диққатни бир жойга жамлаб, бор кучимни сарфлашга одатланганман. Футболчи борки, у ўз фаолиятини янги йўналишга буриб юборадиган қандайдир ҳал қилувчи лаҳзаларга дуч келади. Жумладан, менда ҳам худди шундай бўлди. Энг асосийси, ҳамиша кескин ўзгаришга тайёр турганман ва имконият туғилганида, нималарга қодирлигимни кўрсата олдим. Муваффақият йўли оддий - машаққатли меҳнат. Катта жамоаларга қарши бемалол ўйнайдиган ва шу пайтгача мавжуд деярли барча совринларни ютган клуб сафига қўшилганим - омадим келганидан далолат. Шунинг баробарида Касабланканинг «Видад» жамоасида улғайганимни асло унутмайман. Бу клуб қалбимда абадий жой олган».
Марокашлик дарвозабон 1 йил олдин Хулен Лопетеги жамоасининг Европа Лигасида ғалаба қозонишида катта роль бажарди. Буну ўша зафарли кампанияга ёпишиб олишни хоҳламайди: «Ҳа, ЕЛдаги ғалаба - бутун фаолиятимнинг энг юқори чўққиси, лекин ҳозир бу ютуққа маҳлиё бўлиб ўтирадиган вақт эмас. Зеро, техник-тактик жиҳатдан янада юксалишим керак. Хусусан, жорий мавсум бор салоҳиятимни намойиш этмасам бўлмайди. Ахир вақт тинмай югурмоқда...».
Кубок ови йўлида
Буну мукаммаллик сари интилиш, еврокубокка эришиш йўлида бир қатор тўсиқларга дуч келди. Футбол тили стадионларда бир хил бўлсада, майдон ташқарисида ҳаммаси бошқача, барибир. Марокашлик дарвозабон еврофутболга юзлашган кўплаб африкаликлар каби янги ҳаёт тарзига мослашишда роса қийналганини тан олади: «Африкалик футболчининг Европа турмуш тарзига бирданига кўникиши жуда қийин, барибир. Ҳар ҳолда, янги мамлакат, бошқача урф-одатлар, ўзгача қарашлар... Шунинг учунми, бошида Испанияда ўзимни қулай ҳис қиладиган жой ва одамлар даврасини топишга ҳаракат қилдим. Тўғриси, ўша вақт роса қийналдим, лекин айни шу оғир давр янада кучли бўлишимни тақозо этгани ҳам рост. Демоқчиманки, африкаликлар Европа менталитетига мослашиб, бошқа футболчилар билан тил топишиш ва яхши натижага эришиш йўлида икки чандон кўпроқ тиришишлари керак».
Буну энди Россия-2018 тажрибасини ишга солиб, Марокаш миллий жамоасининг ҳисоб бўйича 6-марта жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасини ютишига ёрдам бермоқчи. «Ўйлашимча, Россияда чакки таассурот қолдирмадик, фақат муносиб натижа қайд этиш учун етарли тажрибага эга эмасдик, - деди кипер ЖЧ-2018 ҳақида. - Умид қиламанки, Қатар мундиали ва кейинги турнирларда имкониятдан унумли фойдаланамиз. Ҳозирги бош мақсад - Марокаш термаси билан Қатар-2022 йўлланмасини қўлга киритиш. Шунингдек, Камерун мезбонлик қиладиган Африка Миллатлар кубоги-2022да ҳам яхши иштирок этишимиз шарт. Зеро, қитъа чемпионати ҳамма қатори биз учун ҳам муҳим ҳисобланади».
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20