Қайднома

Қидирув

Ракурс: Танишинг – «Шериф»!

Ракурс: Танишинг – «Шериф»!

  26.09.2021 03:33
  0
  358
Ракурс: Танишинг – «Шериф»!

Тирасполнинг «Шериф» клуби 15 сентябрь оқшомида Донецкнинг «Шахтёр» клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, нафақат ўзи, балки бутун бир Молдовани энг нуфузли клуб турнири тарихига олиб кирди. Унга қадар на «Шериф», на Молдова ЕЧЛга таниш эди.
Айни паллада Тирасполь клуби мухлисларимизга яхши таниш бўлган Москванинг «Спартак»идан кўра муваффақиятлироқ бўлиб турибди. «Қизил-оқлар»дан фарқли равишда, у бир қатор саралаш босқичларида мағлубиятсиз тўп суриб, гуруҳ босқичига етиб келди ва дастлабки турда «Шахтёр»ни енгишга муваффақ бўлди. Эътиборингизга барчамиз учун нотаниш бўлган, бугунги кунда ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев тўп сураётган жамоа ҳақидаги материални ҳавола этамиз.

90-йиллар бошида ташкил топган Приднестровья Молдова Республикаси (ПМР) ўз мустақиллигини эълон қилди. 1992 йилдаги қуролли тўқнашувдан кейин у Молдавиядан ажралиб чиқди. Бироқ расмий Кишинёв уни тан олмади. Шундан бери Приднестровья музлатилган можаро шароитида, уни худди ўзи каби тан олинмаган Абхазия, Жанубий Осетия ва Тоғли Қорабоғ эътироф этган, холос. Ҳатто Россия ҳам ПМРни давлат сифатида тан олган эмас. Ваҳоланки, ПМР 2017 йилдан бери Россия байроғидан ўзининг иккинчи байроғи сифатида фойдаланади, 4 йил аввал аҳолисининг 50 фоизи Россия фуқаролари эди.

30 йиллик мустақиллик даврида ПМРда ажойиб бизнес-муҳит шаклланди: мамлакат «Шериф» холдинги компанияларининг тасарруфида. 2020 йилда «Новая газета» бу борада жумладан, шундай ёзганди: «Шериф» - Шарқий Европадаги супермонополия, холдинг ПМРдаги барча бизнес соҳасига эгалик қилади. Автоёнил­ғи тармоқлари, супермаркетлар, банк, ТВ-канал, нашриёт уйи, шароб-коньяк ва тўқимачилик комбинатлари, спорт мажмуаси ва албатта, холдингнинг энг таниқли аъзоси бўлган футбол клуби».

Холдинг ПМР бюджетига тушадиган солиқ тушумларининг 50 фоизи, республика иқтисодиёти даромадининг 60 фоизини таъминлайди.

2020 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган сайловда маҳаллий парламентдаги 33 ўриндан 29тасини «Шериф» томонидан таъсис этилган ва молиялаштириладиган «Янгиланиш» партияси аъзолари эгалладилар. Қолган 4 ўриннинг 3таси холдинг билан ҳамкорлик қилаётган бизнесменларга, охиргиси холдингга хайрихоҳ сиёсатшуносга тегди. Қисқаси, ЕЧЛ тарихида илк марта бутун бир республикани ўз тасарруфига олган соҳибларга тегишли жамоа иштирок этмоқда.

Хўш, «Шериф»нинг жорий мавсумдаги суперсенсацияси сири нимада?

2019 йил охирида Молдавия чемпионатида (ҳа, жамоа тан олинмаган ПМР эмас, Молдавия шарафини ҳимоя қилади) легионерларга белгиланган лимит бекор қилинди: бир вақтнинг ўзида 11 нафар хорижлик футболчи майдонга тушиши мумкин. Бу «Шериф» мутасаддиларига қўл келди - «Шахтёр»ни тиз чўктирган жамоа таркибида бирорта молдавиялик йўқ.

Футбол агенти Дмитрий Селюк ҳам «Шериф»нинг муваффақиятига айнан лимитнинг бекор қилингани сабабчи, деб ҳисоблайди: «Атиги бир йил аввал Молдавия лимитдан воз кечганди. Энди биз нимага гувоҳ бўлдик? «Шериф» Сербия чемпиони «Црвена Звезда»дан, Хорватиянинг энг яхши жамоаси «Динамо»дан устун келди. Россия ҳам шу йўлга ўтиши лозим. Шунда маҳаллий футболчилар фақат тегишли паспортга эга эканликлари ҳисобига таркибдан жой олмайдиган бўладилар. Ҳозир маҳаллий ўйинчилардаги мотивация, тажовузкорлик ва ўз ўрни учун курашиш иштиёқи талаб даражасида эмас. Шу боис, ЦСКА Загребни енга олмаяпти, Юрий Вернидуб шогирдлари эса кучли рақибларни тор-мор этишмоқда».

Юрий Вернидуб ҳам агент билан ҳамфикр:

- ЕЧЛда умуман тажрибаси бўлмаган жамоа билан сиз эришаётган натижаларни Россия клублари қайд этолмаяптилар. Нима учун?

- Лимитнинг зарари кўп. Ватанпарвар бўлиш керак, деган даъватни кўп эшитамиз, аммо... Украинада чеклов анча енгил, атиги 4 нафар украиналик. Шу сабабли «Шахтёр» ва «Динамо» ЕЧЛда, «Шахтёр» гуруҳдан чиқишни уддалади. Эътибор беринг, бу жамоа қанча бразилияликларни «Бавария»га, «Манчестер Сити»га сотиб юборганига қарамай, яна қанчаси тўп сурмоқда... Россияда худди Белоруссиядаги каби футболчиларни зўрлаб ишлатамиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам ишсиз қолмасликларини улар яхши биладилар. Уларга катта ҳақ берилсада, шунга яраша ўйнай олмайдилар.

Олдинда «Шериф»ни жиддий беллашувлар кутмоқда, «Интер» ва «Реал» - ўта жиддий рақиблар. Лекин шундай номдор жамоаларни сафарда енга олган «Шахтёр» «Шериф» қаршисида ожиз қолди. Бу эса дебютантнинг мағлубиятсиз серияси давом этишига умид уйғотади.

Баҳорда «Тамбов» билан РПЛ турнир жадвалининг тубида юрган Себастьен Тилль ҳозир «Шериф»да. «Шахтёр»га қарши баҳсда люксембурглик футболчидан ташқари, юнонлар, Колумбия, Бразилия вакиллари, ўзбек ўғлони Жасур Яхшибоев, африкаликлар, жумладан, 5та саралаш босқичининг 4тасида гол урган малилик Адама Траорелар майдонга тушдилар. Учрашув старти арафасида ён чизиқда узоқ ўйланиб юрган Адама 16-дақиқада дастлабки ҳужумни гол билан якунлади. Тез орада йилни «Нижний Новгород» сафида бошлаган Момо Янсане «кончилар» дарвозасини забт этиб, ғалабани мустаҳкамлади.

Эътиборлиси, «Шериф» аъзолари ЕЧЛда 1 дақиқа бўлсада, ўйнаган эмасдилар. Димитриос Коловас умуман, ижара муддати тугагач «Панатинаикос»га қайтиш ниятида эди. Бироқ йигитларнинг «ғалвир»даги зафарли юришларидан илҳомланиб, шартномага имзо чекди ва «Динамо»га гол урди.

«Траоре қандай осонлик билан загреблик рақибига етиб олгани доимо кўз олдимда. «Шериф»дан аввал у «Мец» ўринбосарлари сафида ўйнарди. Умуман, жамоанинг ўйин суръати сезиларли даражада ошди», - дейди Сергей Даду.

Бу йигитни футбол мухлислари ЦСКА ва «Алания»даги ўйинлари орқали яхши танийдилар. «Шериф»га милициядаги касбдоши Виктор Гушан билан келган ва бизнесни ривожлантириш орқали футболга сармоя киритганди.

«Танишганимиздан бери Гушаннинг орзуси шу эди. «Шериф»ни ўз фарзандидек эъзозлайди, Галицкий каби маблағини клубга сарфлайди. Викторни бир одати учун жуда ҳурмат қиламан - у ҳеч қачон мураббий ишига аралашмайди. Қаттиққўллигига келсак, юксак парвоздаги киши оддий бўла олмайди. Илк бор учрашган пайтда Гушан «Шериф»нинг 4 қаватли ажойиб базасини бунёд этмаганди. Биз Марказий стадиондаги меҳмонхонада яшардик. У ерда Молдавиядаги энг қулай шароит яратилганди. Бу ўта кучли «Зимбру», «Тилигул» ва «Нистру»лар даврида эди. Тўғри, кейин улар бирин-кетин ёпилишди».

«Шериф» - Молдавияда легионерлар лимити бекор қилинишининг ташаббускори. Бу ишга бошқа ҳеч ким қизиқмасди: хорижликларни харид қилишга маблағ йўқ. Аввалги чеклов (майдонда 3 нафар молдаван, шу жумладан, 1 нафари 21 ёшгача) «Шериф»га қийинчилик туғдирмаган бўлсада, ислоҳотни ёқлади.

«Бизда молдаван йўқ, шу сабабли «Шериф» чиқди», деб ҳазиллашадилар. Кучли маҳаллий ўйинчиларни топишнинг иложи йўқ. Мендан «Шериф»дагилар Молдавия терма жамоаси ўйинчиларни қайси клублардан олишини сўрагандилар. Топ-ўйинчи Ионицэ ҳозир «Кальяри»да тўп сурмоқда. Олег Рябчук молдаван эмас, 4 ёшидан Португалияда улғайиб, «Олимпиакос»гача кўтарилди. Яна ким? Руминиянинг 2-3-лигалари? Барчаси легионерлардан заифроқ. Ҳар бир хорижлик учун клублар федерацияга 50000 лей, яъни, 2500 евро тўлашади. «Шериф» лимитни бекор қилиш таклифини айтганидан кейин нархни 5000 еврога чиқаришди. Ҳозир «Сфинтул Георг» ва «Петрокуб»ни ҳисобга олмаганда, бошқаларда легионерлар йўқ. Бу икки жамоа ҳам чекловнинг бекор қилинишига қарши. «Шериф»га муносиб қаршилик қилишни истайди, аммо шунча харидга маблағ йўқ», - дейди Даду.

«Шериф»да харидлар билан бош директор Важа Тархнишвили шуғулланади. Ўз вақтида у Даду билан ёнма-ён тўп сурганди. «Важа бутун фаолиятини шу ерда ўтказмоқда. Кўпчилик менежерлардан фарқли равишда, у ўз ишини яхши билади. Алдамайди, ўғрилик қилмайди. Клуб билан агентлар ҳамкорлик қиладилар, лекин шу пайтгача қинғирликларга дуч келмадим. Ўтган йили айрим хатоликларга йўл қўйгандик. Ҳозир ЕЧЛ учун ҳам етарли кучга эгамиз».

«Шериф» муваффақиятининг 99 фоизи - Юрий Вернидуб. Украиналик мураббий «Заря»ни қаторасига 5 йил ЕЛга олиб чиқди. Футболчи сифатида у «Зенит»да сардор бўлганди», - бу Молдавия футбол федерацияси матбуот котиби Виктор Дагининг «Шериф» устозига берган баҳоси.

Вернидуб ортиқча қийинчиликсиз «Шериф»ни чемпионликка олиб чиқди. Лекин кубок ва суперкубокни бой бергач, кетиш тараддудида эди. Насибаси узилмаган экан, қолди. Бош мураббий хусусида Даду қуйидагича фикр билдирди: «Вернидуб ўйинчилар билан яхши тил топиша олди, ҳар бирининг кўнглига йўл топди. Ҳар қайси шогирди билан 5 дақиқа суҳбатлашгани кифоя қилди. Бундан ташқари, Важа билан доимо яқин алоқада. Менинг Важа билан 30 дақиқалик мулоқотимда Юрий икки марта унга қўнғироқ қилди. Икковлон қисқа вақт ичида таркибни тўла-тўкис янгилашди».

Роберто Де Зербидан фарқли ўлароқ, Вернидуб ўйинни хотиржам кузатди. Фақат жамоа гол урганида ва учрашув тугаётган паллада қарсак чалди. Стадион эса тинимсиз тарзда уни олқишлаб турди: «Юра! Юра!»

«Трибуналардан исмимни эшитиш жуда ёқимли. Бироқ бу олқишлар фақат менга тегишли эмас. Мана бу йигитлар бўлмаганида, биз зафарга эриша олмасдик. Барча мухлисларга катта раҳмат айтаман ва таъзим қиламан», - деди мураббий.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz