Қайднома

Қидирув

Муносабат: ОФК кубоги ғолибига имтиёз борми?

Муносабат: ОФК кубоги ғолибига имтиёз борми?

  26.09.2021 06:06
  0
  289
Муносабат: ОФК кубоги ғолибига имтиёз борми?

Осиё Чемпионлар Лигаси 1/8 финали доирасида «Ғарб» минтақасидаги ўйинлар якунига кўра, клублар рейтинги бўйича айрим хулосаларни чиқариш мумкин.

***

* Саудия Арабистони 1-ўринга жойлашиб олди.

* Тожикистон сўнгги вакилидан айрилиб, ОЧЛда биттадан кўпроқ ўрин берадиган ҳудудга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди.

* БАА Ўзбекистонга яқинлашди, лекин «Насаф» навбатдаги ўйинда ютқазган тақдирда ҳам, амирликлар 4-ўринни қайтариб олиши учун «Ал-Ваҳда» Чемпионлар Лигасида финалгача етиб бориши талаб этилади. Агар «Насаф» ОФК кубоги минтақалараро финалига чиқса, «Ал-Ваҳда» ОЧЛда ғолиб чиқиши керак бўлади.

* «Насаф»нинг ОФК кубоги финалига йўл олиши Ўзбекистонга «Ғарб» минтақасида 4-ўринни ва 2023 йилги мавсум учун «2+2» квотасини кафолатлайди.

***

- Агар «Насаф» ОФК кубогини қўлга киритса, Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўл оладими? ОФК кубогида ғолиб бўлган клуб спорт принципларига кўра, ОЧЛ кейинги мавсумига йўл ололмаса, у ўз мамлакатида энг паст рейтингга эга клуб ўрнини эгаллайди. Бунинг учун ўша мамлакат минтақавий рейтингдан 1-6-ўринларни эгаллаган бўлиши керак. Бу нимани англатади? Ўзбекистон 2019 йилги рейтингда (ОЧЛ 2021 ва 2022 йиллар квоталарига аниқлик киритган) 6-поғонани эгаллаганди. Бизга «1+1» квотаси берилган. Агар «Насаф» Чемпионлар Лигасига ички биринчиликдаги чемпионлик ёки Ўзбекистон кубоги соҳиби сифатида йўл олишни уддаламаса, у ОЧЛда иккинчи клубимиз ўрнини эгаллайди. Яъни турнирга «плей-офф»дан киришади. Ўз нав­батида, у барча иштирокчилар орасида энг паст рейтингга эга бўлади, шу боис иштирокни энг эрта босқичдан - сафар ўйини орқали бошлайди. Ва албатта, Чемпионлар Лигасида қатнашиш учун ОЧЛ лицензиясига эга бўлиш кераклигини ҳам унутмаслик жоиз.

***

- Худди шу саволга янада умумийроқ жавоб қайтарадиган бўлсак:

- ОФК кубоги соҳибининг миллий мусобақалар таъсирида, Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти нолга тенг. Буни фақат «плей-офф» баҳслари орқали амалга ошириши мумкин.

- Тўғридан-тўғри чиқиши учун ушбу мамлакатнинг барча жамоалари турнирни гуруҳ босқичидан бошлашига тўғри келади. Бунақаси эса минтақавий рейтингда юқори тўртликда бораётган мамлакатларга хос - фақат шарти шуки, бошқа мамлакатлар жамоалари турнирда иштирок этолмаслиги керак (жорий мавсум «Шарқ» минтақаси клублари билан бўлганидек). Лекин бу мамлакатлар вакиллари, одатда, ОФК кубогида қатнашишмайди.

***

- «Насаф» ҳар бир ғалаба ва навбатдаги босқичларга йўл олишдан қанча баллга эга бўлади?

* ОФК кубогининг кейинги раундига чиқиш жамоа жамғармасига 1,5 балл келтиради.

* Ҳар бир ғалаба «Насаф»га 1,43 балл келтиради. Асосий вақт­да дуранг қайд этилса ёки учрашув пенальтилар серияси билан якунланса, қаршиликларга 0,48 балл ёзилади.

* Муҳим тушунтириш: ОФК кубогининг жорий мавсумида фақат «Насаф» шундай балл олади. Масалан, унинг навбатдаги рақиби «Мохан Баган» мос равишда 1,67 ва 0,56 балл олади. ОФК кубоги учун курашни давом эттираётганлар орасида Баҳрайннинг «Муҳаррақ», Иорданиянинг «Ал-Салт» ва Қувайтнинг «Қувайт СК» клублари ҳам шу тариқа балл тўплайди. Ливаннинг «Ал-Аҳад» ва Гонконгнинг «Ли Ман» жамоаларига ҳар бир ғалаба учун 2, дуранг учун эса 0,67 балл берилади. Бу турнирдаги учрашувларнинг умумий сони билан боғлиқ. «Насаф» максимал 7та учрашув ўтказиши мумкин, «Мохан Баган», «Муҳаррақ», «Ал-Салт» ва «Қувайт СК» - 6та, «Ал-Аҳад» ва «Ли Ман» - 5тадан ўйин ўтказиш имкониятига эга. Бошқа томондан, «Насаф» финалгача етиб борган тақдирда қўшимча 6та бонус баллига эга бўлиши мумкин (4 раунд учун 1,5 баллдан). «Мохан Баган» худди шу тариқа 4,5; «Ли Ман» эса атиги уч баллга эга бўлиш имкониятига эга.

***

- Океания футбол конфедерацияси ЖЧ-2022 саралашини 2022 йилнинг март ойида Қатарда марказлаш тизимда ўтказиш юзасидан мамлакат ФА билан келишувга эришганини эълон қилди. Энди ФИФА рухсат олиш қолди, холос. Агар шундай бўлса, Қатар нафақат ўз конфедерацияси (фақат ўз жамоасиникини эмас), балки бошқа конфедерация доирасидаги ЖЧ саралаш ўйинларини қабул қилган жаҳоннинг биринчи мамлакатига айланади. Яна шундай тасаввур боки, Қатар ОФК ва ОкФК саралаш ўйинларини ўтказиш билан чекланмайди.

***

- Аёллар терма жамоамиз Мўғулистон билан ўйинда 12:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ж.Корея термаси ҳам 3 кун олдин худди шундай ҳисоб қайд этганди. Демак, финал босқичининг ягона йўлланмаси тақдирига 23 сентябрь куни ўзаро ўйинда ойдинлик киритилади. Бугунги бош савол: агар ўйинда дуранг натижа қайд этилса, нима бўлади? Қайси жамоа устун ҳисобланади? Ҳеч бири, негаки, дурангдан кейин иккинчи бўлим тугаши билан гуруҳдаги 1-ўрин тақдирини ҳал этиш учун пенальтилар сериясига мурожаат қилинади. Ўз ўрнида эслатиш керак, бу қоида фақат 1-ўрин учун курашаётган икки жамоа бир вақт­да майдонда бўлганидагина ишлайди.

***

- Мана, футзал бўйича ЖЧ гуруҳ босқичи якунланди ва энди «плей-офф» тизими формуласи тайин. Осиё чемпионати тарихида Ўзбекистон ва Эрон термалари жами 12 марта тўқнаш келган. Шунча ўйининг барчасида форслар ғалаба қозонишган. Голларнинг умумий нисбати - 19-79.

ОК-2000 (гуруҳ): 4-6

ОК-2001 (финал): 0-9

ОК-2002 (гуруҳ): 0-5

ОК-2003 (чорак финал): 2-7

ОК-2004 (гуруҳ): 1-8

ОК-2005 (ярим финал): 1-4

ОК-2007 (ярим финал): 3-7

ОК-2010 (финал): 3-8

ОК-2012 (чорак финал): 3-6

ОК-2014 (ярим финал): 0-10

ОК-2016 (финал): 1-2

ОК-2018 (ярим финал): 1-7

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz