Қайднома

Қидирув

Роналд де Бур: «Лео катта ҳайкалга муносиб»

Роналд де Бур: «Лео катта ҳайкалга муносиб»

  25.09.2021 05:25
  0
  311
Роналд де Бур: «Лео катта ҳайкалга муносиб»

Қатар-2022 мундиали элчиси, «Аякс» ва «Барселона» клублари ҳамда Нидерландия терма жамоасининг яқин ўтмишдаги машҳур ярим ҳимоячиси Роналд де Бур «СЭ» нашрига берган катта интервьюсида дангалини айтиб қўя қолди: «Россия аслида жаҳон миқёсида кучли 5таликка киришга қодир терма жамоага эга бўлиши керак». Собиқ футболчи шунинг баробарида руслар ЖЧ-2022га чиқолмасалар, бундан қаттиқ ажабланишини ҳам яширмади.

- Роналд, Қатар мундиали элчиси эканлигингизни биламиз. Бундан ташқари, қандай юмушлар билан машғулсиз?

- «Аякс»да ҳам элчи мақомидаман - клуб ёшлари билан ишлайман, U-17 ва U-18 жамоаларида ҳафтасига 2 марта машғулот ўтказаман. Йигитларга нафақат майдон, балки ташқарида ҳам ёрдам бераман. Яъни турли муаммоларини ҳал қилишда имкон қадар кўмаклашаман. Яна ўйинлар таҳлили асосида тегишли кўрсатмалар тайёрлайман. Бундан ташқари, «Аякс»га хорижлик ҳамкорлар билан мулоқот ўрнатишда ёрдам бераман. Жамоамиз айни пайт Европадан ташқарида ҳам кўплаб клублар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Дейлик, Япония, Хитой, Австралия ва БАА жамоалари билан. Шунингдек, Нидерландия телевидениесида эксперт сифатида ишлайман - нафақат Эредивизион, балки Франция, Италия ва Англия чемпионатлари ўйинларини таҳлил қилиб бораман.

- Эгизагингиз Франк де Бур мураббийлик соҳасида ишламоқда. Қизиқ, нега бу йўлдан бормадингиз?

- Аслида мен ҳам мураббийлик соҳасида ишлашни ўйлагандим. Аммо ўқиш ва биринчи турмуш ўртоғим билан ажрашиш жараёни параллель вақтга тўғри келиб қолди. Хуллас, шахсий муаммолар ортидан ўзимни ўқишга тўлиқ бағишлай олмадим. Ахир мураббийлик курслари фақат назариядан иборат эмас. Сиз ҳафтасига 5-6 марта ёш футболчилар билан маш­ғулот олиб боришингиз керак. Охир-оқибат, улгуролмаслигимни билиб, таҳсилни кечиктиришга қарор қилдим. Муҳими, ҳозирги ишим ўзимга ёқади, ҳамон футбол ичидаман. Франкка келсак, у бошидан мураббийликка жиддий киришди. Унинг мисолида биламан: мураббийликда ҳаммаси яхши кетса - бу ажойиб иш. Шунинг баробарида нимадир ўхшамаса, одам асабий бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

- Қатар билан яхши танишсиз - футболчилик фаолиятини шу мамлакатда якунлаб, у ерда 7 йил яшадингиз. Қатарга 2004 йили боргандингиз. Ортда қолган 17 йил ичида мамлакат нечоғли ўзгарди?

- Қатар пойтахти Дохада пирамида шаклидаги машҳур «Шератон» меҳмонхонаси бор. У ерга илк марта борганимда, марказдан тахминан 8 километр шимолда жойлашган «Ритц-Карлтон» меҳмонхонаси кўриниб турарди. Қисқаси, ўша вақт шу иккиси ўртасида ҳеч нима йўқ эди. Ҳозир эса нафақат икки меҳмонхона ўртасида, балки бутун мамлакатда осмон­ўпар бинолар, йўллар, метро бекатлари, стадионлар, савдо марказлари, боғлар бунёд этилганини кўрасиз. Оддий айтганда, 17 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳажмидан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ.

- Хусусан, Қатар футболи ҳам кўтарилди. Дейлик, мамлакат миллий жамоаси 2019 йили тарихда илк марта Осиё кубоги соҳибига айланди. Араблар буни қандай уддалашди?

- Мен борган пайт Гвардиола, Батистута, Каниджа, Лебёф ва акам аллақачон Қатар чемпионатида ўйнаётгандилар. Улардан айримлари мен каби Қатарда қолишди. Фарзандларим шу мамлакатда вояга етишди. Қатар - хавфсиз ҳудуд ва ишончим комил, ҳамма у ерда яшашни ёқтириб қолади. Мўъжаз мамлакат, ўша пайт футболга унча кўп мухлис тушмасди - кўпи билан 10-15 минг. Лекин ўйинлар доимий равишда телевидение орқали намойиш этиларди, шунинг учун маҳаллий аҳоли бизни бир кўришда танийди. Қатарликлар футболга жуда иштиёқманд ва уни яқиндан кузатадилар. Терма жамоа ўйнаётганида, стадион тўлади. Менимча, Қатар термаси ЖЧда ҳам «сюрприз» улашишга тайёр. Тараққиёт шундоқ кўриниб турибди. Акс ҳолда, қатарликлар Осиё чемпионига айланмасдилар, КОНКАКАФ «Олтин кубоги» ярим финалига чиқмасдилар. АҚШ термасига қарши баҳсда улардан шунчаки, омад юз ўгирди. Муваффақиятлар замирида футболни ривожлантириш бўйича қабул қилинган катта дастур турибди. Дейлик, Aspire академияси дунёдаги энг яхши спорт марказларидан бири ҳисобланади. Қатарда ўйнай бошлаганимда, бу лойиҳа энди ишга тушганди. Мана, ҳозир илк тарбияланувчилар терма жамоа асосини ташкил этишмоқда.

- Демак, Қатар термаси мундиалда «сюрприз» тортиқ этишга қодир...

- Ҳар ҳолда, шундан умидворман! Йирик турнир мезбонининг қўшимча мотивацияга эга бўлиши табиий ҳол. Албатта, осон эмас, чунки Қатар термаси ЖЧда ҳали бирор марта қатнашмаган. Лекин бемалол айтишим мумкин, турнирда мезбонлар билан бир гуруҳда ўйнайдиган рақиблар ўта эҳтиёт бўлишлари шарт. Зеро, охирги йилларда Қатар термаси савияси сезиларли даражада ошди, энди бу жамоа билан бемалол ўйнаш яхши оқибатларга олиб келмайди.

- Кўпчилик ЖЧ-2018ни тарихдаги энг яхши мундиал сифатида эътироф этди. Қатар-2022 ўзиб кета олармикан?

- Баралла гапириш қийин. Лекин аниқ биламан, Олий қўмита энг яхши мундиал йўлида катта иш бажаряпти. ЖЧни қабул қилган ҳар қандай давлат ўз турнири тарихда энг яхшиси сифатида қолишини хоҳлайди. Ҳа, Россия ажойиб мундиал уюштирди ва Қатар ундан энг яхши жиҳатларни олиш ниятида. Қатар мундиалида бир қатор устун жиҳатлари бор - мамлакат кичик, бўлажак ЖЧ тарихдаги энг ихчам турнир бўлади. Ҳамма мундиал муҳитини яққол ҳис қилади. Бу терма жамоалар учун ҳам айни муддао. Оддий мисол, Нидерландия термаси Евро-2020 1|8 финал ўйинини Будапештда ўтказди. Жамоа Венгрияга атиги 1 кун олдин етиб борди. Франкнинг айтишича, шифокорлар вақт нисбати ўлароқ, шундай тавсия беришган. Қатарда эса парвозларга умуман эҳтиёж йўқ, ҳамма бир хил шароитда бўлади. Бу мухлислар учун ҳам қулай: кунига 2та ўйинни стадионда кузатишлари мумкин.

- Жаҳон чемпионатининг қишда ўтказилишига эътирозлар йўқ эмас...

- Ҳа, бунақаси ҳеч қачон кузатилмаган. Демак, бир синаб кўрса бўлади, менимча. Одатда клублар мавсуми якунлаганидан кейин ЖЧга навбат берилади. Сайёрамизнинг энг яхши футболчилари бутун мавсум давомида ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчашади. Ахир улар асосан ўйинлари зич Европа чемпионатларида иштирок этишади. Қатар мундиали эса ноябрда бошланади ва футболчилар турнирда тўлиқ куч билан ўйнаш имкониятига эгалар. Ишончим комил, бу футбол сифатига таъсир кўрсатади. Масалан, Месси аввалги ЖЧларга 50та ўйин билан етиб борарди, энди атиги 20та ўйин ўтказган ҳолда киришади... Албатта, иқлимни ҳам унутмаслик керак. Ноябрь ва декабрь ойларида Қатарда об-ҳаво яхши - кундузи 25, кечаси 18 даража илиқ. Қолаверса, Африка Миллатлар кубогидек йирик турнир доимий равишда қишда ўтказилади, шундай экан, бундай тажриба йўқ эмас.

- Кейинги мундиалда 48та жамоа иштирок этиши тасдиқланган. Кенгайиш ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўйлайманки, 48та жамоа бироз кўплик қилади. Шубҳасиз, аҳамиятсиз учрашувлар кўпаяди. УЕФА ЧЛ гуруҳ босқичини олинг, унда топ-клублар мунтазам равишда даражаси пастроқ рақибларга қарши ўйнайди. Дейлик, «Барселона» мен эшитмаган Словения клубига қарши. Ҳа, кичик клублар грандни қабул қилишдан хурсанд, лекин бу ўйин мен учун қизиқ эмас. ЖЧда ҳам шундай бўлади - гуруҳда дейлик, Суринам - Бразилия ўйини юзага келиши мумкин. Бу қизиқ эмас, чунки натижа олдиндан маълум. Бошқа томондан, суринамликлар ўз тарихларида энг муҳим баҳсда қатнашишади. Хуллас, кенгайиш футболни бутун дунё бўйлаб ривожлантириш нуқтаи назаридан зарур. Қисқаси, янги форматни кутишимиз, ўз кўзимиз билан кўришимиз, шундан кейингина хулоса чиқарганимиз маъқул.

- Сизнингча, Нидерландия термасининг Қатарда муваффақият қозониш имконияти қандай? Россия термасиникичи?

- Бизда ажойиб жамоа бор - де Йонг, Вейналдум, де Лигт, Депай... Яъни иқтидорли авлод чиқмоқда. Юртдошларим барчани ҳайратга солишлари мумкин, лекин фаворитлар бошқа, барибир - Бразилия, Аргентина, Франция, Германия ва Англия. Қолаверса, Нидерландия термаси ҳали турнирга чиқиши керак, чунки саралаш гуруҳи жуда мураккаб.

Россия термасига келсак, агар жамоа Қатарга бормаса, бундан қаттиқ ажабланаман. Умуман, аслида Россия жаҳон миқёсида кучли 5таликка кирувчи жамоага эга бўлиши керак.

- Мессининг «ПСЖ»га ўтиши сизни ҳайрон қолдирмадими?

- Ҳа. Буни эшитганимдан кейин тун бўйи ухламаганимни айтолмайман, лекин ҳайратланганим рост. Умуман, бундан хурсандман. Чунки «Барселона» ва «Реал»нинг сиёсати нотўғри: ҳар иккиси катта қарзга қарамай, футболчи сотиб олишда бардавом. Тасаввур қилинг, ихтиёрингизда катта сарфлайдиган, лекин кредит ҳисобига кун кўрадиган компания бор. Бундай нима маъно? Футболда ҳам шундай. Испания федерациясининг бунга эътибор бера бошлагани яхши, албатта. Тўғри, «Барселона» мухлислари Месси футболчилик фаолиятини Испанияда якунламаганидан афсусдалар. Иккинчи томондан, «ПСЖ» - ажойиб вариант. Уни бошқа либосда кўриш ғайриоддий, аммо «ПСЖ» ҳам анойи эмас. Айтишим керак, турли клубларда ўйнашнинг афзаллик томонлари ҳам бор. Хусусан, Месси энди Франция маданияти ва анъаналарини ўрганиши мумкин.

- «Барселона»дан нималар кут­япсиз?

- Жамоа Мессисиз янги йўлга тушиб олиши керак. «Барса» ихтиёрида исталган рақибни мағлуб этишга қодир ёш футболчилар гуруҳи бор. Ишончим комил, Куман нима қилишни яхши билади. «Барса»нинг ўйинлари умидбахш кўринмоқда. Де Йонг ва Депайнинг жамоа билан нималарга эришишларини кўриш ҳам қизиқ.

- Месси «Камп Ноу»да ёдгорликка лойиқми?

- Шубҳасиз. Стадионга унинг сиймосидаги энг катта ҳайкални ўрнатиш керак.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz